Туғилмасдан сотилган чақалоқ

Анча вақтдан буён хуфиёна учрашиб юрган Азизанинг Тўлқин билан турмуш қуришга кўнгли бор эди. Аммо юборилган совчиларга унинг ота-онаси: “Тўлқин тутуриқсиз бола, қизимга тўғри келмайди”, деб розилик беришмади. Тўлқин: “Фақат сени деганман”, дея Азизани ишонтириб, иккови биргаликда уйларидан — Олтинсой туманидан бошқа жойга қочиб кетишга кўндирди. Улар Шўрчи шаҳрида истиқомат қилувчи Асия деган бир татар аёлнинг уйида қўним топишди — ижарада туришга келишишди.
“Биз эр-хотинмиз, шаҳарга ишга жойлашдик, сизникида яшаб турайлик”, дея татар аёлни ишонтиришди. Аммо кўп вақт ўтмасдан, ишсиз юргани учун иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолган Тўлқин Азизага дабдурустдан:
— Мени кутиб ўтирма, бу ёғига ўз кунингни ўзинг кўравер, — деди-ю, мардикорчилик қилиш учун Россияга жўнаб кетди.
Азиза турган жойида тарашадек қотиб қолди. На Олтинсойга — ота-онасининг уйига бора олади, на бошқа қариндош-уруғиникига. “Ота-она розилигисиз уйдан қочиб кетган ўзбошимча қизнинг жазоси шу! Баттар бўл!..” дея ўзини ўзи қарғаб-қарғаб, боши оққан томонга чиқиб кетди. Йўл-йўлакай Узун туманида яшайдиган Муҳаббат исмли аёл билан танишиб, бутун дардини унга тўкиб солди.
— Сенга жуда қийин бўлибди-да, — дея Муҳаббат унга ачинди ва юпатишга чора топди. — Жарқўрғонга борайлик. Шарофат деган танишим бор. Унинг ошхонасига ишга жойлаб қўяман. Ҳам ишлайсан, ҳам яшашга жой қилиб беришади.
Автобусдан тушиб ошхонага боришгач, Муҳаббат ичкарига “Шара” деб овоз берди. Таниш овозни эшитиши биланоқ ичкаридан чиққан аёл: “Ия, Муха! Сени қандай шамол учирди?” деб у билан апоқ-чапоқ тарзда кўришди.
— Шара, короче, шу қизни ташлаб, эри Россияга “чизиб” юборибди. Кўряпсанми, ҳомиладор экан. Бирор енгилроқ иш топиб бериб, қарашиб тургин, савоб бўлади, — деб Азизани унга топширди-да, ўзи қайтиб кетди.
— Ошхона ўзингизникими? — дея бошпана топилганидан хурсандчилигини яширолмай сўради Азиза Шарофатдан.
— Йўқ. Ошхона Сайёра деган аёлники, биз эрим Музаффар билан уни ижарага олиб ишлатяпмиз.
Азиза шу куниёқ ишга киришиб кетди. Қисқа вақтда Шарофат билан опа-сингилдек бўлиб қолди. Аммо бир ҳафта ўтгач, мулойимгина кўринган Шарофат ҳар хил қилиқлар кўрсатиб, Азизани ўз ноғорасига ўйнатишга уринди. Аслида, у пихини ёрган айёр аёл эканини Азиза пайқаганди. Ошхона ичкарисидаги хоналардан бирини фоҳишабозларга ажратиб қўйган айёр аёл қўшмачиликни касб қилиб олган экан. У Азизани ҳам, ҳомиладорлигига қарамасдан, шу жирканч мақсади йўлида мажбурлаб, қурбон қилди. У қўл остида ишлайдиганларни ҳам “мижоз”ларига пуллаб, даромад топарди.
Ифлос йўл билан пул топишни касб қилиб олган Шарофат ўзидан 10 ёш кичик бўлган Музаффарни тўрга илинтириб, унга тегиб олганди. Ўта шафқатсиз, очкўз аёл ҳаттоки ой-куни яқинлашаётган Азизанинг бели, қорни оғриганига ҳам ачинмасдан, уни коса-товоқ ювишга мажбурлар, уриб-туртиб ишлатарди. Энг даҳшатлиси эса, маст-аласт, қўпол “мижоз”лар қучоғига иккиқат Азизани зўрлаб киритарди. Бечора Азиза зор-зор йиғласа-да, унинг илтижоларига парво ҳам қилмасди.
Бир куни у Шарофат эри билан бирга унинг туғилажак фарзандини сотиб, уй қурмоқчи бўлаётганини эшитиб қолди. Дардини кимга айтишни билмай, азобланиб юрган кунларининг бирида Азиза овқатланишга келган бир аёл билан суҳбати соз келиб, унга дилидагиларни тўкиб солди: “Ҳали туғилмаган боламни эр-хотин тортиб олиб, сотмоқчи бўлишяпти”, деди. Ундан ёрдам сўраётган пайтида Шарофат Азизани чақириб кетиб, яна “ҳалиги хона”га киритиб юборди.
Азиза анча вақтдан сўнг йиғлаб чиқиб келганида, бояги дардлашган аёл ҳали ҳам чой ичиб ўтирган экан. У ўзини “Зебо” деб таништирди, Хўжа қишлоғида яшашини, Жарқўрғондаги сомсахоналардан бирида ишлашини айтиб: “Вақт топиб боринг, дардлашиб турамиз”, деди.
Бир неча кундан сўнг Зебонинг ўзи Азизани қидириб ошхонага келди. Кеч бўлиб қолгани учун уйига кетолмасдан, Азизанинг ёнида ётиб қолди. Унинг бутун дардини тинглаб, жуда ачинди. Қандай бўлмасин, унга ёрдам беришни кўнглига туккан Зебо бир куни Сариосиёдаги танишиникига борганида, Азизанинг тақдири тўғрисида дугонасига гапириб бериб, маслаҳат сўради.
— Бечора қизга роса жабр бўлибди-да. Унга қандай ёрдам берсак бўлар экан? — дея Зебонинг танишлари Муборак Шарипова ва Гулчеҳра Қўзиева ўйга толишди.
— Туғилажак фарзандини сотадиган бўлса, уни ўзимиз олиб, сўнгра онасига қайтарсак ҳам савобга қолардик, — дейишди улар. — Ёки органга хабар берганимиз маъқулмикан?
Хуллас, пухта режа тузилди. Зебо Жарқўрғонга қайтиши биланоқ Шарофатга учрашди.
— Бир холамга фарзанд керак эди. Қаердан чақалоқ топишни билмай юрибди. Мабодо сиз шу ҳақда бирон-бир хабар эшитган бўлсангиз… — дея Зебо гап бошлаган эди, Шарофат дарҳол:
— Зебожон, чақалоқ икки-уч кунда ҳал бўлади. Манави Азиза чақалоқ туғади, унинг борадиган жойи ҳам йўқ. Холангизга бемалол хабар қилаверинг, — деди.
Шу заҳоти Зебо Сариосиёдаги танишига қўнғироқ қилди. Муборак билан Гулчеҳра эртаси куниёқ Жарқўрғонга келадиган бўлишди.
Эрталаб Жарқўрғон шоҳ бекати ёнидаги кўприк устида Шарофат билан Зебо меҳмонларни кутиб олди.
— Ё, Мубо, ўзингмисан? Гули ҳам бор-ку! — дея қувониб кетди Шарофат. — Зебо айтган сизларми ҳали?
Меҳмонлар ҳам ҳаяжонда эди:
— Шара, учрашувимизни қарагин-а!
Зебони қўрқув босди: “Наҳотки улар аввалдан таниш бўлишса?..”
Учрашувдан сўнг тўғри ошхонага кириб, стол атрофида ўтиришди. Ароқнинг тозасидан очилди, чақчақлашиб ўтиришди.
— Чақалоқ ҳозирча туғилгани йўқ. Бир неча кундан сўнг у дунёга келади, бу ёғини келишиб қўяверайлик, — деди Шарофат. — Энг муҳими, у бегона бўлмаяпти.
— Майли, ўғил бўлса, етти миллион, қиз бўлса, беш миллион сўм санайман, — деди Муборак, — яхши биласан, фарзандга зорман.
— Шу билан қутулмоқчимисан? Суюнчисига битта катта қўй ҳам берасан! Эрингни чўпон деб эшитганман… — дадил гапирди Шарофат.
Муборак рози бўлди: “Битта қўй бўлса, бўпти-да. Хабарингни кечиктирма, кутамиз!”
Бу орада Азизанинг кўзи ёриди. Қиз туғилди. Шарофат телефон орқали харидор аёллар билан боғланди.
— Азизанинг паспорти йўқ, гувоҳномаси Шўрчидаги Асия опанинг қўлида экан. Унинг яшаш жойи — Олтинсой туман қишлоқ фуқаролар йиғинидан ҳам маълумотнома керак экан.
— Такси тайёр, — дейишди аёллар, — фақат ўзингиз бирга йўл бошлаб борсангиз бўлгани.
Бунгача Зебо Усмонова, Муборак Шарипова, Гулчеҳра Қўзиева вилоят ички ишлар бошқармасига маълумот бериб қўйишганди. Ҳуқуқий идорадагилар ўзларининг ходими — Анвар исмли йигитни киракаш қилиб юборишди.
Аёллар таксида Олтинсой ва Шўрчига бориб, маълумотнома ҳамда гувоҳномани олиб қайтишди. Ўша куниёқ Азиза билан қизчасини ҳам туғуруқхонадан чиқариб, тўппа-тўғри Жарқўрғондаги тандир кабоб ошхонасига кириб боришди. Дастурхонга тандир гўшт, ароқ ва бошқа ноз-неъматлар тортилди. Бир пиёла чойдан сўнг Анвар машинадан пул солинган салафан халтачани кўтариб келди.
— Мана, ичида роппа-роса 5 миллион сўм пул бор.
— Бу билан қутулмайсизлар. Ҳужжатлар, туғуруқ харажатларига 500 минг сўм, яна битта қўйни олиб келинг, — дея оёқ тираб туриб олди Шарофат Рўзиева ва унинг эри Музаффар Ҳазратқулов. — Унгача машинанинг ҳужжатларини гаров тариқасида бериб кетасиз, деб талаб қўйди.
— Ҳужжатлар йўлда керак бўлади. Менга ишонинг, опажон, тилхат ёзиб бераман, чин сўзим, — дея “ялинди” Муборак.
Эр-хотин бироз юмшаб, пулларни санаб олишди. Муштипар онани зор қақшатган Шарофат чақалоқни Муборакка олиб берди. Худди шу маҳал вилоят ИИББ тезкор гуруҳи ва жиноят қидирув бўлими ходимлари виждонсиз эр-хотинни жиноят устида қўлга олишди.
1969 йилда туғилган Шарофат Рўзиева ва 1978 йилда туғилган, Лойқанд маҳалласида рўйхатда туриб, Оққўрғон маҳалласида яшовчи Музаффар Ҳазратқулов суд ҳукмига кўра, қилмишларига яраша жазога тортилди.
Шерали ҚОДИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман суди судьяси,
Чори ҚОРАҚУЛОВ,
туман суди халқ маслаҳатчиси.