Бу кунларга етганлар бор…

1977 йилнинг баҳори Боёвутга ҳам гуркираб кириб келди. Кўклам қир-адирларга лолақизғалдоқлардан алвон гилам тўшади. Ишкомларга бўй қизларнинг сочидек текис таралган ток новдаларига суқланиб қараб турган Ўсканнинг хаёлини дафъатан ҳовлига кириб келган машинанинг сигнали бўлиб юборди. Туман ҳарбий комиссариатининг мошранг “Виллис”идан таниш шофёр йигит чаққон тушди-да, ёнлама эшикни очишга чоғланди. Ичкаридан европача кийинган ўрта яшар жувон бўйлади. Ўсканнинг кўнгли бир нарсани сезгандай, юраги бежо патирлаб ура бошлади. Рўпарасида қаерларидир ўзига ўхшаб кетадиган жувон қучоқларини очганча унга томон талпинди.

— Отажон! Мен сизнинг қизингиз Люда Ўскановна Шпагина бўламан. Чорак асрдан буён сизнинг дийдорингизни кўриш умидида тонгларни шомларга улайман. Онам ҳар доим сиз ҳақингизда оғиз тўлдириб гапириб берарди. Турмушга чиқиб, икки фарзандли бўлдим. Афсус, тўйимда бош бўлиб ўзингиз оқ фотиҳа беролмадингиз. Онамдан манзилингизни олиб, “Ўзбекистон, қайдасан?” дея йўлга тушдим. Аввалги яшаш жойингиз — Зоминнинг Аччи қишлоғига бордим. Чўлга кўчиб тушган экансиз. Ҳарбий комиссариатдагилар яшаш манзилингизни топиб беришди. Ахир, “Излаган одам Москвани ҳам топади”, деган гап бежиз айтилмаган-да.

Люда хурсандчиликдан лаби лабига тегмай бидирларди.

Ўсканнинг хаёлидан беихтиёр олис оловли уруш йиллари ўтди. 1943 йилнинг кузида 20 яшар Ўскан Ҳожиманов Обручев (Жиззах вилоятидаги ҳозирги Даштобод шаҳри) станциясидан урушга жўнаганди. Бир ой ҳарбий тайёргарликдан ўтган марказий осиёлик йигитларни уруш олови гуриллаб ёниб турган Москва остонасига ташлашди. Ўскан Ҳожиманов 2-Белоруссия фронтининг 555-пулемётчилар полкида жангга кирди. Польша ва Германия чегарасидаги Одер дарёсини кечиб ўтишдаги қонли жангларда жасорат кўрсатди.

Еру осмон қирувчи самолётлар ташлаган бомбаларнинг портлаши, автомат ва пулемётларнинг пайдар-пай тариллашидан ларзага келарди. Жанггоҳда бамисоли қиёмат қўпганди. Тупроқнинг тўзишидан дарё суви қорамтир тусга кирди. Ўсканга сафдоши Володя билан бирга солда дарёдан сузиб ўтиб, аскарлар жанг қилаётган чегарага байроқ қадаш жанговар топшириғи берилди. Бу муҳим вазифани икковлон аъло даражада уддалашди. Ўшанда рота командири:

— Оддий аскар Ҳожиманов! Сен ҳақиқий жангчининг ишини қилдинг! Жасоратинг учун орденга тақдим этиласан! — деди дўстларча қучоқлаб.

Афсуски, урушда туш пайтидаги гап шомга тўғри келмас экан. Қоронғиталаш маҳал дайди ўқ рота командирини ҳалок қилди. Душман снайперининг ўқи миясининг қатиғини чиқариб юборганди. Ҳожиманов эса давлат мукофотидан қуруқ қолди.

Кёнигсберг шаҳрини озод қилиш учун бўлган жангларда Ўскан Ҳожиманов чап оёғидан яраланди. Душман ўқи болдирини тешиб ўтган, эти осилиб, суяги очилиб қолганди. Ярадор аскарни Ярославль области Рибинск шаҳридаги госпиталга жўнатишди. Урушнинг охири кўриниб қолганди. Ғалаба муждасини ярадорлар госпиталда эшитишди. Ўскан ўзини тутолмай ҳўнграб йиғлаб юборди.

Ўсканнинг жароҳати битиши қийин кечди. Нақ бир ярим йил госпиталда даволанди. Шу ерда мовий кўзли ўрис қизи — ҳамшира Зоя Васильевна билан юлдузи юлдузига мос келиб қолди. Меҳр-муҳаббат дардни енгди. Ўскан Зоя Васильевнага суянганча госпитал ҳовлисида сайр қиладиган бўлди. Дил розлари тилга чиқди. Икки ёш аҳду паймон қилиб Рибинскда никоҳдан ўтишди. Беш-олти қариндошни йиғиб тўйчиқ қилиб беришди. Уруш тугагандан кейин ҳам беш йил Ярославль областида қолиб кетди.

1950 йилнинг 28 май куни Ўскан рафиқаси Зоя Васильевна билан она қишлоғи Аччига кириб келди. Баҳор охирлаб, ўт-ўланлар қовжирай бошлаган пайтлар эди. Она юрт соғинчи уни бутунлай масту мустағриқ этганди. Қишлоқлар ҳувиллаб қолган. Ош — авлиё, нон — пайғамбар замонлар эди. Барча қорин қайғусида бўзчининг мокисидай у ёқдан бу ёққа чопгани-чопган эди. Гувала уйда бекорчиликдан қафасдаги қушдай қисилиб қолган Зоя Васильевна охири турмуш ўртоғига ёрилди:

— Ускан, мен юртимга қайтиб кетаман. Бу ердаги об-ҳавога мослашолмадим. Севсанг, ортимдан излаб бор. Эшигимиз сен учун очиқ, — дея эски жомадонини кўтарганча хайр-хўшлашди. Шу тариқа севган аёли тўрт-беш ойлик гумонаси билан юртига кетди-борди.

Лекин орадан қарийб 30 йил ўтиб, 1977 йилга келиб нуридийдаси йўқлаб келиб ўтирибди. Ўшанда “2-Боёвут” хўжалигида “Ўсканнинг Ўруссиядан қизи келибди”, деган хабар тумовдан ҳам тез тарқаб кетди. Қариндош-уруғ, таниш-билиш, қўни-қўшни қутлуғ бўлсинга гурас-гурас кела бош­лашди. Меҳмоннинг оёғи остига жонлиқ сў­йилди. Элга ош тортилди. Эртасига ота-бола тонг отгунча ухламай суҳбатлашиб чиқди. Рибинскда Зоя билан кечган дамларини эслади. Люда бир ой (меҳнат таътили пайти) ота уйида меҳмон бўлди. Ака-ука, опа-сингиллар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Хайрлашув онлари оғир кечди. Қариндошлар Люда Шпагинани Гулистон вокзалидан кузатишди.

— Отажон, ака-укаларим, опа-сингилларимни Рибинскка олиб боринг. Сизларни интизорлик билан кутаман! — дея рўмолчасини силкитди у. Поезд юриши билан рўмолча кўз ёшларидан ҳўл бўлиб ҳилпирамай қолди.

Қўзғалаётган поезд Ўсканнинг юрагидан бир парчасини юлиб кетгандай бўлди. Фарзанд фарзанд экан-да!

Қарангки, ўшанда орадан олти ой ўтиб, Ўскан бобо қўйни-қўнжи тўлиб Ярославлга йўл олди. Жанг қилган жойларини зиёратлади. Қизи, набираларини тўйиб-тўйиб ҳидлади.

…Ўтган асрнинг 50-йилларида Ўскан Ҳожиманов бир гуруҳ ҳамқишлоқлари билан чўлга кўчиб тушди. Ўшанда “2-Боёвут” совхози ерлари эндигина ўзлаштирилаётган қўриқ эди. Хўжаликка Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг собиқ саркотиби Усмон ота Юсупов директор этиб та­йинланганди. Отанинг имдоди билан шофёрликка ўқиди. Касбли-корли бўлди. 28 йил муттасил ҳайдовчилик қилди. Турли русумдаги машиналарни бошқарди. Азбаройи камтарлигидан пенсияга чиққунча хўжаликдагилар унинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эканлигини билишмади. Сабаби, Ўскан Ҳожиманов бирор марта бу ҳақда сўз очмади. Ўша кезлари кўксига орден-медалларни тақиб юрадиган уруш фахрийлари ҳам кўп эди-да.

1952 йилда Ўскан янги рўзғор қилди: ҳамқиш­лоғи Новвотойга уйланди. Тинч-тотув яшаб, 10 нафар фарзанд кўрди. 70 йил бир-бирига суяниб, умргузаронлик қилишди. Набираю чеваралар сони юз нафарни қоралаб бормоқда. Ўтган йили завжаси бандаликни бажо келтирди.

Орадан йиллар ўтди. Ўскан бобо 100 ёшни қарши олди. Ўтган йилнинг 14 декабрь куни шу муносабат билан Боёвут тумани “2-Боёвут” хўжалигидаги “Файз” тўйхонаси вилоят ва туман раҳбарлари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамда Усмон Юсупов номли маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, фарзандлар, набираю чеваралар билан тўлиб кетди. Отахонга вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевнинг табрик хати ўқиб эшиттирилди, қимматбаҳо эсдалик совғаси топширилди. Боёвут тумани ҳокими, сенатор Дилфуза Уралова дил сўзларини изҳор қилди. Уруш ва меҳнат фахрийси Ўскан бобо Ҳожиманов ўзининг бир асрлик тўйини нишонлади. Кўксини “1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун” медали, Ғалабанинг 20, 30, 40, 50, 60, 65, 70, 75 йилликлари муносабати билан таъсис этилган эсдалик медаллари, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони безаб турган отахон ўтган умридан ризолик туйди. Нега суюнмасин, Сирдарё вилоятида Иккинчи жаҳон урушида қатнашган фахрийлар атиги 3 нафар қолибди. Яратган эгам унга узоқ умр ато этганидан тили шукроналикдан бўшамайди. Юртдоши, боёвутлик Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева ёзганларидек: “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”.

Дарҳақиқат, Яратганнинг инояти билан бир асрлик умр йўлини бошдан кечирган юртдошимиз Ў.Ҳожиманов ҳаётда не-не қийинчиликларни бошидан кечирмади, дейсиз. Уруш азобларини кўрди. Аммо ҳаётдан ҳеч қачон нолимади, ҳамиша ҳалол меҳнат қилиб яшади. Айни кунларда Ўскан бобо табаррук 101 ёшини қарши олмоқда. Албатта, бундай улуғ ёш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шундай. Ҳаёт ҳикматларга тўла деганлари бежиз эмас-да!

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − 6 =