Бугуннинг ҳақиқати эртанинг ёлғони бўлмасин
Болалигимдан ёши катта, нуроний инсонлар билан суҳбатлашишни яхши кўраман. Уларнинг аксарияти гарчи бугунги омон-омон замонларга шукурлар келтирса-да, ич-ичидан собиқ тузум давридаги ҳаёти, ундаги тўкин-сочинлик ҳақида гапириб, мақтаниб қолиши ҳам бор гап. Табиийки, мустақиллик фарзанди бўлганим учун бизга тушунтирилган чиркин тузумни нега бунчалик мақташларини англолмасдим. Аммо уларга қарши чиқишга ҳам уринмаганман.
Бу, биринчидан, ёши катта инсонга нисбатан ҳурматсизлик саналади деб ҳисоблаган бўлсам, бошқа томондан нима дейиш ва бирор-бир масалага холис фикр билдириш ҳар бир шахснинг тўла ҳуқуқи эканлиги сабаблидир. Аввало, истиқлол даврида туғилиб, ҳали ўз давримизда қойиллатиб бирор ишни бажармай туриб, бошқаларнинг фикрига таяниб ўтмиш ҳақида ҳукм чиқаришни тўғри деб баҳоламайман. Чунки ҳар ким ўз фикрига эга бўлиши лозим. Мен ўз замонамдаги эркин ва озод ҳаётда тинч ва тотув яшаётганим учун бугунимдан мамнунман. Аммо нега ўша даврда яшаган кишиларнинг фикрлари бунчалик қотиб қолган? Шу савол мени кўп ўйлантириб келган, токи Озод Шарафиддиновнинг “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” мақоласини ўқиб чиқмагунимча. Бирор-бир нарсага чин дилдан ихлос қўйиб, бутун умр у ҳақида фақат ва фақат яхши фикрлар билан яшаб, кейин бирдан ундан юз буриш қанчалик тўғри? Адабиётшунос бу борада ўз фикрларини айтиб ўтади. Собиқ иттифоқ даврида яшаган ижодкор ҳам умрининг катта қисмини унга хизмат қилишни олий мақсад деб қараганини, партияга аъзо бўлиш шарафли эканлигини ҳис қилиб холис ва сидқидилдан хизмат қилади. Узоқ йиллик фаолиятидаги ўз кўзи билан кўрган адолатсизлик ва ноҳақликларга гувоҳ бўлган олим секин-асталик билан фикрлашини ўзгартира боради. Совет иттифоқининг асл мақсади умумийликни, ҳамма тенг бўлишини таъминлаш эканлиги, унда инсон ҳуқуқлари, унинг қадри биринчи ўринда туриши давр одамларига маҳорат билан сингдирилганлиги ҳақида мақолада батафсил келтириб ўтилган. Масалан, талаба йигитнинг советча мафкура ҳақидаги салбий фикри сабаб у ўқишдан узоқлаштирилгани, Саид Аҳмад ноҳақ қамалгани, шундан сўнг олийгоҳда таҳсил оладиган рафиқаси Саида Зуннунованинг эридан воз кечишини талаб қилган ҳукумат, натижага эришолмагач, ёш шоиранинг ўқишдан четлатилиши, бир қатор ёзувчи ва шоирлар Мақсуд Шайхзода, Шуҳрат, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий кабиларнинг қораланиши собиқ тузумнинг зиёлилар ҳамда халқ орасида қилган ўйинларидан далолат беради. Чунки зиёли кўпайса, дунёқараш шаклланиши мумкин эди. Машҳур француз саркардаси Наполеон Бонапартнинг бир гапи бор: “Душманлик руҳида суғорилган 4 та газета минглаб қўшиндан кўра қудратлироқ”. Шу сабаб одамларнинг орасидаги ҳар қандай янгича фикрлайдиганлар халқ орасидан четлатила бошланган экан-да.
Энг таъсирлантирадиган нуқталардан бири Пастернак воқеаси бўлиб, унинг тузумни қоралаган “Доктор Живаго” романини Ёзувчилар уюшмасида танқид қилиш топшириғи келганлигидир. Ачинарлиси, мажлисга тўпланган ижодкорларнинг кўпи асарни варақлаб ҳам кўрмагани, унинг ичидаги асл мазмун нималигини билмай туриб, бу ҳақида фикр билдириши бўлади. Узоқ йиллар давомидаги ҳалол ва сидқидилдан хизмат қилган олимнинг онаси касалликка чалиниб, тўшакка михланиб қолганидан сўнг уни партия сафидан четлатишга уриниши охир-оқибат Озод Шарафиддиновнинг бутун умрлик қарашларини пучга чиқаради. Адабиётшунос мақоласида собиқ совет иттифоқи қулаганидан сўнг ўзи каби кўп ижодкорларнинг кўзи очилганини изоҳлайди. Чўлпоннинг бир сатрини келтириб ўтади:
Нечун очилди кўзим,
қайга кетди уйқуларим…
Иттифоқ қулаганидан сўнг миллионлаб инсонларнинг ўз ақидаларида собит қолиши шубҳасиз. Сабаби йиллар давомида сингдирилган, тарғиб қилинган ва мақталган жамиятдан бирдан юз ўгириш, айниқса, бизнинг халқимиз онгида тузини еб тузлуғига тупуришдек иш сифатида қаралгани табиий, албатта. Шу сабаб бугунги кунда эски давр одамларининг аксарида бундай фикрлар бўлиши табиий.
Шунингдек, йиллар давомида ҳукуматнинг ишларига зўр бериб икки қўллаб қарсак чалганларнинг дунёқараши ўзгаришини ҳам оддий қабул қилиш керак. Чунки инсон субъектив бўлиб, у бир жойда қотиб қолмайди. Онгли равишда ўсади. Бугунги қарашлар ҳам эртага ўзгариши мумкин. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, эътиқод мустаҳкамлиги асрлар силсиласига дош бериши жиҳатидан эмас, моҳияти англанишидан келиб чиқиб аслий бўлади. Шу сабаб у вақт ўтиб ўзгариши мумкин ва бу табиий жараён, аслида. Чунки бугун инсон чиқарган хулоса унга атрофдан қилинаётган таъсирларга боғлиқ. Бугуннинг ҳақиқати сифатида қаралаётган ҳамда мақталаётган ишлар ва ташаббуслар, 10 йил ўтиб, айнан ўша чалинган қарсак соҳиблари томонидан қораланиши ҳам мумкин.
Яна бир гап. Ҳар қайси даврнинг ўз сиёсати ва катта-кичик мақсадлари бўлиши табиий ҳол, дейлик. Лекин ҳур туғилган инсон учун истиқлол, эрк, мустақиллик тушунчалари ҳамиша улуғ, ўзгармас ва чинакам бўлиши керак. Зеро, шунинг учун ҳам ўша қаҳри қаттол даврларда ҳам Ҳамза, Қодирий, Чўлпонлар ёниб чиқди. Юрт озодлиги учун жонларини тикдилар. Фақат энг ёмони, энг даҳшатлиси мунофиқлик бўлса керак деб ўйлайман. Чунки минг афсуски, шундай одамлар ҳам кам эмаски, улар бир юмалаб фаол фирқачи, бир қарасанг, “истиқлол куйчиси”га айланиб оладилар. Замонга қараб турланадилар — энг хавфлиси шулар, турланиб, тусланадиганлардир, шаксиз. Ҳақиқий инсон эътиқоди бутун кишидир. Бугун ҳам, эрта ҳам виждони уйғоқ, эътиқоди собит одамлар кўпайсин!
Нафиса ҚУРБОНОВА,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 4-босқич талабаси.