Зиёли зиёга ҳамиша муҳтож, лекин…

Янги газета сотиб олмоқчи бўлдим. Назаримда, жамият дилидагиларни топиб ёзадиган газета-журналларни ўқиш тандирда сингдириб пиширилган жайдари нонни шошилмай чайнаб, мазасидан ҳузур қилиб, деҳқону нов­вой меҳнатини ҳис этиб, борлиғинг ижобий қувватга тўлишига ўхшайди (менинг фикрим!). “Лип” этиб чиқиб, ён-верингдаги “Матбуот” дўконидан газета-журналлар харид қилиб келиш мумкин бўлган замонлар ўтиб кетди. Энди бунинг учун қўшни мавзега боришим керак. Лекин ҳозир шошилиб турибман, йўлим у томондан ўтмайди. Дарвоқе, “Шаҳристон” бекати чорраҳасидаги “Матбуот” дўконидан олсам бўлади. Автобус шундоққина ёнида тўхтайди” деган режа билан йўлга чиқдим.

Ҳақиқатан ҳам, машинадан тушдим-у, ўйлаганим дўконга рўбарў бўлдим. Фақат… пештоқига йирик ҳарфларда “Матбуот” деб ёзиб қўйилган қадрдон дўконнинг кўриниши, мазмун-моҳияти тамоман ўзгариб кетибди-ку. Пешойнасининг бир томонига “Меню: попкорн 14990, сосиска 5990, блинчики 4990, чипси 4990, чак-чак 4990, кукуруза 4990, орешки 1990”; иккинчи томонига “шоколад 12990, маккофе 9990, мандарин 9990, чай с лим. 7990, Ahмаd tеа 4990, сахарок 990” деб ёзилган  рўйхатлар ёпиштирилган ва ҳамма жойга бу маҳсулотлар чиройли қилиб териб қўйилганди. Ҳаттоки айни шу ерда пенсионерлар ва ўқувчиларга иш топиб бериш хизмати ҳам бор экан: “Работа для пенсионеров и школьников” деган эълон ёпиштирилган…

Кутилмаган янгилик одамни ҳар доим аввалига ҳайратлантиради. Мен ҳам “Ие-е!..” деганча бир муддат “Матбуот дўкон”часи олдида туриб қолдим. Шу пайтгача “Матбуот” деб аталмиш киоскаларда газета-журналлар билан бирга китоблар, канцтоварлар, сувенирлар каби нарсаларни ҳам қўйиб (майли-да, газета-журнал харид қилгани келган одамнинг бош­­қа юмушиям битиб кетса, бунинг нимаси ёмон?!) сотишаётганини кўргандик, бироқ бутун бошли маърифатхонанинг овқатхонага айлантириб олингани мен учун кутилмаган воқеа эди. Дарвоқе, айтиб қўяй, пастки томонидан икки тарафга қўйгани озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаганми ёки дўконнинг кечаги кунини унутмаслик учунми, уч-тўрт дона бошқотирмалар босилган газеталар ва хусусий нашрлардан намуналар сарғайиб турибди.

Ёзувларнинг ҳаммаси рус тилида. Ён-веримга қарайман: бекатда турганларнинг деярли тўқсон фоизи қоракўзлар. Атрофни кузатаман: чорраҳадаги катта LED экранда эълонлар сониялар сайин ўзгармоқда, ёзувлари ўзбек тилида; қаршимда “Korzinka” дўкони, пештоқидаги ёзувларнинг ҳаммаси ўзбек тилида, катта йўлдан Юнусобод туманини пойтахтнинг узоқ-яқин ҳудудлари билан боғлайдиган автобуслар, электробуслар кетма-кет ўтиб турибди, уларнинг пешонасидаги ва ён томонларидаги ёзувлар ҳам давлат  тилида.

Кўзинг, кўнглинг қувонади. Ўзингнинг уйингда, ўзингнинг ота чорбоғингда, атлас кўйлакни кийиб олиб, ироқи дўппи устидан сочни чамбараклаб, Ҳалимахоним Носированинг “Чаман ичра” қўшиғини эшитиб ўтириб ислимий нақшли белбоғ тикаётгандек бағринг, руҳинг яйрайди. Аллоҳга беадад шукроналар бўлсин!

Лекин… айни дамда Ватанимиз пойтахти Тошкенти азимда юзма-юз турганим вазиятга қайтмасликнинг иложи йўқ. Пешойнасига номларию нархлари рус тилида ёзилган рўйхатлар, хорижий кофе ишлаб чиқариш фирмасининг ёрлиғи ёпиштирилган “Матбуот” дўконига қараб туриб бузилган кайфият ичра ўйладим: “Бу ишни ким қилган ва унга ким рухсат бердийкин? Ахир, “Матбуот” дўконларининг ўз номидан келиб чиққан аниқ вазифаси бор, яъни аҳолига матбуот тарқатиш. Шу вазифа бажарилишини назорат қилиш зиммасида бўлган масъуллар ишлаб турибди, улар босма оммавий ахборот воситалари шу дўконлар орқали ҳалққа ўз вақтида етказилиши учун масъул, жавобгар…”

Мана шу жойга келганда… икки кўча бошида йўл танлашга ўйланиб турган киши ҳолига тушдим. Фақат бошқалардан хато излаш, ўзгаларни айбдор қилавериш осон. Шу йўл билан сувдан қуруқ чиқаверсанг, бу одат ҳаёт тарзингга ҳам сингиб кетаркан. Қачонгача?  Бошинг деворга урилгунича!

Кўз ўнгимдан деярли ҳар кўчада ҳар куни ишлаб турадиган газета-журналлар сотиладиган дўкончалар; улар олдида эрталаблари қатор тизилишиб навбатда туриб тандирдан янги узилган нонга қиёс янги газета, журналларни сотиб олгач, уйга боргунча ҳам сабримиз етмай йўл-йўлакай саҳифаларни варақлаган пайтларимиз ўтди. Баъзи газеталар етмай қолса, астойдил хафа бўлардик, уни бошқалардан суриштириб топиб ўқирдик. Кимнингдир яхши мақоласи чиқса, уни табриклардик, бир-биримизга суюнчилардик, муҳокама қилардик, ўзимиз ҳам ана шунақа кўпга манзур бўладиган нарсалар ёзишни орзулардик, интилардик…

Олимларнинг “Тухум олдин пайдо бўлганми ёки товуқ?” деган саволига бандаси жавоб топа олмаслиги аниқ. Аммо “Аввал “Матбуот” тарқатиш дўконлари камайиб кетиб, қолганлариям ўз вазифасини чала-ярим бажарадиган бўлиб қолдими… ёки аввал бу дўконларнинг асл харидорлари камайиб, йўқолиб кетдими?” деган саволнинг жавоби тилимизнинг учида турибди: фидойи журналистларнинг меҳнатини, улар ёзган долзарб хабарлар, таҳлилий мақолалар, публицистик асарларни ўқиб мушоҳада қилиш, унда кўтарилган масалаю муаммоларни ўзимизнинг ва жамиятнинг ҳаётига нечоғли даҳлдор эканидан келиб чиқиб йўл танлашдан кўра аксариятимиз учун телеэкранларнинг сериаллари, шоулари, концерт дастурларига мубталолик; ижтимоий тармоқлардаги шов-шувлар, кийимбозликлару сўз­бозликлар гирдобидан чиқолмаслик кўнгиллироқ, қизиқарлироқ бўлиб қолди.

Шу ўринда ёдимга тушиб кетди. Болалик, ўсмирлик, ёшлик йилларимни эслайман: почта ташувчи Марғилондаги уйимизнинг дарвозасидан деярли ҳар куни “топ” эткизиб бир даста газета-журнал ташлаб кетарди. Унда шаҳар газетасидан тортиб республика марказий газета-журналларигача бўларди. “Атлас” ишлаб чиқариш бирлашмасида оддий тўқувчи бўлган дадам (Аллоҳ раҳматларига ғарқ этсин!) кечқурун таомланишдан кейин, албатта, ҳамма газетани бирма-бир кўриб чиқардилар. Қай бир материалларни саралаб бизга: “Мана буни ўқинглар”, дердилар. Ҳаттоки бадиий асар бўлса, менга: “Мана бу шеър (ҳикоя)ни овоз чиқариб ўқиб бер”, дердилар… Шу тариқа оиладан бошлаб биз газета-журналлар билан танишганмиз, катталарнинг “Газетада ундоқ ёзибди. Мана бу нарса ҳақида ўқидим”, деган гапларини эшитганмиз, қизиқиб варақлаганмиз, ўқиганмиз. Бугунги кунда, агар ёзувларнинг шаклу шамойилидан ажратмаса, газетанинг оёғини бош, бошини оёқ қилиб томоша қиладиганлар ҳам топилса керак.

Ҳозир ҳам йўқ эмас, аввалгига нисбатан  жуда камчиликни ташкил этса-да, вақтли матбуотни мунтазам ўқиб борадиганлар бор. Лекин, афсуски, статистик маълумотлардан келиб чиқиб сўзласак, мана шу инсонлар республикамиз зиёлиларининг бир фоизини ҳам ташкил этармикин? Юртимизда чоп этилаётган вақтли матбуот нашрларининг адади кейинги йилларда одам айтишгаям хижолат бўладиган даражада камайиб кетгани, саноқлигина газета, журналлар ҳам сотилмай қолиб кетаверганидан “Матбуот” тарқатиш шахобчалари файзу аҳамиятини йўқотиб, охир-оқибат камайиб, попкорн, кофе сотадиган дўконга айлангани юқоридаги фикримизнинг ойнадаги акси.

Бугун республикамизда каттами-кичикми ҳар бир ниҳолнинг бесабаб кесилишига ҳам жиддий эътибор қаратиляпти. Мантиқан қиёслаб кўрайлик: ярим, чорак аср ёки ўн йиллар давомида шаклланиб, минг, миллионлаб ўқувчилари қалбига зиё, маърифат таратиб келган газеталар, журналларни камайтириб, йўқотиб юборишнинг ижтимоий оқибатларини нимага тенглаш мумкин? “Қуришдан бузиш осон” деганларидек, аввалига журналистларнинг оладиган уч-тўрт сўм қалам ҳақи ҳам йил охирида ҳисобланиб, солиққа тортилди. Бунинг учун йил охирида ҳужжатлар тўплаб солиқ идораларига тақдим этиш, агар йиллик гонорар миқдори белгиланганидан уч-тўрт тийин кўпроқ чиқиб қолса, жаримага тортилиши қаламкаш-журналистларнинг тинкасини қуритди, хафсаласини пир қилди. Ҳозир бу фикрларни аччиқ алам билан айтяпмиз. Лекин бундан бир неча йилгина муқаддам бир “меҳрибон доно” “Обуна ихтиёрий бўлсин!” деб буйруқ берганда, аксариятимиз енгил тортганмиз, “Ҳақиқат бор экан-ку!”  деб чапак чалганлардан бири эдим. Бир-икки авлодни тарбиялаган газета, журналлар икки-уч йилда ададини, ходимларини таъминлаб турган даромадини, қай бирлари жойини, мавқеини йўқотди…

Ривоятда айтилишича, Луқмони Ҳаким бир одамнинг “Асални жуда кўп еса бўладими?” деган саволига жавоб бериш учун ўзи кўп миқдорда асал еб, унинг натижасини танасида кузатгандан кейин жавоб берган экан.

Имом Абу Ҳанифадан бир қул “Жамоат орасида қул озод этишнинг афзалликлари ҳақида мавъиза қилсангиз”, деб сўраганда, уламо ўзи қул сотиб олишга пул жамғариб, сотиб олиб, уни озод этгандан кейин бу мавзуда маъруза қилган экан… Минг йиллардан буён яшаб келаётган бундай ривоятлар биз каби етти эмас, бир марта ўлчар-ўлчамас кесадиганларга, зора, таъсир этса. Улуғлар қалбидан, зора, зиё олсак!

Бошқаларини қўя турайлик, биргина “Маърифат” газетасинининг аҳамияти ҳақида озгина тўхталайлик. Институт дипломини олиб мактабга келган ёш ўқитувчи бу касб сирларини ўрганиши, тажриба орттириши учун камида 5-10 йил изланиб, ўрганиб, билим ва малакасини ошириб ишлаши керак (баъзиларда бу жараён бир умрга чўзилиши мумкин). “Маърифат” газетасида босиладиган илмий-услубий мақолалар, эл ҳурматига сазовор бўлган фидойи устозлар ҳақидаги очерклар, мактаблар ҳаётидан ҳикоя қилувчи лавҳалар барча ўқитувчиларга, айниқса, ёш муаллимларга тайёр “кўргазмали қурол”, қўпол бўлса-да, халқ тили билан айтганда, “кўрга ҳасса” эди. Обуна кескин камайди, таҳририят чирқиллаганча “ўтириб қолди”… Мутолаа, ақлий ривожланишга интилиш энг қийин, иродаталаб, тинимсиз меҳнат. Ўқитувчиликни танлаган ҳар бир кишида бу фазилат бўлиши керак. Фарзанди, шогирди ҳаётда мустаҳкам ўрин эгаллаб яшайдиган шахслар бўлиши учун ақлли, тажрибали ота-оналар, устозлар ўғил-қизларини ўз ихтиёрига ташлаб қўймаганлар, вақти келганда  зарур илмларни олишга, фойдали ишларни бажаришга мажбурлаганлар. Бу ҳақда улуғ олиму уламоларнинг ўз ота-оналари, устозлари тўғрисидаги ёрқин хотираларда кўп ўқиганмиз. Савияси, дунёқараши, ёши турлича бўлган ўқитувчиларнинг ҳаммаси эзгу ниятли бу талаб моҳиятини тушунмасликлари мумкин, аммо жамият, соҳа учун масъуллар ҳаёт ҳикматларидан чуқур сабоқ олмасдан туриб хулоса чиқармаслик­лари шарт!

Бу биргина “Маърифат” газетаси билан боғлиқ мухтасар шахсий фикрларим. Аммо бугун “Қишлоқ ҳаёти”, “Саодат”, “Муштум”, “Фан ва турмуш”, “Оила ва жамият”, “Гулхан”, “Ғунча”, “Тонг юлдузи”… буларнинг тақдири ҳам гуркираб ўсиб улғайиб, мевага кирганда кесиб ташланган дарахтларга қиёс.

Обуна нархлари кўтарилиб кетди, деб норози бўламиз. (Олтита фарзандли рўзғорни 70 сўм ойлик билан бир ўзлари таъминлайдиган ишчи отам 5-6 номдаги нашрларга обуна бўлиш учун қанча пул сарфлаганларини билмайман, лекин бирор марта газета-журналнинг, китобларнинг нархидан нолиганларини эшитмаганман.) Тўғри, республикамиз ҳаёти, иқтисодининг ички ва ташқи дунё билан боғлиқ имконияту сабаблар туфайли нархлар ошди. Лекин қарангки, шундай шароитда иқтисодий имконияти бақувватлардан тортиб тирикчиликни учма-уч ўтказиб келаётганларгача (аксариятимиз) кийиниш, уй-жой қуриш ва уни жиҳозлаш, тўю мотам маросимларини ўтказишда бир-биримиздан қолишмаслик, шахсий машиналар олиш пойгасида бир маромда “тезликни ошириб боряпмиз”. Бир нечталаб уй-жойлари бўлган бою бадавлат инсонлар ичида газета-журналларга шахсий обуна бўлганлари нечта топиларкин? Зиёлилар орасида-чи?

Тўғри, ахборотлар уммони ичра яшаяпмиз. Ижтимоий тармоқлардан топиб бўлмайдиган маълумоту ахборотнинг ўзи йўқ ҳисоби. Бироқ ғанимат фурсатларни ўзинг билмаган ҳолда ахборотлар тўрида ўралашиб, адашиб бой бериш ҳолатлари озми? Журналист ҳар бир айтган сўзи учун жавоб бериши керак. Ижтимоий тармоқларни қай бири “юлдуз”лик, қай бири ўзини кўрсатиб қўйиш, қай бири соддаю ишонувчан одамларни йўлдан оздириш, қай бири инсонлараро низолар чиқариш, қай бири бойлик илинжида минбар қилиб олганларга яқин юриб, уларнинг “қорасини юқтириб” олганлар тақдири, бахтсизлигию фожиаси учун кимнинг ёқасидан тутасан? Мана шу жиҳатлардан олганда ҳам, ўз сўзи учун жавоб берадиган, Ватанимиз ва халқимизга аниқ мақсадлар йўлида хизмат қилишни бурч қилиб хонадонларга кириб борган газета, журналлар ўша оила аъзоларини жамият билан боғловчи ришта, қалбларни энг муҳим ва керакли янгилик, маълумотлар билан бойитадиган дўст, оила аъзоларини қизиқарли мавзулар, масалаларда биргаликда мулоҳаза юритишга, ҳамфикрликка ўргатадиган муаллим, деса бўлар.

Қаердадир ўқигандим: Япониянинг бир чекка ҳудудига қатнайдиган электрпоезд йўловчилари кам бўлгани учун  иқтисодий зарар билан ишлар экан. Шунда уни йўналишдан олиб ташлаш масаласи қўйилибди-ю, лекин аввал бунинг оқибатлари нима бўлиши мумкинлигини аниқлаш вазифаси қўйилибди. Йўловчилар кимлар, нима мақсадда марказга бориб келишини ўрганилиши жараёнида битта ўқувчи қиз чекка жойдан шаҳарга шу поездда қатнаб ўқиши маълум бўлибди. Худди шу қиз тақдирини ўйлаб, электропоезд қатнови тўхтатилмайдиган бўлган экан. Инсонийликнинг мана шундай олижаноб нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ярим аср давомида минг-минг­лаб хонадонларга кириб бориб, кичкинтойларга табиат ва ҳайвонот оламини таништириб, ахлоқ-одобу бадиий адабиётдан  илк сабоқлар берган, уларни фикрлашга, равон сўзлашни ўргатишга ҳисса қўшиб келган “Ғунча” журнали айни кунда 2500 ададда чоп этилаётганига (февраль ойидан яна 500 та қўшилар эмиш) қандай изоҳ бериш мумкин? Бу ададдаги журнални ҳозир мамлакатимизнинг мактабгача тарбия ёшида бўлган ва мактабларнинг бошланғич синфларида ўқиётган 5 млн 200 мингдан ортиқ болажонларларга тақсимлаб чиқсак, нечта болага биттадан журнал тўғри келаркин? – бу ёғи  оддий арифметика. Ўтган асрнинг 80-90-йилларида адади миллиондан ортиқ бўлган “Саодат” журнали кириб бормаган хонадон камдан-кам эди. Асосан оддий уй бекалари бўлган обуначилар учун “Саодат” фарзандлар тарбияси, гигиена, бекалик сирларидан сабоқ берадиган  муаллим, пазандачилигу тикувчилик малака-маҳоратини ўргатадиган мураббий эди…

Ёки Ўзбекистонда яккаю-ягона мустақил нашр номи билан нашр этиладиган “Hurriyat” газетасини олайлик, бир пайтлар жадид боболаримиз ҳам ташкил этган  қутлуғ номдаги ушбу минбар бундан уч-тўрт йил аввал бутунлай чиқмай қолмаганмиди? Бугун ҳам не-не саъй-ҳаракатлар эвазига нашр этилиб турган газетанинг айни пайтдаги адади Янги Ўзбекис­тон учун қониқарлими? Ахир юртимизда нечоғлик улуғ ишлар рўёбга чиқарилаётган, ақлни шоширадиган даражадаги йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётган мамлакатда давлатимиз сиёсатини, Янги Ўзбекистон ғоясини сингдиришга хизмат қиладиган рес­публика даражасидаги, борингки, жами бўлиб 20-25 та асосий нашрларини кўнгил тўладиган, ҳар бир хонадонга етиб борадиган имкониятни яратиш шунчалар қийинми?!

Масъуллар “Обуна ихтиёрий бўлсин”, дедик; йиллаб тўплаган маблағимизни туғилган кун, гапу гаштак, тўй ва мотам маросимларига “обрўкелтирар” деб совурдик. Ҳозир маҳаллаларда олий маълумотлилар, доимий билимни ошириб, дунёқарашни кенгайтириб бориш зарурати, аҳамияти ҳақида институт, университет домлаларидан, профессорлардан маъруза эшитганлар, сабоқ олганлар сафи йилдан йилга кенгайиб боряпти; аммо уларнинг орасида қариндош уруғлар, қўни-қўшнига китобхонликда, газетхонлик, журналхонликда ибрат бўлаётганлари жуда кам. Бошланғич синф ўқитувчиларидан бири кўнглини очиб сўзлади: “Биз ўқувчилик, талабалик йилларимизда шаҳар, вилоят газеталари уйимизга келарди. Уларни ўқиб бормасак, устозларимиз хижолат қилишарди. Энди эса… бундан уч-тўрт йил олдин ота-­оналарга “Синф учун “Гулхан”, “Ғунча” журналларига обуна бўлайлик. Болалар билан биргалашиб ўқиймиз, муҳокама қиламиз. Обуна нархини тақсимласак, ҳар бир болага 4-5 минг сўмдан тушади”, дедим. Гапимга жавобан бирорта ота-онадан садо чиқмади. Аслида, шу ота-оналарнинг айримлари боласининг чўнтагига ҳар куни 20-30 минг сўмгача пул солиб мактабга жўнатишади”.

2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги маърузасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугунги кунда  “Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтгани… бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаётгани” ҳақида тўхталиб, тарихдан “Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар”ини таъкидлаб ўтди. Бу – жамият зиёлилари муносиб бўлган катта ишонч ва шу ишончга асосланиб улар зиммасига юкланаётган масъулият ифодаси.

Зиёлиларнинг юрак уришлари, қалб туғёнлари, орзу-интилишлари жамиятни энг улуғ мақсадлар йўлида уйғоқликка чорлайдиган, бирлаштирадиган, истиқбол йўлини ёритадиган қўнғироқ, маёқдир. Бунинг учун улар, аввало, ўз онгу шуурларини илму маърифат, маънавият, маданият, ҳаёт ҳикматлари, сабоқлари, янгиликлари билан бойитиб, чархлаб яшайдилар. Зеро, зиё таратиш учун зиё манбаларидан доимий зиё симирмоқ керак.

Сўнгсўз ўрнида: Менинг бу таклифларим, мулоҳазаларим балки кимларгадир кулгили, кимларгадир бирёқлама, ҳатто хомхаёл бўлиб туюлар, лекин яхши ният-умид, ишонч билан ўртага ташламоқчиман. Келинг, азизлар, ўзимиз ва оила аъзоларимиз учун шу кунларда қалбимизга яқин бўлган газета, журналларга имконимиз етганича обуна бўлайлик. Бир-биримизга шу ҳақда хабар берайлик. Ўйлайманки, бу ишимиздан, аввало, ўзимиз хурсанд бўламиз.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × four =