Дунё — кураш майдони

Тарихий жараёнлар тадрижи маънавият, маърифат ва маданият юксак ривожланган жамиятлар жаҳоннинг қудратли давлатлари, империялари бўлганлигини кўп бора исботлаган. Ана шундай хусусиятга эга минтақаларда илм-фан ва маданият мисли кўрилмаган даражада тараққий топди. Ва аксинча, маърифатдан узоқлашган, маънавияти издан чиққан сулолалар таназзулга юз тутди. Бунга тарихда мисоллар бисёр.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев юртимизда маънавият, маърифат, маданият, таълим ва тарбия соҳаларида ишлар самарадорлигини ошириш, асосий эьтиборни Учинчи Ренессансни юксак маънавиятга эга халқимиз билан қуришимиз борасида амалга оширилиши лозим вазифаларга кўп бора тўхталиб ўтди.
Маънавият — алоҳида бир ижтимоий ҳодиса эмас. У барча соҳаларга тааллуқли ижтимоий жараён. “Биз учун маънавият инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир”, дея таъкидлайди Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” асарида.
Чуқур маъноларга эга мазкур иқтибосда маънавият соҳаси ривожи учун дастур бўлишга лойиқ фикрлар мужассамлашган. Бу билан, аввало, инсонлар орасида ишонч, бағрикенглик ва бирдамликнинг муҳимлиги таъкидланиб, барқарор ва тараққий этган жамият қуришнинг бош мезонлари белгилаб берилмоқда.
Маънавият ёшларни етук шахс сифатида тарбиялаш, миллий қадриятлар асосида онги ва дунёқарашини шакллантириш борасида авангард бўлиши керак. Ёшларга таълим бериш билан бир қаторда, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш, ахлоқий етук шахс этиб тарбиялаш — ҳар қайси таълим тизимининг бош вазифасига айланмоғи лозим.
Абдурауф Фитратнинг “Бу дунё — кураш майдони. Бу курашнинг қуроли соғлом жисму тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқдир”, деган пурмаъно гапи бор. Юксак ахлоқ ва тарбия инсонга ҳар қандай мураккаб вазиятдан чиқиши учун маънавий куч берадиган қудратга эга. Ана шу тарбия ва ахлоқ сабаб шахс ўзининг жамиятдаги муносиб ўрни, эътиборини топади.
Жамият тараққиёти давомида турли синовлардан ўтади. Уларнинг гоҳида жиддий салбий оқибатлари жамиятдаги беқарорликларда намоён бўлади. Ана шу синовли жараёнлардан омонликда ўтиб олишнинг энг муҳим воситаси ҳам — маънавий-ахлоқий тарбиянинг собитлиги билан боғлиқ.
Бугунги кунда турли сиёсий, мафкуравий таъсирлар давлатлар, жамиятлар барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу ижтимоий курашларда, айниқса, ёшлар онги ва дунёқарашининг ўзгариши ташвишлидир. Турли оқимлар, гуруҳларга берилиб кетиш ҳолатлари жамиятда барқарорликка салбий таъсир кўрсатадиган омиллардан. Бунинг олдини олишда эса, биринчи навбатда, ёшларнинг соғлом дунёқарашини шакллантиришга хизмат қиладиган маънавий тарбия ва таълимга эътиборни кучайтириш талаб этилади.
Бугунги кунда — мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олган нозик, қалтис шароитда, ҳозирги таҳликали замонда маънавий-ахлоқий тарбия масаласи ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга.
Шу сабабли, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда маънавий тарбия тизимининг янги стратегиясини яратиб, халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш ишлари амалга оширилмоқда.
Замонавий ахборот технологиялари жаҳон мамлакатлари ёшлари онгига таъсир кўрсатиши, дунёқарашини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган турли мафкуравий ғояларни ҳам ташимоқда. “Оммавий маданият” ниқоби остида маънавий дунёқараш пойдеворини ўзгартиришга йўналтирилган ушбу таъсирлар муайян даражада ёшларнинг тарбиясида салбий оқибатларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Азалий қадриятлар, миллий анъаналардан узоқлашиб бориш тенденцияси жамиятда маънавий таназзулнинг жиддий дебочаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Турли ғоявий экспанцияларга қарши иммунитетни яратишнинг энг самарали усули — маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ. Маънавий-ахлоқий тарбия маърифатга таянган ҳолда олиб борилади. Имом Ғаззолий “Кимёи саодат” асарида “Маърифат — ҳидоятнинг аввали”, деган эди.
Маърифат ривожланган маконда маънавият ҳам юксалади. Маънавият жамиятнинг барча соҳаларига бевосита ва билвосита тааллуқли. Жамиятнинг барқарорлиги, тараққиётнинг гарови билвосита тарбиянинг самараси, таъсири ва узвийлигига боғлиқ бўлади.
Маънавият давлат, жамият, миллат ва шахснинг бутун онгли ҳаёти ва фаолияти давомида шаклланиб, такомиллашиб боради. Шахснинг эмоционал ҳолати мувозанатини ушлаб турадиган куч ҳам унинг маънавияти ва руҳий тарбиясидир. Маънавий-ахлоқий тарбиядан узоқ шахсларда психологик ҳолатларда мувозанатсиз, фикрсиз, оқибатини ўйламасдан ҳаракат қилиш кўп кузатилади. Шу жиҳатдан, шахсни маънавий-ахлоқий тарбиялашни унинг ёшлик чоғлариданоқ бошлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Қадимдан Шарқ мамлакатларида мадрасаларда ёшларга таълим беришнинг уникал услублари шаклланган эди. Энг аввало, “устоз-шогирд” анъанасига қатъий амал қилинган. Ҳар бир ота ўз фарзандини халқ орасида машҳур устозга, шаҳарда нуфузли мадрасага таълим олиши учун топширган. Бухоро ва Самарқанд каби тарихий шаҳарлардаги мадрасаларда энг асосий эътибор, аввало, тарбияга, шахснинг маънавий камолотига қаратилган эди. Шу жиҳатдан Мадрасаи Олия, Мадрасаи Ихлосия каби таълим масканлари юксак маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбиянинг таниқли марказлари сифатида ном қозонган эди.
Бир шахснинг балоғатга етиб, етук инсон бўлиб етишиши учун йиллар давомида таълим олиши, маънавий-ахлоқий тарбия кўриши муҳим саналган. Мовароуннаҳрда шаклланган ана шундай таълим ва тарбия тизимидан ўтганлардан буюк олимлар, алломалар, даҳолар етишиб чиққан. Муайян илмий-маърифий соҳада танилган олимнинг номи тилга олинганда доимо унга таълим-тарбия берган устози ҳам эслаб ўтилар эди.
Таълим ва тарбиянинг ўзаро узвийлиги принципи шахс камолотига эришишнинг бош мезони этиб белгиланган. Шарқ халқларида билим олишда маънавий тарбиянинг муҳимлиги, унга ахлоқ-одоб, жамиятда юриш-туриш, устозга ҳурмат, ота-онага эҳтиром каби хислатларнинг сингдириб борилиши билан аҳамиятли саналган. Илмда комилликка етишиш доимо маънавий етукликка эришиш билан ҳосил қилиниши эътиборга олинган.
Замонавий таълим жараёнларида ҳам билим олиш билан биргаликда, маънавий-ахлоқий тарбиянинг муҳимлигига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Ёшларни бошланғич ва ўрта таълимда ўқитиш, олий таълим йўналишида мутахассис қилиб етиштиришда касбий кўникмаларни ҳосил қилишнинг ўзи билан кифояланиш етарли эмас. Бугунги кун чақириқлари нафақат мутахассис кадрлар, энг аввало, онги ва дунёқараши шаклланган, маънавий дунёси бой ёшлар жамиятда муҳим ўрин тутишини кўрсатмоқда.
Замонавий давр маънавий-ахлоқий тарбиянинг янги тартиблари, тарғибот технологиялари ва тамойилларини жорий қилишни талаб этмоқда. Бугунги кун маънавий тарбия давр талабларига мос равишда, замонавий талабларни, ва энг муҳими, ёшларнинг талаб ва қизиқишлари доирасини эътиборга олган ҳолда амалга оширилишини талаб этмоқда. Йиллар давомида шаклланиб келган таълим ва тарбиявий концепциялар бугунги кун талабларига жавоб бермай қолди. Ушбу тарбия ёшлар талаблари, эҳтиёжлари, қизиқишлари даражасини қондириш учун етарли эмас.
Ҳозирги таълим жараёни амалиёт билан параллел равишда олиб борилишининг муҳимлиги экспертлар томонидан кўп бора таъкидланмоқда. Худди шунингдек, таълимнинг маънавий-ахлоқий тарбия билан ёнма-ён, бир-бирини тўлдирган ҳолда олиб борилиши механизмини кенг амалиётга киритиш зарур.
Ҳозирда мактаб таълими, олий таълим масканларида ўқувчи ёшлар ва педагоглар ўртасида тортишувлар, низоларни кўп кузатмоқдамиз. Бу ўта ачинарли ҳолат. Бу бизнинг маънавий-ахлоқий тарбияни таълимдан кейинги ўринга қўйганимизнинг аянчли оқибатларидан. “Устоз отангдан улуғ” каби халқ нақллари бугун ўз мазмунини йўқотгандек.
Бугунги кунда маънавий-ахлоқий тарбия таълимнинг узвий, айтиш мумкинки, марказий қисми бўлиши керак. Президентимиз “Менга дипломли мутахассис эмас, менга садоқатли ёшлар керак”, деб бежизга гапирмаган эди. Айнан дипломли мутахассис етук шахс дегани эмас. Буни ҳамма тушунади. Садоқат эса, таълим ва маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия орқали амалга ошади. Ёшларнинг Ватанга садоқат, ота-онага эҳтиром, устозга ҳурмат, давлат ва жамият олдидаги бурч ва масъулиятлари маънавий-ахлоқий тарбия орқали сингдириб борилади.
Ҳозирги кунда маънавий соҳани такомиллаштиришнинг бош ғоясида ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш концепцияси марказий ўрин эгаллайди. Биз келажак авлодни барқарор ва тарақққий этган давлат ва жамият қуришга жалб этар эканмиз, уларнинг бош тарбияси — онги ва дунёқарашини миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, буюк аждодларимиз маърифий меросига мос равишда шакллантиришимизга боғлиқ.
Замонавий таълим ва тарбия жараёнлари стандартлашган услублардан холи равишда, замонавий таълим технологиялари асосида амалга оширилишига эътибор қаратиш керак. Бунда маънавий тарбия фан сифатидагина эмас, ҳаётий тажриба, ибрат, қадриятлар, миллий урф-одатлар билан ҳамоҳанг равишда олиб борилиши зарур. Маънавий тарбия таълим жараёнидагина эмас, шунингдек, ёшларни ўз атрофига бирлаштира оладиган ижтимоий ҳаракат шаклида амалга оширилиши керакли натижаларга эришишга катта имконият яратади.
Маънавий соҳада ислоҳотларни амалга ошириш доимо мураккабликларга эга бўлиб келган. Ушбу ислоҳотларни амалга оширишда кўплаб вазифалар изчиллик билан, тизимли олиб борилиши зарур бўлган жараён. Унда жамиятимизнинг барча аъзоси — давлат ва жамоат вакиллари, зиёлилар, мураббийлар, тадбиркорлар, ёшлардан тортиб нуронийлар, юртимиз тараққиётига бефарқ бўлмаган барча қатнашиши лозим.
Маънавий-ахлоқий тарбияни — оила-маҳалла-жамият-давлат тизимида узлуксиз амалга ошириб бориш мақсадга мувофиқ. Бола илк тарбияни оилада олади. Ётиш-туриш, еб-ичиш, салом-алик, ота-она, катталарга ҳурмат, ҳалоллик каби илк тарбиявий сабоқлар оилада берилади. Бола маҳаллага чиққанда, унга ака-ука, маҳаллачилик, қариндош-уруғчилик, оқибат, тўй-ҳашам ва ҳашарларда иштирок каби ижтимоий одоблар таништирилиб борилади. Ундан кейинги маънавий-ахлоқий таълим мактаб-коллеж-олийгоҳ тизимларида, Ватанга муҳаббат, садоқат, оилага эҳтиром, шараф каби хислатлар сингдирилади.
“Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, дея таъкидлайди Президент. Дарҳақиқат, жадид боболаримиз ўз даврининг илғор ютуқлари — театр ва матбуотнинг маънавий-маърифий тарғибот соҳасидаги имкониятларини олдиндан кўра билган эдилар.
Маънавий-маърифий, ахлоқий тарбиянинг замонавий тарғибот технологиялари орқали ёшлар дунёсига кириб бориш, уларнинг соғлом дунёқараши шаклланиши, таълим, тарбия олиш имкониятларини янада кенгайтирган бўламиз.
Таълим ва тарбия жараёнларида аждодларимизнинг бебаҳо илмий мероси, асрлар давомида шаклланиб келган миллий маънавиятимиз, халқимиз қадриятлари ва анъаналарига катта эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Буюк аждодларимиз, жадид боболаримиз мероси, миллатнинг бебаҳо маънавий қадриятларини ўзида жамлаган махсус маънавий-маърифий электрон платформаларнинг яратилиши соғлом дунёқарашга эга авлодни эзгулик, ҳалоллик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Тарихдан халқимизда турли жиноятлар, ўғрилик, судхўрлик, товламачилик, фирибгарлик жиддий қоралаб келинган. Бу каби тоифалар эл орасида аниқланиб, сазойи қилинган. Бугунги кунда бу каби ижтимоий иллатларнинг илдиз отиши айнан маънавиятсизлик, миллатнинг ўз қадриятлари, анъаналари, соғлом ақида ва эътиқодий қарашларидан четлашиши оқибатидир. Юксак маънавиятли жамиятда бундай иллатлар ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Замонавий сиёсий-ижтимоий жараёнларда қонун устуворлиги давлат ва жамиятнинг барқарорлиги ва тараққиёти кафолати эканлиги ўз исботини топган.
Азалдан хорижий давлатларда япон халқи меҳнаткашлиги, хитойликлар фалсафаси, ҳиндлар санъати, турклар ғурури, немислар интизоми, инглизлар ўзига хос тавозеси билан яхши танилган. Ўзбеклар эса юксак маънавияти ва маърифати билан тилларда достон бўлган. Бунга бизнинг заминимизда яшаб ўтган улуғ мутафаккирлар, алломаларнинг улуғ илмий-маърифий, маънавий мероси сабаб.
Ташқаридан қараганда, халқимиз юксак маданияти, маънавияти билан ажралиб туради. Ичкарида-чи? Бугунги кунда ҳамманинг ҳам, айниқса, ёшларимиз ўзини тутиши, ахлоқи, одоби, маънавияти ана шу мақтовга, муносабатга лойиқми? Ёшларнинг ахлоқсизлик ботқоғига ботиб бориши маънавий соҳанинг мудраши, ҳар хил ижтимоий трендлар, “оммавий маданият”нинг турли кўринишларига берилиб кетиши оқибати эмасми? Қадриятларни менсимаслик, миллийликдан четланиш, янгича урф-одатларга берилиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу тарихдан маънавияти юксак бўлган халқимиз учун бир фожиа.
Давлат сиёсий, иқтисодий соҳаларни ривожлантиради, хавфсизликни таъминлайди. Маънавиятни юксалтириш, ёшларни тарбиялаш жамиятнинг, жамоатнинг, зиёлиларнинг вазифаси. Шу жиҳатдан зиёлиларимизнинг мудроқлик ҳолатидан чиқиш вақти аллақачон келди. “Уйғонинг ва уйғотинг”, — демоқда Президент зиёлиларга, маънавият ва маданият аҳлига. Барчани уйғотишга, маънавиятни юксалтиришга, бирлашишга, ягона куч, янги ҳаракатга айланишга чақирмоқда Президент.
Иқтисодий соҳани ривожлантириш учун муайян муддат етарли, соҳа масъулларини санаб чиқса, адоғига етиш мумкин. Бироқ маънавий-маърифий, таълим-тарбия, маданият, санъат, адабиёт каби соҳаларда меҳнат қилаётганлар саноқсиз. Булар — зиёлилар, олимлар, шоирлар, ёзувчилар, илм-фан вакиллари, ўқитувчи-мураббийлар, хотин-қизлар, маҳалла, ёшлар — қўйингки, барча. Маънавият, ахлоқий тарбия — барчанинг иши, масъулияти, вазифаси.
Таълим-тарбия, маънавият доимо моддий тараққиёт билан баробар бориши, афзали — ундан олдинда юриши керак. Буюк аждодларимиз Беруний, ибн Сино, Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Фарғонийлар ўрта асрларнинг етук алломалари, ўз даври тамаддунидан ўзиб кетган шахслар эди. Худди шу хислат уларнинг асрлар давомида номи абадий сақланиб, асарлари, меросини авлоддан-авлодга ўтиб келишига хизмат қилмоқда.
Буюк империялар қурган, асрлар давомида бузилмай келаётган иншоотлар қурдирган кўплаб буюк шахслар бор. Бироқ маънавий, маърифий, илмий мерос қолдирган аждодларнинг номи улардан кўра машҳурроқ ва боқий. Уларнинг маънавий мероси бугунги кунга келиб ҳам халқ, ёшлар маънавий дунёсини бойитишда хизмат қилишда давом этмоқда. Ушбу ҳолатнинг ўзи ҳам маънавий соҳаларда амалга ошириладиган ислоҳотлар асрларга татигулик ютуқларга сабабчи бўлишига далилдир.
Ёшларга таълим бериш, уларни юксак ахлоқий руҳда тарбиялаш буюк маънавий аҳамиятга эга. Бугунги ёшлар — эртанги кун эгалари. Уларга обод ва тараққий этган юртни топширишдан олдин уларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини таъминлаш — бугунги кунда давлат ва жамият олдида турган масъулиятли ва долзарб вазифадир.
Таълим оиладан бошланиши, мактабда давом этиши, касбий таълимда шаклланиши, олий таълимда сайқалланиши, жамиятда камолга етиши керак. Бу эса, таълим жараёнларининг узвийлиги, тарбиянинг тизимли ташкил этилиши, тадрижий мукаммаллашиб бориши орқали амалга ошиши мумкин. Тарбиядан мосуво соҳанинг ўзи мавжуд эмас. Давлат ва нодавлат корхона, давлат ва жамият ташкилоти борки, шахс камолоти, кадр малакаси, мутахассиснинг компитентлиги унинг тарбиявий ва ахлоқий хусусиятлари билан ёнма-ён юради. Меҳнат этикетига амал қилиниши иш жараёнининг самараси, жамият барқарорлигини таъминлайдиган омил сифатида кўрилади.
Таълим ва тарбиянинг барча босқичларида, маънавий, маърифий соҳаларда кенг кўламли, замонавий усуллар, тарғибот технологияларини қўллаш мақсадга мувофиқ. Таълим ва тарбия бугунги давр ёшларининг дунёқараши, қизиқиши, қарашлари билан ҳамоҳанг бўлган тақдирдагина таъсирли ва самарали бўлади.
Президентимиз барчани маънавий-маърифий соҳада фаол бўлишга, юксак истеъдод ва маҳорат, ижтимоий ҳаётда, ислоҳотларда фаол иштирок этиш билан Уйғониш даврини барпо этишга чорламоқда. Юксак маънавиятли жамиятни қуриш барча учун шарафли ва масъулиятли вазифага айланмоғи керак.
Сарваржон ҒАФУРОВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар
институти бўлим бошлиғи,
сиёсий фанлар доктори, профессор.