“Хазина”дан айрилган одам

Бир муаллимни билардим. Билимдон ва хокисор одам эди, раҳматли. Бутун умрини қишлоқ болаларига савод ўргатишга бахшида этиб яшади. Нафақага чиқиб ҳам тинч юрмади. Қишлоғини обод қилиш учун елиб-югурди. Одамларнинг дарди билан юқори идораларга борарди. Ўзини эмас, ўзгаларни ўйлаб умр кечирди.

Ўша муаллимнинг бир одати бор эди. Илмнинг, китобнинг шайдоси эди. Ўзи ҳам кўп китоб ўқир, китоб йиғарди. Уйида кутубхона ташкил қилди. Баъзида тўйларда, гурунгларда кимдир мол-дунёси, қўй-эчкиси билан мақтанса, муаллим эса бисотидаги китоблардан, илму урфондан сўзларди.

Муаллимнинг ёлғизгина ўғли бор эди. Ёлғизлиги сабаб эркароқ ўсди. Қишлоқда биринчи бўлиб велосипед минган, Москвага саёҳатга борган, “Артек”да дам олган ҳам Ўлмасбой эди. Ўқиши ўртамиёна бўлса-да, муаллимнинг ҳурмати учун ўқитувчилар уч баҳо ўрнига тўрт, тўрт баҳо ўрнига кўзларини юмиб беш баҳо қўйишар, буни болапақир билса-да, билмасликка оларди.

Ниҳоят, Ўлмасбой мактабни битириб, шаҳарга ўқишга жўнади. Муаллим ўғлининг билими саёзлигини билар, аммо баъзи бировларнинг: “Ана, отаси муаллим бўлса ҳам, уйида бир дунё китоби бўлса-да, фалончи ҳам ўқишга киролмади”, деган гап-сўзларидан қочиб, йиғиб юрганларини сумкага жойлаб, бир пайтлар мактабда ўқитган шогирди — факультет деканининг уйига қимтинибгина борди. Домла уни суюниб кутиб олди. Ҳатто ўзининг вақт топиб, муаллимини йўқлаб боролмаганидан афсусда эканлигини айтиб узр сўради. Муаллим ўша кеча шогирдининг меҳмони бўлди. Домла ҳам сезгир эди. Гап оҳангидан муаллимининг ичидаги дардини билиб олди ва қўлидан келгунча кўмаклашишга розилигини айтаркан, гап орасида деди:

— Устоз, сиздан пул олсам, нима деган одам бўламан?

— Биламан, Абдишукур, биламан, лекин ҳамма ҳам сендек эмас-да, қолаверса, битта ўзинг билан иш битмайди, мени деб бошинг хам бўлмасин…

Шогирд индамай бошини эгди.

“Ҳа, қуруқ гап билан бу замонда иш битириш мушкул” деган фикр ўтди унинг хаёлидан.

Хуллас, Ўлмасбой домланинг ёрдами билан талаба бўлди. Хушхабарни эшитган муаллим ғоз юриш қилиб қишлоғининг кўчасини бир айланиб келди.

Ҳаш-паш дегунча талабалик йиллари ҳам ўтди. Ўлмас ҳам бир амаллаб дипломни олди ва қишлоғидаги мактабга ишга жойлашди. Уйланди, бола-чақали бўлди. Тақдир экан, отаси ҳам тўқсонни қоралаб, ёруғ дунёдан кўз юмди. Ўлими арафасида ўғлига уйдаги китобларни авайлаб асрашни, уни набираларига етказишни қайта-қайта уқтирди.

Кейин эса ажабтовур давр келди. Иложини топган борки, ўзини бозорга урди. Кўчаларни турли дўконлар босиб кетди. Бинойидай ишлаб турган ташкилот ва корхоналар инқирозга учради.

Ўлмас ҳам мактабда ишлаб юраверди. Аксига олиб, ойлик маоши ҳам жуда кам. Отасидан қолган уч-тўртта қора-қуралар эса аллақачон сотилиб, бир сигири қолди.

Шу орада Ўлмас янги улфатлар топди. Ичкиликка ружу қўйди. Рўзғоридан барака кетди. Хотини болаларини эргаштириб тез-тез отасиникига кетиб қоладиган бўлиб қолди.

Ўлмас эса дўконлардан қарз устига қарз олаверди. Кунларнинг бирида дўкондорлардан бири келиб, болаларининг ризқи бўлиб турган сигирини етаклаб кетди. Аммо у қарзларидан буткул қутула олмади.

Бир куни Ўлмас кўчада уйма-уй эски қоғозларни, яъни макулатура сотиб олаётган одамларни учратиб қолди ва бирдан хаёлига отасидан қолган китоблар келди ва уларни эргаштириб келиб, “товар”ни кўрсатди. Эртасига қоғозфурушлар “КАМАЗ” машинасида келишиб, китобларни арзимас пулга олиб кетишди. Ўлмас бу пулга бир халта ун ва уч кило ёғ олди ва қолганини қарзини узиш учун берди.

Орадан чамаси бир ойлар ўтиб, унинг уйига шаҳардан отасининг шогирди бўлган Абдишукур домла меҳмон бўлиб келди ва отасининг китобларини сўради. Ўлмас иложсизликдан уларни сотиб юборганини айтишга мажбур бўлди. Домла деди:

— Шунчаликка борган экансан, менга хабар қилсанг бўлмасмиди? Ўша китоблар учун анови “Нексия”ни сўрасанг ҳам бажонидил берган бўлардим…

Ўлмас бошини чангаллаб қолди, унинг кўзидан алам ёшлари оқди…

Ўролбой ҚОБИЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + eighteen =