Ҳоким ва ёшлар учрашуви

Сўнгги йилларда вилоят ва туман ҳокимларининг турли соҳа вакиллари ёшлар билан бевосита мулоқот уюштириши анъана тусини олмоқда.

Бироқ аксарият учрашувлар муайян сценарийлар асосида, белгиланган тартибда ўтказилаётгани ҳам сир эмас. Айтайлик, кимнинг нимани эътироф этиши, кимнинг қандай таклиф билдириши, кимнинг нимани сўраши олдиндан келишиб олингандай таассурот қолдиради. Бу ҳолат эса кўпгина раҳбарларга ҳам маъқул келаётгандек. Зеро, бундай тадбирлар ортиқча гап-сўзсиз ўтади. Шундай бўлгач, ортиқча муаммо ва ташвишга ҳам ўрин қолмайди.

Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевнинг 2023 йил сўнгида уюштирилган ёшлар билан учрашуви эса самимий мулоқот руҳида ўтиб, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Йил сарҳисобига бағишланган анжуман аввалида вилоят ҳокими тадбир режаларини бошқа ўзанга буриб юборди. Эътиборлиси, А.Маҳмудалиев халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилаётган, спортда муваффақият қозонаётган, санъатнинг турли йўналишларида ижод қиладиган ёшларнинг исм-шарифларини айтиб, ҳар бирига алоҳида мурожаат қилди. Уларни қийнаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш борасида қандай таклифлар бера олиши билан қизиқди.

— Бугунги ёшлар барча соҳаларда, хусусан, тадбиркорлик, илм-фан, ҳунармандчиликда ўзларининг салмоқли ўрнига эга, – дея таъкид­лади вилоят ҳокими. Улар ўз соҳалари ривожига ҳисса қўшиш билан бир қаторда вилоят иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи кучга айланмоқда. Янги йилдан ёшлар билан ҳар ойда икки маротаба учрашувлар ташкил этилади. Бу учрашувларда уларнинг таклифлари тинг­ланиб, мавжуд муаммоларига ечим топилади.

Тадбир қатнашчиларидан бири болалигидан рассомчилик билан шуғулланувчи Каромат Умарова яқинда ташкил этилган Инклюзив аукционда расмлар композицияси билан қатнашгани, асарлари 3 500 000 сўмга сотилганини айтиб ўтди. Республика миқёсида ўтказилган танловда иштирок этиб, 1-ўринни олганини ҳам қайд этди.

Вилоят ҳокими Каромат сингари метин иродаси, тоғдек бардоши билан шундай санъат асарларини яратиб келаётган истеъдодли ёшларнинг ижод намуналарини халқаро танловларга жўнатиш чораларини кўриш борасида мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берди.

Энг муҳими, тадбир давомида ҳеч кимнинг таклиф ва мулоҳазалари беэътибор қолмади. Яқинда IELTS сертификати олган ёшлар ўз фикрларини инглиз тилида билдиришди. Бунга жавобан вилоят ҳокими ҳам барчани ҳайратда қолдириб, хорижий тилда жавоб қайтарди. Бу эса навқирон авлод вакилларининг чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишини орттириши шубҳасиз.

Шундан сўнг ўтган йили илм-фан, маданият, таълим, санъат, спортда юксак марраларга эришган ёшлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ёшлар билан доимий, тизимли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган  ташкилотларга пул мукофотлари топширилди. Хусусан, инклюзив аукцион иштирокчиси Каромат Умарова ҳамда ёш дастурчи Миразиз Нарзиқулов вилоят ҳокимининг махсус совғаси билан тақдирланди.

“Ёшлар маркази”да ташкил этилган кўргазмали чиқишлар ва навқирон авлод вакиллари тайёрлаган амалий санъат намуналари ҳам йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × five =