Мурожаатга муносабат мантиқли бўлсин

Ўзбекиcтон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ўзгартириш ва қўшимчалар билан 2017 йил 11 сентябрь куни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун 38 та моддадан иборат.

Давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларини тартибга солиш қонуннинг асосий мақсади ҳисобланади. Мурожаатлар  ариза, таклиф ва шикоят кўринишида бўлиши мумкин.

Қонуннинг 6-моддасига кўра, жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши лозим. Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек, мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши жоиз.

Ёзма мурожаат ариза берувчи  жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши зарур. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши шарт. Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Қонуннинг 22-моддасига кўра мурожаатларни бериш муддатлари қоида тариқасида белгиланмаган. Қонуннинг 24-моддасида мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчидан, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва мансабдор шахслардан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинлик­лари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этишлари керак бўлади. Мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари зарур ҳолларда, мурожаатнинг жойнинг ўзига бориб кўриб чиқилишини таъминлаши мумкин. Агар мурожаатда қў­йилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш учун давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади. Агар мурожаатни кўриб чиқишда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текшириш, шу жумладан, молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) зарурати юзага келса, текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Қонуннинг 25-моддасига асосан мурожаатда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга, бошқа ташкилотларга ва мансабдор шахсларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шакл­­да хабар қилинади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларга ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш  мумкин эмас.

Қонуннинг 28-моддасида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари белгиланган. Шунга кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилиниши керак.

Таклиф давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

Қонуннинг 29-моддасига асосан аноним мурожаатлар; жисмоний ва юридик шахс­ларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда; мазкур Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар кўрмасдан қолдирилади ва бу ҳақда мурожаат қилувчига хабар қилинади.

Мазкур қонуннинг 30-моддасида мурожаатларни кўриб чиқишни тугатиш тартиби белгиланган. Шунга кўра, агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса; агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса; яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги туфайли чақиришнинг имкони йўқлиги сабабли мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаганда; мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имко­нияти мавжуд эмаслиги сабабли, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда; агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Бундай ҳолатда давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилиши лозим бўлади.

Қонуннинг 33-моддаси билан мурожаат қилган шахсларга бир қатор  ҳуқуқлар берилган.

Жумладан, мурожаатни кўриб чиқишнинг бориши тўғрисида ахборот олиш; важларни шахсан баён этиш ва тушунтиришлар бериш; мурожаатни текшириш материаллари ва уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш; қўшимча материаллар тақдим этиш ёки бундай материалларни бошқа органлардан талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилиш; адвокат ёрдамидан фойдаланиш; мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида ёхуд мурожаатга жавобни тушунтириш ва (ёки) уни тузатиш тўғрисида илтимос қилиш; ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш; мурожаатни қабул қилишни ёки кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этганлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқларидан иборатдир.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасига кўра мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунинг учун қилинаётган мурожаат туҳмат, ёлғон гаплардан иборат бўлмаслиги ҳамда мурожаатда ҳақоратли иборалар ишлатилмаслиги керак.

Райимберди ХЎЖАҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шўрчи туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =