Писта чақар балиқлар

Фалак туси ўзгарди. Бу гулдуракка ишора эди. Осмон равоқлари қаттиқ гумбурлади. Ҳаёт нафаси уфурган тоғлар бу овоздан қалқиб кетди. Чақмоқ чақиб, момогулдурак бўлиб ўтгандай, тоғлар ичини гумбурлатиб юборди.
Рости, ҳуру ғилмонлар гирдо гирдини ўраб олган Нуротанинг фахри бўлмиш чашмадан бир ёруғ нур кўтарилади. Уни кўриш ҳаммага насиб этавермайди. Менга қолса, бу чашмани олтин тож, ундан сизиб чиқаётган булоқ сувини олтин косага тушаётган ой ёруғига, балиқларни эса тирик гулларга менгзаган бўлардим.
Чашма бўйига эрта тонгда етиб келдим. Мақсад, чашмадан осмону фалакка кўтарилаётган ҳовурни, маҳаллий аҳоли тили билан айтганда, “Оллоҳ нури”ни кўриб, завқланиш эди. Гарчанд қуёш ётоғидан эндигина бош кўтараётган бўлса-да, “Оллоҳ нури” кўздан йитганди. Аттанг, кеч қолибман, дедим афсусланиб. Аммо ортиқча чираниш бефойда эди.
Булоқ сувга лиммо-лим. Қирғоқларидаги қоқигул ва бошқа турфа чечаклар сариқ бошларини аста-секин кўтариб, булутлар ортидан кўринаётган, жамол очаётган шамсга интизор кўз тутадилар. Шу маҳал қоғоз халтачамдаги суви қочган нон хаёлимга келди. Уватиб балиқларга ташладим. Улар ғуж-ғуж тўпланиб, ризқ-насибанинг “чангини чиқара” бошладилар. Бундан қалбим таскин топди. Ўзимча, балиқлар ҳам, қушлар ҳам мўъжизавий жониворлардан бўлса керак деб қўйдим. Ҳайратимни, ҳолатимни гўё сезгандек, балиқлар бунга жавобан ўзларининг нозик ҳаракатлари, баданларидан товланаётган ранглари билан сув юзида эмин-эркин, бамайлихотир рақсга тушардилар. Булоқ суви шифобахш. Нега деганда ер ости сувлари турли жинслар орасидан сизиб ўтаётганда тоғ жинсларини маълум миқдорда эритади, яъни ўзига олади. Бинобарин, унинг ҳарорати ёзда ҳам, қишда ҳам ўн беш даражадан пастламайди. Булоқ суви ҳидсиз, рангсиз, тоза, мусаффо. Асабни тинчлантирувчи хусусиятга эга. У кўпгина касалликларга даво, айниқса, қутуриш касаллигига йўлиққанларни тезда соғайтиради. Алҳол, булоқ тубида ғужғон ўйнаб, у ёқдан бу ёққа сузиб юрган балиқларни гўзаллик тимсолларига қиёс қилсак янглишмаган бўламиз. Айтганча, эл бу балиқларни “қора балиқ” ёки “маринка” балиқлар деган ўзгача ном билан атайди. Ранги, туси худди тундек қора. Заҳар тўплайдиган пардаси, увулдириқлари ҳам атайлаб қилгандай зулукдай қора рангга мойил. Бу мўъжизагина эмас, балки мўъжизалар мўъжизаси. Табиатда “қора балиқ”нинг ўзи йўқолиб кетиб, камёблашган бўлса, унинг тўғрисида қанақа гап бўлиши мумкин деган фикрга боришингиз турган гап. Шу ўринда бир воқеани эсламасликнинг сира иложи йўқ. Бундан қирқ йилча бурун Россиянинг аллақайси шаҳридан бир ўрис йигит Нуротага келади. У дастлаб Нурота зиёратида бўлади, қадим тупроқларни кезади. Иттифоқо, у Нурбулоқда сузиб юрган балиқларни кўради-ю, бирдан кўзи ўйнаб кетади. Миясини сувда сузиб юрган балиқларни ушлаб, қовурдоқ қилиш фикри банд қилади. Танишлари унга бунинг иложи йўқлигини, балиқларни истеъмол қилиш хавфли эканини айтишади. Бироқ нафс қутқусига асир бўлган кимса танишлари кўзини шамғалат этиб, ўн беш-йигирматача балиқни тутади. Сўнгра уларни тозалаб, қизиб турган қозонга солади. Ҳаш-паш дегунча балиқ қовурилади. Дастурхонга тортилган таомни паққос тушира бошлайди. Бир-икки бўлак балиқни ютгач, иштаҳаси янада очилади. Аммо орадан ярим соатдан сўнг, аҳволи ёмонлашади. У вафот этади. Хуллас калом, биз таърифлаган балиқларни илгарилари сеҳрли деб тановул этмаган бўлсалар, ўрис йигитга ўхшаб бунга ишонмай, ҳеч бало урмайди деб истеъмол қилганлар ҳаёт билан эрта хайрлашганлар. Шу воқеадан кейин одамлар балиқларнинг кароматли эканлигига чиппа-чин ишонганлар.
Улуғвор, маҳобатли тоғларнинг юраги, қалби бўлмиш — Нурбулоқ… У кеча-ю кундуз бир маромда, жимирлаганича мунис оқади. У ҳовучидан тутқазган обиҳаёт, тириклик суви боғу роғларни, бахмал водийларни, оромижон қишлоқларни яйратиб яшнатади. Ғуж-ғуж балиқларни ўз қўйнида гард юқтирмай асрайди, авайлайди.
Нурбулоқ бўйида узоқ қолиб, балиқлар ҳаракатини қизиқиш ила кузатдим. Фақирнинг бу ҳолати қовун пайкалига қўйилган, сўппайиб турган қаротқига жуда ҳам ўхшарди. Буни қаранг, табиат ўзининг шафқатли, ажойиб ва гўзаллик таратувчи қўллари ила вужудга келтирган экан-а бу каби ғаройиботларни! Балиқлар тип-тиниқ булоқ тубида бемалол, эмин-эркин ўйнаб, сузиб юрибдилар. Беҳисоб даражада нозик, чиройли, ғиз-ғиз этиб ҳаракатдан тинмайдилар. Ташқарида битта ёруғлик, яъни яқинлашиб келаётган фаслнинг кечки, эрталабки ёрқин ёғдулари ҳукмрон эди. Айниқса, тонгда балиқлар оққушдек ёрқин беғуборлиги, топқирлиги, нафис шитирловчи овози ила мафтун этади, беҳисоб шодлантиради кишини. Мен буларни кўриб бир жойда муқим ўтиролмасдим. Зилол сувли булоқ, унда сузиб, кўзни қувонтирадиган фариштамонанд балиқлар тағин ўзига тортарди. Ҳаво гўзал товушларга тўлиқ. Англашимча, ўша гўзалликни кўрмоқ учун мусаффо хаёл ва бокира идрок талаб этилади. Юзимдан ҳайрат аримай, булоқ бўйида балиқларни кузатар эканман, уларнинг биттасида қизиқ бир белгини, ҳалқани кўриб қолдим. Ва дарҳол бу ҳалқа, белги кимнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати ила боғланганини пайқадим. Балиққа боғланган ҳалқалар уни бу ердан ўттиз чақирим наридаги Ғазғон даҳасидаги булоқ “фуқароси” эканлигини далиллайди. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларидан бошлаб одамлар балиқларга шундай ҳалқа боғлаб қўяр эдилар. Назаримда, улар ўн саккиз ва ўттиз олти чақирим наридаги олис ва машаққатли йўлни оппа-осонгина, қийналмай боса олардилар. Дарвоқе, синчковлик билан тиниқ сувнинг сокин тубига термулсангиз нохуш ўйлар, хаёллар сизни тарк этади, руҳингиз қуш қанотидай енгиллашиб қолади. Симобдай ялтиллаётган шаффоф сувнинг ости сумалакдай қайнагани-қайнаган. Қум юзидаги қорамтир ҳошиялар минг хил шаклда чизилади. Айтишларича, энг покдил, ҳалол, тоза инсонларга биз таърифлаган сирли нур кўринар эмиш. Камина ариқ ичида ғуж-ғуж сузиб юрган, раққосадек ҳаракатланаётган маринка балиқларни нозанин дилбарнинг қирқ кокилига ўхшатгим келди.
Ҳа, табиат ишига қойил қоласан. Бўлмаса, балиқнинг писта чақишига ҳеч ким ишонмаган бўларди. …Аёл ўғилчаси билан булоқ ёқалаб сайр қилиб юрарди. Қарасам, улар сал энкайиб турганича кафтидаги писталарни оз-оздан сув юзига соча бошладилар. Болакай бундан баттар завқланар, тинмай қиқирларди. Шу чоғ ғуж-ғуж балиқлар галаси сув юзида пайдо бўлди. Улар болакай ташлаган писталарни ҳаш-паш дегунча чақиб ташладилар. Сўнгра “Писта пўчоғини бу ерда қолдириб бўлмайди”, деган маънода юзага чиқарди. Чиндан ҳам бунга бефарқ, шунчаки қараб бўлмасди. Қизиқишим устун келиб, мен ҳам кафтимдаги писталарни сув юзига сочиб юбордим. Сув тиниқлашиб, бирдан яна пистачақар балиқлар тўдаси ҳозиру нозир бўлдилар. Сув тезоб оқувчан бўлгани учун писта пўчоқлари обиҳаёт билан шаҳарга чиқиб кетаркан. Очиғи, писта чақиб, ажойиб, ғоят антиқа томоша кўрсатаётган балиқларга тикилиб, мўъжиза-ку дейишингиз турган гап. Қолаверса, улар сувнинг софлиги, биллурдек тиниқлигини таъминлашни ҳам қойилмақом уддалар эканлар.
Устига белги қўйилган бир балиқни Нурота чашмасидан қўйиб юборишганда, ўша балиқ Деҳибаланддаги булоқдан чиққанлигини айтишади. Айтганча, у ортидан ўн икки чоғли ширмоҳи балиқни ҳам бошлаб келган экан. Бундан чиқди, Деҳибаланддаги учта ва Нуротадаги мавжуд булоқларни боғлаб турувчи ер ости йўли мавжуд экан-да? Ростдан ҳам элнинг бу гапида ҳақиқат учқунлари мавжуддай.
…Тоғ бағридан сизиб чиқаётган Нурбулоқ… Ана шу булоқ ичида ғужғон ўйнаётган балиқлар чунонам ҳайратимни оширади. Гарчанд дунёда булоқлар сон-саноқсиз, сероб бўлса ҳам, аммо уларнинг ҳаммасида бундай балиқларни учрата олмайсиз. Шу тобда қодир табиатнинг ўзи сизни адоқсиз, интиҳосиз саволларга ғарқ этади.
Аслида пурвиқор ва маҳобатли тоғлар силсиласида қўним топган булоқлардан бири — Нурбулоқ, яъни нур таратувчи чашмадир. Таркибида олтин, кумуш заррачалари мавжуд шифобахш чашма суви одамлар кўзига мўъжиза бўлиб кўринган. Тоғ этагидан шивирларини ютиб, жимиб оқаётган чашма, ҳайратимга сабаб бўлган балиқларга тикилиб, узоқ ўйларга толдим. Сувга термулганим сайин сеҳргар, жилвагар дунё оғушига ғарқ бўламан. Сеҳрли ва ўта чиройли балиқларнинг ҳаракатлари айрича, ўзгача. Улар худди бахмал монанд товланадилар. Чашма оқиши, балиқлар сузиши Нурота воҳасининг гўзаллигига қўйилган ҳайкал эди гўё!
Улуғбек ЖУМАЕВ.