Шоирлик – Яратганнинг улкан ҳикмати

Халқимизнинг таниқли шоири Азим Суюн ҳақида ҳали мактаб ўқувчиси бўлган пайтларимдаёқ эшитганман, шеърларини севиб ўқир эдим. Шоирнинг ҳеч кимга ўхшамайдиган ўз овози, ўз сўзи борлигига ҳамиша ҳавас қиламан.

Ҳа, Азим Суюн – ҳақиқий шоир. Она юртимизни, танти ва меҳнаткаш халқимизни, гўзал ва бетакрор табиат, мусаффо осмон, дарёлар, кўллар, шаршара-ю булоқларга бой ўлкамизнинг ранго-ранг ҳайвонот, ўсимлик дунёсини жондан ортиқ севадиган, наинки севадиган, буларнинг барини табиат академигидай биладиган, табиат жонкуяри, забардаст адибидир. Шуни айтиш жоизки, Азим аканинг бирорта асарида сунъийлик, ясамалик йўқ. Ҳаммаси табиий, кучли, бари шеърларида дарёлардай жўшқинлик, тоғ кийикларидай мағрурлик, гўзаллик, минг йиллик чинорлар янглиғ собитлик мужассам.

Ўтган асрнинг 90-йилларига оид бир шеърида “Менинг содиқ йўлбошчим Бўри”, деб ёзади у. Дарҳақиқат, шоир юрагига Ватан табиати шу қадар сингиб кетганки, тоғу тошлар, чўлу даштларнинг сеҳри, таровати, дарду ғамлари деярли ҳар бир асарида акс этади.

Гарчи камина, бир адабиётшунос олим ёйинки шеърият ҳақида шарҳлар ёзадиган махсус мутахассис бўлмасам-да, шеърни севиб ўқийдиган оддий ўқувчи сифатида ишонч билан айтаманки, Азим Суюн чинакам халқ суйган шоир, шеърлари эса ёрқин ва ўлмас асарлардан иборат. Бинобарин, Азим Суюн дунё адабиётининг энг кўзга кўринган шоирлари билан ҳам бўйлаша оладиган, ўзбекнинг ўзлигини кўрсата биладиган жўмард ижодкоридир!

Шоирнинг 90-йилларда ёзилган “Туронюрт” деб аталган шеъри шундай бошланади:

 

Менга айтинг, чегара нима?

Мустабидлар топган ўйиндир.

Сузиб борар уфқда кема,

Бутундир Туронюрт, бутундир!

 

Ёки шоир 40 ёшларида битган қуйидаги сатрларини Ватан ҳақида ёзилган энг сара шеърлардан десак хато бўлмайди:

 

Қадим, эрка сойлардан оқиб келар гул иси,

Олма гулининг иси, зардоли гулин иси.

Юлдузларми, ойлардан қалқиб келар гул иси,

Жийда гулининг иси, қароли гулин иси.

Гуллар атрин таратган тоғимсан,

                                                Ватан, ўзинг,

Кўнгиллар қулфин очган боғимсан,

                                              Ватан, ўзинг!

 

Тонглар эрта отади, мастона булбул куйи,

Осмон бирам ёйилган, тунлар бирам чарақлар…

Apғумоқларни кўмар буғдойзорларнинг бўйи,

Ўзбек далаларида тилло жавзо ярақлар.

Ризқ-рўзим бутун доим, қароғим, Ватан, ўзинг,

Кўкдаги бир қучоқ ой — чароғим, Ватан, ўзинг!

 

Ёз чилласи ёндирар, қуриб қолди сойлоқлар,

Дашту саҳролар узра ўралиб учар қуюн.

Қиру адирлар аро сокин мудрар қишлоқлар,

Жирналар, жарликларда қўй-қўзилар олар тин,

Тўрғайи чулдираган қишлоғим, Ватан, ўзинг,

Майли, йўллари тошлоқ, тошлоғим,

                                                    Ватан, ўзинг!

 

Ипак мезонлар учар, юрсанг юзга илашар,

Соғинтирди кўп узоқ кузнинг намхуш ҳавоси.

Болалар бир-бирига қилишар янтоқ ҳашар,

Пахта пайкалларида бобоси-ю момоси.

Насибаси ҳалолим — тупроғим, Ватан, ўзинг,

Меҳнатлари жаннатли — оппоғим,

                                                    Ватан, ўзинг!

 

Чўққиларни қор босди, кўрдим олис-олисдан,

Юрагим ҳапқиради, қиш эрур севган фаслим.

Қани, сиз, ҳей жўралар, олинг майиз,

                                                          қанд-қурсдан,

Юксакликлардан кўринг бу Ватан бўйи-бастин!

Дилим, тилим, қўлимда яроғим, Ватан, ўзинг,

Она юрт, ота макон — байроғим, Ватан, ўзинг!

 

Шундай қайноқ меҳрга тўла сатрлар муаллифи Азим Суюндай шоир ижодига, айтинг, меҳр қўймай бўладими?! Бу шеърларни ўқиганда бутун вужудинг яйрайди, завқланасан, ҳайратланасан…

Шоирлик – Яратганнинг улкан ҳикмати. Бу ҳикмат сирини эҳтимол шоирнинг ўзи ҳам тўла англамас. Аммо унинг истеъдоди куйлатади. Улуғлар айтганидек, шоирлар бор меҳнат, ҳаракат билан сатрлар битади. Шоирлар борки, улар ёзган битиклар селдай гувиллаб тўлиб-тўлиб келади. Азим Суюн шеърияти кейингиси – баланд чўққилардан, тоғлардан гўё сел бўлиб қуйиладиган қор сувларидай тоза, шаффоф туйғуларга ўхшайди.

Албатта, ўша пайтлар, яъни ўқувчилик пайт­ларимда, айтайлик, кимдир менга: “Бир кун келиб Азим ака билан бирга ишлаб, шу шоирдан сабоқ оласан”, – деганда бу гапга ишонармидим, йўқмидим, билмайман. Аммо ҳеч ким менга бу “башорат”ни айтмаган бўлса-да, тақдирнинг инояти ила Азим ака билан бир муддат бирга ишлаш бахтига эришганман. Табиийки, шоирнинг содда, ишонувчан, шу билан биргаликда мард, жасоратли муҳаррир бўлганига гувоҳ бўлдим. Шу боис, “Ўзбекистон овози”да ишлаган пайтларимдаги айрим воқеаларни жуда кўп эслайман.

Келинг, яхшиси, шулар ҳақида сўз юритай.

* * *

Ўшанда Термиз шаҳрида — Сурхондарё вилоят газетасида ишлардим. 1998 йили Сурхондарё вилояти бўйича ўз мухбир бўлиб ишга таклиф қилишди. “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятига келдим. Бош муҳаррир Азим Суюн қабулига киришим керак. Азим аканинг ўша пайтда биринчи ўринбосари катта шоир ва самимий инсон Салим Ашуров эди. Салим акани яхши танирдим. Гарчи у билан бир курсда ўқимаган бўлсак-да, талабалик пайтларимиз бирга кечганди. Айниқса, Сирдарё вилоятининг “Оқ олтин” тумани пахта далаларида ҳашарда бўлганимиз, пахта теримида қанчадан-қанча қизиқ ва ажойиб ҳангомаларни бошдан кечирганимиз…

Шундай қилиб, Салим Ашурнинг хонасида ариза ёздим. Ҳар қандай янги ишга ўтаётган одам “Раҳбар қанақа одам экан, суҳбат нима ҳақда бўларкин, ишга оладими, йўқми?” деган ўйда бўлади. Шу сабаб, Салим акага: “Азим акани шоир сифатида ўқувчилик пайтларимдан биламан, лекин ҳеч ҳамсуҳбат бўлмаганман. Қандай саволлар бераркин?” десам, “Э, ўйламанг, далли-ғулли одам. Мавриди келса, бир-иккита шеърлари ҳақида гапиринг”, деди Салим ака ярим ҳазил, ярим чин оҳангида.

Ўта жиддий, қовоқлари солиқ, салобат ва виқор билан “Хўш, келинг”, дейиши керак бўлган бош муҳаррир, йўқ, худди мени олдиндан биладиган, таниш одамдай: “Э, келинг, Абдурасул, ишлар қалай?” дея очиқ чеҳра билан қарши олган, сўнг бирдан Сурхон одамлари, тоғлари, дарёлари, таниқли полвонлари-ю, овчиларигача, Сурхондарё тоғларидаги булоқлару шаршаралар, кўп минг йиллик чинорлару арчазорлар ҳақида сўзлай кетди.

Очиғи, мен булар ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эканман. Ҳолатимга қараб Азим ака: “Ҳа, майли, сиз яхши-яхши нарсаларни ёзинг, ўткир танқидий-таҳлилий мақолалар ёзиш керак. Лекин, ёзганларингиз холис, адолатли бўлиши керак. Шуни унутманг!” деб қўшиб қўйди.

“Ўзбекистон овози”да вилоят мухбири сифатида ишлай бошладим. Биласизми, қайсики нашрнинг раҳбари жасоратли, мард ва ўткир сўзли инсон бўлса, ўша нашрнинг бахти аслида шу. “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарининг ўрни, обрўси Азим Суюн бош муҳаррир бўлган йиллар ҳеч қандай муболағасиз жуда баланд эди. Шунинг учун ҳам жуда кўп одамлар газета таҳририятига турли масалалар, муаммолар бўйича ёрдам сўраб, мурожаат қилишарди. Айтайлик, бир амалдорнинг ноҳақлик, адолатсизлиги устидан бўладими ёки ноҳақ, сабабсиз ишдан бўшатилганими ё бўлмасам суд-ҳуқуқ соҳасидаги турли найранглар, ўйинлар, адолатсизликлар, қўйингки, буларнинг барига “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарида ҳазилакам чиқиш­лар қилинмаган! Ўша йиллардаги газета тахламлари бунга тарихий исбот. Қайсидир донишманд айтган экан: “Газета – миллатни тирилтиради”, деб. Ҳақиқатан Азим ака бош муҳаррир сифатида бошқа газеталар чоп қилолмаган ўткир фельетонлар, танқидий-таҳлилий мақолаларни ҳеч иккиланмасдан бериб юборарди. Бу эса, ҳар қандай замонда, ҳар қандай бош муҳаррирнинг журъати етадиган иш эмас.

Йиллар ўтиб, ўзим ҳам айрим нашрларга раҳбарлик қилдим. Аммо битта ҳақ, тўғри ва холис ёзилган мақола учун бош муҳаррирнинг бошида не-не калтакларнинг синиши, баъзида қандай маломатларга қолиши мумкин эканлигини ўша йиллар биз қаёқдан билардик?

1998-2001 йиллари Сурхондарёдан ёзилган менинг ҳам ўнлаб фельетон ва танқидий мақолаларим “Ўзбекистон овози”да босилган. Уларнинг ҳар бири вилоятда жуда катта шов-шувларга сабаб бўлар, шубҳасизки, жойларда қандайдир маънода адолат, ҳақиқатнинг тикланишига туртки бўларди. Ўз-ўзидан равшанки, танқид қилинган бирорта одам боласи борки, асло уни ёзган кишига: “Раҳмат, укажон, менинг айбимни, хатоларимни тўғри ёзибсиз”, демайди. Ҳар қалай, мана матбуот соҳасида 30 йилдан кўпроқ вақт фаолият юритмоқдаман, лекин бундай валломатни ҳанузгача учратганимча йўқ…

Айниқса, маҳаллий раҳбарлар. Улар танқид ёзадиган маҳаллий мухбирга қандай муносабатда бўлишини тасаввур қилаверинг. Масалан, шундай чиқишларнинг бирида вилоят халқ таълими соҳасидаги мутасаддиларнинг давлат бюджети маблағларини иймонсизларча талон-торож қилишгани қаламга олинди. Хуллас, 1998 йилми ё 1999 йил — аниқ эсимда йўқ, “Ўзбекистон овози”да “Зиё­­ли каламушлар” деган фельетон босилди. Айбдорларга газета бонг урган заҳоти кескин чоралар кўрилди. Аммо каминага ҳам қанча туҳмат тошлари ёғилди. Шунда Азим аканинг бош муҳаррир сифатида ўз ходимига ишонч билан қараши, нечоғли ҳимоя қилишига ўзим гувоҳ бўлганман. Бу воқеаларга анча йиллар бўлди, албатта. Лекин ёзилган материал 100 фоиз ўз исботини топгани, фақат шу касб туфайли, тўғри сўз, холислик мезонига тўлиқ амал қилиб ёзилганига Яратганнинг, ҳаётнинг ўзи шоҳид.

Яна бир мақоланинг чоп қилиниши худди кечагидек ёдимда. Биласиз, деҳқон, пахтакорларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, улар етиштирган ҳосилга яраша пулини тўлаб бериш оғриқли муаммолардан бири бўлган. Хуллас, кўп деҳқонлар, ер эгалари билан суҳбат қуриб, қолаверса, ўзим ҳам бир деҳқоннинг боласи, қишлоқда ўсиб-улғайганлигим сабабли бу мавзу мен учун “Америка очиш”дек янгилик бўлмаса-да, ҳар қалай, анча-мунча “нозикроқ” мавзуга қўл ургандим. Яъни, деҳқоннинг ўз пулига ўзи хўжайин эмаслиги тўғрисида “724 вагон” деб номланган мақола ёздим. Ўша кунлари вилоят мухбирларининг йиғилиши бор эдими, ишқилиб Тошкентга – таҳририятга келгандик. Мен йиғилиш тугагач, Азим акага ёзган мақоламни топширдим. У киши шу заҳоти эринмай ўқиб чиқди. Сўнг, “Ў, бу зўр мавзу-ку! Иқтисодиётга тааллуқли экан-а. Банкларга ҳам тегишли жойлари бор экан. Шунинг учун Холмуродни ҳам чақирайлик. У ҳам ўқиб, ўз фикрини айт­син”, деб таҳририят бош ҳисобчисини хонасига чақиртирди. Очиғи, “Холмуроддан ҳам фикрини олайлик”, деб айтаётган киши, журналист ёки Азим аканинг ўринбосарларидан бири эмас, таҳририят бош ҳисобчиси Холмурод Қодиров эди. Мен бунга ҳайрон қолдим. Сўнг кўнглимдан кечган ўйни уққандек Азим ака “тушунтириш” бергандек бўлди: “Холмурод барибир буғолтир, молия соҳасини яхши тушунади. Манови счёт, транш-пранч деган гапларни у яхшироқ билади-да. Ўқитайлик, уям бир бало, ҳамма нарсага ақли етади”.

Орадан 4-5 дақиқа ўтиб Холмурод ака бош муҳаррирнинг хонасида пайдо бўлди. Азим ака мен ёзган мақолани Холмурод акага ўқитиб, айрим фикрларни олган бўлди. Шу пайт кун кеч бўлаёзган, газетада саҳифалаш ишлари якунланаётган эди, чамамда. Мақола газетада бериладими, йўқми, берилса қачон чоп қилинаркин, албатта, буни мен билмасдим. Қолаверса, шу мақола кечикиб қолаётгани ҳам йўқ, кейинроқ эълон қилинса ҳам бўлаверадиган материал эди. Аммо Азим ака шу пайт масъул котибними ё бошқа бировними, чақириб: “Манави мақолани бугунги номерга, биринчи саҳифага қўйинглар”, деб топшириқ берди.

Ростини айтсам, шошиб қолдим. Мақола газетанинг биринчи саҳифасига жойлаштирилди. Термизга қайтишим керак эди. Йўлга тушишдан аввал яна Азим аканинг ҳузурига кириб: “Азим ака, мақоламни биринчи бетдан бермасангиз”, – дея илтимос қилдим.

— Нега энди? – деди Азим Суюн баланд овозда ҳайрон бўлиб.

— Мақоланинг сал сиёсийроқ томони бор-да, шунга ички саҳифалардан бирига “яшириброқ” берилса ҳам бўларди, – дедим минғирлаб.

Шунда Азим ака кўрсаткич бармоғини тик қилиб, сўз қотди:

— Йўқ, ҳамма гап биринчи саҳифада беришда! Эълон қилсак, фақат шундай кўрсатиб босишимиз керак!

Сўнг ярим ҳазил-чин оҳангида, ёнида турган ўринбосари – Норбобо Шакаровга юзланди:

— Норбобо, бир гап бўлса қаранг, бугун сиз ответственнийсиз, мен бугун ҳам, эртага ҳам вилоятларда юрибман-а?

Ҳа, бош муҳаррирнинг бундай бағри­кенглиги, жасоратли бўлишини тушунган тушунади, тушунмаган тушунмайди!

Орадан пича вақт ўтиб, телефонда гап­лашганимда, Азим ака: “Абдурасул, анови “Вагон” ҳақидаги мақолани ростдан ҳам ички саҳифада берсак бўлар экан, роса бошоғриқ бўляпти-да”, деди.

* * *

Юқорида айтганимдек, жасоратли ва мард, танти инсон бўлишига қарамай, бош муҳаррир Азим Суюн жуда содда, ишонувчан, кўнгилчан одам эди. Доим эслаб юрадиган во­қеалардан бири яна “вертолёт” воқеаси бўлган.

Кунларнинг бирида Азим аканинг қабулхонасидан қўнғироқ бўлди.

— Сизни бош муҳаррир сўраётганди.

Хўп, деб қўнғироқ қилдим. Азим аканинг овозида чинакам шоирларга хос кўтаринкилик ва ҳаяжон жўш уриб турарди. Менга:

— Айтинг-чи, Ўзбекистоннинг энг баланд чўққиси қаерда жойлашган, биласизми?

Бу ҳақда аниқ маълумотга эга бўлмасам-да, Азим ака мендан буни бежиз сўрамаётганини фаҳмлаб, “Сурхондарёда, албатта”, дедим. “Тўппа-тўғри!” деди Азим ака хурсанд бўлиб, — Билар экансиз, яшанг!”. Сўнгра яна давом этди: – Ҳа, Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси Сариосиё тоғларидаги – Хўжапириях чўққиси бўлади. Биз “Ўзбекистон овози”да Ватанимизнинг энг баланд чўққисидан репортаж тайёрлаймиз. Шахсан ўзим бормоқчиман. Шунга сиз келаси ҳафта бир вертолёт гаплашиб қўйсангиз, у тоғларга етиб бориш оддий транспортда қийин кечади!” Сўзлашув ниҳоятда кўтаринки руҳда эди. Мен ҳам: “Хўп бўлади, Азим ака”, деб телефон гўшагини қўйдим. Аммо бироз вақт ўтгач, дафъатан ўйга толдим. “Азим ака, менга вертолёт топиб қўйинг дедими ё янглиш эшитдимми? Ҳа-я, уловда уч-тўрт кунлик йўл, бориш қийин, вертолёт керак дедилар-ку”.

Тўғриси, ўйланиб қолдим. Тоққа чиқиш учун энди вертолётни қандай топаман? Ахир бор-йўғи, бир вилоят мухбири бўлсам, машина бўлса-ку гап йўқ эди. Лекин бош муҳаррирга “Хўп” дедим, демак, бирор йўли бордир. Эртаси куни ўйлаб-ўйлаб вилоят ҳокимиятига бордим. 1999 йили бўлса керак, ўша пайтда вилоят раҳбари Жўра Норалиев деган киши эди. Бугун у киши йўқ, бандалик қилиб кетган. Лекин Жўра аканинг асл касби ўқитувчи бўлиб, ҳокимимиз ҳам анча содда, оддий одам эди.

Хуллас, вилоят ҳокими қабулига кириб, Азим аканинг гапларини жиддий туриб етказдим. Жўра ака мени диққат билан эшитиб, бошини хўп дегандек чайқади. Лекин бир зум ўтгач, ҳоким ҳам ўйланиб қолди.

— Вертолёт, вертолёт! Ҳозир! – дея катта столи четидаги қаторлашиб қўйилган телефонлардан бирини кўтарди.

— Менга чегара қўшинлари округ қўмондонини уланг.

Коммутатор шу топда қўмондонни “улай” олмади. Боя айтганимдек, вилоят ҳокимимиз содда, дўлварроқ киши эди. Шу боис, масалага жиддий ёндашаётганди.

— Сиз бораверинг, мен гаплашиб кўрай, сизга “помошнигим” телефон қилади, – деди у.

Раҳмат айтиб, ҳокимнинг қабулидан чиқдим. Мана, вертолёт масаласини ҳам деярли ҳал қилиб қўйдик. Энди Азим ака Сурхонга келаверса ҳам бўлади…

Эрталаб вилоят ҳокимининг ёрдамчиси мени излаётганини айтишди. Тушундим. Вертолётни қайси кунга “банд” қилиш кераклигини сўрашади. Лекин, минг афсуски, бу масала биз ўйлаганчалик осон иш эмас экан. Вертолёт ажратиш фақат “тепа”дан махсус рухсатнома билан бўлар экан.

“Азим акага узримни айтиб қўйинг, лекин нечта енгил машина керак бўлса, марҳамат, ҳал қилиб берамиз”, дебди Жўра Норалиев.

Шубҳасизки, бу гапларни бош муҳаррирга етказишим керак эди.

Тошкентга, таҳририятга сим қоқдим.

— Азим ака, ҳалиги вертолёт масаласи…

Телефон гўшагидан Азим аканинг гулдираган овози эшитилди.

— Ҳа, кейин ўзим ҳам ўйладим. Бу масалани вилоят миқёсида ҳал қилиш осон эмас деб. Майли, балки ўзим бу ерда тегишли жойлар билан гаплашиб кўрарман…

Чиндан ҳафта-ўн кун ўтиб, Азим ака Сурхондарёга бир нечта ижодкорлар билан келди. Ростдан ҳам Ўзбекистоннинг энг баланд чўққиси сари йўл олдик. Фақат вертолёт билан эмас, Сариосиё туманигача автоуловда, кейин тоғ йўллари оралаб, “УАЗик”да анча йўл босдик, сўнгра тоғлик одамларнинг от-эшак­лари билан Осмонталаш тоғларига чиққанимиз худди кечагидек кўз ўнгимда.

Очиғи, Сурхон диёрида вояга етиб, мен умуман Сурхондарёни билмаслигимни ана шу сафарга чиқиб билганман. Бир неча кунлик тоғ даралари бўйлаб сафаримиз бир-биридан ажойиб, унутилмас воқеаларга бой кечган. Она Ватанимизнинг бетимсол табиати, гўзаллиги мафтун этган. У тоғларда ўсувчи ўнлаб, юзлаб турфа хил ўсимлигу ўт-гиёҳлар, дарахтлар… Уларни мен ўша пайтгача ҳеч қаерда кўрмаган, ҳатто номларини ҳам эшитмаган, бирор манбада ўқимаган ҳам эдим. Масалан, ўзи бироз шўртак, аммо асло нордон эмас, лекин жуда кичкина, ёнғоқдан сал каттароқ келадиган, тишласангиз қарсиллаб кетадиган ниҳоятда сувли, нафақат ташқи кўриниши, ҳатто ички тарафи ҳам қизил бўлган олма навини – менимча, “Хубони” деб аташаркан, ғуж-ғуж ҳосилли табиий олмазорлар, неча юз ёшли ёнғоқзорлару пистазорлар, неча минг ёшли арчазорлар қўйнидан юқорига – энг баланд тоғлар сари уч-тўрт кунлаб от-эшак­ларда чиқиб бордик.

Азим ака бизга бу тоғлар ҳақида, бу ерда ўсадиган минг дардга даво доривор гиёҳлар ҳақида худдики ўрмончилардай маълумот бериб борарди. Ушбу сафар таассуротлари “Ўзбекистон овози”нинг бир неча сонларида чоп қилинган, Азим ака ҳам анча жиддий, ўқишли публицистик мақолалар ёзган эди.

* * *

Азим Суюн тоғ фарзанди бўлгани боис, тоғу даштлар жону дили эди десак, хато бўлмайди. У киши нафақат ёзган шеърларида, аслида ҳаётда ҳам юқорида кўп айтганимиздек, чинакам табиат шайдоси. Улуғ шоирларимиздан бири бир пайтлар ҳазил билан катта минбардан туриб Азим ака ҳақида: “Ўрмончи шоиримиз” деганида ҳам қандайдир ҳақ эдими деб ўйлайман.

Сабаби ўрмонлар, тоғлар, дарахтлар ва умуман, тирик табиат устоз шоирнинг ҳаёт мазмунидир. Шу ўринда яна бир воқеа эсимда: Сурхон воҳасига қилган сафарларининг бирида Азим аканинг хизмат машинасида тоғли Бойсун туманининг паст-баланд ҳудудларидан ўтиб бораётган эдик. Ёз фасли эди чоғи, кун анча дим, бош муҳарриримизнинг ҳайдовчиси эса жуда эпчил йигит бўлиб, тоғ йўлларидан ҳам тахминан 80-90 км тезликда машинани елдек учириб борарди. Бир пайт Азим ака тўсатдан: – Эй, тўхтат! – деб ҳайдовчисига буйруқ берди.

Мен нима бўлди экан, деб деярли сапчиб тушдим. Машинага қаттиқ тормоз берилди. 10-15 метр ўтиб тўхтадик. Машинадан тушган Азим ака асфальт йўлнинг нариги тарафига ўтди, орқага юриб, “Оҳ, буни қаранглар, эссиз, эссиз”,– дея ўлиб ётган катта бир қушга қараб ачинарди.

— Бургут шекилли, машина ойнасига урилган бўлса керак, – деди ҳамроҳларимиздан бири.

Шу пайт Азим аканинг юзига қарадим, унда улкан бир фожиага дуч келган одам қиёфаси мужассам эди.

— Бу қуш бургут эмас, укки. Кўплар уккини – бойқуш деб ўйлайди. Бу нотўғри. Укки бошқа хил қуш, тўғри, бойқушлар оиласига мансуб. Лекин бойқуш эмас. Қадимда, айниқса, Хоразм томонларда маликалар бош кийимларига шу қушнинг патларидан тож қилиб тикишган, раққосаларнинг дўппиларида ҳозир ҳам бўлади-ку!..

Йўлда кетаётиб, гарчи машинада тўрт киши бўлсак-да, Азим аканинг синчков, эътиборли одам эканлигини ҳис қилиб борардим. Биз аҳамият бермаган тошни ёриб униб чиққан ёлғиз дарахтними ё йўл четидаги бирор ҳайкалними ё бўлмасам, кичик бўлса-да сизиб чиқаётган тоғ бағридаги булоқчани дейсизми, буларнинг барини биринчи бўлиб Азим ака пайқарди, кўрарди. Шундан ҳам аён эдики, биз содда деб билган Азим Суюн аслида ўта сезгир, эътиборли, нигоҳи ўткир одам.

Биз-чи, биз парвойи фалак йўлда кетаётирмизу шундоқ рўпарамиздаги мўъжизаларни нечундир кўрмасдик. Нега шундай эди?

* * *

Бугунги кунда ўзбек адабиётини шак-шубҳасиз Азим Суюнсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шоирнинг ҳар йили янги-янги китоблари чоп қилинмоқда. “Сайланма”лари қўлма-қўл бўлиб кетяпти. Бу нимадан далолат? Менимча, халққа яқинликдан. Одамларни, она юртни, унинг бору йўғини борлигича севишдан, Ватанга чексиз муҳаббатдан деб ўйлайман.

Биласизми, яна эски бир гап: ҳамма яхши ижодкор ҳам яхши инсон бўлмаслиги мумкин. Бунга тарихдан ҳам, бугундан ҳам истаганча мисоллар келтириш қийин эмас. Лекин Азим Суюн инсон сифатида ҳам қалби кенг шахс. Унга берилган толенинг ёруғлиги, юксаклиги ҳам шунда бўлса, ажаб эмас.

Такрор бўлса-да, айтгим келади, устоз билан бу ҳаётда озми-кўпми бирга меҳнат қилиш бахтига муяссар бўлганимдан, замондош бўлганимдан оддий бир қаламкаш сифатида ўзимни ўктам сезаман.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =