Улуғ ҳазратни англамоқ учун…

9 февраль — мутафаккир Алишер Навоий таваллуд топган кун

Айни кунларда улуғ шоир ва мутафаккир Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишлаб бутун юртимиз бўйлаб навоийхонлик тадбирлари, адабий кечалар бўлиб ўтмоқда. Ушбу қутлуғ сана арафасида  навоийшунос олима, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Дилором САЛОҲИЙ билан навоийшунослик борасида олиб борилаётган ишлар, алломанинг беқиёс мероси хусусида суҳбатлашдик.

— Дилором опа, навоийшуносликнинг бугунги даражаси қониқарлими? Шу ҳақда нима дея оласиз?

— Қониқиш ҳисси, фикримча, нисбий тушунчага ўхшайди. Бир неча дақиқа ёки бир кун олдин қониқиш ҳиссини туйганингиз ҳодисотдан, вақт ўтиб, қониқмай қолишингиз мумкин. Ёки аксинча. Аммо бу савол жуда тўғри қўйилди, ўсиб келаётган ёш авлод келажагини, юртимиз маънавий камолоти тақдирини ўзида ифода этган бу савол ҳар кун ҳар бир зиёли олдига қўйилмоғи лозим. Навоийшунослик фанининг энг ривожланган даври — ХХ аср эди. Бу даврда Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларининг ҳамма асарлари матнлари ўрганилиб, нашр этилди, манбашунослик тадқиқотлари яратилди ва бу асосда навоийшуносликнинг назарий масалалари юзага чиқиб, таниқли олимларнинг илмий тадқиқотлари дунё юзини кўрди. Бу давр олимлари навоийшунослик соҳасида мисли кўрилмаган муваффақиятларни қўлга киритдилар, улуғ шоир асарларида ифода этилган қарийб барча масалаларга илмий муносабат билдирдилар. Аммо, маълум бўлганидек, даврнинг ҳукмрон сиёсий мафкураси тадқиқот майдонини кенгроқ олишга, улуғ шоир ижодиёти моҳиятини тўла ёритишга имкон бермас эди. Таъбир жоиз бўлса, бу бетакрор ижодиёт сурат, мажоз нуқтаи назаридан батафсилроқ, аммо сийрат, ҳақиқат жиҳатидан имо-ишоралар билан пардалаб ўрганилди.

Улуғ ҳазрат асарларининг асл моҳияти ва аҳамиятини чуқур, барча тафсилотлари билан ёритиб бериш имконияти кейинги чорак асрдан кўпроқ вақт давомида юзага келди. Айнан ана шу давр илмининг самараси ўтган юз йил давомида қилинган меҳнат самарасидан кучлироқ бўлди. Бунинг сабаби ҳаммага аён — ҳар сатрида улуғ ҳазратнинг пок эътиқодлари акс этиб турган ижодиётлари мафкуравий тушовларсиз, холис ўрганилди. Икки давр навоийшунослиги ривожи навоийсеварлар қалбида чуқур ифтихор туйғуларини уйғотади. Қониқиш ҳиссини ҳамми, дея савол қўйдингиз…

Саволингизга савол билан жавоб берсам: қуёш нуридан, тафтидан ким тўйибди?! Сув тароватидан-чи?! Гул ифоридан-чи?! Улуғ ҳазратнинг умумбашарий ижодиётлари мазмуни, илмий-бадиий тафаккурлари мағзини чақиб ўрганиш йўли жуда кенг, жуда узун. Навоийшунослик фани олдида ҳали тадқиқ этилиши лозим бўлган қатор масалалар турибди: улуғ шоир қўлёзма ва тошбосма асарлари манбалари имкон даражасида тўла йиғилмоғи лозим, хусусан, Самарқандда яратилган “Сабъату абҳур” номли луғатларининг янги манбалари топилиб, нашр эттирилмоғи лозим. Улуғ шоир маснавийлари, соқийномалари, форсий тилдаги қасидалари бир-икки илмий иш доирасида қолиб кетмай, кенгроқ тадқиқ этилаверса, нур устига нур бўлади. Улуғ ҳазратнинг ижтимоий фаолиятлари янги нуқтаи назардан, замондошлари билан муносабатлари, ижодий мактаблари, асарларининг таржималари янги ёш кучлар томонидан ўрганилса, навоийшунослик фани яна янги мазмун-моҳият, аҳамият касб этиши мумкин, деб ўйлайман.

— “Навоийга етмоқ учун яна беш юз йил юрмоқ керак”, деган экан шоирларимиздан бири. Шу фикрга қандай қарайсиз?

— Ижобий қарайман. Аммо масофани янада узоқроқ қўйиш керак, деб ўйлайман. Улуғ ҳазратни англамоқ учун улуғ ҳазрат эътибор қаратган барча мавзу ва масалаларни ўрганмоқ лозим. Масалан, ҳазрат Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” ва “Тарихи анбиё ва ҳукамо” номли тарихий асарлари бор. Ҳазрат тафсилотни Одам алайҳиссалом яратилиши тарихидан бошлайдилар. Ўқувчида: “Навоий бу тарихни қайси асарларни кўриб ёзди экан?” деган савол туғилади. Саволнинг жавобини топиш учун эса 500 йиллик масофани ўтиш камлик қилади.

— Сизнингча, улуғ шоир ижодини оммалаштириш учун нималарга эътибор бермоқ лозим?

— Улуғ ҳазрат ижодиётларига ҳаётимиздаги ҳар бир масала ечимида эҳтиёжимиз борлигини ёш авлод англамоғи лозим. Талабни эҳтиёж туғдиради. Масалан, ҳозирги ёш авлод ўзини анча эркин ҳис қилади, дунё кезиш, хорижга чиқиш истаги жуда кучли. Аммо ҳазрат Навоийнинг китобларини қўлларига олсалар, ҳазрат уларни огоҳлантиради:

Қушқа юнг маскан аро хушроқдурур озодлиқ,

Бўлғонидин банд аро сайёд ипак доми била.

Яъни овчининг ипак тўрларидан бўлган қафасида ўтиргандан кўра, ўзининг тиканлардан бўлган уясида ўтирган қуш озоддир. Ёки:

Заҳрни ўз коми бирла ичса андин яхшиким,

Ичса ҳайвон шарбатин нокомлиқ жоми била.

Ихтиёрсиз, бировнинг қўли билан “ҳайвон шарбати”, яъни абадий тириклик сувини ичгандан кўра, ўз қўли билан оғу ичгани афзалроқдир.

Сир эмас, ҳозирги кунда қизларимиз тарбиясига каттароқ эътибор беришимизга тўғри келмоқда. Баъзан қизчаларимиз ҳаё чегараларини англамай, оталарига, акаларига ҳиссиётлари ҳақида очиқ гапирганлари қулоққа чалинади. Шундай шароитда ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида малика Ширин тилидан айтган сўзлари шу дарднинг давоси бўлади:

Манга не ёру не ошиқ ҳавасдур,

Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур.

Оммалаштириш — ҳаётимиз учун зарур пайтда улуғ ҳазрат панд-ўгитларини, ҳикматларини тилимиздан туширмаслик, ёшларимизни ҳам шунга одат қилдирмоғимиз лозимлигидир.

— Академик Воҳид Абдуллаевдан сўнг ҳазрат Навоийнинг Самарқандда бўлишини яна бирор олим ўргандими? Бу ҳақда янги маълумотлар борми?

— Устоз Воҳид Абдуллаевдан сўнг ҳазрат Навоийнинг Самарқандга сафарлари ҳақида академик Ботирхон Валихўжаев ўтган аср 90-йилларининг бошларида “Мулоқот” журналида бир мақола эълон қилган эдилар. Бу мақолада устоз Самарқандга сафар қилган икки толиби илм — Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳақида сўзлаб, уларнинг Ҳиротдан Самарқандга, Самарқанддан Ҳиротга қадар бўлган карвон йўлларида учрашган бўлишлари мумкинлиги ҳақидаги мулоҳазаларини баён этган эдилар. Шунингдек, устоз Ботирхон домла Алишер Навоийнинг самарқандлик йирик фақиҳ, тилшунос олим, тиббиёт билимдони Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс ас-Самарқандий билан мулоқотлари, таҳсили, фақиҳ хонадони, аждодлари тарихи ва авлодининг Навоий ҳазратларига нисбатан бўлган эҳтироми ҳақида батафсил маълумот берувчи мақолаларини ёзганлар. Устозлари Воҳид Абдуллаев берган маълумотларни тўлдирар эканлар, Ботирхон домла Навоийнинг самарқандлик буюк маънавий муршид Хожа Аҳрори Валий билан учрашувлари, ота-боладек қайноқ муносабатлари, узоқ давом этган мулоқотлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотларни берганлар. Бу мавзуда бошқа янги маълумотларни билмайман. Бадиий адабиётда бир янги асар яратилди. Бу Иқбол Мирзонинг “Самарқанд сайқали” номли драмасидир. Албатта, бу илмий эмас, бадиий асар, унда бадиият талабларига риоя қилинган.

— Улуғ шоир ижоди ҳақида кўпроқ мутафаккир таваллуд топган 9 февраль санаси атрофида гапирилиши ғалатироқ эмасми?

— “Ғалат” дегани — хато дегани. Тўғри айтдингиз, бундай қилиш хато, ҳузуримизда турган ҳикмат хазинасидан бебаҳра бўлиб яшаш — хато, мақолларга, ҳикматли сўзларга айланиб кетган панд-ўгитларни унутиб юбормоқ — катта хато. Аммо ҳазрат ўзлари айтганларидек: “Чу бу ойин эрур давронға махсус…”. Яъни ҳозир давримиз — техника даври, янги-янги яратилмалар, технологиялар даври. Ёшларимизнинг қизиқишлари кўпроқ компьютер, интернет каби замонавий ахборот воситалари билан банд. Шеърият эса романтизм даври маҳсули. Улуғ ҳазрат шу замонда, бизнинг давримизда яшаганларида, шубҳа йўқ, асарларини романтик достонлар сифатида эмас, насрда, замонавий илмий услубда ёзган бўлар эдилар. Аммо бу дегани асло Навоий ўз даврида қолиб кетди, дегани эмас. Барча даврлар учун долзарб бўлган инсон муаммоларини кўтариб чиқдими, демак, бу ижодиёт умрбоқий, муаммолар ечимини кўрсатиб бердими, демак, бу ижодиёт умумбашарий! Масала шундаки, биз катта авлод ёшларга ақли, онги, шуури, қизиқишлари техника билан банд бўлса-да, жисмидаги энг мўъжаз қароргоҳ — қалби ҳеч қачон темир каби қотиб, ғариблашиб қолмаслиги лозимлигини ҳар дақиқа уқтирмоғимиз лозим. Улуғ ҳазрат асарларини ўқиб бермоқ, уқтирмоқ билан қалб қўрларимиз — фарзандларимизнинг инсоний қиёфалари, пок фитратларига нуқсон етмаслигига интилмоғимиз лозим. Ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқа.

— Қаршида Абдулла Орипов мактаби, Фарғонада Эркин Воҳидов мактаби, Андижонда Муҳаммад Юсуф мактаби, Гулистонда Ҳалима Худойбердиева мактаби бор. Нимага Самарқандда Алишер Навоий ижод мактабини ташкил қилиш мумкин эмас? Шу ҳақдаги фикрингиз.

— Тоғ ҳақида тоғ улуғворлиги, шукуҳига муносиб тарзда сўзланса ярашади, тепа ҳақида — тепага муносиб! Ҳозир сизнинг саволларингизга жавоб беряпман-у, вужудимда катта масъулият ҳиссидан ҳаяжон, қалбимда ҳадик мавжуд. Чунки биз сиз билан оддий бир ижодкор шахс ҳақида эмас, бутун жаҳонни сўзи билан забт этган Буюк Шахсият ҳақида гапирмоқдамиз! Самарқандда зарқалам аҳли бошқа шаҳарларга нисбатан кўпроқ ўтган. Ҳар бирларининг ижод мактабларини ташкил этса ярашади.

Алишер Навоий ҳазратларига келсак, Туркия жумҳуриятида Мавлоно Жалолиддин Румий ижодини тадқиқ этиш марказлари, институтлари, Германияда Гёте ижодиётини ўрганиш илмий-текшириш институти каби яна мен билмаган шундай нуфузли илмий даргоҳлар муқобилида Самарқандда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий илмий-ижодий меросини ўрганиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Чунки бундай ишни амалга ошириш учун Самарқандда илмий муҳит, ёш, ғайратли тадқиқотчилар гуруҳи мавжуд.

— Ҳазрат Навоий бобомиз ҳақида яна нималар дея оласиз?

— Мен оддий бир тадқиқотчи нима ҳам дея олардим?! Ҳозир кўнглимда улуғ ҳазратнинг: “Билгил ўз ҳаддингни-ю, беҳад риоят қил адаб”, деган сўзларини такрорлаб турибман. Улуғ ҳазрат авлиё бўлмасалар, Ҳақ таоло умрларига, илмларига барака ато этиб, шу кунларга қадар номларини шарафлаб, раҳмат нурларини ёғдириб қўярмиди?! Ҳақ таоло бизларни ақл неъматидан баҳраманд этиб, буюк бобокалонимиз ижодиётларини ул зоти олийнинг шаъну шавкатларига муносиб тарзда ўрганишимизни, элга ёйишимизни насиб айласин!

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Ёрмамат РУСТАМОВ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 14 =