“Tutte le strade portano a Roma” — Барча йўллар Римга олиб боради
Ўзбекистон ва Италия азалдан бир-бирига интилган, ҳамкорлик алоқаларини тиклаган мамлакатлардан ҳисобланади. Куни кеча, аниқроғи, шу йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг юртимизга расмий ташрифи ҳам ҳар иккала давлатнинг ўзаро ишончли ва стратегик ҳамкорлар эканлигини яна бир бора исботлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан ташриф буюрган Италия давлатининг раҳбари билан бўлиб ўтган расмий учрашувлар жуда юқори даражада ўтганлигидан, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик даражаси йилдан-йилга ривож топиб бораётгани қувончлидир. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларда таълим соҳасидаги алоқаларнинг янги босқичга кўтарилаётганини эътироф этмаслик мумкин эмас. Биргина пойтахтимиздаги Турин политехника университетининг айни пайтдаги ўрни, фаолияти кўпчиликка маълум. Италия Президентининг ана шу университет фаолияти билан ҳам танишганлиги, умуман таълим тизимидаги ижодий ютуқларнинг бардавомлигининг асосий омилларидан бири Ўзбекистон ва Италия ўқув дастурлари орасидаги тафовутлар уйғунлаштирилганидан далолатдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетида ҳам италян тилини ўқитиш, бу мамлакатдаги қатор олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зеро, Европа мамлакатлари маданияти ва тарихига назар солар эканмиз, улар орасида мозий қаъридан жой олган ҳамда бугунги кунгача ўз виқори ва миллат сифатида ўзлигини, буюклигини сақлаб келган Италия давлати ҳамда халқини таъкидламасликнинг иложи йўқ. Италян маданияти, адабиёти, санъати, спорти кириб бормаган мамлакат бўлмаса керак. Ҳатто илк қомусий олимлар ҳам қадимги Рим диёрида туғилиб, ижод қилишган ва илм-фан ривожида тамал тошини қўйишган. Шоир Усмон Носир айтганидек:
Сени яхши биламан, гўзал
Петраркани ўқиганим бор.
Буюк Римнинг Самфоси азал
Хаёлимни ошиқдай тортар.
Италия ўрта асрлар Европа Уйғониш даврининг ўчоғи ҳамда инсоният тарихида амалга оширилган кўплаб кашфиётлар маркази саналади. Она юртимиз ҳамда Италия ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари узоқ тарихга бориб тақалади. Венециялик машҳур сайёҳ Марко Поло ўзининг кундаликларида Самарқанд, Бухоро ва Фарғона каби тарихий шаҳарларимиз ҳақида қимматли тасвирлар ва таърифлар келтириб ўтади. Айниқса, Самарқанднинг хушҳаволиги, Зарафшон дарёси бўйидаги шаҳарларнинг ободлиги ҳамда Фарғона отларининг ҳатто Чин ўлкасида ҳам машҳур эканлигини таажжуб билан ҳикоя қилади. Соҳибқирон Амир Темур даврида ҳам Европа мамлакатларидан кўплаб элчилар ҳамда савдогарлар ташриф буюриб, Мовароуннаҳр, Хуросон ҳақида қизиқарли маълумотларни ёзиб қолдиришган. Хусусан, Испания элчиси Гонзалес де Клавихо Темурийлар салтанати Франция, Италия, Испания каби давлатлар билан иқтисодий, сиёсий ва савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйганлигини ўз асарларида мадҳ этади. Италия пойтахти Рим шаҳри шарқ гавҳари саналмиш Самарқанд билан тарихан ва боқийликда тенглаштирилади. Дунё давлатчилик тарихида Ғарбда Рим ва Шарқда Самарқанд ўз ўрни ва аҳамиятига эга ҳисобланади, яъни шаҳарсозлик ва маданият ҳамда санъатнинг илк кўринишлари ҳам мазкур шаҳар-давлатлар тарихига бориб тақалади.
Бундан ташқари, Самарқанд Буюк ипак йўлининг марказида жойлашганлиги унинг бутун дунёга маълум ва машҳур бўлишига замин яратган, кўплаб сайёҳлар-савдогарлар учун унумдор макон саналган. ХХ асрда италиялик машҳур қўшиқчи Роберто Веcчиони томонидан “Самарcанда” номли қўшиқ яратилган бўлиб, унда аскарнинг сўнгги паноҳ топадиган илоҳий жойи Самарқанд эканлиги келтириб ўтилади ва италияликлар томонидан севиб хиргойи қилинади.
Бугунги кунда Италия ва Ўзбекистон муносабатлари янада мустаҳкамланиб, ҳамкорлик алоқалари доиралари кенгайиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистонда италян тили ва маданиятини ўрганишга бўлган талаб ортиб бораётганидек, Италияда ҳам ўзбек тили ва маданиятини ўрганувчи тадқиқот институтлари ташкил этилмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистонга ҳар йили ташриф буюрадиган чет эллик сайёҳларнинг улушига кўра италянлар инглиззабон сайёҳлардан кейин 2-ўринда туради. Италия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олди ҳамда 1992 йил Тошкентда Италия элчихонаси фаолияти бошланган. 1998 йилда Италиянинг Рим шаҳрида Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ташкил этилди. 2021 йилдан Флоренциянинг Тоскана ва Умбрия регионларида, 2023 йилдан эса Миланнинг Ломбардия ва Лигурия регионларида Ўзбекистон фахрий консулликлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар йили Рим шаҳрида ўзбек миллий қадриятлари намойиши, кўргазмалар, миллий кийимлар ва таомлар фестиваллари ўтказилиб келинмоқда.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1996 ва 2000 йилларда Италияга ташриф буюрган ҳамда икки давлат ўртасида изчил ҳамкорлик муносабатлари меморандумларда ўз тасдиғини топган. 1997 йилда Италия президенти Оскар Скалфаро ҳамда ўша йили Италия бош вазири Романо Проди Ўзбекистонга келди ҳамда шу йили 3 майда икки давлат ўртасида тузилган ўзаро муносабатлар тамойиллари тўғрисидаги қўшма декларация ҳамда 1997 йил 17 сентябрда келишилган Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги Дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси асосида 22 та ҳужжатдан иборат, жумладан: 1 та давлатлараро шартнома, 10 та ҳукуматлараро битим, 3 та идоралараро келишув ва 8 та бошқа ҳуқуқий базалар асосида бугунгача ҳамкорлик муносабатлари давом этмоқда.
2023 йил 8-9 июнь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Италияга давлат ташрифида ҳам турли доирадаги келишув, шартномалар ва битимларга эришилди. Хусусан, Венецияда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, туристик салоҳиятини намойиш этувчи катта кўргазма ташкил қилинди.
1999 йилдан буён мамлакатларимиз ўртасида Савдо-иқтисодий, саноат ҳамкорлик ва экспорт кредитлари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Италияга, асосан, текстиль, рангли металл (ишлов берилмаган рух), тери ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилади.
Асосий импорт бўладиган маҳсулот ва хизматлар эса, механик асбоб-ускуналар, газ, суюқликларни етказиб бериш ёки ишлаб чиқариш учун ҳисоблагичлар, электр жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика маҳсулотлари, транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмларидир.
Инвестицион ҳамкорликка тўхталсак, Ўзбекистонда Италия капитали иштирокидаги 54 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий фаолият йўналишлари алкоголсиз ичимликлар, винолар, шиша идишлари хомашёси, парфюмерия, музқаймоқ, трикотаж, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, пахта чиқиндиларини қайта ишлаш, савдо-сотиқ ва воситачилик хизматларидан иборат.
Италян киноси ва мусиқаси ўзбек аудиторияси томонидан ҳамиша илиқ қарши олинган бўлиб, италиялик хонандалар тез-тез ўз концерт дастурлари билан Ўзбекистонга ташриф буюришади. Худди шундай 2-3 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Италия қўшиқчилик санъати афсоналари иштирокида бадиий учрашувлар ва концертлар бўлиб ўтди. Қолаверса, анъанавий ўтказилиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида ҳам италиялик созанда ва хонандалар ҳамиша юқори ўринларни забт этишган.
Ҳозирда Италияда 1,5 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилади. Бундан ташқари, ҳар йили юзлаб битирувчи талабалар магистратура босқичини давом эттириш мақсадида Италия университетларига йўл олишади. Италия ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасида ҳам кенг қамровли шерикчилик алоқалари йўлга қўйилган. Тошкентдаги Турин политехника университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институтларида италян тили ва маданияти марказлари ташкил этилган бўлиб, йилнинг ҳар чорагида италиялик профессор-ўқитувчилар томонидан қизиқарли тадбирлар ва семинарлар ташкил этилади.
Ҳозирда Ўзбекистонда италян тили ва маданиятини ўқитиш бўйича бир нечта университетлар ва институтларда йўналишлар ташкил этилган бўлиб, ЎзДЖТУ барча олийгоҳлар учун таянч олийгоҳ вазифасини бажариб келмоқда. Университетда Италиянинг бутун дунё томонидан тан олинадиган тил билиш сертификати “CЕЛИ” маркази ташкил этилган бўлиб, йилнинг тўрт чорагида талабгорлар имтиҳонларда иштирок этишлари ҳамда халқаро сертификатларни қўлга киритишлари мумкин.
Университетда 2022 йил 21 апрелда италян тили таржима назарияси ва амалиёти кафедраси ташкил этилди ҳамда Италиянинг Ка-Фоскари, Милан IULM университети, Перуджа хорижликлар университети ва Сиена хорижликлар университетлари билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Кафедра томонидан жорий 2023 йилда мазкур ҳамкор университетлар билан биргаликда 3 та халқаро “Erasmus+KA171” лойиҳаси қўлга киритилди. Бу эса ўзбек талабаларининг Италия университетларида грант асосида ўқишлари учун ва профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тажрибаларни ўрганиб келишларида молиявий томондан кўмак ва имконият беради.
Ҳамкорлик доирасида ҳар ўқув йилида Италия университетларидан талабалар ва магистрантлар келиб, ЎзДЖТУда амалиёт ўташмоқда ва ўзбек маданияти, урф-одатлари билан яқиндан танишмоқда. Қолаверса, Италия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштириладиган ўқиш грантларини қўлга киритаётган талабаларимиз сафи кенгайиб бораётганлиги жуда қувонарли. ЎзДЖТУ ва Италия Республикасининг Тошкентдаги мухтор ва фавқулодда элчихонаси бир неча йиллардан буён дўстона муносабатлар билан ҳамкорлик олиб бормоқда.
Ҳозирда италян тили таржима назарияси ва амалиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан италян адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг “Биргаликда улғаямиз” китоби ҳам кафедра жамоаси томонидан ўзбек тилига моҳирона таржима қилинди. Айни кунларда кафедра профессор-ўқитувчилари ва Венеция Ка-Фоскари университети ўқитувчилари ҳамкорликда Марко Полонинг 2024 йилда бўлиб ўтадиган 700 йиллик юбилейи доирасида унинг машҳур асарлари таржимаси устида иш олиб боришмоқда.
Бундан ташқари кафедра қошида “Италян тилида гид-ҳамроҳлик компетенцияларини шакллантириш” номли курс ташкил этилган бўлиб, талабаларнинг билимлари амалга татбиқ этилишида таянч вазифасини бажармоқда, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи италян сайёҳларга малакали ва самарали хизмат кўрсатиш коэффициенти ошмоқда. Университетимизнинг италян тили таржима назарияси ва амалиёти кафедраси мудири Б.Эргашева Ўзбекистонда италян тилини ўқитиш бўйича қўшаётган ҳиссаси ҳамда халқаро ҳамкорликдаги ташаббускорлиги учун жорий йилда Президентимиз томонидан таълим йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Бизнинг таълим ўчоғимизнинг галдаги вазифаларидан – ЎзДЖТУ ва дунё QS рейтинги рўйхатида биринчи 100 таликка кирувчи Италиянинг Болонья Альма Матер ҳамда Турин университетлари билан ҳамкорликни амалга ошириш ва қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш келажакдаги истиқболли режаларимиздан бири саналади. Бундан ташқари, Италян тили ва маданияти маркази фаолиятини янада такомиллаштириб, режали тарзда италян маданияти, киноси, мусиқаси, спорти, адабиёти ҳафталикларини ташкиллаштириш тизимли йўлга қўйилади.
Италян тилидаги дарсликлар сонини кенгайтириш билан бир қаторда маҳаллий профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув қўлланмаларни яратиш жараёни жадаллаштирилади. 2023-2024-ўқув йилининг иккинчи ярмида Италиянинг Милан IULM университетидан малакали мутахассислар ўқув жараёнига жалб этилиши режага киритилган. Университетимизда италян тилини ўқитиш соҳаси кенгайтирилиб, талабалар алмашинуви дастури ва педагогларни хорижий стажировкага юбориш дастурлари янада кенгайтирилади.
Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,
Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари
университети ректори,
педагогика фанлари доктори,
профессор.