Саҳна санъати таъсирчанми?

Самарқанд вилояти мусиқали драма театри нафақат ҳудудий, балки республика миқёсида ҳам ўзига хос ўринга эга бўлган санъат масканларидан бири. Қарийб 111 йиллик тарихни ўз бағрига сингдирган бу даргоҳ устоз-шогирд анъаналари, бой репертуар ҳамда узлуксиз изланишларга асосланган ижодий мактаб сифатида шаклланган. Бугунги кунда театр репертуарида қарийб 40 та фаол спектакль мавжуд бўлиб, улар орасида жаҳон драматургиясининг энг сара намуналаридан тортиб, миллий ва замонавий асарларгача кенг қамровли саҳна ишлари ўрин олган.

Хусусан, Шекспирнинг “Гамлет” ва “Қирол Лир” трагедиялари, мусиқали саҳна асарлари — “Хонума”, “Кўчки”, болалар ва оилавий томошабинлар учун мўлжалланган “Золушка”, мумтоз адабиёт асосидаги “Лайли ва Мажнун” ҳамда “Ишқ бўстони” спектакллари томошабинлар эътиборини қозониб келмоқда. Шунингдек, театрда қўйилаётган С.Имомали қаламига мансуб “Ўжар қайнона” комедияси, тарихий руҳдаги “Баҳодир Ялангтўш” ва “Беҳбудий” спектакллари сўнгги йилларда энг кўп томоша қилинаётган саҳна асарларига айланган. Бу эса томошабин дидининг икки қиррали эканини — кулги ва енгиллик билан бир қаторда, чуқур драматик мазмун ва тарихий тафаккурга ҳам эҳтиёж мавжудлигини кўрсатади. Театр репертуар сиёсати ҳақида сўз юритган бош режиссёр Ш.Санақулов ижодий изланишларнинг изчил давом этаётганини таъкидлайди: “Жаҳон драматургиясининг энг сара намуналарини излаб топиш ва уларни саҳналаштириш устида тинимсиз ишлаяпмиз. Чинакам бадиий қийматга эга асарлар ҳар қандай даврда ҳам томошабин қалбига йўл топади”.

Театр вакиллари очиқ тан оладики, бугунги кунда томошабинни жалб этиш масаласи долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Кўпинча бепул намойиш этилган спектаклларда заллар томошабинга тўлса-да, пуллик спектаклларга қизиқиш нисбатан суст. Самарқанд вилояти қўғирчоқ театри директори Ферузбек Абдурайимов бу ҳолатни қуйидагича изоҳлайди: “Баъзан битта оддий овқат нархига тенг бўлган билетни ҳам харид қилишга ота-оналар шошилмайди. Ривожланган мамлакатларда эса санъатга ҳавас ва меҳр устувор. Демак, биз аввало томошабинда театрга бориш маданиятини шакллантиришимиз керак. Шу маънода “Нигоҳ” лойиҳаси доирасида ўтказилган бепул спектакллар муҳим ижтимоий тажриба бўлди — минглаб томошабинлар театр муҳитига қайтди. Бу эса бир ҳақиқатни тасдиқлади: муаммо кўпроқ спектакль савиясида эмас, балки томошабин одатини шакллантиришда”.

Замонавий давр эса театр олдига янги талабларни қўймоқда. Технологиялар асрида улғайган ёш авлод кўпроқ динамик, қисқа ва визуал жиҳатдан бой саҳна асарларини афзал кўради. Шу боис репертуарда комедик ва енгил жанрдаги спектаклларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Режиссёрлар фикрича, бу жараённи инкор этиш эмас, балки тўғри бошқариш муҳим: “Театрнинг иқтисодий барқарорлигини ҳам ҳисобга олсак, томошабин талабидан четда қолиб бўлмайди. Аммо бу енгиллик ортида бадиий савия пасайиб кетмаслиги зарур”.

Муаммолар фақат томошабин диди билан чекланмайди. Саҳналаштирувчи режиссёр Алижон Ҳасанов драматургия ва техник таъминот масалаларини долзарб йўналиш сифатида кўрсатади: “Бугун бизга чуқур ғоявий юклама ва бадиий мукаммалликка эга янги драматургия етишмаяпти. Замонавий технологиялар — лазер эффектлари, катта саҳна мониторлари, “3D” визуал ечимлар эса спектакль имкониятларини кенгайтиради. Бу нафақат ташқи кўриниш, балки мазмунни чуқурроқ очиш воситасидир”.

Театр ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари томошабин билан жонли мулоқот учун самарали майдонга айланди. “Золушка” спектаклидан сўнг билдирилган фикрлар бу ташаббуснинг амалий натижаларини яққол кўрсатди.

— Фарзандларим билан илк бор театрга келдик. Муҳит ва ижро жуда ёқди. Шунча вақт келмаганимдан афсусландим, – дейди томошабинлардан бири. Яна бир ота-она эса театрга бўлган муносабатдаги ўзгаришни қуйидагича ифодалайди: “Илгари мажбуран келардик, бугун эса ўз хоҳишимиз билан. Болаларим замонавий саҳналаштиришни жуда яхши қабул қилди.

Томошабинлар орасида спектакль давомийлиги масаласи ҳам кўтарилмоқда: “Спектакллар қисқароқ ва лўндароқ бўлса яхши бўларди. Бугунги тезкор ҳаётда одамлар вақтини тежашни истайди”, — дейди томошабинлардан бири.

Каттақўрғон шаҳар драма театри директори Суннатилло Казаков эса масалага янада кенгроқ ёндашади: “Умрида бирон маротаба спектаклга келмаган одамлар ҳам орамизда талайгина. Айримлар театрга бориб пул сарфлагандан кўра, бошқа эҳтиёжни устун қўяди. Бироқ спектаклга келган томошабинларнинг аксарияти мамнун бўлиб қайтади. Муаммо шундаки, уларни бу масканга етаклайдиган тарғибот етарли эмас. Бугунги кунда энг катта талаб комедия жанрига қаратилган. Ҳатто ташкилотлар билан ишлаганимизда ҳам улар аввало “Комедия борми?” деб сўрайди. Аммо биз фақат талаб ортидан қувиб кетолмаймиз. Тарихий спектакллар ҳам зарур — улар орқали ўзлигимизни, миллий қадриятларимизни акс эттирамиз”.

Ушбу фикрлар бир жиҳатни яққол кўрсатади: томошабин диди ўзгарувчан ва индивидуалдир. Ҳар бир спектакль ҳар кимга бирдек таъсир қилмаслиги табиий. Демак, театр олдида турган асосий вазифа — турли ёш ва ижтимоий қатлам вакилларининг эҳтиёжларини мувозанатли тарзда қондиришдан иборат.

Бугунги театр икки муҳим йўналиш чорраҳасида турибди: бири — юксак бадиий савия ва классик меросни асраш, иккинчиси — замон талаби ва томошабин эҳтиёжига мослашиш. Ана шу икки омил уйғунлашган тақдирдагина саҳна санъати ўз таъсир кучини сақлаб қолади. Энг муҳим омиллардан бири эса — томошабин тарбияси. Театрга меҳр оиладан бошланади. Дид ва эҳтиёж шаклланадиган биринчи муҳит — бу оила. Театр эса ана шу эҳтиёжни юксак санъат билан бойитиб, томошабинни нафақат ҳордиқ чиқаришга, балки фикрлашга, ҳис қилишга ундаши керак.

Сарвиноз МАМАНОВА,

Самарқанд вилояти мусиқали драма театрининг адабий қисм мудири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 14 =