Ҳарбий хизматчининг маънавий етуклигини белгиловчи саккиз мезон

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳарбий соҳани ислоҳ қилиш, уни техник ва жанговар жиҳатдан мустаҳкамлаш билан бир қаторда, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-мафкуравий салоҳиятини юксалтириш ҳам устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилган. Бугунги кунда ҳарбий хизматчи нафақат қурол-яроғ билан, балки юксак маънавият, ақлий зеҳн, иродавий баркамоллик ва ахлоқий бардош билан қуролланган бўлиши зарур. Бунинг тамал тоши эса Ватанга, халққа ва Президентга садоқат, қатъият ва фидойиликдир.
Ватанга садоқат — ҳарбий бурчнинг юракдан англанишидир. Садоқат — ҳарбий хизматчининг ички дунёсидаги энг муқаддас фазилат. У бу фазилат орқали Ватанга хизмат қилишни бурч эмас, шараф деб билади. Халқ ва Президент ишончини оқлаш — ҳарбий учун фақатгина қонун талаби эмас, балки виждон амрига айланади. Садоқатли ҳарбий ҳар бир қадамда масъулият билан иш кўради, давлат рамзларига ҳурмат, қасамёдга вафо, вазифасига содиқлик билан ажралиб туради.
Азми қатъийлик эса интизом ва руҳий мустаҳкамлик асосидир. Ҳарбий хизмат — доимий қарор, тезкор ҳаракат ва бардавом интизом талаб қилувчи соҳа ҳисобланади. Қатъиятсизлик — ҳарбий хизматда кечирилмас хато. Азми қатъий ҳарбий ҳар қандай ҳолатда ўз бурчини адо этишда мустаҳкам туриб, шахсий ҳис-туйғуларни эмас, бурч ва масъулиятни устун қўяди. Унга на хавф, на чарчоқ, на вақт таъсир қилади.
Тадбирлилик — ҳарбий зеҳн ва етакчилик қобилияти мезони саналади. Ташаббускор, вазиятни тўғри баҳолай оладиган ва инновацион ёндашувга эга ҳарбий — бу муваффақият калитидир. Замонавий армия мураккаб ва тез ўзгарувчан шароитда самарали ҳаракат қила оладиган тадбирли кадрларга муҳтож. Тадбирли ҳарбий нафақат тактик қарорлар қабул қилади, балки ресурсларни оқилона бошқаради, жамоани руҳлантиради, фаол етакчига айланади.
Ҳушёрлик — хавфни олдиндан кўра билиш салоҳиятидир. Ҳарбий шахс учун ҳар лаҳза аҳамиятли. Ҳушёрлик — доимий тайёргарлик, ҳолатни англаш, таҳдидни олдиндан сезиш, тезкор реакция ва хавфсизликни таъминлашдир. Ҳушёр ҳарбий нафақат ўзини, балки атрофидаги ҳамкасбларини ҳимоя қила олади. У яқинлашиб келаётган таҳдидни кўз, қалб ва тажриба билан ҳис қилади.
Мардлик — бурчга вафо, жасоратга йўлдир. Мардлик — фақат жанговар ҳаракат эмас, балки бурчни адо этишдаги собитқадамлик, масъулиятни зиммасига олиш, жамоани ҳимоя қилиш, юрт тақдирига дахлдорликдир. Мард ҳарбий хавф-хатарда чекинмайди, ўзини қурбон қилишга тайёр туради. Бундай жасорат жамоада ишончни, халқда эътиқодни мустаҳкамлайди.
Шижоат — руҳий ҳаракат, интилиш ва ғайрат тимсолидир. Шижоат — ҳарбийнинг қалб оташи, ташаббуси, сабр-тоқати ва ғалабага интилишидир. Бу фазилат энг оғир вазиятларда ҳам таслим бўлмаслик, фаол ҳаракат қилиш ва бошқаларга намуна бўлишдан иборат. Шижоатли ҳарбий ҳар қандай вазиятда йўл топади, мақсад сари тўхтамасдан интилади.
Интизом — ҳарбий салоҳият ва тартиблилик асосидир. Интизомсиз армия — қуролсиз, мураккаб, тартибсиз тўпламдир. Ҳарбий хизматчи интизом орқали жамоа билан бирга ҳаракат қилади, буйруқ ва қонунга бўйсунади, шахсий нафс эмас, умумий мақсадга хизмат қилади. Интизом — ҳарбий иерархия ва салоҳият мезонидир.
Жамоавий ҳамкорлик — бирдамлик ва ғалабанинг гаровидир. Ҳарбий жамоада ишонч, бирдамлик ва ўзаро ёрдам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилган жамоа ҳар қандай таҳдидни енгади. Жамоавийлик — нафақат фаолият, балки руҳ, маданият ва ғоялар уйғунлигидир. Бунда ҳар бир аъзо ўз бурчини адо этиш билан бирга, ўз дўсти, укаси ва елкадошига суянч бўлади.
Янги Ўзбекистон армияси жисмонан бақувват, маънан мустаҳкам, ахлоқан пок, Ватанга муҳаббат билан яшайдиган, Президент ва халқ ишончига муносиб ҳарбийлар тимсолида шаклланмоқда. Ҳарбий хизматчининг маънавий етуклигини белгиловчи саккиз мезон — халққа, Ватанга, Президентга садоқат, азми қатъийлик, тадбирлилик, ҳушёрлик, мардлик, шижоатлилик, интизомлилик, жамоавий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик — ҳарбий маънавиятни тўла қамраб олган таянч устунлардир. Уларнинг ҳар бири фақат хизмат жараёнида эмас, балки шахс сифатида етишиш, инсоний камолотга эришиш учун муҳимдир.
Зокиржон Алибеков