Нигоҳ ва иқтидор жозибаси

ёки тасвирларда ҳаёт нафаси
Рустам Шарипов,
“Ўзбекистон матбуоти” журнали фотомухбири:
“Сураткаш мухбирда уч хислат яққол намоён бўлиши керак. Бу — шоирлик табиати, рассом нигоҳи ва журналист иқтидори. Ана шунда олган тасвирларингиз жозибали бўлади”.
Ҳеч нарса сурат каби қисқа муддатда жуда катта маълумотни бера олмайди.
Элёр НЕЪМАТОВ,
ҳужжатли фотография устаси
Жамиятнинг энг муҳим воқеаларини тасвирлар орқали акс эттирувчи санъат ва оммавий ахборот воситаси фотожурналистика ҳисобланади. Ҳар бир тасвирнинг ўзида тарих, ижтимоий ўзгаришлар ва инсониятнинг турмуш тарзига оид бир парча мавжуд. Ўзбекистон тарихида фотожурналистика ўзига хос ўрин тутади, чунки у нафақат воқеаларни ҳужжатлаштириш, балки жамиятдаги ўзгаришларни кузатиш ва кўрсатиш имконини беради.
Ҳозирга келиб ўзбек фотожурналистикаси янги имкониятларга эга бўлиб, замонавий технологиялар, янги ифода воситалари ва визуал санъатнинг ўзига хос йўналишларини ўзлаштира бошлади. Келинг, ўзбек фотожурналистикасининг ривожланиш тарихига, унинг жамиятдаги ролига ва келажакдаги истиқболига назар ташлайлик.
Собиқ Иттифоқ даврида ўзбек фотожурналистикаси марказлаштирилган сиёсий тизимнинг қатъий назорати остида эди. Ушбу даврда бошқа мафкура воситалари сингари фотожурналистика ҳам асосан давлат сиёсатини ва идеологиясини тарғиб қилиш воситаси сифатида ишлатилган. Совет даврида журналистика ва фотожурналистика ўртасидаги чегаралар аниқ белгиланган эди. Фотожурналистлар тасвир орқали жамиятдаги воқеаларни кўрсатиш имкониятига эга бўлишган бўлса-да, улар кўпинча расмий сиёсат ва идеологияга бўйсунишга мажбур эди. Бу даврда фотожурналистлар ўз ишларини совет мафкурасини илгари суришга бағишлаган. Тасвирлар орқали акс эттирган, улар орқали совет тузумининг муваффақиятлари, ишчилар ҳаракати ва қишлоқ хўжалигидаги ютуқлар кўрсатган. Расмий матбуотда кўп ҳолларда ўзгартирилган ва идеаллаштирилган тасвирлар мавжуд бўлиб, уларда давр ғалабаларини, коллектив хўжаликларидаги ютуқларни ва ишчилар синфини кўрсатиш асосий мақсад эди. Тасвирлар кўпинча сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан муҳим воқеаларни ёритиш учун ишлатилган, бироқ бу воқеалар кўпинча фақат расмий ахборотдан иборат бўлган.
Мустақиллик фотожурналистикага янги эркинлик ва имкониятлар берди. Албатта, ўзбек фотожурналистикасида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Энди фотожурналистлар фақат давлат сиёсатини ёритиш билан чекланиб қолмади, балки мустақил журналистика ва тасвир санъатининг янги йўналишларини яратишга киришдилар. Фотожурналистлар энди фақат расмий сиёсатни эмас, балки жамиятдаги барча соҳаларни, шу жумладан ижтимоий муаммоларни, коррупция ва сиёсий ҳаётни ёритиш имкониятига эга бўлдилар. Рақамли технологиялар ва компьютер таҳрири фотожурналистиканинг янги босқичга олиб келди. Фотожурналистлар мобиль телефонлар, рақамли камералар ва тезкор воситалардан фойдаланган ҳолда тезкор ахборот узатиш имкониятига эга бўлдилар. Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожланиши билан фотожурналистиканинг янги йўналишлари пайдо бўлди. Фотожурналистлар ўз ишларини интернет орқали оммалаштира бошладилар. Таъкидлаш керакки, мустақиллик даврида Ўзбекистонда фотожурналистика нафақат давлат сиёсатини ёритиш, балки инсон ҳуқуқлари, экология, жамиятдаги ноҳақликлар, сиёсий норозилик ва бошқа кўплаб масалаларга қаратилган янги мавзуларда ҳам фаолият юритди. Фотожурналистлар замонавий услублар, креатив ёндашувлар ва турли тармоқларни бирлаштирган ҳолда, жамиятни ҳар томонлама тасвирлашга муваффақ бўлди. Собиқ Иттифоқ даврида фотожурналистиканинг асосий вазифаси давлат идеологиясини илгари суриш бўлса, мустақиллик даврида эса бу соҳа эркинлашиб, кенгроқ ижтимоий ва сиёсий мавзуларни ёритишга қаратилди.
Ўзбек фотомухбирлари Равил Альбеков, Рустам Жуманиёзов, Нўъмон Муҳаммаджонов, Комил Ромеев, Содиқ Маҳкамов, Рустам Шарипов, Владимир Молгачёв, Равил Шамсутдинов, Абдуғани Жумаев каби фотомухбирлар ўз фаолияти давомида катта ижодий мактаб қолдирган дейиш мумкин.
Равил Альбеков “Тонг юлдузи” газетасида салкам 45 йил фаолият юритган. Ундан фотомухбирлик масъулияти ҳақида сўралганда, қуйидагича фикр билдирган эди:
“Сураткашнинг ижоди ҳақида ёзиш осон эмас. Чунки суратни сўзда тасвирлаш қийин. Уни кўриш керак, холос”.
“Ўзбекистон овози” газетаси фотомухбири Владимир Молгачёв ўз ишига ижодий ёндашиши, изланувчанлиги ҳамда ижодида ҳамиша инсон ва унинг меҳнатини тасвирлашни биринчи ўринга қўйганлиги билан замондош ҳамкасблари томонидан эътироф этилган.
“Ижодкор бўлишнинг ўзи сураткашга камлик қилади. У ўзига нисбатан талабчан бўлиши керак. Шундагина сурат яхши чиқаверади”, — деган у.
Ўзбек фотомухбирлари қаторида яна бир моҳир ижодкор Рустам Шариповнинг ҳам ўрни беқиёс. Рустам Шарипов “Ўзбекистон матбуоти” журнали фотомухбири сифатида узоқ йиллар самарали меҳнат қилди. Унинг қуйидаги сўзлари ҳар қандай замон учун ҳам аҳамиятлидир:
“Сураткаш мухбирда уч хислат яққол намоён бўлиши керак. Бу — шоирлик табиати, рассом нигоҳи ва журналист иқтидори. Ана шунда олган тасвирларингиз жозибали бўлади”.
Бугунги кунга келиб фотожурналистика журналистиканинг бир кўриниши сифатида ОАВнинг асосий ифода воситасига айланди. Сўнгги йилларда фотожурналистикада тасвирларни яратишда ўзига хос услуб талаб этилмоқда. Фотожурналистлар томонидан тижорат учун тасвирга олинган суратлардан фарқли равишда, ҳолат ва вазиятлардан биргина фототасвир ёрдамида маълумот берувчи, ноодатий ва бетакрор ёндашув оммалашмоқда. Бу каби ёндашувни “Cameralabs”, “The National Geographic”, “Fullpicture”, “Canstockphoto” сингари дунёга машҳур манбалардан жой олган фотосуратларда кўриш мумкин. Фотожурналистлар ижтимоий масалаларга, айниқса, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, экология, коррупция, сийрак аҳоли яшайдиган ҳудудлар ва бошқа ижтимоий муаммоларга катта эътибор қаратмоқда, жамиятдаги адолатсизлик ва ноҳақликларни очиб бериш орқали ижтимоий ўзгаришларга ёрдам бермоқда.
Ёш фотожурналистлар аёллар ҳуқуқларини, уларнинг жамиятдаги роли ва кундалик ҳаётидаги қийинчиликларни кўрсатадиган туркум фотоларни яратдилар. Бу тасвирлар нафақат аёлларни қўллаб-қувватлаш, балки ижтимоий тенгсизлик ва стереотипларга қарши курашишни мақсад қилган. Мисол тариқасида “Gazeta.uz” сайти фотомухбири Холида Мусурмонованинг бир нечта фотоҳикояларини келтириш мумкин. У Қашқадарёнинг Ғелон қишлоғи аҳолиси қишни қандай ўтказиши ҳақида фотоҳикоя тайёрлаган. Ғелонлик ёшларнинг инглиз тилига қизиқиши баландлиги, қишлоқ кутубхонасида инглизча адабиётлар йўқлиги, уларни шу жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мумкинлигини билдириб, материалда кутубхона манзили ва телефон рақамини қолдирган. Ушбу фотоҳикоядан сўнг кўнгиллилар томонидан қишлоқ кутубхонаси ва мактабларига китоблар ва спорт жиҳозлари етказилган.
Айтиш керакки, замонавий ўзбек фотожурналистикасининг ривожланишида фоторассом Ҳусниддин Атонинг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Ҳусниддин Ато фотограф, документалист, фотожурналистикага ихтисослашган Ўзбекистондаги илк нодавлат агентлик — “PressPhoto.uz” асосчиси бўлиб, унинг ҳаваскор, ёш журналистлар ҳамда жисмоний имконияти чекланганлар учун фотография бўйича ўқув курслари, кўргазмалар ташкил этаётганини алоҳида таъкидлаш керак. У илк бор эшитишда нуқсони бўлган ёшлар учун мўлжалланган махсус фотография курсини очганди. Ўшанда 10 га яқин ёшлар 1,5 йил мобайнида Ҳусниддин Атодан ўрганиб, суратлари курс охирида Тошкент Фотосуратлар уйида кўргазмага ҳам қўйилган. Ҳусниддин Ато ёш ижодкорларга ўзининг билим ва тажрибасини ўргатиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва янги услублар билан таништириш учун кўплаб ижтимоий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Унинг ташаббуси билан ташкил этилган курслар ва тренинглар, айниқса, фотожурналистикага қизиққан ёшлар учун муҳим ўқув майдонига айланган.
Шу билан бирга, бугунги кунда Умида Аҳмедова, Виктор Ан, Анвар Илёсов, Элёр Неъмат, Беҳзод Болтаев ва Муҳиддин Али, Евгений Сорочин, Мадина Аъзам каби фотожурналистларни ўзбек фотожурналистикасининг ёрқин намояндалари сифатида тилга олиш мумкин. Айтайлик, нафақат юртимизда, балки халқаро майдонларда фаолият юритаётган Мадина Аъзам ўзининг ижтимоий, маданий ва табиатга оид фотосуратлари билан танилган. Унинг иши кўпинча инсоний тажрибалар, ҳаётдаги кичик воқеалар ва жамиятдаги муҳим масалаларни тасвирлашга қаратилади. Мадина Аъзамнинг суратларида кўпинча одамлар ва уларнинг ҳиссий ҳолати акс этади. Шунингдек, унинг ишларида визуал ҳикоялар яратиш, воқеаларни тасвир орқали изоҳлашга қаратилган ёндашув яққол сезилади. Шу боис, унинг фотосуратлари кўпинча ранглар, композиция ва деталга бўлган катта эътибор билан ажралиб туради.
Ёш фотожурналистларнинг ишида нафақат маълумот, балки санъат ва жамиятдаги ўзгаришларни акс эттиришга интилишни, технологик тараққиёт, креатив ёндашувлар, ижтимоий масалаларга эътибор ва сиёсий ишончни шакллантиришни кузатиш мумкин. Улар ўз тасвирлари билан нафақат жамиятни ҳужжатлаштириш, балки глобал тенденцияларга жавоб бериш ва янги фикрларни илгари суришга ҳаракат қилмоқдалар.
Дилобар ЙЎЛДОШЕВА,
тадқиқотчи.
Суратлар “Ўзархив” агентлигининг расмий телеграм каналидан, шунингдек, фотомухбирлар Рустам Шарипов, Холида Мусулмонова ва Мадина Аъзамнинг шахсий телеграм каналидан олинди.