Улуғлик йўли

ёки буюк иқтидорларнинг дунёга келишига оид фалсафий мушоҳадалар

Даҳоликни ирқий, ирсий омиллар билан боғлаш одати қадимдан мавжуд. Тадқиқотчилар негадир ушбу мавзуни чуқурроқ ўрганишга журъат этолмаганлар. Тўғри, француз социологи ва элшуноси Г.Лебон халқларни ибтидоий ирқ — қуйи, ўрта ва олий ирқларга бўлиб, фақат олий ирққа мансуб ҳинд-европаликлар буюк кашфиётларга қодир, деган нотўғри фикрни илгари сурган. Аслида дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюкларнинг кўпини Шарқ етиштириб берди. Яна исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат шундаки, буюк Турон замини юзлаб донишмандларга бешик бўлди. Демак, дунёда ҳеч бир миллатда бизнинг халқимиздан етишганчалик даҳолар туғилмади. Албатта, ҳеч бир халқни камситмаган ҳолда яна шуни айтиш мумкинки, улуғ иқтидорлар, буюк шахслар дунёга келишининг ўзи улкан мўъжиза, биз билиб-билмайдиган синоатларга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин экан. Бу ҳақда, айниқса, улуғ мунажжим Мирзо Улуғбек бобомиз ўзининг “Илми нужум” асарида бетакрор фикрларни ўртага ташлаган. Афсуски, ҳанузгача ана шу асар ҳақида ҳам тўлақонли таҳлилий ва талқиний тадқиқотлар олиб борилмаган.

Жаҳонга машҳур кўплаб муаллифлар ёзган манбаларга, битикларга  асосланган фикрларга кўра, улуғ ва буюк ватандошларимиз — Беруний, Хоразмий, Форобий, Ибн Сино, Улуғбек, Навоий каби донишмандларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш — даҳолик масаласига кўп ойдинликлар киритиши мумкин. Шунинг учун ҳам италиялик машҳур олим Чезаре Ломб­розонинг яҳудийлардан кўп “даҳо шахслар” чиққани, “ирсият уларга беҳад катта таъсир кўрсатгани” ҳақидаги хулосаларига қўшилиш қийин. Шунингдек, унинг 100 ҳодисадан 85, ҳатто 88 тасида ирсият ҳал қилувчи омил ҳисобланади, деган фикрлари ҳамон баҳслидир. Ҳеч қачон даҳолар ҳақида гап кетганда, битта миллат урғуланмаслиги керак! Худо ёрлақаган даҳо шахслар, толерантлик — кўп миллатлилик ва элатлар чекига тушади. Тўғри, айрим авлодлар (Моцарт, Бах, Веронези, Карраччи, Тициан, Дарвин, Эйлер, Гук, Дюма ва бошқалар)да истеъдод наслдан-наслга ўтгани кузатилади. Лекин бу дегани мутлоқ қонуният дегани ҳам эмасдир.

Шахс хулқининг маънавияти таъсирида такомиллашиб (яъни табиий хислатлари қусурдан фазилатга айланиб) борган сари — унинг аҳлоқи замима ахлоқдан (инсонни худбинлик сари тортувчи тарбия кўрмаган хулқдан) ҳамида ахлоққа (маънавий камолот натижасида гўзаллашган хулққа) айланиб бораверади.

Шундай экан, нафс тарбияси — маънавий камолот йўли бўлиб, ахлоқи ҳамиданинг шаклланиш йўли ҳамдир. Аммо маънавият фақат нафс тарбиясидан иборат эмас. Маънавият иймондан бошланади, илм-фан билан мукаммаллашади, тақлидий иймон орқали инсон нафс тарбиясига ўтади ва охири меҳр-маърифати орқали маънавий камолотга эришади. “Ахлоқ — маънавиятнинг ўзаги”, деган ҳикматнинг маъно-мазмуни шундаки, инсоннинг маънавий камолот даражаси унинг ахлоқида энг ёрқин шаклда намоён бўлади.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: буюк кишилар даҳо даражасига қандай кўтарилган? Бундай саволлар кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз. Кашфиётчи, ихтирочи, шоир, ёзувчи ёки рассом бўлмоқ учун туғма қобилиятга эга бўлиш керак, деган фикр ҳукм суриб келади. Аммо бунинг уддасидан чиқмоқ учун кўпроқ вақт ва ғайрат ҳамда ҳаракат талаб этилади. Бу соҳада ютуқларни қўлга осонгина киритишдан умидвор бўлмаслик лозим. Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ. Борди-ю, қарорингиздан чекинсангиз, унинг амалга ошишидан умид узсангиз, ўзингизга ўзингиз ёрдам беришни истамаган бўлиб чиқасиз!

Даҳо — бу одатий инсон ақли доирасидан четга чиқиш, инсон ақлининг аномалияси. Бинобарин, даҳо — бу инсон миясида мавжуд табиий имкониятларнинг юксак даражада тўлиқ юзага чиқиши, жамол кўрсатиши, очилишидир! Кишилик жамияти даҳоларни шартли равишда икки қутбга ажратган. Бу иккисининг оралиғида эса қобилиятнинг, истеъдоднинг турли хил тадрижий поғоналари мавжуд: биринчи қутб вакилларини, анъанага биноан, худо ярлақаган даҳо, генийлар деб, иккинчи қутб вакилларини эса ўзининг интилиши, меҳнати туфайли даҳо, истеъдодлар деб аташ ўринлидир.

Даҳо шахсларда ўзининг билимига, кучига, салоҳиятига, қобилиятга, истеъдодига, бошқаларга нисбатан довюраклигига, муваффақият қозонишига ишониш ҳамда жанговарлик туйғуси юқори бўлади. Ушбу хислатлар бу ёруғ оламда Александр Македонский, Юлий Цезарь, Чингизхон сингари жаҳонгирларда тожпарастлик, шуҳратпарастлик ва дунёга якка ҳукмронлик қилиш, Наполеон ва Сталин каби шахс­ларда некрофиллик билан чатишиб кетади. Шу боис улар курашишни, ёвлар билан олишиб яшашни ҳаёт тарзига айлантирганлар.

Шундай қилиб, даврлар ўтаверади, замонлар ўзгараверади. Бироқ халқона дунёқараш, инсон ва шахснинг маънавий-руҳий қиёфаси, моҳият ва мазмуни авлоддан-авлодга ўтиб, янги бўёқлар, мўъжизалар касб этган ҳолда давом этаверади. Бу боқий ва узлуксиз жараён Ўзбекистон феномени сифатида фуқаро ҳис-туйғулари, ақидалари ва муносабатлари ҳамда илоҳий-руҳий олами — даҳолигини ўзида ифода этади.

Дарвоқе, инсон ва шахснинг жамиятдаги ўрни уларнинг муштарак ҳолати, яъни фақат Инсонга атроф-воқелик ҳамда одобу ахлоқ қоидалари ҳақида билим беришнинг ўзи, унинг маънавий-ахлоқий тарбияси учун етарли бўлмайди. Унда ирода қудрати, масъулият туйғусини шакллантириш, кўнглида атроф-табиатга, меҳнатга, касбга, илмга, ўзга инсонларга меҳр уйғотиш, дилида улуғ мақсадлар туғилишига эришиш лозим. Масалан, тан олиб айтиш керакки, Ватан, Миллат ёки Адолат туйғуси ҳақида китобларда ёзилганларни ўқиб чиққан одам дарҳол Ватаннинг қадрига етадиган ёки адолатга хиёнат қилмайдиган бўлиб қолади, деб тасаввур қилиш ўта соддалик бўлур эди. Ҳар бир инсонда Ватан, Миллат, Адолат тимсол туйғулари руҳидаги пойдор маънавий қадриятларга айланиши учун ўзгалар ибратида синаши, бу йўлда риёзат чекиши, уларга нисбатан кўнглида меҳр уйғониши зарур. Бунга турли йўллар, турли воситалар: биринчи навбатда ёш авлод тарбиясига самимий тарзда; иккинчидан, изчил ёндашув ва тинимсиз изланишлар билан, яъни тинимсиз меҳнат билан эришилади.

Даҳолар, одатда, иззатталаб ва шуҳратга ўч шахслардир. “Одам ҳайвонлар ичида энг шуҳратпарастдир”, — деб ёзган эди Г.Гейне. Юксак қобилият ва ноёб иқтидор ҳамда улкан истеъдод даҳони кўпинча виқорли, зиддиятли шахсга айлантиради. Унинг ён-атроф ва тартиблардан қониқмаслиги, ноанъанавий фикрларни илгари суриши турли зиддиятлар келтириб чиқаради. Натижада агар даҳо ўзини забун, ожиз сезса, ён-атрофдан ўзини олиб қочади, кишиларга, ҳатто хеш-ақраболарига ҳам қандайдир шубҳа билан қарайди, ҳатто у одамзодни, инсоният яратган бойликларни рад этиш даражасига боради. Масалан, буюк немис файласуфи Шопенгауер қўл­ёзмаларини китоб ҳолида чоп эттиришга тайёрлаган бўлса-да, уларни оила аъзоларидан беркитиб юрган. У фалсафа билан шуғулланган ва ўзини файласуф деб тан олса-да, фалсафа профессорларини жинидан баттар ёмон кўрган. Донишманд Фридрих Ницше эса ўзи шаклланган ва маҳсули бўлган икки минг йиллик Ғарб, айниқса, христианлик маданияти, дини, ахлоқига қарши жанг қилади. Янги ахлоқ, маданият ва Алподам (“Сверхчеловек”) яратишни ўйлайди. Р.Декарт, Ф.Бекон, Д.Юм каби донишмандлар ўзидан олдинги файласуфларга қарши чиқдилар, ҳатто улар меросига шубҳа билан қарашди!

Ибн Сино ва Беруний каби зотлар ҳам ҳаётда зиддиятли тақдир кечиргани маълум. Хусусан, Ибн Сино тиббиётга оид буюк кашфиётлар қилган бўлса-да, умрининг иккинчи ярмини ўз кашфиётларига қарама-қарши ҳаёт тарзини танлайди… Беруний ўз қарашлари учун қувғинда яшади. Рус адиби Лев Толстой оилавий ҳаётга, фарзандлар тарбиясига оид дидактик асарлар, дарсликлар ёзди, бироқ умрининг охирида хеш-ақраболаридан безиб, улардан қочди. Ҳайратли ҳол шундаки, доҳиёна фикрларига мувофиқ ҳар қандай низони, тўқнашувни тинч, “сен-мен”сиз ҳал этиш­лари мумкин бўлган буюк шахслар арзимаган сабабни чуқурлаштирадилар. Уларнинг қалби, руҳи мутлақ ҳурлик истайди, минг афсуски, жамиятда мутлақ ҳур яшаш мумкин эмас.

Чинакам даҳо ижодкорлар дабдабаларни, ўзини кўз-кўз қилиб йиғинлар тўрида ўтиришни, унвон ва нишон тилаб саройга эгилишни ёқтирмайдилар. Улар учун юксак мукофот — ижод, кашфиёт… Ижоднинг завқли дақиқаларидан, оламшумул ихтиролардан серзавқ нарсанинг ўзи йўқ улар учун. Эркин руҳнинг турмуш ташвишларидан, фисқу фужурлардан, алдоқчи шарафлашлардан холи парвози — улар топ­ган юксак унвон, мукофотдир. Яна юксак иқтидор, талант  ноёбликда, бетак­рорликдадир. Ўртамиёна иқтидор эгалари бир-бирларига ўхшайдилар, бир-бирларига монанд ҳаёт кечиришлари мумкин. Чунки ундайлар анъаналарга қарши чиқишмайди, жамият билан муроса-мадора қилади. Демак, уларнинг идеаллари ҳам айнандир!

Аммо улуғ ижодкорлар фикрлашда ҳам, яшашда ҳам, идеаллар излашда ҳам бетакрордирлар. Агар ноёб иқтидор эгаси — сиёсий муҳитни, борлиқни ўзгартирмоқчи бўлса, уни улкан фидойилик, улуғ бир мақсадга ўзини бағишлаш, кишиларни бирлаштириш ўйи чулғаб олади, у халоскорлик режаларини ишлаб чиқади, ҳатто новатор ғоя ва инновацион эътиқод ҳамда таълимот яратишдан қайтмайди. У ички бир туйғу билан сезадики, айнан ўзи кишиларни ғофиллик ботқоғидан олиб чиқиши, уларнинг онгини, ҳаётини ўзгартириши мумкин; агар инқилобий бунёдкорлик имкониятидан фойдаланмаса, бор кучи ва ақлини ишга солмаса, бир сўз билан айтганда, “ўзининг янги жамияти” — инсон капиталини топқирлик билан омилга айлантира олмаса, истиқболли, ойдин келажак уни кечирмайди!

Нима бўлганда ҳам улуғлик белгиси — ноёб истеъдод. Бу улкан имконият фақат унинг маҳсулигина, холос. Худди ана шу жиҳати билан ҳам буюк шахс ўзига хос ижтимоий моҳиятга эга бўлади. Албатта, ана шу ерда Беруний ёки Навоий тасодифий ҳодисами, деган савол ҳам туғилиши мумкин. Йўқ! Берунийнинг ҳам, Навоийнинг ҳам буюк кашфиётлари ва ҳайратомуз ижодий маҳсуллари айни ана шундай илмий ва ижодий асос мавжудлигидан келиб чиққан. Агар улар истеъдодининг ривожланишига, камолга етишига, умуминсоний қадрият даражасига чиқиши учун етарли илмий ва маданий-маънавий муҳит бўлмаганида, эҳтимол, улар ўз даврининг оддий одамларига айланиб қолишлари ҳам мумкин эди. Ана шу ерда ижтимоий муҳитнинг роли кўзга яққол ташланади ва бу муҳит даҳолик қудратининг, буюк истеъдоднинг беқиёс ривожланишига муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Шахс тушунчасини “арбоб” сўзи билан изоҳлаш мумкин. Зотан, арбоб қайси соҳада бўлмасин, маданият, фан, ишлаб чиқаришдами, барибир, ўзининг кенг кўламли қарашлари, қатъий ва асосли хулосалари, ўзи бошқараётган ташкилот юкини осонлик билан кўтара олган, унинг истиқболини равшан кўра билган, барчанинг ташвиш-у қувончларига шерик бўла оладиган фазилатларга эга бўлмоғи лозим. Раҳбарлик даражаси курсининг катта-кичиклиги билан ўлчанади, арбоблик эса булардан анча баланд туради. Раҳбарлик хизмат вазифаси доирасида кўзга ташланади, арбоблик эса кенг ижтимоий моҳиятга эга. Бошқача қилиб айтганда, ҳар қандай инсоннинг касбий маҳорати, билими ва тажрибаси, одамлар билан тиллаша олиш қобилияти туфайли, бир қарор ё буйруқ билан раҳбар бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай раҳбардан арбоб чиқмайди. Яъни у тўлақонли етук шахсга айлана олмайди!

Инсондаги ички руҳий куч-қудрат, жасорат рағбат, интилиш ва ҳиссиёт даҳолик куртакларини ривожлантиради. У инсон феноменидаги зарурий асос, истиқболни белгиловчи омил ҳисобланади. Г.Паскалнинг фикрича, инсоннинг даҳолик қудрати — унинг мантиқий мушоҳада қила олиши ҳамда тафаккур куч-қудратида чуқур фикрлаш тарзида намоён бўлади. Унинг кашфиётчилик қобилияти, ижодий-илмий салоҳияти, топқирлиги ҳар қандай ташаббусларни субъектив тарзда бойитиш замирида намоён бўлади.

Ҳар бир одамда ўзига хос маълум даражада даҳолик қуввати бўлади, кимдадир кўпроқ, кимдадир камроқ, айримларида “Худо ярлақаган” даражада чексиз-чегарасиз кўзга ташланади. Натижада ҳар бир инсоннинг камолот қуввати ва даҳолик қудрати доирасидаги турмуш тарзи ва ҳаёти шакл­ланади.

Худо ярлақаган истеъдодлар — Моцарт, Рафаэль, Бедил, Навоий, Пушкин, Авраам Линкольн, Шарль де Голль, Амир Темур, Бобур ва бошқа айрим донишлар бамисоли булбул каби ёниб наво қилганидек, эҳтиросдан жўшиб, борлиғини унутиб, айни пайтда мутлақо табиий, эркин ижод қилишган. Чунончи, юртимиздан таниқли истеъдодлар озмунча чиқмаган! Биринчи ва иккинчи Ренессанс бунёдкорлари, жадидчилик ҳаракати намояндалари, ХХ асрнинг кўп­лаб ёрқин кашфиётчилари, шоиру ёзувчилари Ҳабиб Абдуллаев, Саъди Сирожиддинов, Собир Юнусов, Иброҳим Мўминов, Яҳё Ғуломов, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, сўнгги йилларда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Учқун Назаров, Рауф Парфи, Ботир Зокиров, Муҳаммад Юсуф, Хайриддин Султонов, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо каби ва бошқа кўплаб истеъдод эгалари намоён бўлди.

Бундай истеъдодлар ўз-ўзидан келавермайди. Улардаги иқтидорни Яратганнинг ўзи беради. Улардаги улуғ хислатларни эса ҳаёт, жамият кўзгуси ўзида акс эттиради. Бу — энг муҳим жиҳат, албатта.

Шундай қилиб, даврлар ўтаверади, замонлар ўзгараверади. Бироқ халқона дунёқараш, инсон ва шахснинг маънавий-руҳий қиёфаси, моҳият ва мазмуни авлоддан-авлодга ўтиб, янги бўёқлар, мўъжизалар касб этган ҳолда давом этаверади. Бу боқий ва узлуксиз жараён, яъни Ўзбекистон феномени сифатида фуқаро ҳис-туйғулари, ақидалари ва муносабатлари ҳамда илоҳий-руҳий олами — юксак иқтидорликни у ёки бу кўринишда ўзида ифода этади.

Бугун халқаро экспертлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошқарувидаги ўта бетакрор услубларни таҳлил қилмоқда, ўрганмоқда ва Ўзбекистон тажрибасини бошқа давлат раҳбарларига ўрнак қилиб кўрсатмоқда.

Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Президенти сиёсий арбоб сифатида халқаро миқёсдаги глобал масалаларни кўтараётганини бутун дунё сиёсатчилари эътироф этмоқда, тан олмоқда. Узоқ йиллардан буён давом этаётган Афғонистон можароси ва экологик фожиага айланган Орол муаммосини БМТ минбарига олиб чиқиш, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари бирдамлигига даъват каби жаҳон сиёсий майдонида пайдо бўлган мутлақо янги қарашлар… Барча-барчасида Ўзбекистон раҳбарининг ўткир позицияси муҳим аҳамият касб этмоқда, ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.

Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар фаолиятидаги ўрни ва нуфузи ҳам тобора юксалмоқда. Натижада манфаатлар мувозанати яратилмоқда. Ўзбекистоннинг тутган йўли ва қарашлари билан ҳисоблашилмоқда. Буларнинг барчасига тарих учун қисқа давр — сўнгги етти йил ичида эришилди. Демак, Президентимиз нафақат халқ сайлаган йўлбошчи, балки бутунжаҳон эътироф этаётган етук сиё­сий намоянда ҳамда  Янги Ўзбекистон асосчисидир. Бу эса кўп миллатли халқимизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотмоқда.

Бугун дунё ўзгарди. Дунё узра Ўзбекистон ўз ўрнини топ­­ди. ИНСОН қадр-қиммати давлат сиёсати даражасида эъзоз­ланмоқда. Ўзбекистон фуқароси руҳиятида Ватанга муҳаббат, давлатга, Президентга мутлақо ишонч пайдо бўлди. Энг муҳими, бу тарихий жараён давом этаётир, такомиллашяпти, бойимоқда.

Ўтган етти йил Ўзбекистонда инсон қадрини, шаънини, ҳуқуқларини тиклаш ва улуғлаш даври бўлди. Шундан бўлса керак, бундай ўзгаришларни баъзан нотўғри талқин қилувчилар, ношукрлар ҳам учраб туради… Лекин бу давлат раҳбари учун муҳим эмас. Унинг инсонга қаратилган ислоҳотлари, инсонга меҳри, муҳаббати ҳеч қачон сўнмайди. Аксинча, инсонни тинглаш, инсон билан мулоқот, инсонни англаш муҳим эканлигини тушуниб етган Юртбошимиз  бу борадаги ҳаракатларини янада ривожлантирмоқда. Давлат бошқарувида асосий эътиборни инсон омилига қаратмоқда. Эл-юрт таклиф-мулоҳазаларидан фойдаланмоқда. Бу юртимизда давлат билан халқ ўртасидаги жарлик йўқолишига олиб келди. Дарвоқе, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиш, бу эса янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда бунёд этишга йўналтиради.

Зеро, олий мақсад аниқ: Янги Ўзбекистонни дунёаро ўз ўрнида бўлишига эришмоқ, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкам қуриш. Бундай улуғвор мақсадни қўйиш катта жасоратдир.

Карим НОРМАТОВ,

тарих фанлари доктори,

Қуролли Қучлар Академияси

профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 8 =