Матбуот бонг урмоқда, лекин… (ёхуд раҳбарлар газета   ўқияптими?)

Француз ёзувчиси Дени Дидронинг “Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар” деган оқилона фик­рини кўпчилигимиз газета-журналлар саҳифаларида ўқиган бўлсак, кўпчилигимиз китобхонликка бағишланган суҳбатларда бот-бот эшитганмиз. Ҳаёт ҳақиқати барқ уриб турган бу ҳикматнинг моҳиятини янада теранроқ англайдиган бўлсак, китобку китоб, ҳатто бирон-бир газета ёки журнални мунтазам мутолаа қилмайдиган одамнинг фикрлаши-ю, дунёқараши ҳаминқадар эканлигини тасаввур қилишимиз қийин бўлмайди. Демак, ким кўп ўқиса, кўп билади. Кўп ўқиган одамнинг фикр юритиши, муомала маданияти, юриш-туришидан тортиб, меҳнат фаолиятигача, лўнда қилиб айтганда маънавияти билан ўзгалардан ажралиб туради. Бундай одам оилада ҳам, жамоада ҳам бошқаларга ибрат бўлади. Агар, у раҳбар бўлса, бошқаришни ҳам, иш юритишни ҳам кўпчиликнинг манфаатига, ишнинг сифат ва самарадорлигига қаратади.

Афсуски, орамизда шундай одамлар борки, улар газета-журнал ёки китоб ўқишдан йироқ бўлсалар-да, ҳамма жойда ўзларини ўта билағон қилиб кўрсатишга тиришадилар, бировга сўз бермайдилар. Баҳсда дарров қизишиб, жанжаллашишдан ҳам тоймайдилар. Бундай “даҳолар” деярли ҳамма соҳада бор. Улар “айтганим айтган…” дегандай, тўғри бўлса-бўлмаса, фақат ўзлариникини маъқуллайдилар. Ўзгаларнинг фикрини эшитиш, қадр­лаш, ҳақиқатни тан олишдан ор қиладилар. Шундай одамлар орасида катта-кичик раҳбарлик лавозимида ишлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган халқчил ислоҳотларнинг биттаси — жамиятда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш экан, қачонки давлат раҳбари ўз чиқишларида, суҳбатларида матбуот ва ОАВ вакилларини қўллаб-қувватлаб жойлардаги муаммоларни, камчилик­ларни холис ёритиб, асос­­ли танқид қилишга даъват этар экан, баъзи раҳбарларнинг ана шу муносабатга бепарволик, лоқайдлик билан “жавоб қайтараётгани”ни оқлаб бўладими?

Зеро, иш кунини кундалик нашрлар билан танишиб чиқишдан бошлайдиган раҳбар газеталарни хўжакўрсинга ўқимайди, ижтимоий-сиёсий ҳаётдан, янгилигу ўзгаришлардан воқиф бўлади, маънавий озуқа олади. Маъқул бўлган таклифу ташаббусларни жамоасида тат­биқ этади. Бундай раҳбар изланувчан, биринчилар қаторида бўлишга интилувчан бўлади. Билим инсонни тар­биялашини, юксакларга кў­таришини, қадр-қимматли, обрў-эътиборли қилишини билган раҳбар атрофидагиларни ҳам ўқишга ундайди. Талабга жавоб берадиган шарт-шароит яратиб беради. Кутубхонани даврий нашрлар, бадиий ва бошқа зарур адабиётлар билан таъминлаб қўяди.

Бу шубҳасизки, жамоада самимийлик, поклик, адолат, иззат-ҳурмат, меҳр-оқибат сингари туйғуларни қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга. Буни хаёлига келтирмайдиган ёки истамайдиган раҳбар эса замони ўтган дўқ-пўписа билан ўзини кўрсатмоқчи бўлади. Ўрганишни, одамлар қалбига йўл топиб ишлашни, уларни ташаббускорлигу тадбиркорлик сари чорлашни, ҳаёти ва шарт-шароити билан қизиқишни, қадр-қимматини юксак тутишни, ҳар қандай пасткашликдан баланд туришни, бир сўз билан айтганда ўзидан яхши ном қолдиришни ҳатто тушида ҳам кўрмайдиган, ўзим бўлай деган ман-ман кимса тез орада калавасининг учини йўқотиб қўяди. Раҳбарликка муносиб эмаслиги ошкор бўлиб, эл олдида уялиб қолади. Агар виж­дони бўлса, дарҳол этагини йиғиб олади. Виждонига ўт тушган бўлса, ё зарнинг, ё зўрнинг соясида судралиб юраверади. У раҳбарлик қилаётган жамоада эса парокандалик, ўзибўларчилик, ишончсизлик, таниш-билишчилик, юлғичлик сингари иллатлар илдиз ота бошлайди.

Не ажабки, турли идораларда мутолаадан узоқ бўлган анча-мунча раҳбарларни кўраяпмиз. Улар байрам дастурхонлари ва бошқа даромадли ишлар учун қанча маблағ керак бўлса, шунча сарфлашга тайёр. Бундан нимадир томса керак-да! Лекин китоб харид қилиш ва даврий нашрларга обуна бўлишга келганда, минг бир баҳона рўкач қилинади. Излаган Маккани топибди деганларидек, ҳатто обунадан манфаатдор бўлаётган раҳбарлар ҳам йўқ эмас. Бу алоҳида долзарб   мавзу. Вақти-соати келганда насиб этса, айтадиганимизни айтамиз, албатта.

Хўш, бугун раҳбар бўлиб ишлаётганларнинг неча фоизи газета–журнал ўқияпти? Нималарни ўқияпти? Нашрларнинг қайси бири маъқул-у, қайси биридан қониқмаяпти? Қандай таклифлари бор? Бундай саволлар билан қайси бир вазирлик ёки қайси бир ҳокимликка мурожаат қилманг, ишонаверинг, оладиган жавобингиз сиз кутгандан юз чандон зиёда бўлиши аниқ. Аслида-чи? Аслида бошқачароқ. Келинг, яхшиси бу саволга жавобни айрим соҳаларнинг раҳбарлари биздан эшитсинлар!

Хабарингиз бор, шу йилнинг февраль ойида Туркияда рўй берган ер силкинишларида неча юзлаб кўп қаватли уйлар вайронага айланиб, бир неча минг киши ҳаётдан кўз юмди. Бундан бутун дунё аҳли саросимага тушди. Кейинроқ ер билан битта бўлган кўп қаватли уйлар сифатсиз, бунинг устига зилзилабардош қилиб қурилмаганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу гап бизнинг ҳам юрагимизга ғулғула солмай қолмади. Нега? Чунки, бизнинг мамлакатимизда бунёд этилаётган кўп қаватли тураржой биноларининг ҳаммасини ҳам қурилиш-меъморчилик талабларига тўла жавоб беради деб айта оламизми? Шу боис ижтимоий тармоқларда бонг урилиб, бу борадаги камчиликлар тўғрисида анча-мунча танқидий фикр­лар айтилди. Кейин нима бўлди? Ҳеч нима?! Чунки бирон-бир раҳбар ва мутахассис лом-мим демади. Гўёки пойтахтимиз Тошкентда ҳам, ундан ташқаридаги шаҳар ва қишлоқларимизда ҳам бунёд этилган кўп қаватли уйларда заррача нуқсон йўқдек. Гўёки шу кеча-кундузда кўп қаватли тураржой бинолари бир неча аср тиқ этмай хизмат қиладигандек. Аммо соҳа мутасаддилари ўйлаганчалик ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолмади.

“Hurriyat” газетасининг 2023 йил 1 март сонидаги “Бойлар ҳам йиғлайдими? ёхуд қурилиш-меъморчилик соҳасида бизни ўйлантираётган айрим муаммолар хусусида” номли мақолада мавжуд бўлган жиддий камчиликлар қаторида 50-60 йиллик кўп қаватли тураржой биноларининг биринчи қават хонадонлари сотиб олиниб, уларнинг ички қисми бутунлай бузиб ташланиб, дорихона, ошхона, кафе ва дўконларга мослаштирилаётганлиги, бу эса бинонинг умумий ҳолатига жиддий зарар етказиши мумкинлиги айтилиб, алоқадор вазирлик ва идоралар ҳукмига ҳавола қилинган эди. Буни қарангки, қурилиш-меъморчилик соҳасининг казо-казолари у ёқда турсин, ҳатто соҳага тегишли бўлган назорат идораларининг бирон-бир раҳбари “миқ” этмади-я. Мулойимгина қилиб, 4121 нусхада чоп этилган бу газета қурилиш мутасаддисига етиб бормаган бўлса керак, десак тўғри бўлармикан?.. Йўқ, бўлмайди! Бундай дейишга виждонимиз йўл бермайди. Чунки, катта бир соҳани бошқараётган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг бир нусха “Hurriyat”дек нуфузли газетага обуна бўлишга қурби етмаганлиги, шу боис ўзига бевосита алоқадор бўлган танқидий мақоладан бехабар қолганлиги кимга зарар?! Журналистгами? “Hurriyat”гами? Вазирликками? Йўқ! Ҳаммамизга! Чунки сифатсиз қурилган ёки мослаштирилган кўп қаватли уйларда бирон кору-ҳол рўй берса, энг аввало, зарарни ўша уйдаги одамлар кўрадилар. Биз эса томошабин бўлиб туролмаймизку. Ҳеч бўлмаса зарар кўрган бечораларга ачинамизку, ахир! Вазирлик раҳбарлари мақолани атрофлича ўрганиб чиқиб, ана шулар ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритганларида турган гапки, қатор таклиф ва талаблар илгари сурилган, хуллас, кўп нарса ойдинлашган бўлур эди. Акс ҳолда қурилиш ишлари бўйича вазир ўринбосарининг ҳамкасбимиз Ислом Асилбеков мақоласидаги (“Hurriyat”, 2023 йил 24 май, “Уйларимиз ҳақида ўйларимиз”) “Мен ўттиз олти миллион аҳоли учун “гарантия” бера олмайман” деган мантиққа зид жавоби кўпчиликни жиддий ўйлантириб қўймас эди. Вазир ўринбосарининг жавоби шу бўлса, қурилиш-меъморчилик соҳасининг бошқа раҳбарларидан нима кутиш мумкин?! Ё тавба, қурилаётган айрим кўп қаватли уйларнинг сифатсизлигидан тортиб, қатор-қатор бошқа муаммоларигача журналистларимиз куйиб-пишиб бонг урганда, соҳа мутасаддилари оғзига талқон солиб, кўзини кўр, қулоғини кар қилиб ўтирганига нима дейсиз? Бундан соҳанинг эгаси йўқ эканда деган хулоса чиқмайдими?!..

Минг афсус ила айтиш керакки, бугун турли вазирлик ва идораларда, ҳокимликларда, респуб­лика даражасидаги банклар, университет ва инс­титутлар, қўйингки, катта-кичик бошқа ташкилотларда ойлик маоши фан докториникидан кам бўлмаган, ҳа, балки ҳар қандай профессордан кўра анча юқори маош оладиган “ахборот хизмати”, “матбуот хизмати” деб аталувчи ходимлар нима каромат кўрсатяпти? Очиғи, уларнинг аксарияти на тузукроқ ёзув-чизувни эплашади, на матбуотдан хабари бор!

Демак, бугун ташкилотлардаги “ахборот хизмати” вакилларининг ҳаммалари ҳам ўзларига бириктирилган вазифани уддалай олишяпти деб бўлмайди. Шунчаки, раҳбарининг “югурдаги”га, зарур бўлганда ҳақиқий аҳволдан бонг урадиган, холис ахборот тақдим қиладиган матбуот вакили эмас, балки нима бўлганда ҳам ўлиб-тирилиб раҳбарини ҳимоя қиладиган, юз берган вазиятни хаспўшлайдиган маънавий мардикорга айланишган десак хато бўлмаса керак. Тўғри, ахборот хизмати ёки матбуот хизматида ишлаётганларнинг барчаси шундай аҳволда демоқчи эмасмиз. Улар орасида имкон қадар холис меҳнат қилаётганлари ҳам топилади.

Энди яна айтмоқчи бўлган мулоҳазамизнинг асосий мавзусига қайтсак. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ёзга ҳам етиб келдик. Бироқ бу йилги қишда кўрган азобларимиз ҳали ёдимиздан чиққани йўқ. Чиқмайди ҳам. Кўп қаватли уйларда иссиқлик қуввати бутун қиш бўйи муаммо бўлди. Тизимда ожизлик мавжудлиги яққол кўринди. Газнинг пасайиб кетиши асосий сабаб қилиб кўрсатилди. Аслида-чи? Масала пойтахтнинг Миробод туманида ўрганиб чиқилгач, “Жамият” газетасининг 2023 йил 26 январь сонида “Лоқайдлик балоси” номли танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинди. Орадан беш ой ўтиб бораётганига қарамай, соҳанинг бирон-бир раҳбаридан на телефон орқали, на ёзма жавоб олинмабди. Демак, бу соҳа раҳбарлари ҳам газета ўқишни аллақачон йиғиштириб қўйган шекилли. Аммо улар бу билан сувдан қуруқ чиқа олмайдилар. Ўзларига ўзлари муаммо туғдирадилар, иш орттирадилар. Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга қараганда тизим мутахассислари шу кеча-кундузда жойларда иссиқ сувни узиб қўйиб, ҳали у ерни, ҳали бу ерни ямаш билан овора. Йил давомида тугамайдиган бу иш билан тизим жойига тушармикан? Асосий муаммо – хонадон ва ташкилотларга иссиқлик етказиб бериш ҳал бўлармикан? Ҳа, бу соҳани эндигина кўраётганимиз йўқ. Бугунги саъй­-ҳаракат билан яна эски тос-у, эски ҳаммомга қараб қолишимиз ҳеч гап эмас. Чунки, ана-мана дегунча яна қиш келиб қолади. Бу йилгидек совуқ бўлса, нима қиламиз? Бу масалада соҳа раҳбарлари аниқ ва ишончли гап айтадиган вақт келмадимикан?! Эрта бир кун яна “бор отанг­­га, бор онанг­­га” бўлиб, ўз ёғимизга ўзимиз қоврилиб ўтирмаймизми?!

“Жамият” ҳафтаномасининг 2023 йил 19 январь сонида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан пойтахт деҳқон бозорларида ташкил этилган “Арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари” ярмаркаси пештахталарида сабзи-пиёздан тортиб картошкагача хўжакўрсинга тоза ва чиройли териб қўйилгани, харидорга эса пастдан аралаш-қуралаш қилиб тортиб берилаётгани, саралаб қўйилганининг нархи олиб-сотарларникидан фарқ қилмаслиги, шу боис баҳоси ёзиб қўйилмагани, бу қинғир ишни бозор маъмурияти кўриб кўрмаганликка олаётганлиги танқид остига олинган эди. Мана олти ойдирки, деҳқон бозорлари раҳбарлари ҳам, уларнинг тепасида турганлар ҳам жим. Ҳар бир деҳқон бозори ҳудудида матбуот нашрлари киоскаси ишлаб турган бўлса-да, ўзини хўжайинман деб гердайиб юрганлар унга қайрилиб ҳам қарамайдилар. Газета ўқимагандан кейин унга қайрилиб қараш зарур келибдими? Бозор маъмуриятининг пул санашдан ортмаслигини яхши билган ҳокимиятдагиларчи? Уларнинг ҳам газета ўқишга вақтлари йўқмикан? “Жамият”даги мақолани ўқиганларида сабр-тоқат билан олти ой сукут сақлаб ўтирармидилар? Аммо ҳокимият раҳбарларини деҳқон бозорларидаги кўзбўямачиликдан мутлақо бехабар деб бўлмайди. Улар ҳар замон- ҳар замон нуфузли комиссия бўлиб, бозор айланадилар. Бироқ жиддий “камчилик” топа олмайдилар. Чунки, бозор тоза-озода. Савдо-сотиқ ишлари рисоладагидек. Харидорлар арзон нархда сифатли маҳсулот сотиб олаётганларидан мамнун. Бозор ишчи-хизматчилари пештахталар оралаб гир айланиб турган, ҳатто, буларнинг ҳаммасини бутун мамлакатга намойиш этиш учун телевидение ходимлари тасвирга олаётган бўлади. Бор маҳорат ишга солиниб, ташкил этилган бу “томоша” нари борса бир соат давом этади. Кейин бу “байрам” ўрнини яна “ранг кўр, ҳол сўр” эгаллайди. Агар, текширувчилар бозор маъмуриятини огоҳ этмай, башанг кийинмай, шов-шувсиз оддий харидор сифатида иш тутганларида соҳада аллақачон инсоф ҳам, виждон ҳам, ҳалоллик ҳам қаддини баланд тутиб, ярқ этиб турган бўлур эди. Бунинг учун энг аввало, нафс деган балони жиловлаш керак! Кимларнинг нафсини тийиш шартлигини “нуфузли комиссия” яхши билади. Бу иш қилинмас экан, бизнинг орзуимиз орзулигича қолаверади.

Худди шу газетанинг 2023 йил 8 март сонида эълон қилинган “Донага сотилмайдиган кийимлар ёхуд уларнинг кўзга кўринмас эгалари” номли мақолада Чилонзор савдо мажмуасидаги қатор дўконлар хотин-қизлар кийимларини кўтарасига олиб-сотарларга арзон нархда бераётганлиги, улар бу кийимларни ўзларининг телеграмм каналларида мақтаб, 110-130 минг сўмлик қизлар кийим-кечагини 250-280 минг сўмдан пуллаётганлиги, бунинг устига солиққа тортилмаганлиги ҳақида фикр юритилган эди. Бу кийимни харид қилмоқчи бўлган киши уни кўриб-билиб олиш имконига эга эмас. Сотувчи қабул қилиб олган буюртмаси устига 30 минг сўм йўл ҳақини ҳам қўшиб, маҳсулотни харидорга етказиб беришдан бошқа ҳеч нимага кафолат бермайди. Энг муҳими, кийим харидорга тўғри келиш-келмаслиги-ю, нуқсони бор-йўқлиги ҳам уни қизиқтирмайди. Шу боис пулни олдиндан пластик картасига кўчириб беришни талаб қилади. Пулига куйиб қолганлар ҳам йўқ эмас экан. Шу кийимлар дўконнинг ўзида сотилганида юзлаб, балки минглаб опа-сингилларимизу қизларимиз кийим излаб сарсон-саргардон бўлармиди?!.. Пулига куйиб, бошини қайси деворга уришни билмай ўтирармиди? Наҳотки, бу соҳани ҳам халқнинг ғамини ейдиган, мушкулини осон қилишни ўйлайдиган раҳбарлари бўлмаса? Солиқчиларчи? Улар бундан бехабармикан? Афсуски, бехабар бўлсалар керак дейишга тил бормайди. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Бундай мисоллар таълим, тиббиёт, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда ҳам ғиж-ғиж. “Жамият” газетасида ана шу соҳалардаги камчиликлару муаммоларга бағишланган охирги пайтларда эълон қилинган ўндан ортиқ мақола билан танишар экансиз, уларнинг биронтасига ҳам раҳбарман деган зотнинг муносабати билдирилмаганлиги ташвишга солади.   Демак, раҳбарларимизнинг ҳаммасини ҳам газета ўқияпти деб айтолмаймиз. Тилга олинган соҳалар раҳбарлари газета ўқиганларида ўзлари ҳақидаги танқидий мақолани жамоада муҳокама қилиб, айтилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрган ва албатта газетага жавоб хати йўллаган бўлардилар. Матбуотни “тўртинчи ҳокимият” сифатида қадрлайдиган ўқимишли раҳбар шундай йўл тутади. Чунки, у танқид ғаразли мақсадда эмас, балки ўша соҳани қусурлардан тозалаш, энг муҳими, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш учун ёзилишини яхши билади. Афсуски, бундай раҳбарлар тобора камайиб бормоқда. Газета ўқимайдиган, суянчиқларига ишониб танқидга парво қилмайдиган, журналистларга паст назар билан қарайдиган, ҳатто аламига чидай олмай таҳдид қилишгача борадиган раҳбару раҳбарчалар бузоқнинг югургани сомонхонагача эканлигини унутмасликлари керак! Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев айт­ган “ҳалоллик вакцинаси” бугун бўлмаса, эртага уларни ҳам топиб боришига шубҳа йўқ.

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 8 =