Айб телефондами?

Автобусда, метрода, навбатда турганда, ҳатто оилавий даврада ҳам бир манзара кўп учрайди: бош эгилган, қўлда телефон. Шу ҳолатни кўрган катта авлод вакиллари, одатда, бошларини сарак-сарак қилади-ю, шартта бир хил хулосага келади: “Ёшлар телефонга боғланиб қолди”. Гўёки телефон бугунги авлоднинг энг катта муаммосига айлангандек. Лекин масалага бироз чуқурроқ қаралса, савол бошқача тус олади: муаммо ҳақиқатан ҳам телефоннинг ўзидами?

Бир пайтлар китоб ўқиётган ёшларни “ҳаётдан узилиб қолган” дейишган бўлса, бугун телефонда вақт ўтказаётганларни “бекорчи” дейиш одатий ҳол бўлди. Аслида эса ҳар икки ҳолатда ҳам одам муайян нарсалардан қочмоқда: зерикишдан, босимдан, ёлғизликдан ёки шунчаки реалликдан. Телефон — восита. Унга қандай мақсад юкланиши эса одамнинг ўзига боғлиқ.

Бугунги ёшлар нега телефонсиз яшай олмаяпти? Бунинг сабаби нимада? Чунки телефон унга бир вақтнинг ўзида ҳам ҳордиқ, ҳам мулоқот, ҳам даромад, ҳам ўқиш, ҳам машҳурлик, ҳам қочиш имконини беради. Китоб эса бунинг акси: сукут, сабр ва диққат талаб қилади. Замонавий дунё эса, қўйиб берса, диққатни тарқатиб юборади. Бир дақиқалик видеолар, чексиз лентали ижтимоий тармоқлар, тезкор контентлар мияни тез завқ олишга ўргатиб қўйди. Китоб мутолааси эса “reels”лардан кўра кўпроқ эътибор талаб қилади. Ундан завқ олиш учун вақт керак. Бугунги шошқин даврда эса кўпчилик “кутиш”ни истамаяпти. Авваллари катта авлод вакилларида бўлган шижоатни бугунги ёшларда топиш мушкул масала бўлиб қолмоқда.

Аммо бу ерда яна бир ноқулай савол бор: ёшларни телефондан қайтараётган катталарнинг ўзи мутолаа борасида қанчалик ўрнак бўла оляпти?

Уйида бирорта китоб ўқимайдиган, бўш вақтида фақат телевизорга термулиб ўтирадиган ёки кун бўйи телефон титкилайдиган катталар ёшлардан китобхонлик талаб қилса, бу бироз ғалатироқ эмасми? Ахир китобга муҳаббат насиҳат билан эмас, муҳит билан юқади. Агар бола уйида ота-онасининг мутолаа қилаётганини кўрмаса, китоб ҳақида фақат танбеҳ эшитса, унда китоб “завқ” эмас, “мажбурият” бўлиб қолади-ку! Телефон эса, аксинча, эркинлик ҳиссини беради. Шу сабаб бугун “телефон ёмон” деган оддий ҳукм масалани ҳал қилмайди. Негаки, телефон фақат салбий восита эмас!

Бугун минглаб ёшлар (катталар ҳам) айнан телефон орқали тил ўрганмоқда, касб эгалламоқда, халқаро грантлар ютмоқда, бизнес юритяпти, контент яратиб, даромад топяпти. Кимдир оддий телефон орқали дизайн ўрганиб, фрилансер бўляпти, кимдир видеомонтаж қилиб, оиласига ёрдам бермоқда, яна кимдир хориж университетларига ўқишга кириш учун тайёрланмоқда…

Демак, муаммо фақатгина телефонда эмас, ундан қандай фойдаланишда.

Бошқа томондан, китоб ўқимасликнинг барча айбини телефонга юклаш — энг осон йўл. Чунки бу ҳолда бошқа муаммолар кўринмай қолади. Масалан:

– мактаб ва университетлардаги мажбурий, зерикарли мутолаа тизими;

– ёшларнинг психологик чарчоғи;

–       иқтисодий босим;

– сифатли ва қизиқарли замонавий адабиёт танқислиги;

– оилада мутолаа маданиятининг сустлиги;

– китобнинг ҳаётий фойдаси ҳақида аниқ тушунча йўқлиги.

Агар телефон бўлмаганида ҳам, эҳтимол бугун кўпчилик китоб ўқимасди. Айтайлик, телевизор кўрарди, кўчада юрарди ёки бошқа машғулот топарди. Чунки назаримизда масала воситада эмас, инсоннинг ички эҳтиёжида. Аслида, ёшлар китобдан эмас, зерикарли ҳаёт тарзидан қочмоқда.

Бугунги авлод визуал ва тезкор ахборот ичида улғайган. Унга фақат “китоб ўқи” дейиш кифоя қилмайди. Китобни ҳаёт билан боғлаш, мутолаани мажбурият эмас, имконият сифатида кўрсатиш керак.

Яна бир ҳақиқат борки, бугунги ёшлар аввалги авлоддан кам ўқиётгандек кўринса-да, эҳтимол, улар бошқача форматда мутолаа қилаётгандир. Кимдир мақола ўқияпти, кимдир электрон китоб, кимдир илмий постлар ёки курс материаллари. Яъни мутолаа шакли ўзгарган бўлиши мумкин, лекин бу ҳар доим ҳам тафаккур йўқолганини англатмайди.

Ҳа, муаммо юқорида айтганимиздек, телефоннинг мавжудлигида эмас, муаммо — инсоннинг диққати учун кураш кетаётганидадир. Бугунги технологиялар одамнинг вақтини имкон қадар кўпроқ ушлаб қолиш учун қурилган. Демак, ёшларнинг телефонда узоқ қолиши фақат уларнинг “иродасизлиги” эмас, балки бутун бошли рақамли тизимларнинг натижаси ҳамдир. Шундай экан, ечим ҳам оддий тақиқда эмас.

Телефонни олиб қўйиш билан мутолаа кўникмаси пайдо бўлиб қолмайди. Китобни севдирадиган муҳит, фикрлашга ундайдиган суҳбат, намуна бўладиган катталар ва маъноли ҳаётий мақсад керак. Чунки инсоннинг ичи бўш бўлса, у телефон билан ҳам, телефонсиз ҳам барибир нимагадир қарам бўлиб қолаверади.

Эҳтимол, бугунги энг муҳим муаммо — “Ёшлар нега телефонга берилиб кетди?” эмас, балки “Нега реал ҳаёт уларни телефончалик ўзига тортмай қўйди?” деган саволдир.

Яна бир гап. Биз албатта, ҳеч кимга ақл ўргатмоқчи ҳам эмасмиз. Лекин халқимизда бир доно мақол бор. “Қуш – уясида кўрганини қилади”. Демак, газета-журналларга, китоб мутолаасига болаларни мурғакликдан, мактаб партасида, оила даврасида кўникма ҳосил қилиш керак. Қачонки, умрида бирор бадиий китоб ёки бирор газета-журнални ақалли қўлига олиб кўрмаган ўсмир қандай қилиб, телефонни бир четга суриб, мутолаага берилиб кетар экан?!

Мана масала қаерда?!

Фарангиз АБРУЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + four =