ФОЗИЛМОН

Синтоб қишлоғи юз, юз эллик метр юксакликда, яъни тик қоя устида қўним топ­ган. Орқа тарафи қояга тиргак тираб қурилган. Синчиклаб қарасангиз, аркни ёдга солади. Маҳобатли, салобатли тоғлар қуршовидаги, сой бўйлаб кетган бу қишлоқнинг гўзаллигига, чиройига таъриф йўқ. Кўнгилда ҳассос табиат яратган ана шу маъвони кўриш майли туғилди. Тошкентдан уч-тўрт танишлар билан йўлга тушдик. Ниятимиз — тоғнинг оромбахш ҳавосидан симириш, гўша ва манзараларидан завқ олиш эди.

“Сaptiva” ўнқир-чўнқир йўлдан олдинга босади. Нурота – Фориш йўлида машиналар сийрак. Аҳён-аҳёнда прицеп улаган “Камаз”лар учрайди. Бунга йўлнинг абгорлиги сабабдир. Яна ким билади дейсиз. Хуллас, ана шу катта йўлдан беш чақирим ичкариладик. Бирдан тошдан йўниб тикланган уй томлари кўзга ташланди. Шунда тоғбеги уқтира кетди:

— Сой ёқалаб кетган катта йўлакдан ўн, ўн беш чақиримгача машина силжий олади, холос. Ундан у ёғига улов боролмайди. Фақатгина сўқмоқ йўлгина хуш келибсиз, марҳамат дея қаршилайди. Йўлдан эшак, хачир юра олади. Беминнат дастёрлар ҳеч қандай минтақмай, тихирлик қилмай сизни манзилга етказади. Синтобдан ўн саккиз чақирим наридаги Фозилмон кўли Навоий шаҳридан бир юз саксон, Нуротадан бир юз йигирма чақирим олисда, денгиз сатҳидан бир минг олти юз қирқ тўрт метр юксакликда… Кўлни маҳаллий аҳоли “Сентобкўл” деб ҳам аташади. Умуман, Синтоб қишлоғига кўлни кўриш илинжида узоқ юртлардан, ҳатто Германия, Франция, Испания, Италия, Голландия сингари мамлакатлардан ҳам сайёҳлар ташриф буюради. Улар бир эшакни эллик мингдан бир юз эллик минг сўмгача ижарага оладилар. Сал бўлмаса айтиш ёдимдан кўтарилибди. Қишлоқнинг сўқмоқ интиҳо топган жойидан нажот маскани – Нурота қўриқхонаси бошланади.

Оқ-сариқдан келган, юзлари лўппи, узунчоқ, қош-кўзлари қоп-қора ва бироз рангпар киши эътиборимни тортди. Танишдик. Исми Сафар бўлиб, чорвадор экан. Билсам, тоғ одамлари чучмал, силлиқ гапларни ёқтирмас эканлар. Чиндан ҳам, тоғликларнинг бўй-басти-ю, ўктам чеҳраси одамга мағрур, дадил боқади.

— Меҳмон, қадамингизга гул битсин. Бизнинг қишлоқ тили Садриддин Айний тилига яқин. Эҳтимол, эшитгандирсиз? Ривоятда айтилишича, Синтоб аҳлининг ярми бухоролик, ярми синтобдан тарқаган эмиш. Шунинг учун қишлоқнинг этник қатлами азалдан тожик тилида сўзлашади. Одамлари менга ўхшаш, — деди Сафар оға.

Дунё ташвишлари чекинган, менга бегонадек эди. Аммо қалбим беҳад хушнуд, шод эди. Хаёлларга чўмдим. Узоқ-узоқлардаги тоғларга, кенгликларга кўз югуртирдим. Ажабтовур ҳолат. Нега энди Синтоб яйловидаги мовий кўл ва Синтоб сатҳи сап-сариқ рангда экан-а? Улар худди қуёш нурида жилоланаётган симобга ўхшайди.

— Ҳа меҳмон. Хаёл дарёсига ғарқ бўлиб қолдингиз?

— Ўзим, шунчаки. Бу ерларнинг тарихи, кечмиши ҳақида бош қотираётгандим.

— Сизни Синтоб қишлоғининг тарихи қизиқтираётирми? Унда қулоқ тутинг.

Билганларимни сўзлайман. Синтобликларнинг келиб чиқиши қадим замонларда қиш­лоққа бостириб келган ёғийнинг аҳолини битта қўймай қириб ташлаши билан боғлиқ воқеага бориб тақалади. Айтишларича, қирғин чоғида бахтли тасодиф туфайли бир муштипар аёл Ҳасан ва Зуҳра исмли эгизак фарзандлари билан тирик қолади. Душман уларни пайқамаган. Ёру қадрдонларидан ажраган аёл икки гўдагини олиб, қишлоқни тарк этади. У сўқмоқ йўлнинг четига келиб тўхтайди. Бир нафас дам олади, кўзёшини артади. Тақдири азал ёзиғига кўникади. Сўнгра худди шу жойда чайла тикиб, умргузаронлик қила бошлайди. Тирикчилиги бинойидек ўтиб туради. Аммо бир куни хилват гўшада овчи пайдо бўлади. Дастлаб уни кўриб она ва болалари қўрқиб кетадилар. Бироқ йигитнинг ёнидаги синглисига кўзи тушган она анча тинчланади. Тез орада улар тил топишиб, иноқлашадилар. Бир куни аёл овчига маслаҳат солади: “Муҳтарам овчи, ҳаётда инсон ёлғиз, танҳо яшаши мумкин эмас. Агар гапимга рўйхушлик билдирсангиз, синглингизни ўғлимга олиб берай. Қизимни ўзингизга ёстиқдош қила қолинг. Кейинги ҳаёт йўлингизни у билан боғланг”.

Бу жўяли таклиф овчига маъқул келади. Шу тариқа Синтоб қишлоғида ҳаёт шами порлабди. Бу икки оиладан ўнта оила вужудга келибди. Ана шу оилалар кўпайиб, илдиз отиб, кейинчалик уруғларга бўлинган экан. Ҳозирга келиб ҳар бир уруғнинг ўз қабристони бор.

…Атроф қорая бошлади. Тун зулмати босган дунё бирдан қоронғиликка чулғанди. Чипор тош­лар уюми кўзга ваҳимали кўринди. Қаерлардадир бўри ўқтин-ўқтин ғингшимоқда. Осмон қаъридан кетма-кет юлдуз учди. Шу куни қишлоқда тунаб қолдик. Эртасига ажойиб, хилват гўшаларни оралаб, табиатни томоша қилиб, одамлар билан чақчақлашиб Фозилмон кўли қайдасан дея йўлга тушдик. Остимизда эшак. Сўқмоқ йўл бўйлаб тоғбеги олдинда кетарди. Унга изма-из мен ва ҳамроҳларим борардик. Тоғбеги манглайи оқ, қолган жойлари қора отда эди. Тик қоялар аро минг бир буралиб осмону фалакка ўрлаган ёлғизоёқ бу сўқмоқ йўлда ҳар хил жониворларнинг тезаклари билан бирга онда-сонда от, эшак, хачир тақалари ҳам учраб қоларди. Баъзан кутилмаганда биз йўловчиларнинг оёғимиз тагидан, бош ораларидан қарғасимон зағча, томоғи сариқ чумчуқ, бигиз тумшуқлар, какликлар пир-пир учиб, осмонга кўтариларди.

“Чуҳ!” Тоғбеги отининг жиловини силтади. Бизни ҳам қичаброқ юришга ундади. Остимдаги ҳанги йўрға эди. Тўқимнинг айи­­ли маҳкам тортилган. Хўтик йўлни яхши билар экан. Шу боисдан хилачўпни ниқташга ҳожат қолмади. Баъзида оёқлар мункиб-мункиб кетади. Шаҳарда юриб хом бўлиб қолганимни илғадим. Йўл қалтис, тор, ўйдим-чуқур. Пастликка қарасанг, юрагинг орқага тортиб кетади.

Синтоб яйлови. У Фозилмон тоғлари этагида. Ўша манзилга чиқиб бориш, у ердаги кўлни томоша этиш фикри хаёлимни банд этган. Минг йиллик ёнғоқ дарахтларининг ер бағрига қараб, эгилиб ўсган шохлари, қишлоқ ўртасидаги қўрғон харобалари гўё тошларда битилмаган, айтилмаган, буюк тарих сирларини қатига яширгандай. Бир-биридан юқори, баланд деворлар қорайган қалъага ўхшаб кетади. Ўзимча бу манзилни “тош шаҳарча”га таққосладим. Юксак тоғлар орасида, орқа тарафи кунчиқарга қараб баланд қояга тиркаб барпо этилган бу қишлоқ уйларини она табиат ёмон кўзлардан пана этиб яратгандай гўё!

Устига-устак, биз турган манзилни олдинги томонидан ҳам, орқа тарафидан ҳам тик қоялар қуршаган. Буни қаранг, сўқмоқдан битта-битталаб юрилар экан. Ёнғоқзор, бодомзор, дўлана ва писта дарахтлари сой ёқалаб изма-из таъқиб этиб, кузатиб боради. Беқарор шамол дарахтлар бошини оҳиста силагандай бўлади. Қишлоқ уйлари тугаб, сой ҳам анча пастда қолди. Айни шу ерда Чаваксой айқириб Синтобсойга қўшилади. Катта сувлик вужуд­­га келади. Тик қоялар бағирлаб кетган йўлда одам сийрак. Тоққа ўрмалаганимиз сари сўқмоқ беш-олтита йўналишга бўлиниб кетади. Буни кўриб донг қотдик. Биз яқин тик сўқмоқни танладик. Ҳар ҳолда табиатнинг ҳайратомуз манзарасини кўриш истагидан чекинмадик. Бурилаш чоғида албатта, чўққи қарши олади. Эҳтиёт бўлинмаса, ағдарилиб кетиш ҳеч гап эмас. Шу боисдан сезгирлик ва ҳушёрликни йўқотмадик. Ниҳоят, баландга кўтарилиб борувчи ўн беш чақиримлик Синтоб сўқмоғи яйловга туташган жойга етиб бордик. Ўзиям бу ерга келгунча нақ қирқта тоғ ва қирқта жарликдан ўтгандек эдик. Қувончимиз чексиз эди. Текис, бепоён яйлов узра салқин шаббода юзга уфурди. Кўм-кўк майсалар билан қопланган кенгликларда сон-саноқсиз қўй-қўзи, эчки-улоқ, сигирлар пода-пода бўлиб ўтлаб юрибди. Тағин текислик бўйлаб пича юрдик. Кўл Фозилмон тоғи, деб аталувчи чўққи пастида экан. Кўл юзидаги сув ўтлари… Улар бир қараганда кулранг тўлқинларни эслатади. Суви тиниқ, рошига келиб урилиб, ажиб манзарани ҳосил этади. Ям-яшил ўтлар, қадди-басти тик, адл, тўда-тўда қамишлар катта сувликнинг қоқ ўртасидан “мана мен”, дея қад кериб турибди. Гуркираган байроқдек ҳилпираб, товуш чиқаради. Шундоққина мовий кўлнинг шарқ томонига юрдик. Ва ўша ёғини секин айланиб ўтдик. Шундоққина кўлга сув қуядиган булоқча устидан чиқиб қолибмиз. Суви чучук, муздек. Тишни зириллатади. Кўлга сув ёмғир ва қор, булоқлардан йиғилади. Узунлиги уч юз метр, эни эллик метрча… Чуқурлиги бир ярим метрга етади.

Атрофга разм солдим. Ҳов ана баланд тоғ чўққисидан отлар уюри сувлагани тушиб келаяпти. Айғир ортидан ўн чоғлича бия эргашган. Тойчалар шаталоқ отиб, тўполон кўтаради. Шу маҳал айғир узун қилиб кишнади. Бу унинг ўзича тўдани ортда қолмасдан интизомга амал қил деб огоҳлантиргани бўлса керак. Уларнинг ёллари тилло рангда. Қуёш нурида товланади. Осмонда булутлар лашкари кезинади. Гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа қараб сузади. Фалак тоқида бургут қанот силкитмоқда. Осмон подшосини кўрган қушлар ўзини пана-пастқамга уради. Ерда юмронқозиқ қозиқдек тик турибди.

Кўл ичкарисига кирган йилқилар уюри сувлагач, чўзиб кишнадилар. Сўнгра ўзларини совуқ сувга отдилар. Танлари яйради. Бу ҳол ўн беш дақиқагача такрорланди. Отлар ёлларидаги сувларни силкитдилар-да, ғолиб аскарлардек бошларини мағрур кўтариб яйловлар томон йўртиб кетдилар. Шу кетишда, Фозилмон кўлидан сувлаган йилқилар уюри Оқтоққа бориб тунар эканлар.

Тоғ бошидаги бу ғаройиб текис яйловда уюрлар сероб, бисёр бўлса керакки, бегона эшак, хачир ва йилқини кўрибми; ҳидини сезибми ёхуд дириллашини эшитибми, ўқтин-ўқтин кишнашадилар. Ўнлаб ботмон жойни эгаллаган қорамтир кўлга қуёш шуъласи борича ёйилгандек эди. Қурбақалар тинмай вақиллашарди. Баъзан яқин, баъзан узоқдан чиябўри, тулки, шоқол, қашқирлар улирдилар. Гарчанд кундуз бўлса-да, бу юксакликдан Синтоб, Мож­рум, Ўхум, унинг ўнг томонидаги сон-саноқсиз Фориш қишлоқлари аниқ-тиниқ кўринарди. Мовий кўл жамол очади. Унда кўплаб ўрдак, ғоз ва оққушлар, ширмоҳи балиқлар эмин-эркин сузишмоқда.

Ёдимга оқтоғлик йилқибоқарлардан эшитган бир ривоят тушди. Йилқилар ўзлари тунайдиган Оқтоғни хуш кўрадилар. Нега деганда, бу кўз илғамас юксаклик, хилват гўша уларга тинч, хотиржам, осойишта, ҳаловатли ҳордиқни тортиқ этади. Фақатгина кун ёйилиб, қуёш заррин нурларини сочгандагина Синтоб яйловида ҳозир бўладилар. Сувга қонгач тағин Оқтоғга равона бўладилар. Айтганча, Оқтоғ устида ҳам худди шундай яйлов бор бўйича ястаниб ётади. Бир қараганда, Нурота тоғ тизмаларининг бир чеккасидаги тизма тоғнинг иккинчи бир тарафдагиси билан боғланишига сира ишонгинг келмайди. Аммо бу ривоят замирида ҳақиқат учқунлари бордай. Қолаверса, йилқилар уюри учун кенгликлар жоннинг ҳузури. Негаки, улар адоқсиз, интиҳосиз кенглик­ларда ўтлашни, озодликни, эркинлик руҳини ёқтириб келадилар. Йилқилар тоғ қўриқчилари ҳамдирлар. Тағин бир гап. Бу яйловлардаги отлар уюри Ҳазрат Алининг дулдулидан тарқаган эмиш гўё! Шунинг учун уларга зотли от деб қаралади. Бунга ишонмай бўлмайди.

Новвотранг қоялар, мағрур чўққилар. Улар орасига холдек ярашиб тушган чексиз, интиҳосиз яйлов. Яйлов ўртасидаги бепоён, мовий тусли кўл. Гўзал табиатли ошён. Осмону фалакда бир-бирини қувиб, ҳузурбахш онларни ҳис этаётган баҳайбат қарчиғайлар… Маҳобатли тоғ учидаги Фозилмон кўлига узоқ тикилиб қолдим. Ёнғоқ сояси мағрибга қиялади. Атрофда бир шаклда ўсиб ётган, зоғаса, ирғий, заранглар орасидан гоҳ кўтарилиб, гоҳ ғойиб бўлиб сой чопади. Барглари йирик-йирик шакарак, учи ғўзаникига ўхшаш, аммо тиконли ғўзабош, майда-майда, нафис япроқли чаканда, ялпизни эслатувчи кийик ўтларга дамба-дам дуч келавердик. Сийрак туманлар оқиштоб тов­ланади. Оҳактошли қоялар, улар узра учиб юрган бургутлар бу жойларни батамом ўзиники қилиб олганди. Оҳ, мундай суюк манзараларни тушингдаям кўриш маҳол! Беш қулочча юксакликдан тушаётган оппоқ шаршара! Шу овлоқ, мунис жойга зап ярашган. Очиғи, бундай кўркам, бундай баҳаво жойлар табиатда унчалик ҳам кўп учрамайди.

Юксакдаги қорга чулғанган чўққида лола баргагидай шуъла сочилиб турарди. Бу – қуёш нурлари эди. Яқиндай кўринган, аслида ҳеч қандай тирик жон ета олмайдиган уфқ айланасида гўё нур дарёси вужудга келганди. Қорамтир осмонга тушиб чиққан тумонат юлдузлар аниқ-тиниқ кўрина бошлади. Дарвоқе, чексиз ва интиҳосиз яйловлар ўртасидаги кўл қўним топган манзил кичик Фозилмон тоғи деб аталади. Катта Фозилмонни “Ҳаётбоши” ёхуд оддийгина “Фозилмон” деб атайдилар. Фозилмон кўли юқорида айтилганидек, денгиз сатҳидан бир минг олти юз эллик метр баландликда вужудга келган. Кўлга фақатгина биттагина чашма сув қуяди. Қишда сув юзи қалин муз билан қопланади. Унда чўмилиш тавсия этилмайди. Сатҳида осмон аксини (айниқса, юлдузларнинг жуда ноёб ҳолатини) кузатиш мумкин.

Ложувард тоғ тепасидаги афсонавий текисликларни кўздан кечирдик. Сирли кенглик­ларни ва шошқин сойларни кезиб, Бешбармоқ чўққисига чиқдик. Бу қалтис, гўзал ошёндан тизма тоғлар этагидан бошланиб, қозоқ овулларига қадар туташиб кетган саҳро осмон янглиғ тубсиз ва зангор кўринади. Бу шаффоф жойдан завқ олиб, Синтоб қишлоғига эна бош­ладик…

Улуғбек ЖУМАЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + twelve =