Қалб сўзим

Ҳар қайси одам ҳаётида беқиёс ўринга эга бўлган инсонлар бор: бири оқ сут бериб, меҳр билан парвариш этадиган она бўлса, бири бизнинг моддий ҳаётимиз ва мавжудлигимиз сабабчиси, ҳамиша суянчиғимиз – отамиздир. Аммо менинг ҳаётимда яна шундай бир инсон ҳам борки, у нафақат менга илм берди, балки дунёдаги паст-баландликлардан қоқилмаслигим учун онамдек меҳрибон, отамдек суянчиқ ва яқин сирдошимга айланди. Инсонлар ичра қалбимнинг маънавий чироғи ва буюк қалб эгаси – бу нур юзли устозим Ҳафиза Ҳикматовадир.

Яхши устоз жамиятга ва шогирдлар ҳаётига шундай таъсир кўрсатар экан. Устоз нафақат касбга, балки бутун борлиққа бўлган меҳрни уйғота олади. Дарсхонадаги биринчи учрашув ва мен топган энг буюк бахт – бу менинг меҳрибон устозим эканлигини йиллар ўтиб, янада теранроқ англаб ­боряпман.

Таълим ва тарбияни бир-биридан айро тасаввур эта олмаганимиз каби ҳаётни ҳам мен муаллимларимсиз идрок эта олмайман. Ўшанда 1-синф ўқувчиси эдим. Менга илиқ муносабат билдирган бу фариштали аёл бир кун келиб том маънодаги менинг энг азиз кишимга айланишини, ўқишим ва ҳар бир муваффақиятим учун жон куйдирувчи самимий инсоним бўлишини, йил сайин бу улуғ устозга нисбатан тилларим эмас, қалбим гапиришини у қадар англамаган эканман. Устозимнинг ҳар бир ўгити вақт ўтган сари хиралашмайди, аксинча, янада тушунарли ва қадрли бўлиб бормоқда.

Бир гал танаффус вақтида қандайдир ширинликми ё нонми еб, синфхонага бораётгандим. “Йўлда нон емоқ ёмон” деган сўз ўнг томонимда турган муаллимимдан келди. Ўша ондан то бугунга қадар шошилиб овқатлансам, ёки йўлда еб кетиш учун у-бу нарса олсам, ё йўл давомида нимадир тановул қилиб кетаётган одамни кўрсам, дарров устозимнинг гаплари хаёлимга келади. Баъзида оддий, тушунарли бўлган бундай ўгитлар ичида оламларга тенг маънолар бўлишини англар экансан.

Йиллар ўтиб, ҳаёт пойдеворимга назар ташлаганимда, унда биринчи устозимнинг ўчмас изини кўраман. Йўл четидаги оддийгина танбеҳдан тортиб, барчаси менинг бугунги шахсимни шакллантирган бебаҳо сабоқлардир. Вақт бизни болалик дарсхонасидан йироқлаштирса-да, қалбимизда устозимиз қурган маънавий кўприк ҳеч қачон узилмайди.

Бизга фақатгина ҳарф ўргатибгина қолмай, ҳаёт ва борлиқни севишни ўргатган азиз устозларим, бахтимизга доимо соғ бўлинг!

Шаҳризода ШАМСИДИНОВА,

Ўзбекистон Миллий университетининг

журналистика ва ўзбек филологияси факультети

1-босқич талабаси.

Биргина салфетка-ку!

 Ҳар қандай муаммони кўп гапириш билан эмас, унинг ечимига катта-ю кичикнинг саъй-ҳаракати билан барҳам бериш мумкин. Масалан, атроф-муҳитга, экологияга одамларнинг муносабатини олайлик. Ёшларни қўя турайлик, ҳатто катта ёшдаги инсонларнинг ҳам кўча-кўйда бемалол чиқиндиларни ташлаб кетаётгани, автоуловлари ойнасидан пластик идишларни ёки бошқа кераксиз нарсаларни улоқтиришаётганига ким гувоҳ бўлмаган?

Айтайлик, оддийгина нам салфеткани олайлик. Кун давомида нечта нам салфетка ишлатишингизни ҳеч ҳисоблаб кўрганмисиз? Айтайлик, бир кунда одам ўртача 3 дона нам салфетка ишлатса, аёллар ундан ҳам кўп ишлатишади. Нам салфетка эса биологик парчаланмайди, яъни узоқ йиллар ерда ёки чиқинди ичида қолади. У чиқинди сифатида ёқилганда эса ўзидан бир қатор зарарли моддалар чиқарар экан. Тасаввур қиляпсизми? Қанчалик оддий, лекин хавфли моддаларни? Энди ўйлаб кўринг, она сайёрамизда бир кунда миллиардлаб одамлар бундай салфеткалардан қанча фойдаланади? Уларни тартибсиз равишда кўчага ташлайди.  Энг ёмони, айнан ана шундай нам сочиқчалар хонадонлардаги оқова қувурларда тиқилиб қолиб, жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳам сир эмас.

Яшил ҳудудларнинг камайиши, тирбандликларнинг кўпайиши, саноат ишларининг бетартиб амалга оширилаётгани ва транспорт воситаларининг кескин равишда ортиб бораётгани каби омиллар ҳақида қанча кўп гапирилади. Куз чоғи хазонларни ёқамиз, бошқа пайтлар ҳам турли чиқиндиларни ёқиш одатий ҳолга айланган. Бу бронхит, астма, юрак-қон томир касалликларини кучайтириши сир эмас. Хўш, аҳолининг атроф-муҳитга муносабати шу йўсинда давом этаверса, эртага нима бўлади? Бу ҳақда кўпчилик ўйламайди, лекин “экология бузилиб кетяпти”, “шаҳарда нафас олиб бўлмаяпти” деганга ўхшаш нолишларни айтишдан чарчашмайди.

Дарахтларни ҳеч кимдан рухсат олмасдан кесиб ташлаш ҳолатларининг камаймаётгани эса жуда ачинарлидир. Демак, бу борада назоратни янада кучайтириш, қарши чора-тадбирларни янада кучлироқ қилиш керак. Қачонки битта дарахтни ноқонуний кесган одам жуда қаттиқ жазога тортилиши керак. Хуллас, ожиз фикримча, экология софлигини муҳофаза қилиш учун бутун жамият баробар ҳаракат қилиши шарт.

Маржонабону ТОҲИРЖОНОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

 

Ёнимиздаги “бегоналар”

 Тўғри, ҳозирги кунда телефонсиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Ҳамма нарса телефон ичида: суҳбат, дарс, ўйин, расм ва ҳатто хотиралар ҳам. Телефон одамларни бир-бирига яқинлаштирди, лекин, очиғи, баъзан одамларни ёлғиз ҳам қилиб қўйди.

Авваллари одамлар кўпроқ юзма-юз гаплашарди. Ҳозир эса бир хонада ўтирган инсонлар ҳам бир-бири билан эмас, телефони билан банд. Оила аъзолари кечқурун суҳбат қуриш ўрнига ижтимоий тармоқлардан кўз узмайди. Бу эса секин-аста одамлар орасидаги самимийликни емирмоқда.

Энг қизиғи, инсон интернетда юзлаб одам билан гаплашиши мумкин, лекин ҳақиқий ҳаётда ўзини ёлғиз ҳис қилади. Кўпчилик телефонни зерикканидан эмас, сукутдан қочиш учун ушлайди. Чунки ҳозир жимликка чидайдиган одам камайиб бормоқда.

Албатта, телефоннинг фойдаси ҳам жуда катта. У орқали билим олиш, яқинлар билан боғланиш ва вақтни тежаш мумкин. Аммо ҳар нарсанинг меъёри бўлгани яхши-да.

Менимча, баъзан телефонни четга қўйиб, оддий суҳбат қилиш ҳам инсон учун керак. Чунки ҳеч қандай экран тирик инсоннинг меҳрини алмаштира олмайди.

Нилуфар ТОШМАТОВА,

Термиз давлат университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =