Синфдошлар синфдошига уй қуриб берди
Пойтахти азимнинг Қорасув даҳасидаги “Файзиобод” маҳалласида 3-умумтаълим мактабининг 1992 йилги битирувчилари бўлган синфдош йигитлар ўзларининг эҳтиёжманд синфдошига ҳашар йўли билан уй қуриб беришди. Дунёда “синфдош” деган мақом бор. Унинг инсонга қадрдонлик даражаси кишининг қариндош-уруғларига, дўсту ёронлари даражасига тенг бўлади, балки бир қадар юқори ҳам турар.
Ахир ҳаётда болалик кезлариданоқ бир-бирини таниб, дўстлашиб, мактабда ўн йиллар бирга ўқийдиган, мактабни битирганидан кейин ҳам қадрдонлик риштасини узмайдиган яна ким бор?
Синфдош-синфдошга ўзининг болалиги тимсоли, кўз очиб кўрган дўсти, сирдоши, тақдирдоши мақомидаги азиз инсон. Аммо ҳар бир кишининг қон-қардошлиги, дўсту ёронлари ўртасидаги муносабатларида улар ўртасидаги меҳр-оқибатга боғлиқлик томонлари ҳам бор, албатта. Шундан келиб чиққан ҳолда ўзаро муносабатлар даражасидаги қуюқлик ва суюқликлар ҳам ҳам рўёбга чиқади.
Ўрта Чирчиқ туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг 1992 йилги битирувчилари бўлган синфдош йигитлар ўз меҳр-оқибатлари билан бу мақомни оқладиларгина эмас, ўзларининг эзгу ишлари билан синфдошлик мақомини янада олий даражага кўтардилар, десак, бор ҳақиқатни баралла айтган бўламиз. Ахир улар ўзларининг Умра сафари учун йиғиб юрган маблағларини бошпанага муҳтож бўлиб қолган синфдошлари учун уй қуриб беришга сарфладилар. Барчаси биргалашиб, қисқа фурсат ичида синфдошга аталган уйни барпо этдилар ҳам.
— Мактабни битирганимизга бу йил 33 йил бўлади, — деди синфдошлари ҳақида тўлқинланиб гапирар экан, Қодир Комилов. — Мактабда 10 йил бирга ўқиб, қадрдон бўлиб кетган бўлсак, мана, 23 йилдирки, яна биргамиз. Эндиликда синфдошлик ришталаримиз қон-қардошлик, дўсту биродарлик мақомларидан ҳам юксалиб кетган, десам, асло хато эмас.
— Тўю маъракаларимиз бир-биримизсиз ўтмагани каби, саёҳату зиёратларимиз ҳам сиз синфдошлар билан биргаликда бўлади, — дея Қодиржоннинг гапини давом эттиради синфдошлардан яна бири Фарҳод Расулов. — Аввалроқ Россия Федерацияси ва ҳатто Грузия томонларга ҳам саёҳатга бориб келган эдик.
Ҳа, оқибатли синфдошлар кейинги йилларда зиёратга отландилар ва дастлаб тўрт нафари, ўтган йили эса ўн нафар синфдош Умра сафарига — зиёратга бориб келишибди.
Бу йил ҳам муборак зиёратга барча синфдошлар жам бўлиб, боришга отланиб турганларида, бир эзгу фикр туғилиб қолди: “Умра зиёрати учун йиғаётган мана шу маблағларимизни эҳтиёжманд бўлиб қолган Музаффар дўстимизга уй қуриб берсак, қандай бўлар экан? Бу ҳам ахир савоб, қолаверса, ҳам мурувват бўлмайдими?”
Мир Алишер Навоий бобомиз ёзганидек:
Ким бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борки, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Аввало, қариндоши Жамол Ботиров ўзига тегишли 8 сотих ер участкасининг тенг ярмини Музаффарга ҳадя этди. Рамазон ойи киришидан сал аввалроқ ўша жойда қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Меҳр-оқибатли синфдошлар ёпирилиб, 2 кунда янги уй пойдеворига бетон қуйишди. Кейинги 15 кунда 4 хонали шинам уйнинг девори тикланди. Тез орада уйнинг томи кўтарилиб, шифер ёпилди.
Янги уйнинг мавжуд 4 та хонасидан биттаси сувоқ қилиниб, Музаффарлар оиласи унга кўчиб киришди.
— Бу уйни менга синфдошларим ҳиммати билан Аллоҳ берди, — деди Музаффар Ботиров шукроналик билан.
Унинг руҳий ҳолатидан жуда кўп нарсани англаса бўларди, хусусан, бошпанага эҳтиёжмандликка сабаб бўлган машаққатлар бўлганлигига шубҳа йўқ.
Эзгу ишга қорасувлик тадбиркор Давронбек Отақулов ҳам ўз ҳиссасини қўшган ҳолда ҳашар билан битаётган хонадонга 5 000 дона бетон ғишт ҳадя этибди. Иш қизғин, ким лой тайёрлаётган, кимдир ғишт ва лой ташиётган, яна кимдир эса девор кўтармоқда. Нарироқда қозон қайнаб, ош тайёрланаётган экан. Хуллас, аҳил синфдошлар шу бугуннинг ўзида ҳовли деворини ҳам битириб кетишга ҳаракат қилишаётган экан.
Инсофу диёнатли, меҳр-оқибатли синфдош дўстлар амалга ошираётган эзгу ишлар, муқаддас Умра зиёратини қолдириб, муҳтож дўстларига беминнат уй-жой қилиб бераётган бу саховатли инсонлар даврасидан бир олам таассуротлар билан қайтдик.
Маъмуржон БОЗОРАЛИЕВ.