Яшиллик — табиат юраги
2025 йил — Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили
Табиат ва яшиллик инсон ҳаёти учун ажралмас аҳамиятга эга. Дарахтлар, ўт-ўланлар ва ўрмонлар нафақат кислород манбаи, балки экологик мувозанатни сақлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда глобал исиш, экологик муаммолар ва табиий ресурсларнинг қисқариши яшилликни асраб-авайлаш масаласини ҳар қачонгиданда долзарб қилиб қўймоқда. Шу сабабли бу борадаги муаммоларни таҳлил қилиш ва уларнинг ечимларини излаш зарур.
Яшиллик табиатнинг юраги бўлиб, инсониятнинг экологик хавфсизлигини таъминлайди. Дарахтлар ҳавони тозалайди, карбонат ангидридни ютиб, ўзидан кислород ажратиб чиқаради. Шунингдек, улар тупроқни эрозиядан сақлайди, сув ресурсларини барқарорлаштиради ва ернинг биологик хилма-хиллигини қўллаб-қувватлайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, дори-дармонлар ва бошқа кўплаб иқтисодий манбалар айнан яшил ҳудудларга боғлиқ.
Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилгани Янги Ўзбекистонда она табиатни асраб-авайлаб, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди.
Аслида, мамлакатимизнинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилол ва шифобахш сувлари асрлар давомида инсониятни мафтун этиб келади. Бироқ саноатнинг ривожланиши, энергия ресурсларига талабнинг ортиши, табиатга муносабатнинг ўзгаргани иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳит ифлосланиши, сув тақчиллиги каби муаммоларни кўндаланг қўйди.
Хўш, бугун қандай муаммолар ва таҳдидлар бизни қийнамоқда? Уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз:
Ўрмонларнинг кесилиши. Бутунжаҳон ўрмонларининг 15 фоиздан ортиғи сўнгги ўн йилликда йўқ қилинди. Бу жараён глобал исишни тезлаштирмоқда.
Урбанизация. Аҳоли сонининг ўсиши ва янги қурилишлар яшил ҳудудларнинг қисқаришига олиб келмоқда.
Қуриган ер майдонлари. Тупроқнинг яроқсиз ҳолга келиши, айниқса, қурғоқчил ҳудудларда яшилликни камайтирмоқда.
Иқлим ўзгариши. Ҳаддан ташқари иссиқлик ва ёмғирнинг камлиги ўсимликлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Муаммолар етарлича экан, уларга ечимлар ва чора-тадбирлар борми, дейишингиз табиий. Албатта, бор. Зеро, ечими йўқ муаммонинг ўзи йўқ. Яшилликни асраб-авайлаш учун қуйидаги ечимлар амалга оширилиши лозим:
Дарахт экиш лойиҳалари. Ҳар бир фуқаро йилига камида битта дарахт экиши рағбатлантирилиши керак. Бу жараён кўплаб экологик муаммоларни камайтиради.
Қонуний назорат. Дарахтларни ноқонуний кесиш ва ерларни ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш учун қатъий қонун-қоидалар жорий этилиши зарур.
Таълим ва тарғибот. Яшилликнинг аҳамияти ҳақида аҳолига мунтазам маълумот бериш, айниқса, ёшлар орасида бу мавзуни кенг ёритиш керак.
Барқарор қишлоқ хўжалиги. Қишлоқ хўжалигида технологик ютуқлардан фойдаланиш орқали ернинг унумдорлигини ошириш ва экологик зарарларни камайтириш лозим.
Технологияларни қўллаш. Глобал иқлим ўзгаришини секинлаштириш учун яшил технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларига эътибор қаратиш керак.
Яна бир муҳим масала борки, бу ҳам бўлса экологик маданият ва тарбиянинг шаклланишидир. Бусиз бирорта амалий тадбирларнинг натижаси бўлмайди. Давлатимиз раҳбари 2022 йилнинг 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда кўпчилик ўз турар жойи атрофини тозалашга эринадиган бўлиб қолганини қайд этган эди. “Халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган. Халқимизда “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди. Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди. Нимага бу масалада ОАВ орқали ҳамда маҳаллаларда бонг урилмаяпти? Қани маҳалла фаоллари, нуронийларимиз ва жамоатчилигимиз?”
Давлатимиз раҳбари ўз сўзларини давом эттирар экан, бугун дунё миқёсида техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқаётгани ҳам айни ҳақиқатлигини таъкидладилар.
“Биз бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутмасак, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз. Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун биз табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, у билан уйғун бўлиб яшашимиз керак. Бу нима дегани? Бу — табиатни тоза-озода тутиш, ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш, дарахт экиб, боғ яратиш дегани. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда, “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларимизни бунга ўргатишимиз керак. Бу — ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”, — деди Президентимиз.
Ҳақ сўзлар. Аслида, яшилликни асраб-авайлаш инсониятнинг фақат бурчи эмас, балки келажак авлодлар учун мажбуриятдир. Ҳар биримиз табиатга меҳр кўрсатиб, яшил муҳитни сақлашга ҳисса қўшишимиз шарт. Бу йўлда амалга оширилган ҳар бир қадам нафақат атроф-муҳит, балки жамият тараққиёти учун хизмат қилади.
Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли.