Куз ҳаяжонлари

Дилфуза ШОМАЛИКОВА

Муаллиф ҳақида:

Дилфуза Шомаликова — Паркент туманида туғилган. Илк меҳнат фаолиятини “Паркент тонги” газетасидан бошлаган.

2008 йилдан буён “Ғунча” журнали бош муҳаррири.

Муаллифнинг “Онам ёпган нон” (1990), “Тупроқ ўйнаётган бола” (2018), “Зағизғоннинг арғимчоғи” (2023)  каби қатор китоблари чоп этилган. Асарлари  асосида теленовеллалар, шунингдек, “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи” кўрсатувлари тайёрланган.

2024 йил “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Куз ёзга алла айтди. Қиш эса кузга алласини хиргойи қилаётир. Боғлар тўн алмаштирар: нигоҳлар еру осмон туташиб кетган жойгача бир рангга бўялгандек. Сарғимтир чопонлар елкаларга илинган аллақачонлар. Хирмондан кўнгли тўлган бобо қўлларини дуога очади: юртга тинч-тотувлик, элга ҳурлик, тўкинлик, ёшларимизга бекам бахту саодат, илму маърифат сўраб юзларига фотиҳа тортади:

“Қўлингдан китобинг тушмасин, бошингдан толейинг кетмасин…”

Ҳосил йиғмасдан ҳаво айниса, ёмғир юрагимга ёққудай бўлади, дейдиган момонинг чеҳрасига қуёш кўчгандек:

— Илмнинг каромати, ўқиганнинг шарофати шу-да…

Ота ўғли туғилганда эккан кўчатига фарзандининг бўйини қиёслайди: осмон билан ер.

— Сен ақлинг билан ҳамма нарсадан баланд бўлишинг, дунёни лол қолдиришинг керак! — ота қатъият, ишонч билан айтади. — Бунинг учун ўқишинг, тил билишинг, билганда ҳам ўзбекнинг боласи эканлигингни жаҳонга кўрсатиб қўйишинг керак.

Она ошхона деразасини очиб, куз қуёшининг тафтидан роҳатланади. Қизалоқ югурганча дераза тагига туриб чапак чалади:

— Ур-ре-е, бошимни қаранг, тегди! Каап-катта бўпман-а?..

Шунда осмонни чуғур-чуғур овоз тутади…

— Айтинг-чи, ойи, қушлар бунча кўп, нима деяпти улар?

Қизалоқнинг саволидан она сергакланади:

— Иссиқсевар қушлар тўпланишиб, иссиқ ўлкаларга йўл олади, қизим. Нима деяётганини билмасам.

— Ия, — қизалоқнинг кўзи катта-катта очилади. — Ойилар ҳам билмайдими-а? Мен ойи бўлсам, ҳамма нарсани биламан. Кўп китоблар ўқийман, ўқийвераман, ўқийвераман, — қиз бироз жиддий тортди. — Бечора қушлар у жойларга етгунча чарчаб кетмасмикан-а?

Ёмғир шивалайди. Икки ўртоқ ромли айвоннинг даҳлизида ин ясайди, ҳозиргина ишлари тугаб қолади.

— Устоз ёрдам бермаганида ҳечам битиролмасдик-да. Ана энди акамиз келса, инни ўрнатиб беради, — болалар ўз ишларидан завқ олади.

Опа эса қалдирғочлар бола очиб, сўнг ҳаммаси учирма бўлган болохонали уйнинг эшикларини зичлаб ёпади:

— Қалдирғочлар баҳорда яна қайтиб келади. Неча йилки, қанча қалдирғочлар кўз очади бунда… Қайта-қайта келаверади улар. Баҳорда сал кечикса, келишини соғиниб қоламиз. Оиламизнинг қадрдонига айланган улар.

Ҳар дақиқа бўйи билан ўйи улғаяётган азиз болажон! Ҳар бирингиз оламларга тенгсиз орзулардан қанот бойлаганингиз аниқ. Катта мақсадлар билан улуғ ниятларга етадиган энг яқин йўл, энг мустаҳкам кўприк излаётирсиз!

У — китоб!

У сени келажакка элтувчи пиллапоялардан орзулар шоҳсупасига етакловчи мактубларга ўхшайди гоҳо. Сен уни ўқийсан, изланасан, кашф этасан — катта йўлга чиқасан.

Қўлларингни осмонга узатасан — етади!

Қўлларингни офтобга узатасан — етади!

 

КУЗНИНГ СУВРАТИ

Ҳаяжонларим хаёлга тутқич бермайди. Дунёга сиғаман-у, ўзимга сиғмайман. Хаёлим семурғ қушлар янглиғ парвоз қилади: кўзланган манзилин ихтиёр этади… Етдим, деганда йўл ҳали олислигини англайди. Менинг мусаввир кўнглим шундай! Қўлимга қалам тутган онларимдан ранг ахтараман — уни бўёқларда эмас, ҳолатларда сирли шивирлашини истайман. Оддийгина муҳрлагим келади: самою заминнинг бағри бирлашиб, олтин рангга айланади. Бунда сеҳргарнинг мўъжизавий таёқчаси-да ҳеч.

Дунёнинг энг мўйсафид эртакчиси чўпчак айтаётгандек: чирт-чирт узилаётган япроқлар кузнинг огоҳлантирувчи илк мактублари. Жунжиктирувчи шамоллар кутилган ва йўлланган хабарнома. Томчилар замин орзиқиб пешвоз чиққан обизамзам…

Поёни адоқсиз кенгликларга разм соламан: шамол мусиқасига рақс тушаётган япроқлар садоси, саслари алла айтаётир гўё. Кузнинг азалий қўшиқларининг абадий нақаротидек… Кўзларига муҳрланган қўшиқлар бу! Унда шамолнинг этакларида ёмғирлар болалайди… Шамолнинг этакларида қўл ушлаган япроқлар айланади, айланаверади — болаликнинг доира ўйинидек адоқсиз. Бебош елларига дош беролмаган япроқлар ўмбалоқ ошади — қишлоқнинг боласидек.

Кузнинг сувратини чизмоқчи бўламан…

Излаганим изларига аста бўёқ тортаман. Бобом минг йиллик насиҳатини такрорлайди:

— Куз қишнинг даракчиси, болам. Дарахтнинг барглари пастидан тўкилса, қиш илиқ келади, тепасидан тўкилса, совуққа тадорик кўриш керак.

Бувим ҳам анойи эмас, кеча айтгани ёдида бўлса-да, яна эслатиб қўяди:

— Қушлар паст ва ёйилиб учса, қиш илиқ ўтади…

Кузнинг сувратини чизмоқчи бўламан…

Кечки пайт турган шамолдан онам деразаларни аста очади: ёмғирнинг ҳиди келяпти, жонингга ҳузур бағишлайдиган…

Тонгда отам ромли айвоннинг ойнакларини очиб юборади: ёмғирнинг салқини гуп этиб урилса-да, жунжиктирмайди. Роҳатбахш эпкин эсади…

Кузнинг сувратини чизмоқчи бўламан…

Ёмғирпўш кийиб, соябон тутган болакай кавушчаси сувга тўлганидан бехабар сакрайди: кимнинг оғзига етти томчи ёмғир тушса, сеҳргарга айланармиш…

Кўп қаватли уйларнинг эрка набираси оёқлари орасидан бошини чиқариб “йўл кўради”. Бобою бувининг қувончи қўш бўлади. Набирасини янаям суйиб қўяди:

— Бугун қишлоқдан меҳмон келадиганга ўхшайди, кўзларингга тумор бўлай, болам…

Чолу кампирнинг гаплари тугамасдан эшик қўнғироғи жиринглайди. Аввал остонада олма, анор, ёнғоғу қовоқлар солинган саватлар, кейин меҳмонлар кўринади. Хонани тўкин боғларнинг иси тутади.

Кузнинг сувратини чизмоқчи бўламан…

 

ОСМОНДАГИ ҚУШЛАР УЯСИ

Узоқдан қушларнинг таниш овози эшитилади. Кейин бу овоз аста яқинлашади. Қушлар галаси осмонни тўлдиради. Болалар дераза ойналарига ёпишиб, чапак чалади. Уларни кузатади: қушлар гоҳ айлана бўлиб қанот қоқади, гоҳо бир-бирларига йўл бераётганга ўхшайди. Қараб турсангиз, очилиб-ёпилаётган гул шаклини олади. Бир зумда тизилишиб парвозида давом этади. Болалар эса қушлардан кўзини узмай онасини саволга тутади:

— Қушлар рақсга тушадими?

— Шунақа бўлса керак, — она мийиғида жилмайиб қўяди.

— Унда қушлар қўшиқсиз ўйнайдими-а?..

— Ўзи қўшиқ айтиб, ўзи ўйнайди.

— Унда ким чапак чалади?

— Шамол бўлса керак-да.

— Бизлар ҳам қарсак чалсак бўладими?

— Албатта, — она деразанинг ойнасини аста ёпади. — Сал нарироқ туринглар, шамоллаб қоласизлар.

— Қушлар шамоллаб қолмайдими?

— Улар ўрганиб кетишган, осмон ўзларининг уйи-да, болам.

— Осмонда қушларнинг уяси борми?

— Уйига учадиган йўл бор, арғимчоқ солиб учаверади.

— Арғимчоқ бизникига ўхшамаганми, нимага кўринмайди?

— Уларнинг арғимчоғи ўзи билан, болам.

— Мен қушларнинг арғимчоғиниям, ўзиниям яхши кўраман. Улар ҳақида эртак эшитгим келяпти.

— Эртакни-ку биламан. Аммо сенга ўзим кўрган, билган воқеани айтиб бера қолай.

— Бўпти…

— Қушлар жудаям ақлли бўлади. Яхшиликни, меҳрни унутмайди. Ёшлигимизда тоғанг оппоқ кабутарлар боқарди. Биз уларни пайпоқли кабутарлар дердик. Ҳовлимизнинг бир чеккасидаги ажратилган ерга дон сепардик. Улар дарров пайдо бўларди. Учиб келарди-да, парво қилмай донлашга тушарди. Баъзан тоғангнинг қўлидаги донни еб, кейин елкасига чиқиб ғурилларди.

— Эркаланаркан-да, раҳмат айтганимиди бу? — қизалоқ шошганча давом этади. — Бизлар ҳам раҳмат айтамиз-ку…

— Ҳа… қалдирғочлар эса бола очган уясини ҳеч қачон унутмаскан. Лайлак, турна, оққуш ҳақида эшитгансан-а?

— Эшитганман озгина… Лекин сизга ўхшаб ўзимнинг кўзларим билан кўргим келяпти. Улар эртакдан ҳам яхши экан.

— Унда ҳар куни табиатни кузат. Кўрганларингни ёзиб бориш учун дафтар тут.

Қизалоқ севиниб кетди. Сумкасидан янги дафтар олди. Муқова устидан биринчи қаторга “Табиат кундалиги” деб ёзиб қўйди. Қулоқлари остида қушларнинг арғимчоқ солиб учаётган овози жаранглади.

 

КУЗ ХАТ ЁЗАДИ

Куз хат ёзади. Сиз унинг хатини ўқиганмисиз? Кузнинг эртагини-чи, тинглаганмисиз?.. Уни ўқимоқчи бўлсангиз, ёмғир шивирига қулоқ тутинг… Туман қоплаб, кейин аста шивалаган сас эшитилса, демак, куз хатининг конверти очилаётгани. Қулоқ тутинг.

Куз хат ёзади. Унда сабо боғлар исини олиб елади. Тўкин меваларнинг ифори димоғингизга урилади. Тагларига тўкилган олма, анорлар ерга қулоқ тутаётганга ўхшайди.

Олтин ранг фасл мактуб йўллайди. Зангор либосли сеҳргар боғларга ташриф буюради: елкасидаги қопи ҳам, ҳассаси ҳам зангор. Ҳил-ҳил пишган ҳар мева бир боғнинг бўйини кўрсатади. Хирмонга барака киради.

Кузнинг хати бободеҳқонга етиб боради биринчи бўлиб. У қўлида ушлаган мактубни очмаса-да, нималар ёзилганини ёд билади.

— Куз — менинг бобом. Мен донишманд бобо фаслимни яхши кўраман, — дейди қизалоқ. — Бобом: “Куз — барака, бол фасли. Меҳнат қилган роҳатини топади”, деб изоҳлайдилар. Яна ҳам яхши кўриб кетаман бу фаслни. Бобом ҳам донишманд. Демак, улар ўртоқ экан-да, деб ўйлаб қоламан. “Салом, куз!” деб қучоғимни очаман. Бахмал тусли барглар ёғилади.

Куз хат ёзади. Барглар бахшига айланади. Унинг шитири ва шивирини ҳеч ким — мусаввир ҳам, уста созанда ҳам ўхшатолмайди. Куз эртагини бошлайди бунда.

Кутилмаганда ачимсиқ ис димоққа урилади. Яқин атрофдан тутун ўрмалаётгани кўзга ташланади. Кейин хазонларнинг инграгани эшитилади. Бунда кузнинг хати ғижимланиб, бир сиқимга айланади.

— Тезда ўчириш керак, табиатни авайласак, у бизни асрайди, — атрофдаги овозлардан кузнинг кафтидаги хатга қанот битади.

Номалар йўл излайди — хазонлар ҳам сузғичдан ўтгандек. Ариқдаги сувларнинг туби кўринади. Булоқлардан буғ кўтарилади.

Беркинмачоқ ўйини бошланади, қуёш кўп беркиниб, булут ўйга толади. Ёмғир ёғади: гўё ерга пўқ-пўқ этиб пуфакчалар урилади-ю, аразлаган боладек ётиб олади. Уни қидираман, тополмайман. Ушлагим келади. Қўлларим муаллақ қолади.

Ҳалинчак солиб учаётган қушларнинг чуғури тутади. Куз хат ёзади. Уни ўқиб улгурмасимиздан кумуш қишнинг хат ёзишга ўтирганидан хабар келади.

 

КУЗДАН КЕЛГАН ХАТ

Осмонни булут қоплади. Кейин ғувуллаган овоз эшитилди. Дарахтлар тебраниб, чайқалгандек бўлди. Дарвозани кимдир қоқди. “Ҳамма уйда. Ким бўлиши мумкин?” Қулоқ солсам, яна тақиллади. Эшикни очсам, изғирин шамол елкасига почта халтани осиб олган. “Сизга хат бор”, дея кафтимдек саватча олиб менга узатди. Ҳайрон қолдим, қопқоғи ҳам антиқа.

Бу кимданлигини сўрамоқчи эдим, у зув этиб кўздан йўқолди. Уни очмоқчи эдим, очилмади. “Ичида нима бор экан?” Қулоғимга тутдим: ёмғирнинг овози, кейин томчиларнинг шарга айланиб ёрилиши эшитилди. Кўзимни юмиб, уни қулоғимга қаттиқроқ босдим: “Энди ўша ёмғирнинг тагида мен ҳам соябонсиз юрардим”.

Кутилмаганда қопқоқ очилиб кетди. Уйни олмаю беҳиларнинг ҳиди тутди. Саватдаги мевачаларни қўлимга олсам, кафтимга сиғмай қолди… Нима қилишни билмасдим. Дераза ойнасидан ташқарига қарадим: осмон тўла зарғалдоқ барг ёғарди. Бу — баргёмғир эди. Йўқ, йўқ, барглар учарди. Уларнинг қаноти бор эди, рост. Қушлардан ҳам чиройли қанот қоқарди… Улар ёмғирдан ҳам беркинмас, шамолдан ҳам қўрқмас эди. Еру кўкни ўз уйига айлантириб олган эди.

Энди билдим, бу кузнинг хати эди. Мен унга жавоб ёзмоқчи бўлиб ўрнимдан турганимда, момақалдироқ гумбурлади. Кўзим катта-катта очилиб кетди…

Кичкинтой дўстларим! Бу менинг тушимми ё ўнгим, билмай қолдим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + six =