Кўнгил ҳайратлари

ёки мунавварлик саодати

Ижодкор учун кўнгил ҳайратлари, дил ҳолатлари, ҳаёт сабоқлари муҳим. Ижодкор учун митти чумоли филдан катта кўринади; бепоён осмон кафтига сиғади. Ижодкор ўзини тафтиш этади. Ўзи билан ўзи курашади. Ўзини шод этади, ўзини ғам-аламга ботиради. “Ўзимга ўзим”да, бир вужудда дўст ҳам, душман ҳам истиқомат қилади. Шундай хаёллар билан Мунаввара Усмонова ёзган асарларни ўқий бошладим.

Мунаввара Усмонова шеърларида кўпинча она образи етакчилик қилади. Шоира онаси билан дардлашади, онасига кўнглини ёради, ота-онасига бағишланган шеърларида “Сизлардан кейин қандай яшайман?” деган дил изҳорларини битади. Келиш ва кетиш — дунё шудир.

 

Онасига мурожаатлар доимий, айни пайтда орадан йиллар ўтиб, она образи ўрнида энди шоиранинг ўзи пайдо бўлади.

 

Болам, келсанг қай маҳал,

Кўзим йўлингга маҳтал,

Қошига келиб ҳар гал,

Она, мен келдим, дегин!

 

Бир шеърида “болам”, деса, кейинроқ “набирам” дейди.

Баҳарнав, шоира шеърлари умр йўллари ва бу йўлларнинг файзли бекатларидан дарак беради. Шеър — аслида, шоирнинг бадиий сўзга кўчган таржимаи ҳолидир. Фасоҳат билан кузатилса, шеърда муаллифнинг борлиғи, жону жаҳони акс этади. Шеър ижодкор инсоннинг ҳаёт йўлларида қолган изларга менгзалади. Ортига қараган шоира шу изларда ял-ял очилган гулларни, “ойга сирдош, қуёшга мафтун” дамларни, яшнаган кўнгилларни, “вақт билан жанг қилган” жасоратли одамни, ҳовучдаги хавотирли юракни, минг бир эзгу тилакни, орзуларига умидларидан закот берган кунларни кўради. Шеърга кўчган ҳаёт шудир.

 

Биламан, ёзилган қазои қадар,

Аввал бу, кейин у дунёга сафар.

Лекин алам қилар дарёга томган

Томчидай из солмай йўқолиб кетсам.

 

Ўзини, ўзлигини, олам ва одам ҳолини, савоб ва гуноҳнинг савол-жавобини, мунаввар умр мазмунини, боқий ва фоний ҳаёт моҳиятини англаган инсон саодатлидир. “Шунча йил ким учун яшадим?” — бундай сўровлар изидан ҳар ўтган кунининг сарҳисобини қилиб: “Савобим бормикин битта кўлмакча”, деганича хавфу ражода туради. Гоҳида тазарру кўчасига бурилиб, “ҳаёт саҳнасидаги хатолари”ни ўйлаб: “Эгам, сени англашдан олдин Мен ўзимни топмоғим керак”, деб ёзиш саодатманд инсонга хосдир. Зотан, ўз борлиғига назар солган одам Яратгувчини англайди, албатта. Олти аср муқаддам Ҳазрат Навоий бу воқеликни, яъни ўзни, ўзликни топиш ҳодисасининг бадиий талқинини қушлар жамоаси зиммасига юклаган эди. “Мен ўзимни топмоғим керак” — бу орзу-истак ва жаҳд Ҳазрат қушларидан меросдир бизга.

Шеър соғинчдан, ҳайратдан, завқдан, аламдан бунёд бўлади. Аслида, шоирлар дунёни англаш учун, ўзидан ғамларни аритиш учун шеърлар битади. Баъзан ўзини юлдузлар ёнида кўради, осмони фалакларда кезинади. Аммо оёғи ердан узилмайди, ўзидан кетмайди. Ўз кўнгли билан тортишади, талашади. Гоҳида кўнгли “ишқ осмонида бамисоли бир ҳилол” бўлса, бошқа бир паллада: “Қайсар кўнгил, асли сендан безиб кетдим…”, дейдиган ҳам улар.

Назаримда, барча фарзандларига бирдек меҳр берган отага эҳтиром, у зоти шарифга авлиёсифат пирдек қараш, хоки-пойларини кўзларга суртиб яшаш бобида Мунаввара опа ҳар кимга сабоқ бера олади. Шоира “чинорим отам” деб падари бузрукворини улуғлайди.

 

Келиб-кетар неча баҳор, куз,

Илинмайди пишса узумлар.

Йўқ йўлимга термилгувчи кўз,

Чақирмайди энди “қизим”лаб.

 

Ота ўтганидан кейин шоира ёзган бундай ҳазин мисралар беихтиёр ўқувчини ҳам маҳзун қилади.

 

Кўнглимда бир гап айланди, қайтардим,

Дилимда бир дард айланди, қайтардим.

Дил ёзилар дардинг билган одамга,

Отам тирик бўлганида айтардим…

 

Олти бандлик шеърнинг ҳар охирги бандида “Отам тирик бўлганида…” деган ҳасратли, ўкинчли сўз бирикмаси такрор келади ва шоира бирор қаторида “отам ўлган” деган таъбирни қўлламайди. Мотам либосини киймоқ истамайди. Шунинг учун ҳам “Асли шу тунд матоларни суймасдим, Отам тирик бўлганида киймасдим” деган дардли мисралар шоиранинг йиғлаётган армонли кўнглидир. Шеърни ўқидим, таъсир қилди. Беихтиёр кўзим ёшланиб қолди. Ўз-ўзидан кутилмаганда йиғи бошланиб қолди. Мунаввара опанинг шеъри боис отамни, онам раҳматлини эсладим. Дуо қилдим. Руҳим бир енгил тортди. Руҳий бир тозаришга шеър ёрдам берса, ўзингни, ўзлигингни, келар-кетарингни ўйласанг, бадиий адабиётнинг кучи-қуввати шудир. Нафосатшунослик илмида бу ҳодиса номи — катартис. Босар-тусарингни билмаганда, осмонларда юрганингда ерга тушириб қўйса, ерга чўкиб, букилиб букчайганда қўлингдан тутиб қаддингни ростлашга ёрдам берса — бадиий сўзнинг оламшумул қудрати шудир.

Шоира ёзган шундай таъсирли, шундай чин шеърлар баъзан ҳаёт ва ўлим чегарасини муҳокама қилади. Ўлимдан сўз очилганида шеърнинг марсияли мотам пафоси сизни эгалласа, йиғлаб олсангиз, демак, ишонинг шоира бу шеърини йиғлаб ёзганлигига. “Айтардим” шеъридан Мунаввара Усмонованинг майин, маҳзун ва шикаста бир овози эшитилади. Шеърга муаллифнинг дарду дунёси кўчса, шундай чин, шундай таъсирли, шундай ҳаётий ёзилади, албатта.

 

Эй, май, ғамдан сенга не фойда,

Дунё асли яралмиш бир кам.

Эслатмайсан, ахир шу ойда

Туғилди-ку жажжи набирам.

Сени яхши кўрамиз, эй май…

 

Бу интизорлик билан кутиладиган ойда қувонч бор эди. Айрилиқ пайдо бўлди. Умидли дунёда, табиийки, ташвишлар билан орзу, эзгу ният ва шодлик параллел давом этади.

 

– Она, сиғмай қолдим, уйим тор.

– Менинг юрагимга кўч, болам!

 

Баҳайбат, данғиллама қасрларга сиғмаган бола онанинг митти юрагига сиғади.

 

– Мажолсизман, недан билмадим.

– Дуоларим сенга куч, болам!

– Она, бедорликдан чарчадим…

– Шеърдан, шоирликдан кеч, болам!

 

Фарзандини авайлаган она шундай насиҳат қилиши табиий. Она учун абадият кўшкидан ҳам, тоғдек тиллодан ҳам фарзанд муҳим. Уни авайлаши лозим. Аммо шеър йўлига кирган, сўз дардига мубтало кўнгил эгаси бу йўлдан то умр бўйи кеча олмайди. Ижод доимий бедорликни, огоҳликни, дардмандликни, беморликни, телбаликни, ҳушёрликни талаб қиладиган, кўпинча энг зукко адабиётшунос ҳам бисотидаги фавқулодда жаҳоншумул илмий атамалари билан ҳам англата билмайдиган завқли, дардли адабий ва абадий воқеликдир. Шеър содир бўлади. Шеър бунёд бўлади. Тирик шеър ўз умрбоқий жони билан таваллуд топади. Гоҳида уларни шарҳлашдан кўра ўқиш мароқли. Гоҳида тушунтира олмасликнинг ўзи завқли. Баъзан мунаққидлар ҳам шоирларнинг шеърларини шарҳлаб, танқид қилгандан, қўлидан келса, шеър ёзиб ҳаловат топмоғи, шеърнинг таваллуд паллаларидаги изтиробларни бошидан ўтказмоғи керак.

 

Нон ёпамиз, райҳон экамиз,

Ташналикдан ариймиз, она.

Шоирлигим не бўлса бўлар,

Биргалашиб қариймиз, она…

Она сўзи, она тилаги, она дуоси, она истаги шеърдан минг чандон баланд. Марҳамат, шоира онасига қараб “Шоирлигим не бўлса бўлар” деб турибди. Бу манзарани тасаввур қилиш қийин эмас. Она ризоси шоирликдан, олимликдан бениҳоя юксакликдаги мақом.

 

Мен — улкан чинордан узилган япроқ,

Ҳаёт соҳилида кезган дарбадар.

Надомат ёйидан қочиб, югурган,

Нуҳ тўфонидан, Ҳаввога қадар…

 

Бир саҳифада шу шеърга кўзим тушди ва анъанавий-оилавий муҳитда тетапоя бўлган бадиий образнинг кўлами кенгайганини кузатдим. Шоира шеърларидаги бундай тасвирлар, кўчимлар, мавзу ва манзаралар кўламини англаш учун “Соғинч манзили”, “Бундай элни қайдан топасан?”, “Ҳаёт тумори” каби шеър китобларини ўқимоқни тавсия қиламан…

Мунаввара опанинг тоғаси бир куни дейди: “Сени шоир деб юрсам, ёзувчи ҳам бўлибсан. Қара, ҳикояларинг чиқадиган газеталарни қувиб юриб топаман”. Тоға гапининг исботини билмоқ учун, Мунаввара опанинг фазилатли қаламининг айни жиҳатини тасаввур қилмоқ учун “Бир куни” номли ҳаётий ҳикоялари жамланган китобини ўқимоқ лозим. Ихчам, таъсирли, ибратларга тўла, ортиқча лағвлардан холи, муҳими, ҳаётий ва самимий ўткунчлар экан улар. Ҳикоя учун тил, тасвир, одам ва деталь муҳим. Шунда баён қилинган воқелик эсда қолади. Мен ака-сингил ўртага олов ёқиб, ювилган-у, аммо қуриб улгурмаган жемпернинг бир тарафини қуритиш жараёнидаги суҳбатларини тинглагандек бўлдим. Жемпер олов тафтидан заха еди. Инсону ҳайвоннинг ўз зурриёти учун куйингани, унга меҳри, ачиниши, унсиз йиғлашлари, тўғриси, бундай сентиментал ҳодисалар ифодаси ўқувчи қалбини ларзага солади. Туғилибоқ нобуд бўлган бузоғидан ажралган она сигирнинг бошини тупроққа қўйгандаги ноласи аниқ эшитилади. Шунга монанд Мунаввара опанинг нобуд бўлган укаси — норасида, бегуноҳ гўдакни ва уни қўлида авайлаб тутиб турган ота ҳолини бошимдан кечирганман. “Ғурур”да ўқувчи қиз мағруриятини, “Эътиқод”да муаллимнинг ғамхўрона жасоратини, “Ипак қурти”да умидлари билан оиласига тиргак бўлган она образини, “Ҳайитлик”да отанинг ўзи қизи қатори етим қўшни қизга мурувватини — буларнинг барча-барчасини аниқ тасаввур қилиш мумкин. “Уй илони” — менинг ҳам шунга мос мавзуим бор. “Илонлар, айниқса, урғочиси қасоскор бўларкан”. Шу гап жуда муҳим. Деталлаштириш насрий асарга куч бағишлайди. Ҳикояларда “чети учган пиёлага ун” солган она ёки “устига қаймоқ суртилган манти”, “оғзидан чиққан ипагини ўролмай ғумбакка” айланган ипак қурти ва, умуман, шу каби деталлаштирилган тасвирлар муаллифнинг ҳаётни чуқур билишидан далолат беради. Бир парча чағиртошга сурчикиб, ўзини англаган одам қайтар дунё мазамматларига ибрат назари билан қарашни ўрганади. “Бир куни” китобида шўро замони манзаралари, хусусан, пахта сиёсати, эътиқодий тушунчалар, меҳнатга кўмилган ва шунда “бахт топган” одамлар ҳаёт тарзи, мактаблардаги мафкуравий тутум ёнида миллий-фидойи муаллимлар, тўғриси, бундай воқеликларнинг баёни яқин тарих ҳақиқатининг нисбатан тугал ифодаси учун хизмат қилади. Китобдаги ҳаётий ҳикоялар инсон қалбида мағрурият, орият, ҳаққоният каби юксак фазилатлар такомилига ёрдам беради. Одамнинг одамга кўрсатилган чин меҳридан қувонасан. “Йил айланиб орзуйим ушалди, талаба бўлдим. Хайрлашиб, дуосини олгани келган куним менга атласдан чиройли кўйлак кийдирди. Бағрига босиб унсиз йиғлади, узоқ йиғлади…”. Тикувчиликда тикиш билан баробар имо-ишоралар тилини ҳам ўргатган устози талаба қизга кўйлак кийдириш воқелиги устида нафақат ўша покиза кўнгил беозор аёл, балки Мунаввара опанинг ўзи ҳам дув-дув йиғлаган бўлса керак.

“Укамнинг беланчагини тебратиш жонимга текканидан онамнинг изидан далага келардим” ёки юрак шаклидаги чағиртошни пахта терадиган этагига солгани каби қатор ҳодисалар борки, Мунаввара опа яшириб, устига заррин рўмол ёки кимхоб либос ёпмасдан ҳақ гапни ёзади.

Мунаввара Усмонованинг шеърларида ҳам, ҳикояларида ҳам шу зайлда ўзини, ўз қилмишларини шафқатсиз равишда бобурона пафосда тафтиш этиш хусусияти ҳам бор, азизлар.

Бир неча кун Мунаввара Усмонова шеърлари, ҳаётий ҳикоялари ичида яшадим. Адибанинг кечинмалари, туйғулари, ёзғиришлари, турмушнинг қомусий китобидан ўқиган сабоқлари, қувончлари, аламлари ичида кездим. Опа ёзган асарлар гулу гулзорни, муҳташам боғни эслатди. Тоғамиз ўгитича: “Кибру ҳавога берилган одамнинг боғи гулламайди”. Камтарин адиба Мунаввара опанинг чечаклари, чаман-чаман очилган гуллари — ёзган асарлари асло завол топмасин; яхшилик боғининг сархил мевали дарахтлари мўл ҳосил берсин.

Баҳодир КАРИМ,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 17 =