Пекинда хитой тилига таржима қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг тақдимоти бўлиб ўтди
Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтида “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг хитой тилидаги рисоласининг тақдимоти бўлиб ўтказилди.
Элчихона томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази кўмагида рисола шаклида нашр этилган “Ўзбекистон-2030” стратегияси Марказий миллатлар университетининг ўзбек тили ўқитувчиси Дилсора Мирзааҳмедова томонидан хитой тилига таржима қилинган.
Тадбирда Хитойнинг етакчи илмий, академик, эксперт-таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тақдимот иштирокчилари “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг асосий мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унда белгиланган мақсад ва вазифалар билан таништирилди.
Маъруза давомида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизни келгуси 7 йилга мўлжалланган ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ва ундаги 5 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсад амалга оширилиши таъкидланди.
Бугун Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан дўстона муносабатларини янада ривожлантиришга ҳам асос бўлаётгани урғуланди.
Шу муносабат билан сўнгги йилларда жадал ривожланаётган, янги даврда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига эга бўлган Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги фаол ривожланиб бораётган ҳамкорликнинг самарали натижалари қайд этилди. Иштирокчиларга июнь ойида Самарқанд шаҳрида иккинчи Ўзбекистон-Хитой минтақалараро форуми ўтказилиши, бу ишбилармонлик алоқаларига янги суръат бағишлаши ҳақида маълумот берилди.
Тайхэ институти бош котиби ўринбосари Ван Юйгуэ ўз чиқишида Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этишини инобатга олиб, ёшлар таълим ва тарбияси муҳимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Стратегияда бу борада аниқ вазифалар белгиланган. Бу борада касбий таълим ва талабалар алмашинуви соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, қўшма илмий марказлар ва технопарклар ташкил этиш ёшларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Хитой Халқаро муносабатлар академияси тадқиқотчиси Чжао Чжэнь “Ўзбекистон – 2030” стратегияси пухта ишлаб чиқилган режа бўлиб, мамлакат тараққиётининг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатларини ҳисобга олганини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиш истаги, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларини модернизация қилиш хитойлик инвесторлар учун жозибадор имкониятлар яратмоқда.
Сунь Чжуанчжи, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори:
— Бугун Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон-2030” стратегиясига бағишланган давра суҳбати ўтказдик.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ушбу стратегия Ўзбекистон тараққиёти учун катта аҳамиятга эга. Стратегиянинг иқтисодий соҳадан тортиб давлат бошқарувигача бўлган мақсадлари мамлакатнинг келажакдаги ривожланишига катта ҳисса қўшади, шунингдек, Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлиги учун янги имкониятлар яратади.
Бугунги тақдимот туфайли Ўзбекистонда мазкур стратегия доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик.
Лю Чан, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти Марказий Осиё ва Кавказ бўлими кичик илмий ходими:
— Бугун “Ўзбекистон-2030” стратегияси тақдимотида иштирок этиш имконига эга бўлганимдан жуда мамнунман.
Қайд этиш жоизки, стратегияда кўзда тутилган бешта ривожланиш мақсади БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, глобал ривожланиш концепцияларининг миллий шароитларга татбиқ этилишини намойиш этади. Ушбу стратегия, шунингдек, халқаро тенденцияларга мос келади ва миллий воқеликка асосланади.
“Дунё” АА,
Пекин шаҳри.