“Журналист бўлишни орзу қилганман”

– деди мингбулоқлик таниқли шифокор Эргашали Мусаев

Ҳаётда камтарин инсонлар билан рўбарў келганимда, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг қуйидаги шеъри ёдимга келаверади:

 

Гарчи шунча мағрур турса ҳам

Пиёлага эгилар чойнак,

Шундай экан, манманлик нечун,

Кибру ҳаво нимага керак?

 

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам

Ўтма ғурур остонасидан.

Пиёлани инсон шунинг-чун

Ўпар доим пешонасидан.

 

Мингбулоқлик таниқли шифокор Эргашали Мусаев ҳам ўзининг камтаринлиги ва самимияти билан эл назарига тушган. Унинг номи тилга олинганида “жуда камтарин инсон-да” деган эътирофни эшитасиз. Назаримда, ушбу мақоланинг ёзилишига ҳам унинг шу фазилати сабабчи бўлди.

Ўша куни Наманганда таниқли журналист, Мингбулоқ тумани газетаси бош муҳаррири Қосимжон Акбаров билан Эргашали акани йўқлаб, хонадонига бордик. Ҳамроҳимни кўриб, Эргашали ака хурсанд бўлиб кетди.

— Тошкентдан эски қадрдонингизни олиб келдим, — деди Қосимжон ака хонадон соҳибига юзланиб.

— Журналист укамизни олиб келиб, улуғ иш қилибсиз, кейинги пайтларда ёзаётган очеркларини ўқиб, маза қиляпмиз, — деди Эргашали ака. — Ёшинг бир жойга борганида гапи гапига қовушадиган инсонларнинг хумори тутиб тураркан. Сиздай ижодкорлар билан суҳбатлашишнинг завқи бошқача бўлади.

— Энг ширин хотиралар болалик даврларидан қолади, гурунгимизни ёшлигингиз ўтган кунлардан бошласак, — деб Эргашали акага қарайман.

— Болалигимиз болаликдай ўтмаган десам ҳам бўлаверади, — деди у. — У пайтларда ҳозиргидек фаровонлик, тўкин-сокинчилик қайда. Суягимиз меҳнатда қотди. Мактабни журналист бўлиш орзуси билан битираётган 1967 йили эди. Чунки адабиёт фанини жуда яхши кўрардим. Доим китоб ва газеталарни ўқиб борардим. Синф раҳбаримиз Абдулазиз Норқулов домла: “Қайси ўқишга борасан?” деб сўраб қолди. “Журналист бўлмоқчиман”, дедим. “Журналистлик обрўли касб, аммо қишлоғимизда бирорта дўхтир йўқ, тиббиёт институтида ўқисанг яхши бўларди, дўхтирлик савоб иш”, деди. Физика фанидан дарс берадиган раҳматли Абдулазиз муаллимимиз кўпни кўрган, ақлли инсон. Гапини икки қилмай, Андижон давлат медицина институтига ўқишга кирмоқчи бўлдим. Аммо пулим йўқ эди. Колхозда ишлаган ойлигимни “ўқишга кетса, яхши ишчидан айрилиб қоламан”, деган, шекилли, табелчимиз атайлаб ёзиб бермади. Отам эса ўшанда бор-йўғи ўн икки сўм пенсия оларди. Бир ой кунига беш сўмдан мардикорчилик қилиб, 150 сўм тўплаб, Андижонга бордим. Ўқишга кирдим.

Студентликнинг биринчи йили оғир кечди. 1968 йили 26 декабрь куни катта қор ёғиб, квартирамизнинг девори ағдарилиб тушди. Бахтимизга, девор ташқари томонга қулабди. Тўртта талаба эрталабгача девори йиқилиб очилиб қолган уйда совуқ қотиб тонг оттирдик. Кўрпаларимизни кўтариб, бошқа жой қидириб кетдик. Бешта уйга кирдик. Жой йўқ. Олтинчи уйдан бир кампир чиқиб, мени маҳкам қучоқлаб: “Тирикмисан, ўғлим!” деб йиғлаб юборди. Ўзи ҳам, овози ҳам онамга ўхшар экан, онам тирилиб келибди, деб мен ҳам йиғлаб юбордим. Шу тарзда қанча турдик, билмадим. Ўғли оламдан ўтган экан. Айтишича, мен унга жудаям ўхшар эканман. Менинг онам ҳам бешинчи синфда ўқиётганимда фожиа сабабли оламдан ўтган эди. Она қадрини онасидан эрта ажраганлар яхши билади. Тасодифми, мўъжизами, Худонинг кароматими, билмадим, шундай қилиб, қиш чиққунича ўша онахонникида яшадик. Шундан кейин ҳам уни тез-тез йўқлаб турдим…

Бир куни чўнтагимда 30 тийин пулим қолибди. Ошхонада оч бўлсам-да, нон-чой ичиб, овқат емай ўтиргандим. Нариги столда корейс киши мени кузатиб турган экан. “Қаерликсан, нега овқат емаяпсан?” деб сўраб қолди. Мингбулоқнинг “Гигант” колхозидан эканимни айтдим. “30 тийиним қолибди, стипендиям чиқишига ҳали етти кун бор, уни ҳам еб қўйсам, кейин нима қиламан, деб ўйланиб ўтирибман”, дедим. У менга овқат олиб берди. Овқатланиб бўлгач: “Орқамдан юр”, деб уйига бошлаб борди. Менга ўн сўм пул бериб, бир пайтлар Мингбулоқнинг “Гигант” колхозида яшаганини, у ерликлардан кўп яхшиликлар кўрганини айтди. Пулни олгач, йўқ деса ҳам унамай, ҳовлисини супуриб бердим.

Аллоҳнинг меҳрибончилигини қаранг, Тен Владимир Андижондаги Гидролиз заводининг бош инженери бўлиб ишлар экан. Мени кечқурунги сменада ишлайдиган бригадир қилиб ишга олди. Ойига икки юз сўмдан ойлик олиб, бир зумда бой студентга айландим. Отамга ҳам пул бериб турадиган бўлдим. Ҳамқишлоқларимнинг яхшиликлари туфайли яхшилик кўрдим. “Яхшиликнинг мукофоти яхшилик” деган ҳикмат ижобатини ҳаётимда кўрдим. Институтни битиргунимча ўша ерда ишладим. Зориқиб қолган курсдошларимга ҳам ёрдам бериб юрдим.

Хуллас, институтни аълога битирдим. Домлаларимиз институтда қолиб, илмий иш қилишимни таклиф қилишди. Аммо иложим йўқ эди. Мингбулоқда кекса отам ёлғиз эди, уларга қарашим керак эди. Тўғри қилган эканман. “Ота рози — Худо рози” дегани ҳақ гап экан. Шундай тақдир бергани учун Аллоҳга шукур. Отамнинг дуолари туфайли шу кунларга етдим.

Ўқишни битириб, касалхонада иш бошладим, — дея Эргашали ака ҳикоясини давом эттирди. — Саксон ёшида отамни машина уриб кетиб, касалхонага тушиб қолди. Ҳар куни ҳолидан хабар олгани касалхонага бораман. Ҳошим ака деган яхши бир инсон билан бир палатада ётганди. У киши отамнинг аҳволини кўриб: “Тезроқ уйлангин”, деб менга насиҳат қилди. Молиявий аҳволимиз оғирлигини сезган, шекилли: “Пул бериб тураман, уйланволасан”, деб жиддий гапирди. Эртаси куни икки минг рубль пул узатиб: “Топганингда берасан, бермасанг ҳам розиман”, деди. Бу ночор ота-болага Аллоҳимнинг инояти, Ҳошим аканинг катта муруввати бўлганди. У пайтда икки минг катта пул эди. Ўша пулга тўй қилиб, Насибахонга уйланганман. Пешонамга шундай ажойиб турмуш ўртоғи ёзгани учун Аллоҳга шукур дейман. Бир йил ўтмасиданоқ қарздан қутулиб олдим.

Онадан эрта етим қолганим учунми, оиламизда аёл кишига эҳтиёжимиз кучли эди. Насибахоннинг қадами қутлуғ келиб, ишларимиз юришиб кетди. Бирин-кетин тўртта қиз фарзандли бўлдик. Оиламизга қут-барака кирди. Аммо ҳаёт бир текис кетавермас экан. Оғир синовлар ҳам бор экан. Минг тўққиз юз саксонинчи йили кутилмаганда оғир дардга дучор бўлдим. Қайғуга ботиб қолдим. Оёқ-белим оғриғидан жоним чиқиб кетай дерди. Бу азобни бошидан кечирган ҳис қила олади. Қаерда тузукроқ дўхтир бор деса, ўша ёққа бордик. Инсоннинг бардоши метиндек мустаҳкам бўлар экан. Тўхтовсиз оғриқларга чидадим. Андижондаги клиниканинг машҳур врачлари ҳам “орқа мия ракининг сўнгги босқичига келган, узоғи билан икки ой умри қолган” деб мени касалхонага қабул қилишмади.

Бир томонда оғриқ, бир томонда тўрт қиз билан хотинимнинг ёлғиз қолиб кетиши тинчлик бермасди. Кечалари Худога илтижо қилиб, дардимга шифо сўрардим.

Фарғонада хитойлик дўхтир игна билан даволаётганини эшитиб, умид билан у жойга бордим…

Суҳбатимиз шу жойга келганида, Насиба ая хонага чой олиб кириб қолди. Юзларидан иймон нури, хотиржамлик ҳаловати уфуриб турган бу икки инсонга нигоҳ ташлайман. Қўша қариш бахти шундай бўлса керак.

— Анча илгари бир гуруҳ хитойлик шифокорлар Ўрта Осиёга келиб игнатерапия усули билан даволашни йўлга қўйишган экан. Шундай шифокорлардан бири Сун Сун Мун Фарғонада қолиб кетган экан. Бир-икки марта игна муолажасини олгач, оғриқ сусайиб, дунё кўзимга чиройлироқ кўрина бошлади, — деб Эргашали ака ҳикоясини давом эттирди. — Доктор бўлганим учунми, Аллоҳ дилига солдими, билмадим, менга меҳр қўйиб қолди. У билан тезда тил топишиб қолдик. Мени ўзига ёрдамчи қилиб олди, даволаш усулларини ўргатди. Уч ой деганда батамом тузалиб кетдим. Пок Парвардигор ғайрий хазинасидан шифо бергани, Сун Сун Мун деган ажойиб устозни тортиқ қилгани учун беадад шукур дейман.

Шу тобда бир воқеа ёдимга тушиб кетди. 2000 йили устозим Сун Сун Мунни Москвага Хитой элчихонасига чақиришди. Кетаётганида у иккита қовун юборишимни илтимос қилди. У Москвада қовунни Хитойдан келган меҳмонларга сўйиб берибди. Азал-азалдан Мингбулоқ қовунлари жуда ширин бўлади. Шираси тилни ёрадиган қовуннинг бирини еб бўлишгач, яна бирига қараб, шундай мазали неъматни етиштирган деҳқон ҳурмати учун улар қовунга таъзим қилишган экан. Инсонийликни, неъматга шукур қилишни қаранг, қойил қоласан-да, киши…

Мана, эллик йилга яқин вақт давомида устоздан ўрганган игна билан даволаш усулини қўллаш орқасидан насибадор бўлдим, ном қозондим. Бугунги кунда нафақат республикамиз вилоятларидан, қўшни республикалардан ҳам беморлар дардига шифо излаб келишмоқда.

Отам раҳматли ҳамиша: “Одамларга яхшилик қилинглар, бировнинг ҳақини еманглар, ҳаромдан узоқ юринглар, борига шукур қилиб, йўғида қаноат қилиб яшанглар”, деб насиҳат қиларди. Отажоним айтганларига амал қилиб, кам бўлмадим. Тиббий даволаш хизматларим учун доимо бошқаларникидан арзон нарх белгилайман. Ўзимизда бор яхши нарсаларни бошқаларга илинишни ўрганганман. Етим-есирлар, кекса нуронийлардан, ногиронлардан пул олмайман. Беморларнинг дуосида гап кўп. Ҳаётда тасдиғининг кўп гувоҳи бўлганман.

— Эргашали ака касбидан ҳалол ризқ топган, қобил фарзандлар тарбиялаган, оилани муқаддас билган нуронийларимиздан, — дея Қосимжон ака суҳбатга қўр ташлади. — Бугун ўғиллари Улуғбек ва Умиджонлар ота касбини давом эттириб, тиббиёт соҳасида катта ютуқларга эришиб, обрў-эътибор топишмоқда. Тўрт нафар қизларининг ҳаммаси олий маълумотли ўқитувчи. Ҳамма ҳавас қиладиган оила.

— Ота учун фарзандининг ютуғи катта бахт экан, — деди Эргашали ака. — Ўша кун ҳечам ёдимдан чиқмайди. Ўтган йили оёғим оғриб, юра олмай ётган эдим. Остонада Улуғбек костюм-шимда, кўкрагида депутатлик значоги ва медаль тақиб турибди. Кўзимга қуёшдек бўлиб кўринди. Қандай ўрнимдан туриб кетганимни билмай қолибман. Маҳкам бағримга босиб, узоқ турдим. Хурсандлигимдан оёғим тузалиб қолибди. Кўзимга ёш келди. Ўғлим Улуғбек Президентимиз фармони билан “Шуҳрат” медали олганди.

Суҳбатдошимга ҳавас билан қараб туриб, ҳар бир отага фарзандларининг камолини кўриш насиб этсин деган улуғ ниятлар дилимдан айланди.

— Сизни билганлар кўп китоб ўқишингизни айтишади?

— Ҳа, ёшлигимдан китобсеварман, — деди у. — Ўқиган китобларимнинг саноғи йўқ. Китоб ўқиган киши одамларнинг обиди бўлади деган ҳикматга амал қилдим. Қачон диққат бўлиб қолсам, “Қуръон” ўқийман. Қуръон нури билан кўнглим ёришади. Ҳозир Акмал Мираваз ўғлининг “Мусулмон учун зарур билимлар”, Адҳам Иброҳимнинг “Энг комил инсон” асарларини қайта-қайта ўқишга одатландим. Сўз гавҳарига харидормиз. Китобни яхши кўришимни билиб, фарзандларим, набираларим китоб совға қилишади. Улардан ҳам ўқиган китоблари ҳақида сўраб тураман. Ижодкор бўлиш орзусида балоғатга етганим учун бўлса керак, шеър ёзиб тураман. “Ҳали кўп яшайсиз”, “Шифокорлик туйғуларим”, “Фарзандларга етти насиҳат” номли тўпламларим чиққан.

Эргашали ака Мусаев билан суҳбатлашиб, руҳимиз енгил тортди, маърифатдан, маънавиятдан дарс олгандек бўлдик…

Дилмурод Қирғизбоев,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =