Аждодлар орзуси

Миллий ҳурликнинг қадрига етайлик!

Боқибеғамлик касофати

Таниқли ўзбек адабиётшунос олими Наим Каримовнинг “Қимматга тушган тўлов” мақоласида қизиқ бир манзара бор. Мақолада айтилишича, Октябрь тўнтариши арафасида Кавказдан Сибирга Тошкент орқали Чор Россиясининг катта қўшини ўтган. Улар Тошкентда тўхтаб турганларида, Туркистон жадидлари вакиллари армия қўмондони Александр Колчак билан музокарага киришган. Келишувга кўра, шу қўшин ёрдамида Ишчи ва солдат шўролари қуролсизлантирилиши, Марказий Туркистон давлати ҳокимият тепасига келиши, янги давлат кучга киргунча Колчак қўшини шу ерда бўлиши, бунинг учун туркистонликлар икки миллион сўм миқдорида маблағ йиғиб беришлари керак эди. Мунаввар қори ва Убайдулла Хўжаев тошкентлик бойлар билан кенгаш ўтказган.

Мунаввар қори уларга шундай деган эди:

“Агар сиз, муҳтарам аъёнларга мурожаат этиб, дини ислом фойдасига маълум бир маблағни ажратишни сўрасалар, сизлардан шу маблағни олиш ит азоби билан тенг бўлади. Миллат фойдасига деб сўралганда ҳам шундай аҳволни кўрамиз. Сизларга фақат ўз манфаатингиз бўлса бўлгани. Ҳозирги вақтда хусусий мулкни асло тан олмайдиган большевойлар фирқаси инқилоб қилишга шай бўлиб турибди. Агар шу фирқа ҳокимият тепасига келса, сизларнинг ҳамма молу мулкингиз — уйингиз ҳам, боғ-роғларингиз ҳам, олтин-кумушларингиз ҳам беистисно улар қўлига ўтади!”

Аммо бойлар жон куйдириб айтилган бу гапларни чумчуқдан қўрққан деҳқоннинг ваҳимасига йўйдилар. Натижада Туркистон давлати амалда тузилмай қолди. Колчак қўшини эса йўлида давом этди. Орадан кўп ўтмай, большевиклар аввал Россияда тўнтариш ясаб, кейинроқ Туркистонни эгалладилар. Башорат амалга ошди: совет ҳокимияти бойлардан борини тортиб олди. Ўзларини сургун қилди, ҳаёт шамини сўндирди.

Хусусий мулкка эгалик барҳам топгач, душманлар мамлакатнинг моддий ва маънавий бойликларини очкўзларча талон-торож қилдилар. Дурдона асарлар, нодир осори-атиқалар хорижга пулланди. Одамларга аждодидан қолган зеб-зийнат ва қуйма олтинларни сақлаш ман этилди. Улар ҳам давлатники бўлди.

“Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил!”

Ҳосилдор ерлар ва бойликларга эга Туркистон ҳудуди XIX асрда Буюк Британия ва Россия империялари ўртасидаги “Катта ўйин”нинг марказига айланди. Британия Ҳиндистон хавфсизлиги ва савдо йўллари учун, Россия эса жанубий чегараларини мустаҳкамлаш ва денгизга йўл очиш учун курашди. Хонлар ва амирлар эса ички ишлар билан овора бўлиб, хавфни олдиндан англай олишмади.

Русия “цивилизация олиб кириш” ниқоби остида ҳудудни босиб олди. XIX аср охири – 1917 йилда Чор Россияси мустамлакаси, 1917–1991 йилларда эса Совет истибдоди даври бўлди. Ҳар икки босқичда ҳам маҳаллий халқ сиёсий жиҳатдан заифлаштирилди: руслар кўчириб келиниб, уларга ҳосилдор ерлар берилди. “Меҳмон”лар имтиёзларга эга бўлишди, туб аҳоли эса еридан, ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ижтимоий тенгсизлик ва қўзғолонларга олиб келди.

1917 йил инқилобидан сўнг большевиклар ҳокимиятга келиб, Туркистон халқларига озодлик эмас, балки янги бўйинтуруқ осдилар. Қўқон мухторияти қонга ботирилди, Хива ва Бухоро шўролар жумҳуриятлари тугатилди. Жадидлар ўлкадаги инқилоб ўзлари учун эмас, ўзини дўст қилиб кўрсатган большевиклар фойдасига бўлганлигини англаб етдилар. Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Мустафо Чўқай каби миллий кадрлар хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлди, бошқалар — Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Иброҳим Лақайлар миллий озодлик ҳаракатини давом эттирдилар. Улар сафини хориждан келган Анвар пошо тўлдирди. Бироқ халқ якдил эмаслиги тарихга босмачилик ҳаракати номи билан кирган бу курашнинг самарасини йўққа чиқарди.

1924 йилда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилиб, Туркистон майда республикаларга бўлиб ташланди. Бу сиёсат “ҳар бир миллатга ўз республикаси” шиори орқали тенглик бергандай тасаввур уйғотса-да, амалда Туркистон халқларининг бирлашиб, мустақилликка интилиш имкониятини йўққа чиқарганди. Шу йўл орқали миллий бирдамликка қақшатқич зарба берилди. Динни унутишга, ичкилик ва ахлоқсизликка ўргатишда жонбозлик кўрсатилди. Театр, кино ва матбуот кучидан, ташвиқотидан унумли фойдаланилди. Бунга 1948 йилда суратга олинган “Фарғона қизи” кинокартинаси жонли мисол.

1930-йиллар охиридаги қатағонлар Туркистон устунлари — ойдинларини батамом қуритди.

Эксплуатация учун арзон ишчи кучи

Совет иттифоқи Туркистонга ададсиз пахта майдонлари ва арзон ишчи кучи манбаи сифатида қарай бошлади. “Ҳужум” деб номланган сиёсий ҳаракат миллий анъана, урф-одат ва диний қадриятларга зарба беришни мақсад қилган бўлиб, миллатни ўзлигидан айиришга хизмат қилди. Колхозлаштириш сиёсати ҳам қурбонларсиз кечмади. Бор-будини давлатга берган, қишин-ёзин далада заҳмат чеккан боболаримиз, момоларимиз арзимаган баҳоналар билан қамоққа тиқилган. Сунъий равишда пайдо қилинган очарчилик эса Марказий Осиё халқларининг бошига битган бало эди.

Ўтган асрнинг 80-йиллари иттифоқнинг бошқа даврларига нисбатан сокин ва фаровон кечгандек туюлади. Лекин шундоғам ўзини партия ғоялари учун бағишлаган, умрида ўз даласидан бошқасини кўрмаган халқимиз бошига яна бир фалокат ёғилди. “Марказ” топшириғи билан улар устидан “Ўзбеклар иши”, “Пахта иши” деб аталувчи тергов жараёнлари бошланиб, унинг оловида ҳўлу қуруқ баравар ёнди. Айбсиз айбдорларнинг мол-мулклари мусодара қилинди, қамалди, отилди.

Бувим Холбиби Рўзиева 108 ёшда вафот этдилар. Эл орасида ҳурмат-эътиборлари юқори аёл эдилар раҳматли. Колхозда ишлаган, табиблик қилган, умрининг сўнгига қадар қишлоқ одамларининг тўй-маъракаларида хизматда бўлган. Осонликча уловга ўтирмас, 5-10 километрлик масофага (қиз ва неваралариникига) ҳам пиёда бориб келардилар. Бувим колхоз даврларини эсга оларкан, кўп воқеаларни айтиб берарди. Эрталаб каллаи саҳардан от минган бригадир ҳовлиларга бир-бир кириб чиқар, кечикканларни қамчилаб, қаматиш билан таҳдид қилиб далага ҳайдаркан. Кенжатойини уйда туққанини, чақалоқни йўргаклаб, ўша куни далага чиқиб кетганини, ўғил-қизларининг бари мана шу биёбонларда улғайганини айтган. Шу тузумнинг қаттол сиёсати туфайли у бир гўдагидан ҳам айрилган эди.

Режиссёр Шуҳрат Маҳмудовнинг 1988 йилда Илмий-оммабоп ҳужжатли фильмлар киностудияси томонидан суратга олинган “Аланга” номли ҳужжатли фильми мустабид тузумнинг қиёфасини очиб берган. Сиёсий бюро томонидан унинг намойиши тақиқланган. Унда ўзини ўтга-чўққа урган, 20 ёшида қирқдан ошган хотиндек қаримсиқ бўлиб қолган ўзбек аёлининг бир этак болани туғиб қўйиб-да уй-рўзғор, дала ишларидан ортмаслиги, турмуш шароитларининг оғирлашиши натижасида маиший, руҳий қийинчиликлар исканжасида яшаётгани ҳикоя қилинади. Энг даҳшатлиси, фильмда ўша даврда (1986-1987 йиллар ва 1988 йилнинг биринчи ярим йили давомида) ЎзССРда аёллар орасида ўзига ўт қўйиш бўйича 364 ҳолат қайд этилгани айтилади. Мазкур рақам ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг тахминан қирқ фоизини ташкил қилган бўлиб, ўртача 28 ёшгача бўлган хотин-қизларга тегишли. Бу нимадан далолат? Адолатсиз тузумнинг зулмига қарши исёндан дарак эмасмиди?

Бундан 10-15 йиллар муқаддам юрт корига елка тутган, унинг ривожи учун борини берган бир раҳбар тўғрисида мақола ёздим. У билан ишлаган, ундан яхшилик кўрган кишиларнинг кўпи билан суҳбатлашдим. Ҳатто оддий чўпон, сувчи, тракторчилар ҳам у ҳақида ўзгача бир энтикиш ва ҳаяжон билан сўзларди. “У кишига кибр бегона эди. Этик кийиб далаларни кезишдан, деҳқонлар билан суҳбатлашиб, ҳол сўрашдан чарчамасдилар. Биз билан ёнма-ён ўтириб, қотган нонни канал сувига ботириб тушлик қилган пайтлари кўп бўлган. Бу одамдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам бундай раҳбарни кўрмадик”, деган эди бир механизатор. Қаҳрамоним ҳам ўша даврда Гдлян ва Иванов деган қаттоллар томонидан терговга чақирилган. Оиласини қистовга олишган. Аммо қанчалик ҳаракат қилишмасин, уни айбдор қилишолмаган.

Мақолани бир газетага олиб бордим. Бироқ бош муҳаррир: “Тўғри, ҳозир мустақиллик. Лекин айби бўлмаса ҳам у одам терговга тортилган. Хафа бўлманг, бу материални чоп этолмайман”, деганди. Мен шунда юртимиз истиқлолга эришган бўлса-да, айрим қўрқоқ кимсалар дунёқараши, иттифоққа бўлган эътиқоди тошга ўйилгандек ўзгармай қолганлигини англаб етганман.

Иқтисодий манфаат йўлида қилинган қурбонлик

Мустамлакани, у қаерда, ким томонидан қилинганидан қатъи назар, оқлаб бўлмайди. Аммо Англия ва Совет иттифоқининг бу борадаги тажрибалари қиёс қилинса, тафовут сезилмай қолмайди. Ғарб колониялари озодликка эришгач, қисқа фурсатда энг ривожланган давлатлар қаторига чиқиб олди. Масалан, ғарб таъсиридаги Жанубий Корея гуллаб-яшнади. СССР этагидан тутган Шимолий Корея эса ҳануз дунё учун ёпиқ давлатлигича қолмоқда. Иккинчи жаҳон урушидан кейин иккига бўлинган Германия ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. Айрим давлатларни фашизмдан озод қилганлигини даъво қилган иттифоқ амалда уларни ўзига тобе қилганлигини кўпчилик унутмаган.

Иттифоқ таъсирида бўлган давлатлар эса экологик, демографик, иқтисодий муаммолар, миллий ўзликни тиклашдаги қийинчиликлар ва бошқа муаммоларни ўзларига мерос қилиб олдилар. Масалан, биз “ура-ура”чилик даврида Катта Фарғона каналига ўхшаган ҳавзаларни қазиб, гидроиншоотлар қуриб, Амударё ва Сирдарё сувларини саҳроларни ўзлаштиришга ҳамда пахта монополиясини мустаҳкамлашга йўналтирдик. Оқибатда эса Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳавза — Орол денгизи қуриди. Балиқчилик йўқ бўлди. Ҳавога кўтарилган туз бўронлари аҳоли соғлиғига путур етказди. Экологик инқирозга олиб келган бу лойиҳалар хато эмасди, бу марказнинг иқтисодий манфаатларига хизмат қилган олчоқ сиёсат туфайли эди.

“СССР замонида яхши яшаганмиз”, дейишади айримлар. Марказий Осиё иккала империя (Чор Россияси ва Совет иттифоқи) таъсири остида 126 йил яшади. Энди айтинг-чи, шу тарихий даврнинг неча йилини халқ ҳузур-ҳаловатда ўтказди? Бу “ҳузурлар” ниманинг эвазига келганини унутишдими? Қанча заҳматлар, қурбонлар ва бойликларимиз бадалига келмаганмиди?

Чўккан кемадан нима наф?

Тақдир жон олиб, жон берган боболарга насиб этмаган ҳурликка бизни етказди. Негадир биз унинг қадрига ҳанузгача тўла етмаётгандекмиз.

Атрофимизда ҳамон ўтмишни қўмсаш кайфиятидаги кишилар йўқ эмас. Уларда эски замонни қўмсаш туйғуси кучли. Умрининг салмоқли қисмини ўша даврда яшаган, партия мафкураси руҳида тарбия топган. Хотиралар занжири, истайдими-йўқми, ўтмишга тортаверади. Табиийки, тузумнинг парда ортидаги камчиликлари ҳам унинг кўзларига ютуқ бўлиб кўринаверади. Бу туйғу шу қадар оғриқлики, унинг юки ўз эгасини жазавага тушган футбол фанатидек далли қилиб қўяди. Бугунги кундан иллат изласанг, бундан чеҳраси ял-ял ёнади. Аммо унинг тасаввуридаги “жаннат” ҳақида тариқдек танқидий сўз айтсанг, гирибонингдан олади!

Бу одамлар чўкиб кетган кемада хаёлан яшайдилар. Мустақиллик ютуқларини тан олишни истамайдилар. Айтишларича, қул ўз хожасининг қилган жабр-зулмларини унутиб, шу қисматга кўникаркан. Энг ёмони — бўйнига илинган қуллик занжирига меҳр қўяркан.

Ундайларга қарата “Сиз хоҳлаганингизча ўша даврда яшанг, хотирланг, бундан завқ олинг. Ҳеч ким қарши бўлмайди. Лекин юртнинг бугуни-ю эртасига тош отманг. Чунки унда сиздан кейин давомчиларингиз яшайди”, дегим келади. Аждодлар орзуси — ҳурликни асраш ўз қўлимизда. Бунинг ягона йўли маънавий уйғониш ва миллий бирликдир.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − five =