Кўп нарса, аввало, ўзимизга боғлиқ

Сенатор, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарининг бош муҳаррири Ҳусан ЭРМАТОВ билан суҳбат

Ҳусан ака, сизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифангизни доимо кузатиб бораман. Танқидий ва ўринли муносабатларингиз ҳамкасбларимиз даврасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганига бир неча бор гувоҳ бўлганман. Келинг, байрам байрамдек, суҳбат суҳбатдек бўлсин, дастлаб сўзингизни жорий йилнинг 10 июнь куни жойлаган мулоҳазаларингиз шукуҳи билан бошлайлик…

— 9 июнь куни Москвада эдим. МДҲ Парламентлараро Форумида ўзбек парламенти вакили сифатида қатнашдим ва сўзга чиқдим. Тўғриси, Давлат Думаси мажлислар залида Пушкиннинг шеърини ҳали ўзбек тилида ҳеч ким ўқимаган бўлса керак. Ва яна бир маълумот йиғилганларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди: Президентимиз ташаббуси билан “Рус адабиёти дурдоналари” туркумидан 100 жилдлик тўпламнинг нашр этилгани. Гап бу ерда Президентнинг китобхонликка, адабиётга, қолаверса, адабиётда алоҳида ўрин тутган рус адабиётининг гўзал дурдоналари ўзбек ўқувчисига етиб боришига бўлган эътиборида эди. Кечқурун Форум иштирокчиларига қабул маросими ташкил этилди ва унда асосий қаҳрамон Ўзбекистон ва унинг вакиллари, яъни биз бўлдик. Ёнимда ўтирган Қозоғистон парламенти вакили ўзбек футболининг бу улкан ютуғидан мендан кам хурсанд бўлгани йўқ, қолаверса, ҳар бир голни барча йиғилганлар ўрнидан туриб қарши олишди. Даврадошларим бир овоздан ЖЧда Ўзбекистонга мухлислик қилишга ваъда беришди. Кечаги кайфиятим ҳадди аълосида бўлганини таърифлашга сўз топиш қийин. Қалбим ғурур ва ифтихорга тўлди, қўшни қардошларимиз мен билан қучоқлашиб, бу ғалабани ўзлариники каби қабул қилишганидан беҳад қувондим. Мана шу илиқлик, самимийликни яқин етти-саккиз йил олдин хаёлимизга ҳам келтирган эмасмиз. Бу, аслида, минтақамиз, халқларимиз учун бебаҳо неъмат ва ютуқдир. Бунга эришишда ҳурматли Юртбошимиз озмунча ҳаракат қилдиларми?

Ютуқлар, ғалабалар покиза қалбли инсонларга, одилона сиёсат, аҳилчилик, самимият, эзгуликка йўғрилган ишлар билан келади. Азиз дўстлар, футболнинг ривожига яқинда бўлиб ўтган тадбир, унда Президентнинг шахсан иштирок этиши, бутун стадион гувоҳлигида фарзандларини сийлагани, уларга мукофотлар бериб, чин оталик меҳрини кўрсатгани, қолаверса, бир неча давлат раҳбарларини, ҳукуматлар бошлиқларини турнақатор қилиб олиб борганлари қанчалар катта туртки, рағбат беришини тасаввур қилиб кўрайлик. Илоҳим, юртимизга, Юртбошимизга кўз тегмасин. Барчамиз мана шу эзгу ниятлар йўлида Йўлбошчимизга елкадош бўлайлик! Футболимиз ҳам, она Ватанимизнинг ҳар бир жабҳадаги қадамлари ҳам шиддатли, ғолибона бўлаверсин!

— Илоҳим. Айтганингиз келсин Ҳусан ака, Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адиб, маҳоратли таржимон Иброҳим Ғафуров “Фитрат ва миллат танқиди” деб номланган мақоласида шундай дейди: “Европа хабарсизликка қарши бир қуролни ўйлаб топдики, у ҳар қандай маърифатли амирдан ҳам қудратлироқ ва таъсирчанроқ бўлиб чиқди. Мен газетани назарда тутяпман. Туронда ёппасига хабарсизликка қарши жангни энг муваффақиятли суръатда олиб борган нарса ростдан ҳам газета, босма китоб ва журналлар бўлди. Тараққийпарварларимиз газета миллатнинг қиёфасини шакллантирадиган тенгсиз мураббий эканлигини тез англаб етдилар”. Бугунги кунимизда эса…

— Гапни чўзмасдан, индаллога ўтаман. Биз кўп йиллар давомида газеталардан, асосан, мафкура қуроли сифатида фойдаланиб келганмиз. Натижада журналистикада кўп нарса йўқотдик. Шу ўринда бир таклифим бор: юртимиздаги зиёли қатлам вакиллари — адиблар, педагоглар, файласуфлар, сиёсатшунослардан иборат бир холис кенгаш тузилса… Улар газеталарни бир варақлаб, босма нашрлар савиясига баҳо беришса. Ташқаридан туриб “Газета нимага керак, унда нима бор?” деган гапни айтиш жуда осон бўлиб қолди. Қачон бир газета ўқигандингиз, десангиз, жавоби йўқ. Бу инсофдан эмас. Бугун ҳам жиддий таҳлиллар бор газеталарда, танқид ҳам етарли. Фақат унга эътибор ҳавас қиларлик эмас.

Мутасаддиларда ҳам савод, илм даражаси одамни уялтирадиган аҳволда бўлиб ётибди. Кўпинча вазирлик ва идоралар биз қўяётган саволларга қандай жавоб бериш кераклигига салоҳиятлари етмай қолаяпти. Мен буни жуда ачинарли ҳол, деб ўйлайман. Энг муҳим йўналишларда — иқтисодиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги йўналишларида таҳририятимиз қўйган саволларга қониқиш ҳосил қилса бўладиган жавоблар ололмаймиз. Нега шундай бўляпти, мана бу бизни ўйлантириши лозим, аслида.

Ҳозир бутун дунёда ҳам босма нашрлар биз кўраётган муаммоларга дуч келаётгани бор гап. Уларнинг ададлари камаяётгани ҳам рост. Бироқ бу дегани улар эгасиз қолиб кетяпти, дегани эмас.

Масалан, яқинда Москвада бўлган чоғимда таниқли журналист Ольга Владимирова билан шу мавзуда суҳбатлашиб қолдим. Буни қарангки, шунча машаққатларга қарамай, Россияда айни пайтда 100 минглаб нусхада нашр этилаётган газеталар ҳам бор экан. Тиражи шундай бўлган газеталардан бирини қизиқиб варақлаб кўрдим. Тўғрисини айтсам, мени ҳайратга соладиган ўзгариш ёки янгилик топганим йўқ.

Қизиғи, ҳали-ҳамон руслар газетадан мафкура тарғиботчиси сифатида жиддий фойдаланишмоқда. Меҳмонхоналарда нонуштага тушсангиз, ҳеч қурса, икки-учта газетани тақдим қилишади, бепул. Ўқийди одамлар. Меҳмонхонага жойлашганларнинг орасида бошқа юртнинг одамлари қанча? Демак, уларга Россия пропагандаси ўзининг юмшоқ кучи билан таъсир қиляпти. Бу, аслида, муҳим масала.

— Ўтган 2024 йилда сизнинг “Сокин дарё мавжлари” номли янги китобингиз нашрдан чиқди. Бу китоб юртимиз зиёлилари ва ёш журналистлар учун ўзига хос туҳфа бўлди, десак, адашмаган бўламиз. Унда жамланган суҳбатларингиздан бирида: “Бугунги журналистикамиздан қониқмайман. Яхши журналистлар кам. Давлат сиёсати, ташқи алоқалар, умуман олганда, миллий манфаатларимизни етарлича ёрита оладиган ОАВ йўқ”, дея фикр билдиргансиз…

— Назаримда, асосий гап ўзимизда. Йиллар давомида газеталарга мажбурий обунага зўр бериб, уларга босимлар ўтказиб келинди. Ўн йиллаб танқид берилмади, муаммолар кўтарилмади. Жамиятда кучли иқтисодчи, кучли таҳлилчи, сиёсий шарҳловчиларга эҳтиёж ҳам сўндирилди. Қарабсизки, энди иқтисодий таҳлил йўқ, дея жар соламиз. Ростдан ҳам иқтисодни яхши тушунадиган, жараёнларга теран нигоҳ билан муносабат билдира оладиган журналистлар топилмаяпти. Ёки сиёсий шарҳларни олайлик. Биз хабарчи бўлиб қолганмиз, бу воқеаларнинг туб илдизига етиб борадиган, сабаб ва оқибатлари ҳақида жиддий мулоҳаза билдира оладиган мутахассисларга ҳам эҳтиёжимиз катта. Бу фақат газетада эмас, теле ва радиожурналистларимиз орасида ҳам катта муаммо бўлиб ётибди. Жамиятда илмга эҳтиёжни йиллар давомида сўндирганимизнинг оқибатлари мана шулар-да. Ҳозирда ОАВнинг бирон-бир турида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш тугул, бу масалага яқин келаётганлари ҳам йўқ ҳисоби.

Эртага бизни нима кутяпти? Бу савол атрофида мулоҳаза юритиш ўрнига фақат бир-биримизни қоралаш, айблаш, бемаъни ва майда масалалар атрофида тортишиш билан оворамиз. Аксарият зиёлиларимизнинг қаричлари бугунги мезонларга мос келмаслигидан баъзан жуда хафа бўлиб кетаман. Айни давр тарихини яратаётган инсонлармиз. Ярата оляпмизми? Йўқ, менимча.

Энди замонавий журналистикани қандай ривожлантириш борасидаги мулоҳазаларни ўртага ташлашимиз муҳимдир. Биз ижтимоий-сиёсий таҳлилни, иқтисодий шарҳларни тайёрлаш масаласида ниҳоятда оқсаяпмиз.

Президентимиз миллий контентни ўзимиз яратишимиз керак, дедилар. Бу, аслида, биз журналистларга қарата айтилган энг катта танбеҳ. Миллий контент ярата олмаётган қавмга давлат раҳбарининг эътирози бу. Яна бир ўринда Юртбошимиз қалам аҳлини мудофаа ва хавфсизлик соҳасидан аҳамияти жиҳатидан қолишмайдиган соҳа деб қайд этди.

Атрофга қаранг, бугун ахборот майдонларидаги “жанг”лар уруш майдонларидаги тўқнашувлардан кам бўлаётгани йўқ. Демак, миллий контентнинг эгаси ўзимиз чиқмас эканмиз, биз бекор юрибмиз бу соҳада.

— Дарҳақиқат, шу ўринда “Vatan” журнали ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Назаримда, миллий контент мақомига тўғри келадиган саноқли контентлардан бири “Vatan”дир…

— Юртбошимизнинг Миллий контент ҳақидаги фикрларидан кейин муассисимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Мирсоатович Рафиқов бизнинг олдимизга Президентимиз чақириқларига қандай жавоб берамиз, деган масалани кўндаланг қўйдилар. Шу тариқа “Vatan” журналига асос солинди. Ўтган йилдан журнал ҳар чоракда нашр этила бошланди. Биринчи сонини республика бўйлаб барча раҳбарларга тарқатдик. Самарқанд вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Эркинжон Турдимов журнал етиб борган куниёқ қўнғироқ қилиб: “Бу журналга қандай қилиб обуна бўлиш мумкин? Вилоятимиздаги ҳар бир мактабда мана шундай савиядаги журнал бўлишини истаймиз”, деди. 1272 та, Самарқанддаги шунча мактаб йил давомида “Vatan”ни ўқиди. Қаранг, агар раҳбар чин зиёли бўлса, шундай бўлади-да.

Йил бошида журналнинг инглиз тилидаги версиясини чоп этдик. Унинг тақдимотида 30 дан ортиқ давлатнинг мамлакатимиздаги элчилари иштирок этишди. Элчиларимиз: “Бу журналнинг ҳар бир сонини бизга етказинглар, юртингиз ҳақида ҳикоя қилувчи зўр журнал экан”, дейишди. Демоқчиманки, газета-журналларимиз, ТВ, радиодаги эшиттириш ва кўрсатувларимиз бугунги кун одамларининг маънавий эҳтиёжига, савиясига жавоб берадиган бўлса, одамлар аста-секин бизга ишона бошлайди.

Яна бир мисол: “Hurriyat” газетасида чоп этилган бир мақолада Бухоро ва Сирдарё вилояти раҳбарлари фаолияти қиёслаб таҳлил қилинган. Сирдарёда аксарият раҳбарлар “Мен иш кунимни газета варақлаш билан бошлайман” деяпти, Бухорода эса бунинг акси.

Уч йил олдин “Ishonch”нинг шу кунгача нашр этилган барча сонларининг “pdf” вариантини шакллантирдик, яъни 30 йиллик тарихни тикладик. Шунда газета нега кераклигига яна бир дастак топдик. Унинг саҳифаларини варақлаганингиз сари бутун бир тарихимизнинг бор воқеликлари кўз ўнгингизда, шуурингизда жонланади. Ўша пайтлардаги муҳит ҳавосини сезасиз. Газетаси чиқмаётган Тошкент шаҳар ҳокимлиги наҳотки шу оддий ҳақиқатни англай олмайди? Мана сизга савол.

Ўйлайманки, мана шу ерда юқоридаги учта саволингизнинг жавобларига нуқта қўйиляпти.

— Илмий иш ҳам қилаётган экансиз. Мавзуси медиаконвергенция йўналишида экан. Бугунги конвергентлашувдан қанчалик қониқяпсиз?

— Ҳа, илмий тадқиқотлар олиб боришнинг кечи йўқ деб ҳисоблайман. Насиб бўлса, шу кунларда илмий иш ҳимояси бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ахир, медиаолам шитоб билан илгарилаб кетмоқда. Агар МДҲ доирасида олсак, бу соҳада бир-биримиздан жуда илгарилаб кетар даражада фарқ қилмаймиз. Ҳатто Россияда ҳам конвергенция ҳали мақтанарли ҳолда эмас. Ўзимизда қандай? Бир қатор чизгилар бор, сайтлар, медиамарказлар пайдо бўлди, турли шаклдаги контентлар тайёрлаяпмиз. Бироқ аудитория билан ишлаш борасида, контентнинг асл эгасини топиш борасида оқсаяпмиз.

Ҳозир телеканаллар рейтингни кўтариш борасида ҳаракат қилишяпти. Аммо бу ҳам ўзига хос баҳсли масала. Чунки томошабиннинг сифати ҳам ўрганилиши лозим.

Ҳусан ака, ўзингиз бошловчилик қилаётган “УUZMA-YUZ+” дастури сиёсий тафаккурни ривожлантирадиган ажойиб дастур бўлибди…

— Аслида, бу ҳам ўзимиз ҳақимиздаги ахборотга ўзимиз эгалик қилишимиз сари қўйилган бир қадам деб ўйлайман. Ҳозир дунёнинг кўплаб халқаро бирлашмалари, давлатлари нигоҳи Ўзбекистонга қадалган. Мен Ўзбекистон дунёга чиқди, деб эмас, Дунё Ўзбекистонга келди, деб айтгим келади. Шундай тарихий даврга келдик. Парламентлараро Иттифоқнинг юбилей ассамблеясида иттифоқнинг бош котиби Чунгонг жаноблари билан “Юзма-юз+” ёздик. Унинг Ўзбекистон ва унинг Президенти ҳақидаги гапларини ҳаяжонсиз тинглаб бўлмайди. Ҳавас ва ҳайрат билан тўлқинланиб гапирди, агар кўрган бўлсангиз.

Ҳа, кўрдим албатта. Жуда таъсирчан суҳбат бўлди.

— Раҳмат. Шуни аниқ ишонч билан айтишни истардимки, “Марказий Осиё+” формати халқаро ҳамжамият учун алоҳида бир намуна бўла олади, дейишяпти экспертлар. Агар санасак, жудаям кўп гаплар бор. Лекин буларнинг аҳамиятини ёритиб бера оляпмизми? Ўйлаб кўрайлик, ҳар қандай мамлакат ОАВси ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиб эфир тайёрлайди. Лекин уларнинг аксари ишонарли, далилларга асосланиб, турли қарашларни тизиб қўйиб, бир сўз билан айтганда, томошабин ёки тингловчини зериктирмасдан ушлаб ўтиради, ҳеч ким бунинг учун уни маддоҳликда айбламайди ҳам. Биз эса кўпинча энг примитив йўлдан борамиз, констатация, хабарларда бирёқламалик дарҳол сезилади. Бу нима? Бу, аслида, маҳоратимизнинг етишмаётгани. Кейин… Томошабин ҳам йўқ, рейтинг ҳам ҳаминқадар. Муаммо мана шунда.

Биз 27 июнни, яъни касб байрамимизни фақат совғалар олиш, табриклашлар билан эмас, соҳада эришилган ижодий ютуқлар, касбий маҳорат бобида, конвергентлашув йўналишидаги натижаларимизни таҳлил қилиш билан ҳам нишонлаб боришга ўтишимиз керак. Баъзида ижтимоий тармоқларда баъзи ҳамкасбларимизнинг фалон йилдан буён ишлайман, ҳали бирор мукофот беришмади, деб очиқча таъна қилишларини ўқиб, тўғриси, хижолатдан бўларим бўлиб кетади. Биродар, шунча йилдан бери нотўғри жойда ўтирган эканингизни сезмаяпсизми, дегинг келади… Бизнинг мукофотимиз шу азиз юртга садоқат билан хизмат қилишнинг ўзидир.

Профессионалларимизга байрамлар муборак бўлсин!

Журналист Зулфия ФАЙЗУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − seven =