Шахту шиддат ярашган кунлар

Одам боласи ёши ўтган сайин осойишталикка, шукроналикка мойил бўлиб борар экан. Балки, бу ҳолат кўрганларимиздан кўра кўраётганларимиз қалбимизда кўпроқ яхшиликка умид уйғотаётганлиги билан боғлиқдир. Балки, қандай бўлишдан қатъи назар, тирикликнинг бебаҳо неъмат эканлигини чуқурроқ англаётганимиз, бу неъматлардан баҳрамандликка интилаётганимиз билан боғлиқдир қалбдан кечираётган бу туйғуларимиз. Ҳарна бўлса-да, ўзим шу кайфиятдаман. Ҳализамон бирор мўъжиза юз берадигандек, тонгни ошиқиб кутаман, ишхонамга шошилиб келаман. “Мана, Озодликнинг ўттиз учинчи санасига ҳам етибмиз”, дейман газеталарнинг биринчи саҳифаларида порлаб турган рақамларга қараб. Яна нималарнидир ахтараман. Қувонишга, фахрланишга сабаб топилаверади.
“16561 хотин-қизларга бандликни рағбатлантирувчи субсидия ажратилди…”, “…67073 нафар тадбиркор хотин-қизларга уларнинг бизнесини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар берилди…”, “Биринчи ярим йилликда республика бўйича жами 2 триллион 895,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилди…” Ярим йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилишида келтирилган бу рақамлар ҳазилакам рақамларми?.. Бу залворли рақамлар орқасида қанчадан-қанча опа-сингилларимизнинг ҳаёт китобига ёзилаётган умидбахш сўзлар бор. “Менинг ҳам қўлимдан иш келар экан, кимнингдир кўзи, қўлига термилмай, фарзандларимни ўзим таъминлай оламан”, тарзидаги ўзига ишонч, “Қўлловчимиз бор, йиқилмайман”, деган таскин бор.
Аслида, ижтимоий тармоқларга жуда ҳам боғланиб яшамайман. Чуқур кириб кетмайман ичига. Таъсирига тушишдан қўрқувим йўғ-у, вақтимни бергим келмайди. Лекин айни пайтдаги кайфиятимда ижтимоий тармоқларни ҳам кузатгим келади. Ахир юқорида келтирганим ва яна шу саноқларнинг давоми бўлган мана бу “…735 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандларини соғлом ҳаётга қайтариш (жарроҳлик операциялари ва даволаш) чоралари кўрилиб, бу мақсадлар учун 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди…” деганга ўхшаш маълумотларнинг ҳам ижтимоий тармоқларда акс-садолари бўлиши керак-ку.
Хуллас, ижтимоий тармоқлар оралаб кетаман. Парижда ўтаётган ёзги Олимпиада ўйинларида Диёра қизимизнинг қўлга киритган ғалабаси бутун мамлакатимизни оёққа қалқитгандай гўё. Бўлар экан-ку. Миллатни мана шундай буюкликлар бирлаштиради-да асли. Бор экансан-ку, ўзбегим, сенга бир бўлиб қувонмоғинг учун шундай катта қувончлар керак экан-да, дейман такрор-такрор…
Аммо… табрикларга тўла ёзувлар орасидан бошқача бир оҳангдагилари ҳам келиб чиқа бошладики, уларга жавоб бериш кераклигини ҳис қилдим.
“…Камбағалликдан чиқариш учун товуқ беришган эди, сўйиб еб бўлдик. Хўш, энди нима қиламиз? Мени тўрт болам билан ким боқади? Эрим “Менбоп иш йўқ. Болани кўпайтирган ўзинг… Энди бу ёғини ҳам ўзинг эпла, дейди”. Аёлнинг ноласи шу нуқтада тугамаган, кимдандир, нимадандир норози…
Ўша товуқни беришаётганда, мақсад аёлга тушунтирилган бўлса керак. Шунинг учун мен ҳам “Ундай қилишингиз керак эди, бундай қилсангиз, тўғри бўларди”, деб маъруза ўқимоқчи эмасман. Балки, ҳеч ким ҳеч нарса бермаган, банданинг Худодан бошқа хабар олувчиси бўлмаган замонлардан сўз очмоқчиман.
Отамиз жуда эрта бандаликни бажо келтирганлар. Учта ўсмир ука, учта ўсмир қайнука, қайнона ва она, биз — уч нафар бола онамнинг гарданига қолганмиз. Онамнинг муаллимликдан олган маоши етмаса керак-да, томорқага куч берардик. Баҳорда ипак қурти боқардик. Тоғаларим, амакиларим аллақайси курсларда ўқишар, кими дурадгорга, ким машина таъмирчисига шогирд эди. Сал қўлим ишга келганданоқ дала меҳнатига кириб кетганман. Қуёш кўтарилмасдан туриб дарс пайтигача пиёз, сабзи ўтоққа тушардим. Сабзини-ку ўтириб ўтоқ қилинади. Пиёз бир бош кўтарилгандан бошлаб туриб ўталиши керак. Чунки босилса, бош боғламайди. Бунинг устига, бўй тортган сари ҳиди ўткирлашади. Мактабга бориш керак, “Кўйлагимдан пиёз ҳиди келса, ҳеч ким мен билан ўтирмайди”, деб йиғлардим. Тушдан сўнг мактабдан хўжаликнинг ишига олиб чиқилгани учун томорқани эрталаб эплаш керак эди. Болалигимни эсласам, ҳамма нарсадан олдин уйқуга зор ўтганларим ёдимга келади. Қурт даҳага кирганида яна бир азоб. Мактаб пайтигача амакиларим, тоғаларим тут дарахтидан кесиб келган шохларни текислаш, ғадир-будур жойларини болтада кесиб ташлаб, ундаги яккам-дуккам баргларни буташ, кечаси барг солишга туриш, ғонаш — шу каби юмушларнинг барчасида ҳамиша онамнинг ёнларида эдим. Синглим бола, бунинг устига, тоби йўқ, аярдик. Акам саккизинчини тугатиб, техникумга кирди, ўзи билан ўзи овора… Томорқада ишлаш тугул, даламизда етиштирилган кунгабоқарларни ситиб, қуритиб, катта қозонларда қовуриб, бозорда ўтириб стаканлаб сотганман ҳам.
Онамнинг чеварчилиги ҳам бор эди, кечалари дафтар текширишдан ортиб, буюртмага кўйлаклар тикарди. Шундай тиришиб, тирмашиб тирикчилик қилсак ҳам, бизни ҳеч ким ҳеч қандай рўйхатга қўшмаган. Нафсиламрини айтганда, бундай рўйхатнинг ўзи бўлмаган. Ҳар ким ўз кўмочига ўзи кул тортган. Ўша ҳукумат томонидан тирикчилик учун берилган товуқни еб бўлиб, энди бу ёғига яна емиш умидида оғиз очаётган аёлга битта ўзимнинг оиламда кўрганларимни айтгим келди. Биз каби оилалар каммиди ўша пайтда, кўп бўлса кўп эдики, асло кам эмасди. Ҳукумат деганлари ҳам йўқ эмасди, лекин бирорта хонадонга бирорта одам “Болаларингнинг кунига ярат”, деб қўй етаклаб келганини, ҳатто икки кафтингни бирлаштирсанг, сиғиб кетадиган қуён олиб келганини эслай олмайман.
Берганига, ташлаб қўймаганига, номинг саноқларда борлигига шукур қилиш керак эмасми?..
Шу тарздаги бироз аламли саволлар билан яна кўзим ёзувлар аро югуради.
“Чеварликни ўрган, сартарошликни ўрган, бепул ўқитамиз”, дейишиб кун ора маҳалладан киришади. Мен қизимнинг қора иш қилишини истамайман. Муниса Ризаевадай санъаткор бўлишини, иномаркаларда юришини истайман. Маҳалла қўлидан келса, шуни қилиб берсин”.
Ана, холос! Осмондамиз-ку. Муниса Ризаева бўлиб, иномарка миниш учун, аввало, истеъдод керак. Келинг, яхшиси, яна насиҳатдан қочаман. Яна орқага қайтаман. Боя айтганимдай, биз дарсларни чала-чулпа ўқиб, хўжалик даласига ишга чиқардик. Қатқалоқ юмшатишга, барг етмай қолган хонадонлар учун тутқаторлардаги тутларнинг уч-учларида қолиб кетган бир-икки шохларни амаллаб кесиб йиғиб келишга, яганага, чеканкага, теримга, қишда жўякларни бузиб, ер текислашга… Лекин шунда ҳам ўқишга ҳавасимиз кучли эди. Балки, ана шу қора меҳнатлардан қочиб, муаллимами, шифокорми бўлишга ҳавасманд эдик. Аммо менга ўхшаган зиёли оилаларнинг бир-иккита фарзандигина институтларга кета олган. Синфимизда йигирма тўққизта тугатган бўлсак (шундан еттитаси ўғил бола эди, холос), учта қиз институтларда ўқиганмиз. Жуда кўпи бошқа касб-кор ҳам қилмади. Кейинчалик учрашганларимизда синфдош қизларнинг қанчаси, ҳатто мактабда яхшигина ўқиганлари ҳам: “Тупроқнинг остида қолиб кетдик”, деб йиғлаганлари эсимда, юракларим эзилган. Бундай эзилишларни бугун матбуотимизда эълон қилинган расмий маълумотлардаги “…64274 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди, 30030 нафари тадбиркорликка ўқитилди” деган рақамлар билан қиёсласак, ҳақиқий манзара намоён бўлади-қолади. Қизини чеварликками, сартарошликками бепул ўқитиш учун сўраб келишибдими, бунинг учун дўппини осмонга отиш керак, назаримда. Агар бошқача лаёқати бўлса, улар ҳам ташлаб қўйилгани йўқ.
Яна расмий маълумотларга юзланамиз. “…Олий таълимда таҳсил олаётган талабалар орасида хотин-қизларнинг улуши 50,1 фоизга етди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 18481 нафар, камида беш йил меҳнат стажига эга, олий маълумотли бўлмаган 4587 хотин-қизларга ўқишга кириш учун тавсияномалар берилди”.
Мана сизга шукроналикка асос бўладиган яна бир қўллаб-қувватлаш…
Тўғри, мен ижтимоий тармоқлардаги барча эътирозлар устидан чизиқ тортмоқчи эмасман. Улар орасида қайсидир маҳаллий раҳбарларнинг бепарволигидан шикоятлар, ободончилик билан боғлиқ нуқсонлар ҳақидаги фикрларга ҳам тез-тез кўзимиз тушади. Балки, бу ёзмишларда, чиндан ҳам эътибор берилиши керак бўлган жиҳатлар бордир. Катта миллат, катта халқмиз. Энди ўттиз уч йил озод яшаяпмиз. Лекин шу фурсатда ҳам одамлар учун, айниқса, аёллар, ёшлар учун қилинаётган эзгуликлардан кўз юмиб бўлмайди-ку. Ҳаракат қилган инсоннинг қўлида маблағи бор. Таълим, тарбия, тиббиёт… барча жабҳаларда ислоҳотлар кетяпти. Бирор йўналиш турган жойида депсиниб тургани йўқ. Қолаверса, ҳаётни ҳаракатга келтирувчи кучнинг ўзи халқ-ку. Бизмиз-ку. Нега аксариятимиз ўзимиз учун ўзимиз ҳаракат қилмаймиз, ғойибдан кутаверамиз, японларга, немисларга оғзимизнинг суви келаверади? Уларнинг қилган ақлий, жисмоний меҳнати кўламини ҳам бир тасаввур қилиб кўрайлик… Чойхоналарсиз, ошларсиз, тўйларсиз, сарпо-суруқсиз, фақат инсон омилини кучайтириш учун қилган, қилаётган ҳаракатларини…
Ўтлаб кетдимми, ижодкорман-да, ҳис-туйғулар етаклаб кетаверади. Аслида, бугун қўлимга Сиз — азизларни тобора яқинлашиб келаётган умримиздаги энг гўзал байрам — Мустақиллик байрами билан табриклаб, кўплар ета олмаган, кўплар йўлларида жон берган бу байрам учун шукронага чорлаш ниятида қалам олган эдим. Академик шоиримиз Ғафур Ғулом ҳазратлари: “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди”, — деганлар-ку.
Шукур, тўрт фасл қуёш бошимизда, ёмғирлар дарёларимизни бир қадар сувга тўлдирди, ерга чўп қадасак, гул бўлиб кўкаряпти, уруғ сочсак, ризқ бўлиб уняпти. Меҳнатдан қочмаймиз, уқувимиз бор. Ақлу заковатимиздан ҳам нолимаймиз. “Халқим…” дегувчиларимиз, сўрагувчиларимиз бор. Шундай экан, бу ғанимат дамларга ношукурчилик увол. Ғайрат, рағбат, ҳаракат, шахту шиддат ярашади бу кунларга. Шундай эмасми?..
Қутлибека РАҲИМБОЕВА