Прокурор оталарни нега огоҳликка чақирди?

(Сирдарё вилоятида 12 нафар ўқувчи қиз она бўлган)

…вилоят мактабларида ҳафтасига 20 000 нафардан ортиқ ўқувчилар дарсларга қатнашмайди. Бу кўрсаткич бир кунда 3 200 нафардан ортиқни ташкил этса, 1 000 нафардан ортиғи сабабсиз.

87 нафар ўқувчи сурункали дарсларга қатнашмайди.

Халқимиз азалдан бирор гап ёки ҳикматни айтса билиб айтган, топиб айтган. Бугун барча шароит ва имкониятлар мавжуд. Улардан унумли ва самарали фойдаланмай ижтимоий иллатларга берилиб, уларнинг янада кўпайишига сабаб бўлаётганлар учун “Эшакнинг юки енгил бўлса, ётоқ бўлади” пурҳикмати мос келади.

Биз бу жиҳатни ёшларимизнинг аксарияти илм олишга қунт қилмаётганлигида, баъзи катталар эса “менга нима, сенга нима” қабилида иш тутаётганлигида кузатамиз. Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят Мактабгача таълим ва мактаб таълими бошқармаси томонидан вилоятда мавжуд 314 та умумтаълим мактаби ўқувчиларининг оталари учун “ZOOM” платформаси орқали йиғилиш ўтказилди.

Ушбу йиғилишда Сирдарё вилояти прокурори Савид Иматов томонидан берилган маълумотлар ҳар бир кишини янада сергакликка, огоҳликка чақиради.

– Сирдарё вилоятида ўтган 2023 йил мобайнида ажрашган 1 500 нафардан ортиқ оиладан 1 000 нафардан ортиқ болалар ё отасиз ёки онасиз қолган;

77 нафар вояга етмаганлар орасида содир этилган жиноятларнинг 43 нафари мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган. Бу жиноятларнинг аксариятини  ўғирлик, безорилик, тан жароҳати етказиш, одам ўлдириш ва бошқа  жиноятлар ташкил этмоқда.

Вояга етмаганларнинг 630 нафари ҳуқуқ­бузарлик содир этган. Шундан 168 нафари тегишли ҳужжатларсиз автомобиль воситаларини бошқарган;

29 нафар ота-онага нисбатан оталик, оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш бўйича судга даъво аризаси киритилган;

вояга етмаган фарзандларига алимент тўлашдан бўйин товлаган 459   нафар   ота   маъмурий ва 52 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги    мажбуриятларни бажармаган 3837 нафар ота-она маъмурий жавобгарликка   тортилган;

Назорат тадбирлари давомида, мактаб ўқувчилари ёнида 48 та совуқ қуроллар (!) мавжудлиги аниқланган.

Ўрганишлар жараёнида шу нарса ойдинлашдики, вилоят мактабларида ҳафтасига 20 000 нафардан ортиқ ўқувчилар дарсларга қатнашмайди. Бу кўрсаткич бир кунда 3 200 нафардан ортиқни ташкил этса, 1 000 нафардан ортиғи сабабсиз. 87 нафар ўқувчи сурункали дарсларга қатнашмайди. 215 нафар ўқувчи девиант хулққа эга. 24 нафар ўқувчи Миср давлатига диний таълим олиш учун кетган. 17 нафар вояга етмаганлар орасида суицид ҳолати содир этилган. 12 нафар ўқувчи қиз она бўлган. Уларнинг 2 нафари 9-синф, 10 нафари 10-синф ўқувчиларидир.

Бир миллионга яқин фуқароларга эга вилоятда вояга етмаганлар ўртасида шунча жиноят, ҳуқуқбузарлик, номусга тегиш, суицид каби нохуш ҳолатлар бўлса.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни “2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу ҳақда айтиб ўтган эди.

Бу оғриқли масала юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар, вазифаларни ўртага ташлаган эди.

— Сўров мактаб директоридан бўлаяпти, лекин Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга масъул ҳокимлар ҳар ҳафта битта мактабга бориб, ўқувчиларнинг шароити ва тар­бияси билан шуғулланмаяпти.

Шу муносабат билан мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди…

Фарзанд тарбияси, таълими билан жиддий шуғулланиш бизга ота мерос эмасми? Вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар сони, тури йилдан-йилга ошиб бораётганлиги жамиятимиз учун жиддий муаммодир. Ёки вояга етмаган мактаб ўқувчи қизларининг номусини топташ, уларнинг келажагига рахна солишдек жирканч ҳолатнинг тобора кўпайиб бораётганлиги миллат учун ачинарли эмас, аянчли ҳолдир. Ҳали ҳам юқоридаги кўрсаткичлар аниқланган ҳолатлардир. Одамлардан истиҳола қилиб, эл-халқ нима дейди, деб яшириб, яшириниб юрганлар қанча?

Таълим-тарбия, маънавий ривож­ланиш фақат инсонга берилган улуғ неъмат. Шу сабабдан яхшилик ва эзгулик жиҳатдан камолотга юз тутишда ёшларга тўғри йўл кўрсатишимиз, намуна бўлишимиз лозим. Уларнинг таълими, тарбиясини бирламчи, асосий масала деб қарамас эканмиз, ҳар қанча чиранмайлик, кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 4 =