Ҳаёт гулларини сўлдирманг!

Қўлимда не-не орзу-умидлар билан турмуш қурган икки ёшнинг ажрашиш тўғрисида судга берган даъво аризаси. Келин қайнонасининг камситишларию зуғумлари жон-жонидан ўтиб, икки ойлик ҳомиласи билан кўч-кўронини олиб, ота-онасиникига кетиб қолган. Дунёга келган олти ойлик фарзандининг мунчоқ кўзлари ота дийдорини кўрмаган. Онасининг сўзини икки қилмайдиган ўғил севиб уйланган хотини фарзанд кутаётганлигини била туриб, бир марта ҳам ҳол сўрамаган.

“Нега турмушнинг қувончу ташвишини, бахтли ва бахтиёр онларини бирга тотмай туриб, фарзандли бўлганингизда ажрашишга қарор қилдингиз?” — сўрадим йигитдан. “Онамни менсимаган хотин билан яшамайман”, — деди эр ўта лоқайдлик билан.“Келиннинг рўзғор тутиши, муомаласи кимга ёқмади: сизгами ёки онангизга?” “Онамга ёқмагандан кейин менга ҳам ёқмайди-да. “Алоҳида яшасангизлар бўлмайдими?” “Мен ота-онам билан яшайман”. “Унда нега уйландингиз?” Йигит бошини хам қилганча ўйга чўмди. “Фарзандингизни етим қолдириш гуноҳидан қўрқмайсизми?” У миқ этмади.

Маҳалладагилардан олинган маълумотлар ва савол-жавоблардан маълум бўлдики, қайнона ўзининг келинлик йилларини унутиб қўйган, келинини қизидек кўриб, билмаганларини ўргатишни, яхши гап билан йўл-йўриқ кўрсатишни, маслаҳатлашиб иш кўришни хушламайдиган, “менинг айтганим бўлади” дейдиганлардан экан. Шунинг учун у судга чақирилмади. Оиласидаги воқеадан воқиф бўлган қайнота босиқлик билан, оила аъзоларининг кўнглига озор бермай, ўртадаги тушунмовчиликни бартараф этса олам гулистон эди. Бунинг учун у қатъиятли, сўзи билан иши бир, каттаю кичикка ўрнак бўлиши керак.

Албатта, оила қураётган йигит ҳам турмушнинг пасту баланди, оғир-енгили, аччиқ-чучуги борлигини, пайдо бўладиган муаммоларни ақл, тадбиркорлик ва сабр-тоқат билан ҳал этишни ўз зиммасига оладиган, қайнона-келин ўртасидаги икир-чикирларни қизишмай, “Яхши гап билан илон инидан чиқар, ёмон гап билан инсон динидан чиқар” деган мақолга амал қилиб иш тутса, оила тотув ва мустаҳкам бўлади. Икки ёшга ана шуларни уқтириб, кечиримли ва мустақил фикрли бўлишга, кек сақламасликка, йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, ибратли оила бўлишга даъват этиб, ярашиш учун маълум муҳлат бериб, хайрлашдим. Аммо ёш оилани шу кўйга солган қайнонага бериладиган “ахир, ўзингиз ҳам келин бўлгансиз-ку, фарзандларингиз оиласини бузишдан сизга нима наф?” деган савол хаёлимдан кетмади.

Билиб босилган тикон

Никоҳини бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган Зоҳида (исм ўзгартирилди) исмли аёл судга келмади. Маҳалла фаолларининг айтишларига қараганда, у фарзандларини онасига қолдириб, Туркияга саёҳатга кетганмиш. Суд икки ҳафтага қолдирилди. Эри билан ажрашишга қарор қилган аёл Туркияда нима қилиб юрибди? Оиласи жар ёқасида турганда чет элда дам олиш кўнглига қандай сиғди? Олти ёшли қизи билан уч ёшли ўғлини ўн-ўн беш кунга онасига қолдириш-чи? Бунга чидашнинг ўзи бўладими? Наҳотки бундан эри бехабар бўлса? Онаси-чи, нега онаси: “Ҳой қизим, бу эшитган қулоққа яхши эмас. Дам оладиган бўлсанг, ўзимизда ҳам яхши жойлар кўп. Болаларинг билан борсанг бўлади-ку”, демади? Ота-чи? “Яхши ўйлабсан. Борсанг-боравер. Болаларингдан хавотир олма, ўзимиз кўз-қулоқ бўлиб турамиз”, дедимикан? Бу саволларнинг ҳар бирига жавоб излар эканман, гулдай икки бола тақдири мени кўпроқ ўйлантира бошлади…

Бугун суднинг навбатдаги мажлиси. Зоҳида икки боласи билан залнинг бир четида, эри бир четда ўтирибди.Аёлнинг ҳаволаниб кетгани, эрини менсимаётгани яққол сезилиб турар, мақсади ярашиш эмас, ажрашиш эканлигини кўзлари айтиб турарди. Томонларни навбат билан эшитдик. Зоҳида эрининг эътиборсизлигидан нолиди. Назаримда, у Туркиядаги беш юлдузли меҳмонхона билан ўз уйини таққослаган, оилада турмушнинг мушти кўринганда дарҳол ажрашишга қарор қилганга ўхшарди. Эри тижорат ишлари билан банд бўлгани боис оиласига етарлича эътибор беролмаётганлигини тан олиб, бундан буён хотини ва фарзандларини эъзозлашга, меҳр-муҳаббатли бўлишга сўз берди. Айни пайтда у хотини туҳмат қилаётганлигини ҳам яширмади. Шу орада Зоҳиданинг Туркияда саёҳат қилиб келгани очилиб қолиб, эри тўнини тескари кийиб олди. Энди бир кун эмас, бу аёл билан бир соат ҳам яшамайман дея суд залини тарк этди. Тиконни билиб босган Зоҳида унинг жабри қанчалик азобли бўлмасин, нияти амалга ошганидан бахтиёр эди.

Суд жараёни давомида ўғил отасининг қўлини маҳкам ушлаб тургани кўз олдимдан кетмай, агар эр-хотин ажрашса, опа-ука етим бўлиб қолишларини ўйлаб, юрак-бағрим эзилиб кетди. Бу отани ҳам бефарқ қолдирмас. Шуни ўйлаб, нима бўлганда ҳам, икки бола учун оилани сақлаб қолиш керак деган ният билан олти ой муҳлат бердим. Тажрибамда шундай бўлган. Суд берган муддат ва имкониятлар бежиз эмаслигини тўғри тушунган ва фарзандларининг келажагини ўйлаб, ярашган, суд эшигига келиб, қилмишларидан уялганча раҳмат айтиб кетган оилалар бўлган. Зоҳида ҳам икки фарзандини ўртага қўйиб, эридан узр сўраб, бир-бирларини тушунган ҳолда иноқ яшаб кетсалар ажабмас.

Ҳаммасига телефон айбдор

Аввалига олти ой, кейин уч ой муҳлат берилган оила яна суд залида. Уларнинг ҳе йўқ, бе йўқ, кутилмаганда ажрашишга қарор қилганларини эшитган борки, “тавба-тавба”лаб ёқа ушлашди. Ишонгандан ишонмаганлар кўп бўлди. Маҳалла фаоллари оғзи тўлиб мақтади. Ҳатто ҳар йил чет элларга саёҳат қилиб келишлари ҳам ҳавас билан эътироф этилди. Хуллас, оила ҳақида ижобий фикрлар айтилди. Аммо хотиннинг телефонидаги ёзишмалару суратлар жанжалли баҳсларга нуқта қўйди. Оила қўрғонининг бузилишига асос бўлди. Бу мени ҳам лол қолдирди, қалбимни ларзага солди. Икки боланинг ота-онасини яраштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларим зое кетаётгандай туюлаверди. Шундай пайтда ота олти ёшли ўғли ўзининг фарзанди эканига гумони борлигини айтиб, оталикни аниқлаш учун экспертиза ўтказишни сўради. Бу дард устига чипқон бўлиб, оила аъзолари муносабатларини янада чигаллаштиришга хизмат қиларди. Шунга қарамай, болалар ота-онанинг айри-айри яшашларини мутлақо истамас, буни тасаввур ҳам қилолмас эдилар. Эндигина ўттиз тўрт ёшни қаршилаган аёл сири фош бўлгач, “Бизни яраштиришга уринманг. Мен барибир бундай эр билан бир уйда яшамайман!” дея болаларини етаклаб, жаҳл билан чиқиб кетди. Мен эса “Ажрашиш икковларингизга ҳам обрў келтирмайди. Афсус ва азоб чангалидан чиқолмай қоласиз. Бас, ажрашишга шошилманг! Қизишманг! Бир-бирингизни тушунишга ҳаракат қилсангиз, ютқазмайсиз. Энг муҳими, оила қўрғонининг бузилишига, азиз фарзандларингизнинг митти қалбларини яралаб, уларнинг етим бўлишига сира-сира йўл қўйманг!” дея, бу оилага яна имкон бердим. Бу ёғига – вақт ҳакам.

Шаҳноза СУВАНОВА,

Фуқаролик ишлари бўйича

Чирчиқ туманлараро суди судьяси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − twelve =