Пулингиз кўпайса ҳам…

ёки миллий валютамизга ҳурматсизлик қилишга

ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

 

Пул ҳар бир давлатнинг тили, Конституцияси, мадҳияси, байроғи каби унинг муҳим қадрияти ва обрўсини белгиловчи омиллардан ҳисобланади. Қомусларда пулга шундай таъриф берилган: “Пул — ҳамма товарлар ва хизматлар айирбошланадиган, умумий эквивалент сифатида фойдаланиладиган, бошқа барча товарлар қийматини ифодалайдиган махсус товар; бозор иқтисодиётининг энг асосий воситаси. Пул ўз табиатига кўра, уч хил хусусиятга эга: ҳамма нарсага айирбошланадиган муҳим харид воситаси; бойлик тимсоли; меҳнатни қиймат шаклида ўлчаб берадиган восита”.

Шунингдек, пул айирбошлаш, тўлов, қиймат ўлчови, жамғариш (бойлик тўплаш) каби вазифаларни бажаради: қиймат ўлчови — товарлар қиймати миқдори пул орқали ўлчанади. У бошқа ҳамма товар қийматини ифодалайди; айирбошлаш воситаси. Пул воситасида товарлар олди-сотди қилинади; жамғариш воситаси — пул ўзида меҳнатни гавдалантиргани учун бойликнинг умумий шаклига айланади ва ҳоказо.

Шундай экан, бошқа миллий қад­риятлар сингари миллатнинг обрўси, имижи сифатида пул ҳам қадрланиши керак.

Яқинда ижтимоий тармоқларда пул ҳақидаги бир воқеа тафсилоти, яъни Хитойда қимматбаҳо машина эгаси ёқилғи қуйилганидан кейин пулни ходимга бериш ўрнига, уни ерга ташлаб юборгани акс этган видеолавҳа кўп айланди.

Маълумотларга кўра, ушбу видео чиққандан сўнг, Хитойнинг барча ёқилғи қуйиш шохобчалари эгалари ушбу автомобилга ёқилғи қуймасликка қарор қилишибди.

Демак, хитойликлар пулининг қад­рини билади, ҳурмат қилган ҳолда, шундай йўл тутишган. Беихтиёр қойил дейсан. Қани энди ҳамма ҳам хитойликлардек ўз пулини шундай эъзозласа, обрўсини кўтарса.

Шуларни кўнглингиздан ўтказар экансиз, “бизда-чи, бизда пулимизга нисбатан қарашлар қандай ?” деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бу саволга бирданига жавоб топиш қийин. Чунки бизда пулга муомала, восита сифатида қаралади, холос. Тўғри, пул муомала, воситаси, аммо бу шунчаки оддий восита сифатида қабул қилиниши керак эмас-да. Назаримизда, қонунчиликда миллий пулнинг қадрини кўтарадиган яна қандайдир бандлар қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Кейинги йилларда миллий кино, телесериаллар, ҳатто кўрсатувларда кино қаҳрамонлари ёки бошловчиларнинг нуқул “кўки” ҳақида гапириб, “кўки” билан муомала қилишлари урф­­га кирди. Масалан, “ZO’R ТV”даги “Ўғирланган ниқоб” кўрсатувини кўрганлар бордир. Ўйин қоидаси шундай: агар санъаткор, актёрлардан иборат экспертлар саҳнага турли кўриниш ва ниқобларда чиқиб келган қаҳрамон кимлигини топишса, бошловчи ютуқ сифатида фалон миллион сўм беришга ваъда беради. Аммо жараёнда доллар билан муомала қилинади. Ҳа, ҳеч бир ўйлаб ўтирмасдан, андиша қилмасдан. Ўйлаб қоласиз, миллий пулимизнинг қад­ри қаерда қолди?

Пулимизга нисбатан ҳурматсизликнинг яна баъзи унсурларини кўрганда, кўнглингиз ҳижил тортади. Яъни, қоғоз пулларнинг чекка қисмларида телефон рақамлари, баъзида ҳисоб-китобнинг умумий суммаси ёзилган бўлади. Бу бир томондан пулга менсимасдан, оддий қоғоздек қараш, қолаверса, ундан фойдаланилганда, қўлингизга сиёҳ уннаб қолади, уни кетказиш эса, осон кечмайди.

Янада таассуфли ҳолат, пул топиб, ақл топмаган айрим ҳамюртларимизнинг тўйларда қоплаб (!) пул сочаётгани, миллий валютамиз тўйхоналарда оёқлар остига хазонлар каби тепкиланаётганини кўриб нима дейишни ҳам билмайсан. Ижтимоий тармоқларда бундай ҳолатларга кун-кунора гувоҳ бўлиш мумкин. Биттаси пулдан гулчамбар ясаб куёвининг бўйнига илса, яна бир кимса валютадан кастюм тикиб, куёвига кийгизади.

Бизнинг пул (сўм) асосан, мамлакат ҳудудида амалда бўладиган миллий муомила воситаси ҳисобланади. Шундай экан, бошқа мамлакатлар пулларини кўкларга кўтариб, ҳар куни муомалада бўладиган ўзимизнинг пулни камситмаслигимиз, аксинча, қад­рига етишимиз керак.

Юсуф ҲАМДАМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 15 =