У биз учун ҳамиша тирикдай…

ёхуд кўпчиликка “Жўра!” ёки “Отагинам!” деб мурожаат қилган таниқли журналист Қурбон Эшматовни эслаб…

Журналистларнинг севимли гўшалари

Тошкентнинг қоқ марказида ўзига хос ташқи кўриниши, меъморий тузилиши, кўрки ва салобати билан алоҳида ажралиб турадиган иккита муҳташам бино бор.

Биринчиси ўн олти қаватли ва тепасига узоқлардан кўриниб турадиган соатлар ўрнатилган бўлиб, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ёнида, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри ва собиқ “Тошкент” меҳмонхонаси яқинида қад ростлаган. Мутахассислар эътирофича, у кўҳна ва азим шаҳримизнинг тарихий архитектурасини, жумладан, ўта муҳим “модернизм” ёдгорлиги қиёфасини акс эттиради ва роппа-роса ярим асрдан буён пойтахтимиз рамзи саналади.

Сал наридаги Амир Темир хиёбонига туташ ерда жойлашган етти қаватли иккинчи иморат эса Матбуот уйи, журналистлар тилида “Газеталар мажмуаси” дейилади. Зеро, унда 40 йилдан буён кундалик ва ҳафталик турли босма нашрлар таҳририятлари фаолият юритиб келаётган эди.

“Келаётган эди” деб ўтган замон давом феълида айтаётганимиз бежиз эмас. “Матбуотчилар уйи” бугун таъмирлашда. 7 қаватли улкан мажмуада жойлашган таҳририятлар эса турли жойлардан қўним топишган. Қайдам, вақт-соати келиб “Газеталар мажмуаси”да яна ҳаёт қайнар. Салкам 103 йиллик тарихга эга бўлган, ўтган аср ўрталарида республика газеталарининг бирлашган нашриёти, Мустақиллик даврида дастлаб “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА жойлашган 16 қаватли бинода ҳам бир пайтлардагидек газета-журнал таҳририятлари фаолият юритмайди.

Майли, бу гаплар ўз йўлига. Ушбу биноларнинг келгуси тақдири қандай кечишидан қатъи назар, ҳар иккала иншоот ҳам ўзбекистонлик журналистлар учун ўта қадрли ҳисобланади ва узоқ йиллар одамларнинг хотирасида сақланиб қолади. Чунки улар жуда кўплаб катта-кичик қаламкашлар учун том маънода севимли гўшага айланганди. Жумладан, Матбуот уйида республика миқёсида чиқадиган кўплаб газеталарнинг, шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилояти нашрларининг таҳририятлари жойлашганди. Уларда ишлайдиган юзлаб журналистлар ҳар куни бир эшикдан кириб чиқишар, тўртта лифтдан фойдаланишар, ёнбошда жойлашган ошхоналарда овқатланишарди. Бундан ташқари, иш жараёнида хоҳ хоналарида, хоҳ даҳлиз ёки ҳовлида бўлсин, ўзаро гурунглашар ва жиддий масалалар юзасидан маслаҳатлашардилар. Бир-бирларининг тўй-маъракаларида ҳам қатнашиб, шодлигу қувончларини ўзаро баҳам кўрардилар. Алқисса, гарчи турли таҳририятларда ишласалар-да, бир жамоа аъзоларидек, таъбир жоиз бўлса, бамисоли туғишган ака-ука ва опа-сингиллардек аҳил-иноқ бўлиб кетишганди.

Энг муҳими, ушбу табаррук даргоҳлар том маънода миллий журналистикамизнинг ўчоғига — бетакрор мактабига айланди. Инчунин, ҳар иккала бинода жойлашган таҳририятларда ўтган давр мобайнида минглаб кишилар меҳнат қилди. Улар орасидан заҳматли ва ҳалол меҳнати ила элга танилган талай забардаст журналистлар, таниқли шоир-ёзувчилар, ҳатто олимлар, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиқди. Сирасини айтганда, бу биноларда умри ўтганларнинг аксарияти миллий матбуотимиз ривожига катта ҳисса қўшдилар.

“Бизким, тенг қават эгалари…”

Омадимиз кулиб боққанини қарангки, Қурбон Эшматов ва менга ҳам ўша улуғ даргоҳларда не-не улуғ устозлардан журналистика сир-асрорларини ўрганиш, сўнгра уларнинг этагидан маҳкам тутиб, ўзимизга билдирилган ишончини оқлаш мақсадида астойдил ишлаш ва муайян ютуқларга эришиш бахти насиб этди.

Мен Қурбон Эшматни ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошидан танирдим. Ўшанда у соатли бинонинг 13-қаватидаги “Ёш ленинчи” (кейинчалик “Туркистон”, “Ёшлар овози”), мен эса бир қават юқоридаги “Тошкент ҳақиқати” газетаси таҳририятида ишлардим. Биримиз Сир соҳилидаги, иккинчимиз тоғли ҳудуддаги қишлоқда туғилиб ўсганимиз учунми, ўзаро самимий муносабатда бўлар, доимо сенлашиб ва кўпинча ҳазиллашиб гаплашардик. Гоҳо бинога кираверишда ёки лифт олдида, гоҳо ошхона ёки зинапояда учрашиб қолсак, Қурбон: “Ҳой, юқори қаватти баласи, қалайсан?” деб сўрарди. Ўз навбатида, мен ҳам бўш келмасдим, “Пастда нима гаплар? Камчиликлар кўпми? Кўп бўлса, мени безовта қилмай, ўзинг ҳал этавер”, деб қўярдим.

Орадан икки йил ўтар-ўтмас, барча газеталар таҳририятлари янги бинога — Матбуот уйига кўчиб ўтди. Бу сафар ҳам олдинги ҳолат такрорланди: ёшлар газетасига бешинчи қаватдан, вилоят нашрига еттинчи қаватдан жой тегди. Энди Қурбон Эшмат билан бошқалар олдида учрашиб қолсам, у мен билан жўрттага чап қўлини кўксига қўйганча эгилиб кўришар ва “Ўсишинг чакки эмас, бирданига мендан икки қават юқорига чиқиб олдинг-а”, дер эди. Ортидан “Фақат эсингда тут: оёғинг ердан узилмасин, отагинам!” деб қўшиб қўярди. Мен ҳам хуштавозе билан “Хўп бўлади, бўтам! Ҳар қанча дардинг бўлса, тортинмасдан менга айтавер, ҳаммасига бир зумда чора топаман”, дея жавоб қайтарардим.

1985 йил ёзида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига ишга ўтдим. Бу ҳафталик нашр таҳририяти учинчи қаватда эди. Шунданми, ҳамон бешинчи қаватда ишлаётган Қурбонга жон кирди. Энди у атай қаддини ғоз тутиб, виқор билан қўл учида кўришадиган ва “Пастда халқаро вазият қандай, жўра? Мабодо, мендан ёрдам керакмасми?” дейдиган бўлди. Мен ҳам темирни иссиғида босиш пайида бўлардим: “Шу десанг, юқори қаватда ишлаётганлар орасида босар-тусарини билмай қолган кўзойнакли битта бола бор. Унинг танобини тортиб, сал пастроққа тушириш керак”. Қурбон гап ўзи ҳақида кетаётганини билиб турса ҳам, билмасликка олар ва “Бўлли, жўра! Бу масала билан шахсан ўзим шуғулланаман”, дер эди.

Ажабки, орадан кўп ўтмай у “ваъда”сининг устидан чиқди, яъни бешинчи қаватдан “Ўзбекистон овози” таҳририяти асосий қисмини банд этган учинчи қаватга “шўнғиди”. Қарабсизки, иккимиз битта қаватда ишлай бошладик. Энди “юқори қават” ва “пастки қават” деган гапларни ишлатмайдиган, бошқалар олдида ва улфатлар даврасида ўзимизни “Бизким, тенг қават эгалари” деб атайдиган бўлдик.

Аммо янги аср арафасида Қурбон менга нисбатан “номардлик” қилди. Аниқроғи, яқинда қаршимиздаги қадимий бинодан Матбуот уйининг еттинчи қаватига кўчирилган “Халқ сўзи”га ишга ўтиб олди. Лекин, тан олиш керак, бу таҳририятда ҳам баракали ижод қилди. Чунончи, 1999 йил 16 февралда Тошкент шаҳрида содир этилган портлашлар ва уларнинг хунук оқибатлари хусусида туркум мақолалар ёзди. “Жасорат” медали билан тақдирланди.

Албатта, мен ҳам кам бўлмадим, “Шуҳрат” медали билан мукофотландим. Лекин барибир ҳали пастки қаватда бўлганим учун Қурбоннинг тили узунроқ, меники қисиқроқ эди. Ахийри бўлмади, 2000 йил бошида гардкамига иш тутиб, “Халқ сўзи” ходимлари сафига қўшилдим. Қарабсизки, иккимиз яна “тенг қават эгалари”га айландик.

Жўшқинликдаги тўқҚиз йиллик фаолият

Мен бу жамоада тўққиз йилдан ортиқ ишладим. Қурбон Эшмат билан анча вақт битта бўлимда ва битта хонада фаолият юритдим. Худда ўша кезлар бу дўстимни ўзим учун қайтадан кашф қилдим. Авваллари уни софдил, доимо қувноқ кайфиятда юрадиган, ҳазил-мутойибани яхши кўрадиган, дилкаш суҳбатлари билан давраларга файз киритадиган йигит, серфарзанд оила бошлиғи, ғамхўр-меҳрибон ота сифатида танирдим. Ҳамкорликда ишлаган пайтларим эса булардан бошқа яна бир талай инсоний фазилатларга ҳам эга эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

Қурбон, аввало, бағрикенг, очиқкўнгил, дилида заррача кири йўқ, каттаю кичик билан бир хил хушмуомалада бўладиган самимий инсон эди. Айниқса, ҳақ гапни дангал айтиши, мардлиги ва тантилиги, садоқатлилиги ва одамгарчилиги билан ажралиб турарди. Ориятни ва ҳалолликни ҳамма нарсадан устун қўяр, бошқаларга қўлидан келганича кўмаклашиш пайида бўларди. Ҳеч қачон иккиюзламачилик ва сотқинлик қилмас, бошига оғир кунлар тушган қадрдонларини ташлаб кетмас, бўҳтонлару таъна-маломатларга гирифтор бўлганларидан воз кечмас ва уларни ёлғизлатиб қўймасди. Шу боис дўстлари ҳам, шогирдлари ҳам бисёр эди.

У журналист сифатида ҳам ўз услубига эга, серқирра ва сермаҳсул, қатъиятли ва жасоратли ижодкор эди. Бирор топшириқни бажарадиган, айниқса, танқидий ёки танқидий-таҳлилий мақола ёзадиган бўлса, зинҳор-базинҳор шошилмас, фақат бир томоннинг гап-сўзларига ишониб, иккинчи томонни кўр-кўрона танқид қилмасди. Олдин ўзи танлаган мавзуни ҳар томонлама чуқур ўрганар, далил-рақамларни қайта-қайта текширар, уларнинг тўғрилигига қатъий ишонч ҳосил қилгандан кейингина қўлига қоғоз-қалам оларди. Фикр-мулоҳазаларини эса содда ва равон тилда аниқ-лўнда қилиб ифодаларди. Ана шундай саъй-ҳаракатлари ва изланишлари самараси ўлароқ, унинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-ахлоқий мавзулардаги публицистик мақолалари ҳам, суд очерклари ҳам газетхонлар томонидан катта қизиқиш билан ўқилар ва таҳририятимизга нажот истаб келувчилар сони янада кўпайишига сабаб бўларди.

Менимча, шу ўринда яна бир муҳим гапни эслатиб ўтиш жоиз. “Халқ сўзи”да ишлаган йилларимиз аксарият жамоадошларимиз сингари Қурбон иккимиз ҳам ранг-баранг мавзуларда қалам тебратдик. Шунингдек, айрим ҳамкасбларимиз қатори ўша кезлар миллий матбуотимизда пайдо бўлган ва жадал ривожлана бошлаган “Журналист суриштируви” жанрида мақолалар ёзишга киришдик. Айни йўналишдаги чиқишлар эса, ноҳақликка учраган кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани, таҳлилларга бойлиги билан бошқа мақолалардан кескин фарқланарди. Моҳиятан одамларни жамиятда рўй бераётган воқеалардан вақтида бохабар қилиш ва фикрлашга даъват этиш, аҳолининг дунёқараши юксалиши, ҳақиқат қарор топиши, мамлакатимиз обрў-эътиборини ошириш ва миллатимиз нуфузини мустаҳкамлаш учун хизмат қиларди. Бу, ўз навбатида, суриштирув олиб борадиган журналистлар зиммасига катта масъулият юклар эди. Аниқроғи, уларнинг олдига теран фикрлай олиш қобилиятига ва бой тажрибага эга бўлиш, шошма-шошарлик ва бирёқламаликка йўл қўймаслик, сабр-тоқат билан холисона иш юритиш, ҳар қандай ҳолатларга шай туриш талабини қўярди.

Табиийки, биз ҳам таҳририятга келган шикоят хатлари асосида текширишлар ўтказиб, танқидий мақолалар тайёрлашда ана шу тамойилларга қатъий риоя қилдик. Уларда мутасадди ташкилот-идораларнинг айрим ходимлари йўл қўйилган хато-камчиликлар ва қонунбузарликларни, турли соҳаларда рўй берган адолатсизликларни имкон қадар фош этишга уриндик. Натижада адолатсизлик қурбонига айланган бир қанча кишиларга ёрдамимиз тегди. Қай бирлари оқланиб озодликка чиқишига, қай бирлари ўзига тегишли мол-мулкини қайтариб олишига ёки ишига тикланишига, озми-кўпми, ҳисса қўшдик. Эвазига кўпинча раҳматлар эшитиб роса қувонган, баъзан эса мақоламизда танқид қилинганларнинг асосли-асоссиз эътирозлари гирдобида қолган, ёзганларимиз тўғрилигини исботлаш учун тегишли идоралару судларга қатнаб, ҳафталаб-ойлаб қаттиқ изтироб чеккан пайтларимиз ҳам кўп бўлди.

Сув тоғни емиради, туҳмат — одамни

Бир сафар анча муқаддам ножўя ишлари газетамизда фош этилган собиқ амалдор “Мен ўзим ҳақимда танқидий мақола ёзмаслиги учун Эшматовга биров орқали пул берганман”, деб арз қилди. Бу масала билан шуғулланиш каминага топширилди. Мен масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, бир нечта саволни ўртага кўндаланг қўйдим.

Биринчидан, агар ўша киши айби бўлмаса, нима учун газетада танқид қилинишидан қўрқди ва нега мақолани чиқармаслик учун журналистга пул берди? Иккинчидан, кимдандир манфаат кўриб, оғзи мойланган мухбир нуфузли нашрда унинг қилмишлари ҳақида танқидий чиқиш қилиши мантиққа тўғри келадими? Учинчидан, ўша одам не сабаб мақола чоп этилган пайтда эмас, орадан бир неча ой ўтиб, аниқроғи, таҳририятимизнинг такрорий огоҳлантиришидан сўнг масала мутасадди ташкилотлар томонидан муҳокама қилиниб, ишдан ҳайдалгач, шикоят ёзди? Энг ажабланарлиси, бу хусусда олдин ҳам, кейин ҳам нега тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмади? Ёки у пора берган ва олган ҳам, ўртадаги воситачи ҳам жавобгарликка тортилишини, юзага келган ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни вақтида хабардор қилган шахс эса жазоланмаслигини билмасмиди?

Юзма-юз суҳбатимиз чоғи шикоятчи бу саволларнинг бирортасига ҳам тайинли жавоб беролмади. Лоақал пора сифатида қачон, қаерда, кимнинг воситачилигида ва қанча миқдорда пул берганини аниқ-тиниқ айтолмади. Туҳмат қилгани учун журналист ва таҳририят уни судга бериши ҳам мумкинлигини эшитгач, илкис ҳушёр тортди. Пировардида аламзадалик ҳис-туйғуларига берилиб, адашганини тан олди. Биздан узр сўраб, шикоят хатини ҳисобдан чиқаришимиз тўғрисида тилхат ёзиб берди. Ана шундан сўнггина бир неча ҳафтадан буён асабийлашиб ва ҳафсаласи пир бўлиб, қўли ишга бормай юрган Қурбон жўрам қайтадан қаддини ростлади.

Ёмонлик — ҳар кишидан, яхшилик — эр кишидан

Буни қарангки, мавриди келиб, Қурбонни қийнаган можарога ўхшаш ташвиш ўзимнинг ҳам бошимга тушди. Бу маломат тоши ташқаридан эмас, ичкаридан отилди. Биз билан битта бинода ишлайдиган ҳамкасбларимиздан бири “Олис вилоятда яшовчи ёш болали келишган аёл бу йигитнинг олдига жа-а серқатнов бўлиб қолди. Ўртада нимадир бор-ов…” мазмунида фикр билдириб, ўзича мени тамагирга йўйибди. Бу гап бизнинг жамоадошларимиз қулоғига ҳам чалинибди.

Тўғри, мен ўша аёлни танирдим. Унинг ёшгина эри ўзи атиги бир ойгина ишлаган корхона раҳбарлари ва бир неча ҳамкасби билан бирга судланиб, муайян муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Мен ўша ишни синчиклаб ўрганиб, адолатсизлик содир бўлганини аниқлаган ва шу асосда мақола тайёрлаётгандим. Маҳкумнинг турмуш ўртоғи эса шу вақт оралиғида икки бор пойтахтдаги нуфузли идоралар масъуллари қабулида бўлди. Улардан қониқарли жавоб ололмагач, таҳририятимизга келиб, “Эримнинг иши нима бўлаяпти?” деб сўради. Мен тўрт яшар боласи билан ёлғиз қолган, боқувчиси йўқлиги туфайли моддий аҳволи анча танглашган бу жувоннинг илинжини ҳам, аҳволини ҳам тушундим. Шу боис иккала сафар ҳам ҳаммаси жойида бўлишини айтиб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдим. Азбаройи ачинганимда пастга тушиб ўғилчасига ул-бул ширинликлар олиб бердим ва иккисини таксига ўтиргизиб кузатиб қўйдим.

Ажабки, қайсидир ғаламис кимса беғараз ниятдаги бу ишимни тескари талқин қилибди. Устига-устак, доимо бизнинг ишимиздан хато излаб юрадиган бир ҳамкасбимиз гўёки менга ён босгандек бўлиб, у айтган гапларни оқизмай-томизмай ўзимга етказди.

Хуллас, ўша куни эрталаб фавқулодда “янгилик”дан огоҳ топиб, ишхонада жиғибийрон бўлиб ўтиргандим. Бир маҳал Қурбон Эшмат кириб келди. Мен билан сўрашиб, жойига чўкар-чўкмас, “Ҳа, тинчликми, ўртоқ Ҳайдар-ов?” деди (у ҳазиллашиб менинг фамилиямни шундай талаффуз қиларди, мен эса унга “Эшмат-оп” деб мурожаат қилардим). Бўлган воқеани айтгандим, астойдил жаҳли чиқиб, “Уҳ, аблаҳ!” дея столни қаттиқ муштлади. Сўнгра шахт билан ўрнидан турди-да, тўғри Бош муҳарриримиз Аббосхон Усмоновнинг кабинетига йўл олди. Мен унинг ортидан ҳойҳойлаганча қолавердим.

Кейин эшитишимча, Қурбон Аббосхон аканинг ҳузурига кириб, бор гапни рўйирост айтибди. “Мен бу жўрамнинг ҳамма хатти-ҳаракатидан ипидан-игнасигача хабардорман, ўша аёл билан хонамизда нима ҳақда гаплашганини ҳам биламан. Агар у тамагир бўлганида, одмигина костюм-шимда ва бир неча йиллик туфлида юрармиди? Шу гапни айтганларга ўхшаб башанг кийинмасмиди? Аслида, унинг ўзига ғирт бегона ўша ночор аёлга ва боласига ҳиммат кўрсатиб, уларни кузатиб қўйиши одамгарчиликка киради-ку!” дебди.

Ҳаял ўтмай, Аббосхон ака мени ҳузурига чорлаб: “Бунақа гап-сўзларга парво қилманг. Ҳуда-беҳуда асабийлашиб, кўнглингизни чўктирманг. Биз сиз қандай инсон эканлигингизни жуда яхши биламиз, ука!” деди.

Бу таскин-тасаллидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Масалага одилона ёндашгани ва менга нисбатан ишончини йўқотмагани учун раҳбаримизга миннатдорчилик билдирдим-да, унинг хонасидан яхшиликка яхшилик ила жавоб қайтарган Қурбон билан қўлтиқлашиб чиқиб кетдим. Аммо шу тобда кўзларимга ёш қалқиганини ҳеч кимга сездирмадим…

Дўстимнинг ушалмай қолган орзуси

Вақти-соати келиб, раҳбарият янгиланди, вазият ўзгарди. Журналист суриштируви жанри четга сурилди. Алал-оқибат, тақдир тақозоси билан олдин Қурбон, сўнгра мен ишдан кетдим. Лекин, Худога шукур, кўчада қолмадик. Дебочасига биримиз ўша мажмуадаги “Солиқ ва дунё”, биримиз “Суҳбатдош” газетасига бош муҳаррирлик қилдик. Шунингдек, қўшни биноларда жойлашган “Инсон ва қонун” газетасида ҳамда “Муштум” журналида меҳнат қилдик. Кейин эса ўнлаб устозлар, шогирдлар ва дўстлар орттирган, умримизнинг салкам ўттиз йили ўтган, яхши-ёмон кунларимизнинг шоҳиди бўлган, ўз уйимиздек муқаддас гўшага айланиб қолган даргоҳни тарк этдик. У “Фермер” журналида, мен “Истеъмолчи” газетасида ишлай бошладим. Бу нашрлар таҳририятлари Навоий кўчасида жойлашган, ораларидаги масофа атиги 400-450 қадам эди. Бинобарин, икковлон тез-тез учрашиб ва суҳбатлашиб турардик.

“Истеъмолчи” газетаси, асосан, собиқ давлат мулк қўмитаси фаолиятини ёритадиган “Биржа” ҳамда “Менинг мулким” газеталарига қўшиб юборилгач, биз аввалига ўша ташкилот жойлашган Ислом Каримов кўчасидаги 51-уйга, сўнгра Амир Темур кўчасидаги 6-уйга кўчиб ўтдик. Шунда ҳам Қурбон билан алоқамиз давом этди. Коронавирус балоси роса қутурган пайтларда эса тез-тез телефонлашиб турдик. Аммо…

2020 йил август ойи охирларида қўнғироқ қилгандим, у ўзи туғилиб ўсган Оммағон қишлоғига бориб хасталикка чалиниб қолганини ва илк муолажани Шаҳрисабзда олганини, айни дамларда Қарши шаҳридаги шифохонада даволанаётганини айтди. Сўнгги бор хабарлашганимда эса алланечук хушкайфиятда ва баланд-ўктам овозда “Аҳволим анча яхши! Худо хоҳласа, эрта-индин шифохонадан чиқаман”, деди.

Афсус, унинг бу орзуси ушалмади. Икки кундан кейин кечки пайт “Қурбон Эшматов 62 ёшида вафот этди. Жанозаси Тошкентда ўқилади, у ҳаётдан жуда эрта кўз юмган қизининг қабри ёнига дафн этилади” деган нохуш хабардан тошдек қотдим. Эртаси куни эрталаб минг бир ғам-ғуссага ботиб, қабристон сари отландим…

Мана, ўшандан буён орадан тўрт йилдан ортиқ вақт ўтди. Лекин, менинг назаримда, Қурбон ўлмагандай, ҳамон тирикдай. Қачонки, иккимизга яқин бўлган дўстларимиз билан учрашиб ва суҳбатлашиб қолсам, у ҳам шундоққина рўпарамизда ҳеч кимнинг кўнглига қаттиқ ботмайдиган беғараз ва беозор ҳазил-ҳузуллари билан даврамизга файз киритиб ўтиргандай туюлаверади. Ва ишончим комилки, то тирик эканмиз, бундан кейин ҳам биз учун шундай бўлиб қолаверади…

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × one =