“Суратлар – менинг ҳаётим, кундалигим”

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур билан суҳбат
Истеъдодли рассом, рангтасвир устаси Акмал Нур 1959 йил 27 февралда Наманганда туғилган. У Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми,“Фидокорона хизматлари учун”, Япония императорининг “Чиқаётган қуёш” ордени соҳиби ҳисобланади. 2022 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистон Бадиий академияси раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. Унинг “Ичимдаги ичимдадир”, “Лайли ва Мажнун”, “Бошланиш” асарлари машҳур.— Энг аввал, ижодкорлик тўғрисида савол билан юзланмоқчиман: суратларнинг тилга кириши, унга қараган одам бир асарни ўқигандек бўлиши, тасаввур олами кенгайиши учун ижодкордан нима талаб этилади? Рассом бўлиб шаклланишда инсон нималарга эътибор бериши керак?

— Икки карра икки тўрт аниқ-тиниқ мисол каби ечим бўлганида, рассомчилик соҳасида таълим олган кўплаб талабаларимиз, тасвирий ижодга озроқ қизиққан одамлар ҳам катта рассом бўлиб кетар эди. Минг афсуски, “Мана шундай йўл тутса, шу ишларни қилса, рассом ўз томошабинига эга бўлади”, деган аниқ қонун йўқ.
Бу — ҳис-туйғулар дунёси. Шунинг учун рассом ўзини алдамаган ҳолда матога кўнгил битикларини тушириши, аниқроғи, битиши керак. Томошабин эса кўнгилдан чиққан асарнигина кўнгил кўзи билан ўқий олади. Бугун жамиятнинг ҳар бир аъзосида турли сабаблар билан катта-катта муаммолари, дардлари, айтолмаган гаплари, тугатолмаган ва охири йўқ ишлари бор. Шуларга ечим бера оладиган, дардларига малҳам бўла оладиган асар яратиш, тақдим этиш керак. Имкон қадар томошабинни нореал ёки хаёлий, илоҳий дунёга олиб кириш керак. Шундагина томошабин асарда яшайди, уни тушунади, оз бўлса-да таскин топади. Натижада ижодкор ва томошабин ўртасидаги мулоқот юзага келади.
— Рассомчилик Сиз учун, бир ифода билан билдирганда, нима? Касбми, кўнгил ишими ёки бошқа?
— Бунга аниқ жавоб бериш қийин. Чунки рассомчилик менинг ҳаёт тарзимга айланиб қолган. Мен усиз яшолмайман, десам, жуда ҳам муболаға бўлар-у, шунга ўхшаш бир ҳолат… Балки, инсон ижод қилмай ҳам яшар, лекин қийналиб, бўғилиб яшаса керак деб ўйлайман. Шоирни олсак, кўнглига келган сатрларни қоғозга туширолмаса, қўли кесилгандек бўлади. Шу каби рассом ҳам чизмаса тура олмайдиган бўлиб қолади. Суратлар — кўнгил битиклари, хаёлдан ўтаётган, ўзи кўрмоқчи бўлган ҳаёт ифодаси. Рассомчиликни касб дейиш ҳам бироз хато, назаримда. У кўнгил иши, Аллоҳдан берилган дард ва кислород. Усиз нафас ололмайсиз, яшай олмайсиз.
— Ижодкор учун яратган ҳар бир асари фарзандидек қадрли. Сиз учун шу “фарзанд”ларингиздан қай бири севимлироқ?
— Энг оғриқли савол. Чунки бадиий асар — у шеър бўладими, проза бўладими, ижодкорнинг фарзанди. Маълум йиллар худди она фарзандини тўққиз ой кўтариб юриб, ниятлар қилиб, азоблар билан дунёга келтиргани каби ҳолатлардан ўтиб, асар яратилади. Мен бозорчи рассомлар ҳақида айтмаяпман. Уларни ёмонлаш ниятим ҳам йўқ, тирикчилик қилишяпти. Ёзувчи-шоирлар кўнгил битикларини ёзиб қўйишади ва ёзганлари доим улар билан бирга яшайди. Лекин рассом учун қийин, чунки у яратган асарларнинг эгаси бошқа бўлади. Музейларда турса майли, лекин кўплаб шахсий коллекцияларда қандай шароитга тушиши, тақдири нима бўлиши номаълум. У сизнинг юрак қўрингиз маҳсули ахир. Аммо у кимнинг қўлига тушади, бир пулдор одамми ёки олибсотарнингми? Шу ўйлар сабаб рассом фарзанди билан жудаям-жудаям қийналиб видолашади. Менимча, фарзандларим каби азиз асарларимни жуда яхши кўрсам керак, улар қинғир-қийшиқми, хирами, жуда зўр чиқмаганми, улар барибир мен учун қадрли, менинг маълум лаҳзалардаги кўнгил ҳолатларим ифодаси. Кўнглимга нима келса, чизаман. Суратлар менинг ҳаётим, босиб ўтган даврларим, кундалигим.
— Ижодингизда муҳаббат етакчи ўринда туради. “Оқдевор ошиқлари”, “Муҳаббат дарёси”, “Муҳаббат олмаси”, “Муҳаббат риштаси” каби. Ёшлик, илк муҳаббат, севги армонлари ҳақида сўзлаб берсангиз. Ахир ижодкор ўз асарида ўзининг дунёсини ифодалайди. Муҳаббат сиз учун, сизнинг ижодингиз учун қанчалик муҳим?

— Тимур Зулфиқоровнинг “Хўжа Насриддин” китобидаги менга ёққан бир мисра йиллар ўтган сари ёдимда такрорланаверади:
Жаннатда қор ёғди,
Дўзахда баҳор.
Кўп такрор айтиб юраман, асарларимда ҳам мурожаат қиламан. Ҳозирги кунда ҳам қилаётган ишларим Одам Ато ва Момо Ҳавога бағишланган. Қачонлардир биз муҳаббат, кўнгил истаклари сабаб жаннатни тарк этдик. Жуфт бўлиб яшашни жаннатдан афзал билдик. Яъни гўзал маконни муаммоларга тўла ҳаётга, ерга алмашдик. Алмашишга алмашдиг-у, лекин қачонлардир ҳамма нарсадан устун қўйган муҳаббатнинг қадрини ҳам йўқотдик. Одам Ато ва Момо Ҳавонинг жаннатдан қувилишига сабабчи махлуқлар бўлган экан. Жаннатнинг гўзал қуши бўлган товус уларни ҳеч ким кўрмасин деб беркитиб турган экан. Илон эса уларни ўзининг хунук овози билан даъват қилган экан. Ҳозир шуларни ифода қилувчи асарлар устида ишлаяпман. Мактаб пайтларимизда Абдулла Орипов томонидан ёзилган, Шерали Жўраев томонидан қўшиқ қилинган сатрларни ёд айтардик:
Дунё деган шундайин
англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан.
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан…
…Сени эслаб йиғлайман,
биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман,
биринчи муҳаббатим…
Коллекциямдаги “Оқ девор ошиқлари” номли асар бу — менинг ёшлик даврим, ўтмишим. Мен ғалатироқ одам бўлсам керак, дейман. Истараси иссиқ, чиройли кимники кўрсам, яхши кўриб қолаверардим ва орқасидан кетардим. Муҳаббат кичкина нарса эмас, у илоҳий бир ҳис. Баъзида ўша даврдаги муҳаббатимни бугунги ёшлар муҳаббатига солиштираман. Ҳуснихат билан, бехато, чиройли хатлар ёзар эдик. Ҳозир шифокорларни қаранг, тушунмасин деб ёзадими? Ёзуви бир аҳвол. Ёки бўлмаса ишхонада баъзида ташкилотлардан муҳим ҳужжатлар келади — йигирматалаб хато. Ўша пайтлар шеър, муҳаббат ҳақидаги китобларни ўқир эдик. Ўша даврдаги муҳаббатимизда соф, бокира ҳислар бор эди. Ислом динимизда гўзал нарсалар бор. Никоҳ пайтида йигит ваъда беради: “Никоҳимга олаётган қизни бахтли қиламан, келажагини таъминлайман, чиройли оила боши бўламан”, деб. Ҳозирда буларга кўп ҳолларда ҳеч қандай амал қилинмаяпти, оғиздагина айтилади, холос. Муҳаббатнинг қадри оёқости қилинаётган даврда яшаяпмиз. Навоий ҳазратларининг “Лайли ва Мажнун” достонини олинг, нега Мажнун бошини олиб чўлга чиқиб кетади? Лайлига уйланса бўлмасмиди? Бунинг иложи бор эди-ку. Йўқ, у Лайлига бўлган соф муҳаббатни, илоҳий ҳолатни сақлаб, шундай ҳаётда яшашни афзал кўрди. Чўлда шердан қушларгача унинг дардига дардкаш бўлди. Биз мана шу илоҳий ва пок ҳис-туйғуларни йўқотиб қўйдик. Бир оғиз “Сизни севаман” деган сўзга журъат топа олмай қанча қийналар эдик. Бу сўзнинг салобатини, муҳимлигини, сўзни айтгандан сўнг унинг ортидаги вазифаларни ҳис қилардик. Ҳозир ҳис-туйғусиз отилган ўқдек айтилади, яна қайтилади. Муҳаббат оламида прагматик дунё йўқ. Икки карра икки тўрт бўлмайди. Ҳисоб-китоб керак эмас. Севган инсон иккинчи томоннинг келиб чиқиши, мансаби, иқтисодий томони, ташқи кўриниши учун севмайди. Бугун севги ҳам ҳисобли. Ота-онаси, ясама чиройи, бойлиги учун. Муҳаббат ҳақидаги асарларимда ўша пок, беғубор, ёш даврларимни эслайман. Яхши ҳам инсонда ёшлик бор.
— “Ичимдаги ичимдадир” номли кўргазмангизда “ичимда қарама-қаршилик бор” деган экансиз. Сир бўлмаса, сизни қалбдаги қандай қарама-қаршиликлар қийнайди?
— Мен осмон билан ернинг орасида эдим. Ижод ва илҳом. Меҳнат ва унинг натижаси, яъники, қувонч кўзёши. Тақдир тақозоси билан бир кун ичида оёғимдан тортиб ерга тушириб қўйишди. Қандай дейсизми? Бадиий академияга раис бўлдим. Ўша кунларда бу ердаги ҳаётни том устидаги устахонамда туриб нақадар гўзал, муносабатларни эса аъло деб тасаввур қилар эдим. Реалликда эса… Ерга тушдим-у, одамзоднинг қанчалик ботқоқликка ботиб кетаётганини кўрдим. Тобора… тобора яхши эмасдек. Шу кетишда қилаётган ишларимиз, ниятларимиз ҳам йўналиш олиб, нафсга қул бўлиб бораверар экан, тубанликнинг тубига тушаверамиз. Ҳар сабаблар билан, баъзида айта оладиган, баъзида айта олмайдиган туғёнларим бор. Бир томондан қалбим “айт”, дейди, бир томондан “айтма”. Нима қиласан айтиб душман орттириб, барибир фойдаси йўқ, дейди. Бу — иккинчи мен. “Ичимдаги ичимдадир” менинг ҳам. Бир масалага доим иккита жавоб оламан ва “қайси бири тўғри?” деб бош қотираман. Улар доим бир-бири билан тўқнашади. Шу сабаб кўнгил оғриғи билан чизган суратимда оқ ва қора икки ҳўкизнинг тўқнашиб турганини тасвирлаганман. Бирининг ичи қора, танаси тасвири ичида турли йиртқич, ёмонликка чақирадиган ҳайвонлар бор. Ахир кўп одамларни кўрдим… Улардан қочиб яшагим келади. Улардаги бундай улкан важоҳат, нафс мени ташвишга солади. Афсус қиламан, менда ҳам озроқ бор булар. Улардан қўрқаман. Оқ томонидаги тасвирлар эса оддий бир рассом ҳолати: оддий бир ошиқ, ҳаётни, одамларни севган чоғим. Иккиси руҳимда доим олишади. Бундан азоб чекаман. Мен учун энг азоблиси — кўнглимдаги гапни айта олмаслигим, бугун раҳбар бўла туриб қилмоқчи бўлган ишларимни амалга оширолмаслигим. Яна тўлақонли ижод билан шуғуллана олмаслигим. Хайрли ва катта ишлар бошлаб қўйганман, кўксимда эса ижод ғалаён қилади. Бошлаганларимни давом эттира оладиган одам топсам, дейман…
Ҳамма ҳам сизни касб нуқтаи назаридан келиб чиқиб тушунавермайди. Гадонинг душмани гадо бўлади. Сиз қанчалик юқорига кўтарилсангиз, ким эканлигингизни бошқалар билади. Мавқеингиз пасайса, дўстларингизни билар экансиз. Ҳаётнинг шу каби мактаблари бўлар экан. Мен бу мактабларнинг ҳар кунлик янги талабасиман. Раҳбар сифатида тушундимки, аслида, мен катта бир карвоннинг карвонбошисиман. Унинг қай томонга бориши ўзимга боғлиқ. Лекин бу йўлда жуда кўп тўсиқларга дуч келар экансан. Йўлдан чиқадиган ва йўлда қоладиган ҳамроҳларга дуч келаман. Бу доим мени чегарада бўлишимга, фикр қилишимга, ҳаракатда бўлишимга мажбур қилади. Бунинг учун уларга “раҳмат” деган бўлар эдим.
— Рассомликдан раҳбар лавозимига келгунга қадар нималарни йўқотдингиз, нималарни топдингиз? Одамлар орасида “юқори лавозимга чиққан кишининг “дўстлари” кўпаяди”, дейишади.
— Тўғри айтасиз, “дўстлар”, “танишлар” кўпайди. Ҳаммаси ҳам ёмон эмас, орасида яхши, мен ҳурмат қилганларим бор. Кўп инсонлар билан танишдим, улардан кўп нарса ўргандим. Лекин дўстларимни ҳам йўқотдим. Йўқотишимга улар эмас, ўзим, эгаллаб турган лавозимим сабаб бўлди. Чунки энди улар билан кўришишга имконим йўқ. Лекин лаганбардорлар жуда кўп бўлар экан. Ҳозир ундайларни писта чаққандай осон биламан. Манман, кибрли одамлар бездиради. Улар билан бир-икки поғона пастда туриб гаплашсамгина гапимиз келишади. Наинки гаплари, ишораларида ҳам “мен сендан устунман” деган ифодани уқтиришади. Майли-да, пастроқда тураман, шунда масалага тўғри ечим қила оламиз (кулиб).
— Ёш истеъдодларни юзага чиқаришда Бадиий академия томонидан қандай лойиҳалар ташкил этилмоқда?
— Ҳозирги кунда Бадиий академиянинг икки қаватида амалиёт хоналари ташкил этилган. Биласизки, рассом олий таълимни битиргандан сўнг унга оёққа туриб олиши учун ўзининг устида ишлашига устахона керак бўлади. Шу нарсаларни эътиборга олиб, қачонлардир яхши натижа берган шароитни қайта тикладик. Ёшлар ичидан ўнлаб иқтидорли ёшларни имтиҳон орқали танлаб оламиз ва ҳамма шароитларга эга устахоналар, иш ҳақи билан таъминлаймиз. Ёшлар фақат ижодни ўйлаши керак. Бундан ташқари, рассом ижодий сафарлар орқали дунёга чиқиши керак. Академия бу борада турли сафарлар ташкил қилмоқда. Яқинда учта рассом Жанубий Кореяда, ўнга яқини эса Хитойда, бештаси Қирғизистонда кўргазмалар ташкил қилишди. Бундан ташқари, ҳар бирининг академия томонидан шахсий кўргазмалари ташкил этилади. Бу ёш рассом учун мактаб ва ўз йўлини топишида кўмак бўлади.
— Бадиий санъат соҳасида яна қандай камчиликлар, муаммолар бор?
— Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти, П. Бенков номидаги ихтисослаштирилган рассомлик мактаби, ихтисослашган санъат мактабларига жавоб беради. Булар барча вилоятларда бор. Кўпларини реконструкция қилдик, бошқа жойга кўчирдик, янгидан қурдик. Яқин орада Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида санъат мактабимиз очилиши керак. Энди улғайиб келаётган ўсмир ёшларга келсак, мактабдаги ўқувчилар истеъдодли, улардан кўнглим тўқ. Олий билимгоҳ масаласида эса, очиғи, аҳвол яхши эмас. Очиқ айтаман, олий таълим муассасасини бу соҳадан узоқ раҳбарлар бошқаради. Хусуматим йўқ, шунчаки ҳақиқатни айтаман, улар соҳа одамлари эмас. Бу соҳанинг ўзига яраша муаммолари, қийинчиликлари бор. Биз Ўзбекистон тасвирий санъати, халқ амалий санъатининг келажагини таъминлаб берувчи ёшларни тарбиялашимиз керак. Бир ёқда кириш имтиҳонлари пайтида бўлажак талабадан онлайн ҳужжатлар талаб қилинади, имтиҳонлар эса ҳамон тест тизимида. Мен бунга қаршиман. Унинг ўрнига талабадан ўзи қўли билан чизган расмларини қабул қилишимиз ва сурат чизиш амалий имтиҳонини жорий этишимиз керак. Университетда олиб келинган расмни биттада ўзи чизганми-йўқми, билиб айта оладиган устозлар бор. Лекин биз шу кунда, керак бўлса, қассобларни қабул қилишга мажбурмиз. Шунинг учун биз, минг афсуски, кўпроқ рассом эмас, ҳайдовчи, сотувчи етиштириб чиқаряпмиз. Соҳага ижодга яқин бўлмаган одамлар аралашар экан, бу дарахтдан мева ололмаймиз. Бугун олий ўқув даргоҳларида бакалавр, магистратурага қабул жараёнида тил билиш сертификати сўралади. Лекин бизнинг соҳада тил билиш муҳим эмас, чиндан ҳам шундай. Бутун дунё рассомлари бир-бирининг тилини тушунади, қизиғи, сурат ихлосмандлари ҳам… Афсуски, яхши рассом мактаби берган аттестат билан қолиб кетяпти, мутахассис бўлолмаяпти, чунки у тил билишга лаёқатли эмас…
— Рассом учун унинг ижодий ҳаётида бадиий адабиётнинг ўрни қандай? Шахсан ўзингиз қайси адабиёт вакилларининг асарларини мутолаа қиласиз?
— Аввало, ҳар бир рассом тарихни яхши билиши, тарихий асарлар ўқиши керак. Жаҳон ва ўзбек дурдона асарларини мутолаа қилиши керак. Афсуски, мутолаа маданияти йўқолиб бормоқда. Телефон, ижтимоий тармоққа асир бўлиб қолдик. Китоб билан телефон ҳеч қачон тенглаша олмайди. Китобдаги ижобий таъсирни телефонда ололмайсиз. Бўш вақтим бўлса, китоб ўқийман. Охирги пайтларда Чингиз Айтматов асарларига қайта-қайта мурожаат қиляпман. Чунки ёзувчида ҳаётга, одамларга нисбатан чуқур мушоҳадалар бор. Шавкат Раҳмон, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Иқбол Мирзо, Фарида Афрўз, Зебо Мирзо шеърларини ўқийман. Улар менинг ишлашимга туртки беради, ҳолат узатади. Бир пайтлари уларни ижодий устахонага чақириб, тўплардим. У даврларни жуда қўмсайман. Кимдир шеър ўқирди, қўшиқчи дўстларимиз янги қўшиғини куйларди. Бошқа соҳа вакиллари ҳам келар эди. Мақсад эса санъат эди. Вақтим камайгани сабаблими, бу гўзал дунёмизни йўқотиб қўйдим. Улар ҳам йўқотишган бўлса керак. Вақти келиб бу даврани қайтариш ниятидаман. Улуғ шоирлардан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар билан кўп суҳбатлашганмиз. Абдулла ака умрининг охирги йилларида аёллари аравачада поликлиникага олиб келганларида учрашиб қолгандик, ўшанда менга бир гап айтган эдилар: “Акмалжон, халқ сизни ижодкор сифатида билади. Охиригача шундай бўлиб қолинг. Қолган нарсалар сизга вафо қилмайди”, деган эдилар. Шу пайтда ёнимизга таниқли режиссёр Шуҳрат Аббосов келиб: “Абдулла акангиз тўғри айтяптилар, Акмалжон. Мана, бир неча кундан бери ётибман. Ҳеч кимга керагим йўқ”, дедилар. Шундай одамлар тириклигида қадрига биз етдик, гоҳо йўқ. Кўпларимиз доим поезд ўтиб кетгандан кейин ноғора қоқамиз. Тириклигида эътибор бермаймиз, машҳурлигини, даҳолигини айта олмаймиз
— Юқорида айтганимиздек, раҳбарлик сабаб, истайсизми-йўқми, бадиий ижодга вақтингизнинг барини сарф қилолмайсиз. Илҳом келган вақтда Сиз мажлисда бўлиб қолишингиз ҳам мумкин. Табиийки, ўзингизни чеклайсиз. Бу ҳолатда сизга нима тасалли беради? Илҳомни жиловлай оласизми?
— Раҳбарларимиз мени кечиришсин. Агар йиғилишларда сурат чизгим келса, ўша ерда чизаман. Чизмасам бўлмайди. Бўлмаса, чиқиб кетишим керак. Бу нотўғри туюлар, ҳурматсизликдир. Аммо мен ҳаммани ҳурмат қиламан. Чиндан. Нима қилай, мен рассомман. Чиновник эмас.
— Ўн уч йил аввалги машҳур рассом ва бугун катта бир раҳбар. Ўртада фарқ ҳам жуда катта, албатта. Шундай эмасми?
— Ҳа, фарқ жуда катта. Ҳозирда эса дунёнинг бошқа томонларини кўришга ҳам тўғри келаяпти. Кимгадир йўқ дейишимга тўғри келаяпти. Мен ўзимда тўлақонли ижодкорни сезмаяпман. Ижодни буткул тўхтатмадим, лекин бу кам. Ижодкор ҳамма нарсадан холи бўлиши керак. Шунинг учун ҳам рассомларимиз дарвешсифат ҳаёт кечиришади. Лекин бугун суратлар майдонига ҳозирги рассомларимизнинг ўзларидан олдин “мен”лари, нафслари кириб келади. Иқтисодий мукаммалликни биринчи даражада қадрлашади. Машҳурликка, унвонларга ружу қўйишган. Қаранг, унвоним бор (бошини кўрсатиб), шохим йўқ. Жаҳон кўргазмаларига боринг, унвонингизга қараб эмас, қилган ишингизга қараб баҳо беришади. Дипломингиз қизилми, кўкми, қизиқ эмас. Биз эса шу нарсаларга қулмиз. Гўё қизил диплом олса, келажакда буюк рассом бўлиб қоладигандек. Диплом, унвонингиз бўлмасин, халқ назарида бўлинг. Халқ назари Нобелдан ҳам катта ютуқ, унга эришиш эса қийин экан. Назардан қолмайлик.
— Бир кўргазмангиз номини “Мен кўнгил экологияси билан шуғулланаман” деб номлаган эдингиз. Буни қанчалик бажардим деб ўйлайсиз?
— Йўлдаман. Бажариш йўлидаман. Бу иш билан бир умр шуғулланишни истайман. Чунки мен ўзимнинг кўнглимдан узоққа кета олмайман. Буюртма учун асар ярата олмайман. Кўнглимда йўқ нарсани ярата олмайман. Балки, телбадирмиз. Телбалигимиз сабаб рассом бўлгандирмиз. Қатъий тартибда, режали юрган одам рассом бўла олмайди. Баъзида бир томонга кетадиган хаёлимиз бор, ўшандагина кўрган одамни ўзига тортиб оладиган, кўнгил кўзи кўрадиган асар яратилади. Айтишади-ку: “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил”.
— Шогирдларингиз ҳақида гапирсангиз. Яна бир савол: қайси шогирдингизни “Бу мендан ҳам яхши рассом бўлиб етишади”, деб айта оласиз?
— Мана бу қиз, мана бу йигит “менинг шогирдим” деб айтолмайман. Чунки ўша ёш рассом “бу менинг устозим” дейиши керак. Агар у ростакамига менинг ижодимдан нимадир олган бўлса. Раҳим Аҳмедов, Ниғмат Қўзибоев, Владимир Иванич Бурмакин, Перув, Талдикин, Баҳодир Жалолов, Шуҳрат Абдурашидов — устозлар, дунё миқёсида эса Рафаел Санти, Сандра Батичелли, Миколанжело, Рене Магрит. Уларнинг қўлида ўқимаган бўлсак ҳам, ўзимга устоз деб биламан. Чунки кўп ўрганганман. Лекин ҳеч кимни шогирдим дея олмайман. Агар кимдир мендан нимадир ўрганган бўлса, унда уни эшитиш керак.
— “Hurriyat” газетасига тилакларингиз…
— Авваламбор, Иброҳим Ғафуров, Абдулла Аъзам билан суҳбатлар қилиб жуда тўғри йўлни танлабсизлар. Чунки, замонамиз одамлари мана шундай улуғларимизни, уларнинг фикрларини билиши керак. Шундай суҳбатлар ёшлар учун жуда фойдали манба бўла олади. Бу учун “Hurriyat”га раҳмат айтаман. Нафақат газетамизда, балки ҳаётимизда “Hurriyat” умрбоқий бўлишини истаб қолар эдим.
Суҳбатдош: Гулнора Шерматова.