Шоирга мактуб

Ассалому алайкум, қирқ йиллик ғойибона танишган қадрдоним Икром Отамурод!

Ушбу хатни ёзувчини деярли Сиз билан тенгдош бир мухлисингиздан деб билгайсиз.

Икром Отамурод деган номни эшитганимдан буён ҳам қирқ йилча вақт бир зумда ўтиб кетибди. Мен Сизни “Жануб қушлари” ва “Вақт ранглари” шеърий тўпламларингиз орқали ўзига хос шоир сифатида кашф этганман. Яна бир нарсани таъкидлашни хоҳлар эдимки, менинг қалбимга сиз “Канглум” бўлиб муҳрлангансиз. Қашқадарё воҳасидан етишиб чиққан Абдулла Орипов, Жуманиёз Жабборов ва Нормурод Нарзуллаевларнинг ёнида доим бақамти шоир Икром Отамуродни кўрганман ва тан оламан. Менинг бу сўзларим хушомадгўйлик эмас, дилимдаги гапларим. Ўзбек адабиётида Сиздек шоирлар борлигидан фахрланаман. Яқинда қўлимга “Сукут садоси” китобингиз тушди-ю, ундаги шеърлар, балладалар, достонларингизни ўқиб чиққач, ўзимда кечган илиқ фикрларимни Сизга мактуб орқали билдиришга жазм этдим.

Мен адабиётшунос ёки мунаққид эмасман, юқорида таъкидлаганимдек, оддий бир шеърият мухлисиман.

Ушбу китобнинг кириш қисмида сўзбоши ёзган шоир Минҳожиддин Мирзо ва китоб сўнгида филология фанлари доктори Узоқ Жўрақуловнинг китобингиз ҳақида ёзганларидан ўтказиб бирон нарса дейишим қийин, албатта. Мени сиздаги сабр, бардош, қаноат қойил қолдиради. Билишимча, университетни битириб, отахон журналимиз “Шарқ юлдузи”га келганингиздан буён шу кунгача бир жойда муқим ишлаб келаётибсиз. Ҳозирги кунда адабиёт майдонида кўзга кўриниб қолган ўнлаб шоирларга устозлик қилганлигингизни ҳам эшитганман. Бугун ўзингиз устоз шоир даражасига етдингиз.

Икромжон, биласиз, ҳар ким “Ватан” тушунчасини ҳар хил тушунади. Лекин Сизнинг “Ватан”га берган таърифингиздан илҳомланмай бўлмайди. Менимча, булар муқаддас маконга топиб айтилган сержило ранглардир.

Мактубимнинг бошида “Канглум” бўлиб қалбимга муҳрлангансиз деб айтган эдим. Назаримда, биргина шу жумлага Сиз бутун ҳиссиётларингизни, туйғуларингизни, ­дунёнинг сир-синоатларини жойлагансиз. Гўёки уни уммонга ўхшатса бўлади, уммон бепоён, ундаги мўъжизаларнинг тагига етиш мушкул. Сизнинг “Умрим — Касбидан то Тошкентга қадар” деб бошланган шеърингиздаги ўтмиш, бугун, соғинч, умр лаҳзаларини ўқиб, ҳаяжонланмай бўладими? Китобга киритилган шеърларингиздан бир олам маъно олдим. Айниқса, “Тўрғай”, “Улуғбекнинг ўлими”, “Чўпоналдар”, “Норжон момо”, “Дашт одамлари” ва “Тўриқ” балладаларингизни ўқигач, ҳайратга тушдим.

Шундай кичик балладаларда ҳаётимизда бўлиб ўтган, ўтаётган, бошимиздан кечираётган воқеа-ҳодисаларни ишонарли, таъсирли қилиб ёзгансизки, “қойил” дейишдан бошқа сўз келмайди тилга.

Достонларингиз ҳақида ҳам тўлиб-тошиб ёзишим мумкин. Сиз аллақачон адабиётда ўз йўлини ва услубини топган улкан шоирсиз. Ёзган шеърларингиз ўқигандаёқ уни ким ёзганини билиб олса бўлади. Бундай бахтга ҳар қандай шоир ҳам мушарраф бўлавермайди. Сизнинг китобингизни мутолаа қилиш давомида она тилимизни яхши билмаслигим, сўз бойлигим нақадар ночор эканлигини билиб, рости, уялиб кетдим.

Китобда фақат икки жойда “Довуш” шеърингизда ишлатган “паллод” сўзига “паллод — изғирин”, “Чўпоналдар” шеърингизда “чўпоналдар — даштда яшайдиган қуш” дея изоҳ берилган. Сизнинг ёзганларингизни тушуниш учун мухлисларда ҳам сизники каби қувваи ҳофиза бўлиши ёки бир нечта изоҳли луғатлар ёнида туриши керак бўлади. Бу менинг шахсий фикрларим, холос.

Умуман олганда, “Сукут садоси” китобингизни ўқиб, ўзимга маънавий озуқа олдим ва “ҳаёт нима?”, “яшашдан мақсад нима?” каби саволларга жавоб топгандек бўлдим.

Менимча, мактубим ҳам анча чўзилиб кетди, чоғи. Қалбимга “Канглум” бўлиб муҳрланган менинг ғойибона қадрдоним, замонамизнинг улкан шоири Икром Отамурод, Сизга ижодда баланд парвозлар тилайман, адабиёт, шеърият шайдолари бахтига ҳар доим омон бўлинг!

Мухлисингиз:

Сайфулла Ал-МУРОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Қамаши тумани

Бойбўри қишлоғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + nineteen =