Болаларни қандай ўқитаяпмиз?

Қўлига қалам олган одам борки, ўз дунёқарашидан келиб чиқиб ўзининг фикрини ёзишга ҳаракат қилади. Ушбу мақола ҳам менинг шахсий мулоҳазаларим баёни. Кимдир ҳамфикр бўлса, яна кимдир фикримга эътироз билдирса, табиий ҳол бу, албатта.

Ҳозирги кунда олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, дунёда 7 мингга яқин тил бор. Уларнинг айримларида миллиардлаб одамлар сўзлашса, айримларида бор-йўғи 2-3 минг одам сўзлашар экан. Шу тиллар ичида ўзбек тилининг ўзига хос нуфузи бор. Унда 70 миллиондан зиёд одам мулоқот қилади.

Бугун адибларимиз, тилшунос олимларимизнинг фикрича, тилимизнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар очилган. Қанча-қанча газета-журналлар, бадиий китоблар чоп қилинмоқда. Қолаверса, тилимизда ёзилаётган ва чоп қилинаётган асарлар бошқа халқларникидан асло кам эмас. Аммо гап бунда ҳам эмас. Гап тилимизга бугун амалда ўзимиз билдираётган муносабатда. Мактаб­ларга, боғчаларга кирасиз, ўзга тилда бийрон-бийрон сўзлашаётган қақажонларни кўриб кўзингиз яшнайди, қувонасиз. Энди бир зум ўйлаб кўринг. Дунё тамаддунига бир боқинг.

1945 йил Япония Иккинчи жаҳон урушида енгилди. Мамлакатнинг бор-буди иттифоқчи ғолиблар томонидан талон-торож қилиб ташиб кетилди. Япон халқи даҳшатли очликни бошидан кечира бошлади. Ана шу даврда япон ҳукумати борини маорифга ва тиббиётга сарфлай бошлади. Мамлакатни оёққа турғизишнинг ягона йўли шу деб билдилар. Хўш, улар маориф соҳасида қандай йўл тутишди? Аввало, ўқитувчилар тайёрланди. Ўқитувчи ё шеър ёзиши, ё бирон япон миллий чолғу асбобини чала билиши, ё расм чизиш маҳоратига эга бўлиши шарт эди. Япон боласига то 12 ёшга етгунча ажнабий тилни ўргатиш қатъий тақиқланди. Бунинг сабаби, боланинг онгида ўз она тили сўз бойлигини шакллантириш, болани фикрлашга ўргатиш эди. Одам ўзга тилни қанчалик мукаммал билмасин, барибир, ўз она тилида фикрлайди. Кашфиётлар одам миясида сўзлар воситасида намоён бўлади.

Шунингдек, Германияда ҳам шу тартиб ҳозирги кунгача амалда. Немис боласи ҳам ўз она тилининг сўз бойлигини ўзлаштириб боради. Бола ўз тилининг рангли қирраларини мукаммал ўрганиб олгандан кейингина ўзга тилни ўрганади. Германияда ишлаб келган бир танишимнинг айтишича, кўчада чет тилида сўзлашган одамларга ҳам жарима солинар экан. Ана тилга ҳурмат, ана ўз қадрини билиш.

Шу ерда айтмоқчиманки, юқорида айтиб ўтганимиздек, ер юзидаги одамлар 7 мингга яқин тилда сўзлашаркан. Бутун борлиқни яратиб, ҳамма нарсани тартиб билан ҳаракатини белгилаб қўйган олий зот — Аллоҳ агарда истаса, бутун инсониятни битта тилда сўзлашадиган қилиб қўйиши мумкин эди. Лекин нега тилларни турлича қилиб қўйди? Чунки Парвардигори олам ўзи  хоҳлаган халққа илм беради, хоҳламаганига йўқ. Қайсики халққа илм беришни истаса, ўша халқнинг  тилини ҳам  сўзга бой қилиб қўяр экан.

Яратганга шукурлар бўлсинки, она тилимиз бой ва гўзал. Қонимизда эса улуғ аждодларимизнинг истеъдод қони оқмоқда. Лекин ана шу истеъдодни она тилимиз билан рўёбга чиқаришни ҳануз тўлиқ англамаяпмиз.

Тилшуносларнинг айтишларича, тилимизда 100-130 минг сўз бор. Биз шундан, нари борса, 10 мингидан фойдаланар эканмиз, холос. Борди-ю, тилимиздаги сўзларнинг 30-40 мингини ёд билганимизда, истеъмолда қўллаганимизда эди, бизнинг тараққиётимиз ҳам бугун японларникидан кам бўлмасди.

Ўз тилимизни ўрганишимиз ва ўргатишимиз зарур. Биз эса… ўз тилимизнинг ҳурматини ҳамон жойига қўёлмаймиз. Ажнабий тилларни ўрганишнинг зиёни йўқ. Ҳатто кони фойдадир. Аммо фақат болаларга, аввало, ўз тилимизни ўргатишимиз зарурдир. Қачонки бола ўз тилининг “камситилишини” кўрмасин. Ҳа, ҳа, камситилишини кўрмасин. Ахир мактабларда она тили фанидан дарс ўтаётган ўқитувчи бир синфда 30 нафар болага дарс ўтади ва бир ставкага, айтайлик, 3800000 сўм маош олади. Ажнабий тилни ўқитаётган ўқитувчи синфни бўлиб ўқитади, яъни 15 нафар болага дарс беради ва 5800000 сўм маош олади. Буни ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам кўриб турибди. Ўз тилининг қадри анча паст эканлигини англаяпти. Бу қанчалик салбий таъсир этишини биламизми?

Мамлакатни яна ҳеч бўлмаганда 20-30 йилдан кейин ривожланган давлатга айлантириш, баланд поғоналарга кўтариш учун болани худди японлардек ўқитишимиз керак. Бола боғча ёшида ўзга тилни ўрганмасин. Эндигина ривожланаётган ­мияга ажнабий сўзларни тиқиштириб алағай-чалағай қилиб қўймаяпмизмикин?! Ўз тилимиздаги ашула, шеър, мусиқа билан боланинг онгини тўлдириб олайлик, кейин сал эс танигандан кейин бошқа тилларни ўргансин. Шунингдек, олий ўқув юртларига киришда иншо ёзишни жорий қилиш, иншодан ўтган абитуриентларгагина бошқа имтиҳонларни топширишга рухсат бериш керак. Бугун олий ўқув юртларини битирган мутахассисларнинг жудаям кўпи ўз фикрини қоғозга ёзиб баён қилиб беролмайди. Янада очиқроқ айтсак, савод масаласи жуда ғариблашиб бормоқда. Шунинг учун ҳам мактаб битирувчиларини қўя турайлик, ҳатто олий таълим ўқув юртларини тамомлаганларнинг орасида ўз исм-шарифини тўғри ёзолмайдиганлар ҳам кам эмас.

Таклифим, юқоридаги фикрлар амалга оширилса, ҳам тилимиз ривожланади, ҳам мамлакат ривожланади, ҳам ишлаб чиқаришга етук кадрлар етказиб берилади. Ахир келажакка фикрловчи, илмли, ихтирочи мутахассислар керак-ку!

Яна битта гап. Бугун мактабларимизда деярли газета-журнал ўқишмаяпти. Чунки “мажбурий обуна”, деб болалар тугул, ўқитувчи, устоз-мураббийлар ҳам маънавият сарчашмасидан мосуво қилинди. Ўйлаб кўринг, бутун бошли минг нафар ўқувчи ўқийдиган таълим ўчоғига ақалли бир нусха “Гулхан”, “Ғунча” ёки “Тонг юлдузи” каби болалар нашрлари бормайди. Саводсизлик шу тарзда авж олиб бормоқда. Мамлакатнинг нуфузли нашрларини ҳам ўқитувчилар олмайди, ҳисоби. Бу ахир жуда ачинарли ҳол-ку!

Бу менинг шахсий фикрларим. Сиз-чи, сиз нима дейсиз, ватандош?

Собиржон ҲАКИМОВ,

Марҳамат туманидаги 3-ихтисослашган

давлат умумтаълим мактаб-интернатининг

она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 − 2 =