Менинг “Ўткан кунлар”им

Ҳар бир ўқувчи-китобхоннинг ўзига яраша, ўзи ёқтирган ёзувчиси ва унинг китоби бўлади. Китоб инсон яратган бебаҳо неъматки, у инсоннинг дўсти, сирдоши, энг яқин қадрдони ҳамдир. Шу сабабли ҳам инсон ўзи суйган китобига қайта-қайта юзланади, керак бўлса, ўзига маънавий озуқа, маслаҳат олади. Ишончим комилки, Сизнинг ҳам шундай китобингиз бор.

Энди ўзим ҳақимда ҳам айтсам. Ёшлик чоғимдан бошлаб аввал қўлимга тушган, сўнгра эса ўзимнинг дилимга яқин китоб­ларни ўқий бошладим. Дилимдаги китоблар кўп, лекин шуларнинг ичида энг яқини бу ўзбекнинг машҳур ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидир. Нима учун, дейсизми? Асар мавзуси, тили, жозибаси, қаҳрамонларнинг ички ва ташқи дунёси, миллат ва Ватан тақдирининг оддий, ширали тилда ифодаланиши мени ўзига ром этган. Тўғрисини айтганда, уни тўлиқ ифодалаш учун сўз бойлигим етмайди. Ўйлайманки, бу китобни Сиз ҳам ўқигансиз. Яна тўғрисини айтсам, бир вақтлар асарнинг асосий қаҳрамони Отабекка ўхшамоқчи бўлганим ҳам рост. Болалик чоғимда асардаги асосий қаҳрамонлар – Кумуш ва Зайнабнинг тақдирини ўйлаб, Отабекни ёмон кўрганим ҳам бор гап. Ўша пайтдаги фикримни қаранг. Икки сулув, икки хотиннинг эгаси – ҳеч нарсадан камчилиги йўқ бойнинг боласи Отабек ялло қилиб юраверса бўлмасмиди? Кумуш ҳам ўлмасди, Зайнабни ҳам ҳеч ким ёмон кўрмасди.

Аммо кейинчалик ёшим улғайиб билдимки, кўнгилга, севгига, оташин муҳаббатга қарши бориб бўлмас экан. Балки, юқоридаги фикрларим сизга ғалатироқ туюлар.

“Оғир табиатлик, улуғ гавдалик, кўркам ва оқ юзлик, келишган қора кўзлик, мутаносиб қора қошлик…” Отабек, “… қоп-қора камон, ўтиб кеткан нафис, қийиғ қош… тўлган ойдек ғуборсиз, оқ юз… оқ нозик қўл…, латиф бурнининг ўнг томонида… қора хол”ли Кумуш.

Ёзувчи бу икки севишган қалбни ана шундай аниқ ва жозибали тасвирлайдики, уларнинг жамолини бир ўқишдаёқ кўз олдингизга келтира оласиз. Ёзувчи Отабекнинг мардлиги ва жасурлигини, Кумушнинг одоби, андишаси ҳамда Шарқ аёллари (яъни, ўзбек)гагина хос бўлган назокатини асар мазмунига сингдириб юборганки, ўқувчи унга китобни ўқиган сари дуч кела бошлайди.

Абдулла Қодирий Кумушнинг жамоли тавсифига келганда, меҳрини асло дариғ тутмайди… “Ариқнинг мусаффо суви… Кумушбибининг қаршисига етканда гўёки унинг таъзими учун секингина бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўлтурган соҳира (сеҳрчи қиз)нинг сиҳрига мусаххар (сеҳрланган) бўлган каби тағи бир каттароқ доирада айлангач, оҳистагина кўприк остига оқиб кетар эди… Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатга келиб чайқалди, гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди…”

Дунё адабиётида аёл кишининг жамоли тавсифига бўлган бу даражадаги эҳтиромни учратмаганман. Мен учратмаганман. Балки, бордир. Қодирийнинг ўзи айтгандек, “қалам ўқлоғи, адабиёт кетмон бозори эмас”. Ёзувчи тасвир чизишда ўткир қаламини ва бор маҳоратини ишга солади. Натижада ўқувчи Кумушнинг  табиий гўзаллигига ишонади. Асар тилининг жозибаси ва сеҳри ҳам шунда яққол намоён бўлади.

Қодирий “Ўткан кунлар” муқаддимасида, “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик”, дейди ва ёзган романини: “Янги замон рўмончилиги билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси бир ҳавасдир”, деб ёзади. Мен бу гапни қайта-қайта ўқир эканман, “ҳаваскор ёзувчи” бунча жозибани қаердан олди экан, деб ҳайрон бўламан-да, яна ёзувчининг ўзи ёзган фикрига қулоқ тутаман: “Ёзувчи турмушни ҳар тарафлама пухта ўрганиши, бунинг учун унинг ҳар соҳаларидан хабардор бўлиши керак”. Бу гапга ортиқча изоҳ шарт бўлмаса керак. Қодирий шунга амал қилди ва ўзбек романчилиги дунёга келди, натижада бизнинг адабиётимиздаги романчилик мактаби дунёнинг кўзга кўринган ёзувчилари томонидан тан олинди.

Ота-она, айниқса, она орзуси туфайли икки покиза қалб орасига Зайнаб тушади. Ёзувчи Зайнабни Кумушчалик тасвирлаб ўтирмайди. Назаримда, Қодирий Зай­набни Кумушчалик хуш кўрмайди ва романнинг “Хушрўйбиби ва Зайнаб” деган бўлимида уни қуйидагича таърифлайди: “Зайнаб қисқа бўй, гўштдор ва оқ танлик эди…, лаппос ва ўнта сўзга аранг битта жавоб қайтарадирғон эди, … ўз яқинларидан “писмиқ” дея исм олган, онаси бўлса аччиғи чиққанда “минғаймай ўлгур” дерди”. Мана сизга Зайнабнинг асл қиёфаси. Қодирийнинг ишлатган сўзлари: “қисқабўй”, “писмиқ”, “лаппос”, “минғаймас” Зайнабнинг қандай аёл эканлигини яққол кўрсатиб беради. Қодирийнинг тилига қойил қолишимнинг яна бир томони, асар қаҳрамонларига шундай исмлар берадики, ҳайратда қолмасликнинг иложи йўқ. Ана шундайлардан бири “узун бўйлик, қотмароқ… кўзи ўйнаб, ҳар лаҳзада кўзи ўн ёққа аланглай”диган Хушрўй (ёшлигида Хушра деб аташган) бибидир. У Зайнабнинг туғишган опаси. Асосий салбий қаҳрамонлардан бири. “Ул ердан бичиб олингандек пак-пакана, бурни юзи билан баробар, деярлик теп-текис, кўзи қоққон қозиқ ўрнидек чуп-чуқур, оғзи қулоғи билан қошиқ солишар даражада жуда катта. Юзи қирқ йиллик оғриқларникидек сап-сариқ. Бу даҳшатлик “хотин”нинг исми – Жаннат”. Ҳа, Жаннат! Қодирийнинг ёзувчилик маҳоратига, унинг ўзи ёқтирмаган аёлларга бераётган таърифларига ҳамда телба-тескари номларига офаринлар айтасиз.

Бу қаҳрамонлар кўз олдингизда шундай яққол намоён бўладики, беихтиёр этингиз жунжикиб кетади. Мен ҳар сафар “Ўткан кунлар”ни ўқиганимда шундай ҳолатга тушаман ва бу “оч арвоҳ”га минг марталаб лаънат ўқийман. Айтмоқчиманки, Отабекни, Кумушни, Уста Алимни қанчалар яхши кўрсам, Ҳомид, Зайнаб, Хушрўй, Жаннатни шунчалар ёмон кўраман ва “Душанба кун кечаси” бўлимини шодланиб қайта ва қайта ўқийман. Чунки Отабек шу куни душманларидан мардларча қасос олади ва хиёнатни супуриб ташлайди. Юқорида ёзганимдек, Отабекнинг жасорати, мардлиги шу куни яна бир бор намоён бўлади, буни ёзувчи Уста Алим тилидан таърифлайди:

“… арслон юраклик Отабек… бадбахтни шундай янчиб ташлади”. Қутидор сўрайди:

– … Отабекнинг ёнида неча киши бўлган?

– Отабекнинг танҳо ўзи…

– Уч кишига танҳо ўзи…

– Азаматнинг ёлғиз ўзи.

Оила шаъни, ғурури, ор-номуси учун Отабекнинг ёлғиз ўзи учта олчоқ, ғаддор, иблисларга қарши курашади ва енгиб чиқади. Отабекнинг мардлиги, чин инсонлиги, ҳақиқий эрлиги асарнинг фожиавий саҳнасида яна бир бор намоён бўлади. Кумушга заҳар берган кимса кимлигини билмоқчи бўлган Отабекка табиб: “…ўзингиз ўйлаб кўринг-чи… — деди. – Билдим, билдим! – деди бечора Отабек. – Зай­наб, Зайнаб, Зайнаб…

— Кет… кет! Талоқсан, талоқ!

Отабек уни урмайди, сўкмайди. Бундан ортиқча гап ҳам айтмайди. Ҳолбуки, эр сифатида ҳаққи бор эди. Энди Кумушнинг ҳолатини ўқинг: “… бегим, – дея инг­ради. Эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини юмди…” Биргина шу “уялгансимон” деган сўзнинг ўзиёқ Кумушнинг қанчалик оқила аёл эканлигини ошкор этади.

Кумушнинг одобига, ақлли аёл эканлигига яна қандай таъриф керак? Билмадим!.. Ҳайратимнинг чегараси йўқ!

Ҳар гал “Ўткан кунлар” романининг охирги бўлимини юрагимда алам, ички изтироб ва ҳайрат, аниқроғи, чексиз муҳаб­бат билан ўқийман ва ич-ичимдан босиб келаётган кўз ёшларимни гоҳида тўхтатолмай қоламан. Абдулла Қодирийнинг ўзи ҳам йиғлаганига ҳамда уйида ёлғиз беҳуш ўтирганига, “гап”га келган дўстлари асарнинг охирги бўлимини ўқигач шоҳона таом – норинни ҳам ея олмай, йиғлаб-йиғлаб уйларига кетиб қолганларига ишонаман! Бу эса ёзувчининг улкан маҳорати, қалб кечинмалари ифодасининг заргари эканлигидан далолат беради.

Мен “Ўткан кунлар”ни фахрланиб меники дедим, аслида, у Сизники ҳамдир. Яна ҳам аниқроғи, у миллатимизни мус­тақилликка, ҳурликка ундаган оташин романидир. У ўзини англашни, ўзлигини тушунишни истаган ҳар бир китобхон қалбида севги ва муҳаббат, Ватан, миллат шаъни-шавкатига қўйилган ўлмас ва бебаҳо ҳайкал рамзи каби яна асрлар оша яшайверишига ишонаман. Зеро, Абдулла Қодирий ва унинг шоҳ асари “Ўткан кунлар” бунга арзийди.

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − eighteen =