Халқ розилигининг шарафли йўли

ёхуд яқинлашаётган олис манзиллар қувончи

Қадим йўллар туташган замин

Халқимиз орасида “Оққан дарё оқаверади” ёки “Йўл қурганнинг йўли очиқ” сингари азалий тажрибадан ўтган нақллар кўп. “Йўл тани, йўлга чиқсанг, дўст тани”, “Йўлга чиққан йўлдан топар”, “Олис йўл отни синар, оғир йўл мардни синар” сингари шундай гаплар ҳам борки, уларнинг нечоғлиқ теран мазмунга эга эканини йўл қадрини билганлар бошқаларга қараганда теранроқ ҳис эта олишади. Ҳа, инсоннинг дунёга келиши ҳам, аслида, умр йўлининг ибтидо, бошланишига қиёсланиши бежиз эмас.

Йўл. Шу биргина қисқа сўз янграши биланоқ ўз уйи остонасидан узоққа бормаганлар тасаввурида ҳам нималардир жонланиб қолади.

Йўл қадри, айниқса, халқимизнинг оғирини енгил қилиб, истаган манзилига олиб бориб қўя олиш имкониятига эга темир йўлларсиз бугунги ҳаётимизни тасаввур этиб бўлмайди. Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанснинг пойдевори яратилаётган бугунги кунда бу ҳодиса янада ўзгача маъно-мазмун касб этади. Албатта, илдизсиз дарахт кўкармаганидек, бугунги тараққиётимизга аждодларимиз томонидан тамал тошлари қадим замонлардаёқ қўйилганини халқимиз ўтмиши, юртимиз тарихи исботлайди. Ана шу жараёнларда ҳам қадим йўлларнинг аҳамияти тенгсиз бўлгани ҳақидаги фикрлар бот-бот учрайди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, энди тетапоя қилаётган гўдакдан тортиб ҳар бир мустақил давлатнинг ўз йўли зарурлиги ҳам мажозий, ҳам ўз маъносида қадр-қиммат касб этади.

Бугунги кунда Ўзбекистон темир йўлларининг умумий узунлиги республика бўйича 7 488,9 километр бўлиб, бундан 5 314,4 километр асосий, 1 784,1 километр станция ва 390,4 километр шохобча темир йўлларидир. Юқори тезликда ҳаракатланувчи йўловчи поезд қатновчи темир йўллар узунлиги 913,3 километрни ташкил этади.

Йўл қуриш, уларни озода тутиш, йўл бўйларини ободонлаштириш кабилар азал-азалдан халқимиз қонига сингиб кетгани қадим маданиятимиздан дарак беради. Айтишларича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳам дунёга донғи кетган тариқатнинг “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Қўлинг меҳнатда-ю, қалбинг Аллоҳда бўлсин” шиорига амал қилиб, йўл бўйларини тозалаб юрар эканлар. Бу, албатта, ҳақиқий мўмин киши ерда юради, меҳнат қилади, оила боқади, жамиятда ўз ўрнини топади, деган маънони беради. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳам юксак маърифий даражада бўлишларига қарамай, йўлларни тозалаб, камтарлик ва ҳалол меҳнат билан халққа намуна бўлганлар. Бу аждодларимизнинг ҳаёт услуби, қалбнинг юксалиши, маърифатга эришиш йўлидир. Йўл тозалаш, одамларга қулайлик яратиш, атроф-муҳитни обод қилиш Аллоҳ наздида ҳам савобли ишлар ҳисобланади. Инсон ўз умри давомида фақат ўзи учун эмас, балки жамият учун, эл-юрт учун фойдали иш қилса, у қалб ва амални бирлаштирган бўлади.

Биз яшаб турган қутлуғ заминни кесиб ўтиб, машриқдан мағрибга, мағрибдан машриққа чўзилган йўлларнинг чорраҳасида буюк тамаддунлар яралгани ҳам бежиз бўлмаган. Айнан ана шундай йўллар бўйларида Биринчи ва Иккинчи Шарқ Ренессансининг тамал тошлари қўйилган. Масалан, қадимий нефрит йўли биз бугун ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, иқтисодий жабҳаларда муҳим алоқага киришган ҳамкоримиз Хитойнинг ғарбий ҳудудларидан, яъни Шинжон ва Турфан водийларидан бошланиб, Тянь-Шань тоғлари орқали Фарғона водийси ва кейинроқ Марказий Осиёнинг бошқа минтақаларигача чўзилган. Бу эса маҳаллий санъатнинг ривожланишига туртки бўлди. Нефритдан ясалган жимжимадор зийнатлар, ҳайкалчалар ва диний рамзлар ҳудудда кенг тарқалди. Бу йўл бўйлаб юрган сайёҳлар, савдогарлар ва зиёратчилар орқали тил, дин ва илм-фан соҳаларида шаклланган алоқалар туфайли икки томонлама маданий бойиш, ҳунармандчилик ва савдо соҳаларида ривожланиш кузатилган. Ғарбу Шарқ иқтисодий ва маданий муҳитига бирдек таъсир этган Буюк Ипак Йўли эса инсоният тарихидаги энг катта ва муҳим савдо йўлларидан бири ҳисобланади. Бу йўл Шарқ ва Ғарбни боғлаб, Хитойдан бошлаб, Марказий Осиё орқали Европагача чўзилган. Юртимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Тошкент каби йирик шаҳарлари мана шу йўл туфайли савдо ва маданият марказларига айланди. Бу шаҳарларда турли халқлар вакиллари учрашиб, маданий мулоқот олиб боришди, турли маданиятлар уйғунлиги юзага келди. Форобий, ибн Сино, Беруний каби мутафаккирлар жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшишгани, география, астрономия, тиббиёт, математика ва фалсафа соҳаларидаги ютуқлар Ипак йўли орқали тарқалган билимлар асосида ривожлангани ҳам тарихдан маълум. Юртимиз маданиятига катта таъсир кўрсатган бу йўл фақатгина иқтисодий эмас, балки маданий алоқаларни ҳам кучайтириб, минтақанинг ривожига ҳисса қўшди.

Ислоҳотга муҳтож темир йўллар

Темир йўл ва темирйўлчилар ҳақида сўз борганда, соҳанинг ўтган йиллар давомида босиб ўтган тарихий тараққиёт йўлига назар ташлаш ўринли бўлади. Сир эмас, ўтган асрнинг охирларида инфратузилма эскириб, ҳаракатдаги таркиб, яъни локомотив ва вагонлар ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган, мамлакатимиз темир йўллари катта ислоҳотларга муҳтож эди. Собиқ Иттифоқ соҳага рельс, шпал, локомотив, вагон, алоқа ва электр таъминоти учун зарур эҳтиёт қисмлар ва бошқа асбоб-ускуналар етказиб беришни тўхтатиб қўйган, мутахассислар кам, энди ҳар ким ўз бошига келган қорни ўзи кураши лозим эди. Бу нафақат халқ хўжалигининг темир йўл транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш, балки ҳаракат хавфсизлигини ишончли таъминлаш, юк ва йўловчи ташиш кафолатини бера олмас эди. “Ўзбекистон темир йўллари”нинг бошқа давлатлардан қарздорлиги мавжуд, йиллик валюта тушуми эҳтиёжларни қониқарли қоплайдиган даражада эмасди. Қарз тўлаёлмаслиги ҳисобига Ўзбекистон чегаралари орқали вагонларни қабул қилиш чеклаб қўйиларди. Бундан ташқари, соҳада ягона темир йўл тизими йўқлиги ҳам бир қанча муаммоларни келтириб чиқарарди. Жумладан, Қорақалпоғистон, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларига бориш учун Туркманистон орқали, Фарғона водийси вилоятларига бориш учун қўшни Тожикистон орқали ўтиш лозим бўлган. Боз устига, йўлда қайта-қайта чегара божхона текширувидан ўтишлар юк ва йўловчи ташишда жуда кўп муаммо ва қийинчиликларни келтириб чиқарарди.

Завол билмас эзгу мақсадлар

Юртимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач, тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, улар асосида темир йўл соҳасида ҳам босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Хусусан, темирйўлчилар томонидан 2297 километрдан ортиқ темир йўллар қурилди. 4961,3 километр темир йўллар реконструкция қилинди. 2088 километр темир йўл участкаси электрлаштирилди. Навоий — Учқудуқ — Султон Увайстоғ — Нукус, Тошғузор — Бойсун — Қумқўрғон, Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли, “Қамчиқ” темир йўл туннели, Бухоро — Мискин, Қарши — Китоб, Урганч — Хива, Мароқанд — Қарши, Қўқон — Марғилон — Андижон, Қарши — Термиз каби темир йўл участкалари қурилиб, электрлаштирилди. Мамлакатимиз пойтахтидан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарлар ўртасида тезюрар ва юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поездлар қатнови йўлга қўйилди. Ўнлаб янги темир йўл вокзаллари бунёд этилди, мавжудлари реконструкция қилинди. Бир сўз билан айтганда, темир йўл транспорти соҳаси Ўзбекистоннинг энг мустаҳкам иқтисодий тармоғига айланди. Ана шу янгиланиш, ўзгаришлар олиб келаётган катта бунёдкорлик ишлари, йирик қурилишлар, аввало, минглаб ватанпарвар, ўз юрти учун фидойи инсонлар, ҳақиқий забардаст темирйўлчиларнинг матонати, беқиёс меҳнатлари эвазига юзага келди. Алоқа ва ҳаракат ҳар қандай цивилизациянинг пойдеворидир. Бугунги глобал дунёда мамлакатларни боғлаб турувчи темир йўллар нафақат иқтисодий тараққиёт, балки тарихий мероснинг замонавий давоми сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу нуқтаи назардан қараганда, ҳозирги кунда ривожланаётган темир йўллар тизими ва унинг юртимиздаги аҳамияти, ўтмишдаги буюк карвон йўллари, жумладан, юқорида тилга олганимиз Буюк Ипак йўли ва Нефрит йўли каби тарихий маршрутлар билан таққосланганда, жуда қизиқарли параллеллар намоён бўлади. Ҳозирги кунга келиб, карвонлар ўрнини поездлар эгаллади. Унсурлари ўзгарган бўлса-да, инсонларни, юртларни ва имкониятларни боғлаш эзгу мақсади бизни ўтмиш билан боғлаб туради.

Иқтисодиётнинг қон томири

Янги Ўзбекистон дунёга танилаётган бугунги кунда илдизи ўша қадим тармоқларга боғланган замонавий йўлларнинг аҳамияти ошса ошдики, асло камаймади. Давлатимиз раҳбари  Шавкат Мирзиёев йўлсозлик соҳасини иқтисодиётнинг қон томирига қиёслар экан, “транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз”, деган ниҳоятда долзарб масалани олдимизга масъулиятли вазифа сифатида қўйгани биз учун дастуриламал бўлиб келмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфида 8 та йирик ишлаб чиқариш корхонаси — “Ўзтемирйўлмаштаъмир” АЖ, “Андижон механика заводи” АЖ, “Қуюв-механика заводи” АЖ, “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ, “14-рельс пайвандлаш поезди” МЧЖ, “Ўзвагонтаъмир” АЖ, “Тошкент механика заводи” АЖ, “Эйвалекмахсустемирбетон” МЧЖ ҳамда 4 та кичик ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ва халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун темир йўл транспортини такомиллаштиришга давлат томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Илгари бундай даражада инвестициялар киритилиши ва замонавий инфратузилмалар яратилиши, йўллар, вокзаллар, логистика тизимлари қайта қурилиши ҳақида тасаввур қилиш қийин эди. Ҳозир эса давлат сиёсатида темир йўл тармоғини босқичма-босқич кенгайтириш, янги йўналишларни яратиш ва мавжуд трассаларни модернизация қилиш устувор вазифага айланиб, бу жараёнда катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида товар ва йўловчи оқимларини яхшилаш, иқтисодий алоқаларни кучайтириш ҳамда халқаро савдо имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Натижада мамлакатимиз иқтисодиёти янада барқарорлашмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда ва аҳолининг турмуш даражаси сезиларли даражада яхшиланмоқда. Бу эса жамиятнинг барча қатламларига давлатнинг халқ манфаатларига қай даражада масъулиятли ёндашувини намоён этмоқда. Соҳада янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида кўрсаткичлар ҳам ошиб бормоқда. Темир йўл соҳасининг ривожланишига ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор берилиши мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича устувор вазифалардан бирига айланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 27 ноябрда “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунни имзолади.

Қорақалпоғистон Республикасини Хоразм вилояти билан боғлайдиган узунлиги 82 километр “Шовот — Қораўзак” янги темир йўл линияси ҳамда Амударё устидан ўтувчи, узунлиги 423 метр темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўприги фойдаланишга топширилди. Ушбу инфратузилма орқали транспорт масофаси 240 километрга қисқариб, юк жўнатиш 6 соат ичида, йўловчилар эса 2 соатгача вақтни тежайдилар. Узунлиги 68,6 километр бўлган “Тошкент — Чирчиқ — Ҳожикент” йўналиши бўйича замонавий тезюрар электропоездлар қатнови йўлга қўйилди. Кейинчалик ушбу йўналиш “Чиноркент” бекатигача узайтирилди. Шунингдек, асосий темир йўл участкаларининг ўтказувчанлик қобилияти 25 фоизга, йўловчи оқимлари эса 15 фоизга оширилди. Ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш вақти ҳам 3 бараварга, операцион харажатлар 7 фоизга қисқарди. Яратилган тизимлар эвазига умумий харажатлар 50 миллиард сўмга қисқариши кутилмоқда. 2023 йил октябрида янги АТ-маркази очилиб, энди 24 дастурчи замонавий ахборот тизимларини ишлаб чиқмоқда. Жорий йилнинг май ойида “Бухоро — Урганч — Хива” темир йўл линияси тўлиқ электрлаштирилди. 465 километрлик узунликдаги йўналиш бўйлаб янги тезюрар электр поездлари ҳаракатлана бошлади. Шунингдек, рақамли трансформация йўл харитаси тасдиқланиб, шу йил декабригача йўловчи ва юк ташишни автоматлаштириш, божхона тизимлари билан интеграция, станцияларда онлайн аризалар ва статистика жорий этилиши режалаштирилган.

Келгуси йилдан бошлаб эса “Тошкент — Урганч — Хива” йўналишида “Жалолиддин Мангуберди” поездлари ҳаракатланади. 2024 йилда “Hyundai Rotem” компанияси билан юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар харид қилинди. 42 вагонли 6 та янги поезд 2026 йилгача етказиб берилади. Поездлар “Тошкент — Урганч — Хива” ва “Тошкент — Нукус” йўналишида йўлга қўйилади ва йўловчиларнинг ушбу шаҳарларга бориш вақти 2 баробарга қисқаради.

Айни пайтда 196,12 километрлик “Мискин — Нукус” темир йўли юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар учун мослаштирилиб, электрлаштирилмоқда. “Навоий — Бухоро” йўналишида юқори тезликка мослаштирилган 92,1 километрлик иккинчи электрлаштирилган темир йўл линияси бунёд этилмоқда. “Самарқанд — Ургут” йўналишида 55 километрлик ҳамда “Байтқўрғон — Паркент” оралиғида 23,8 километрлик янги электрлаштирилган темир йўл линиялари қурилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва ҳаётга татбиқ этилаётгани, энг аввало, туризм салоҳияти ва жозибадорлигини оширади, шунингдек, юк ва йўловчи ташиш тезлиги бир неча баробарга ортиб, йўловчиларга хизмат сифати янада яхшиланади. Энг муҳими, экология ва атроф-муҳит мусаффолиги сақланишига эришилади.

Темир йўл транспорти энг самарали ва экологик жиҳатдан тозалиги билан ажраладиган йўловчи ва юк ташиш воситаси ҳисобланади. Шу сабабли мамлакатимизнинг барча минтақалари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш, логистика тизимини такомиллаштириш ва халқаро транзит салоҳиятини ошириш мақсадида темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш ишларига катта маблағлар йўналтирилмоқда. Янги лойиҳалар орқали янги йўналишлар очилмоқда, мавжуд линиялар қайта қурилмоқда ва замонавий техника ҳамда инновацион технологиялар жорий этилмоқда.

Транзит йўллар

Темир йўл тармоғи транзит йўллар сифатида минтақадаги савдо алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Юртимиз орқали ўтаётган йирик темир йўл лойиҳалари “Транс-Осиё темир йўл йўналиши”, “Хитой-Европа темир йўли” ҳамда ички йўналишлардаги Тошкент-Хоразм, Андижон-Термиз, Навоий-Бухоро-Қарши каби темир йўллар бугунги кунда Ўзбекистонни транспорт ва логистика марказига айлантирмоқда. “Оқ кўприк” (Қозоғистон — Ўзбекистон) чегара ўтказиш пунктида қўшимча 2 та йўл қуриш эвазига поездларни қабул қилиш ва жўнатиш қуввати суткасига ўртача 28 жуфтдан 40 жуфтга етказилди. 7 та станцияда 10 та қўшимча темир йўл қурилиши натижасида мазкур станцияларнинг ўтказувчанлик қуввати 30 фоизга оширилди. Афғонистон темир йўл бошқармаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ўртасида “Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўл инфратузилмасини таъмирлаш ва қайта тиклаш бўйича тузилган шартномага биноан “Қўштепа” темир йўл кўприги устига узунлиги 163 метр темир йўл излари ётқизилди, “Наибобод” станцияси тўлиқ ишга туширилди. “Ҳайратон” станция биноси қайта тикланди.

2025 йил бошида “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой” темир йўли қурилиши лойиҳаси ҳам бошлаб юборилди. Ушбу йирик лойиҳада “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мутахассислари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Хитойнинг энг етук лойиҳа институтлари томонидан ушбу лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилгач, умумий узунлиги 454 километр бўлган темир йўл қурилиши бошланди. Лойиҳанинг аҳамиятга эга бўлган жиҳати шундан иборатки, Қирғизистон орқали транзит йўлининг қурилиши бизга ўрта ҳисобда 5 миллион тонна қўшимча транзит юкларни олиб келадиган бўлса, Афғонистон орқали қуриладиган темир йўл орқали транзит юкларининг миқдори 10 миллион тоннагача етиши мумкин.

Соҳадаги яна бир минтақавий лойиҳа “Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлидир. Афғонистондаги мураккаб вазиятга қарамай бу борада ҳам сезиларли силжишлар бор. Хусусан, Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳридан Покистоннинг Торхам шаҳригача тадқиқот экспедиция ишлари ўтказилди. Қайд этилганидек, лойиҳа доирасида 765 километрлик темир йўл қурилиши режалаштирилмоқда. Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, авваллари Афғонистондан умуман бўлмаган экспорт юклари ҳозирда катта миқдорда мавжуд ва бу экспорт юкларини Ўзбекистондан транзит орқали ўтказиб, Хитойга экспорт қилиш йўлга қўйилди. Албатта, бу тадбиркорларга жуда катта қулайлик бўлади. Авваллари бу юклар автомобиль орқали Афғонистон билан Ўзбекистон чегарасига олиб келиниб, у ерда жуда кўп текширувлардан ўтиб, кўп вақт сарфланган бўлса, бугунги кунга келиб Афғонистондан темир йўл орқали экспорт қилинаётган юклар чегара орқали ўтиши деярли қисқариб, уларни замонавий сканер машиналари орқали жуда қисқа вақтда текширувдан ўтказиш ва ҳужжатларни электрон тарзда расмийлаштириш ҳамда юкларни қисқа муддатларда Хитой ҳудудига етказиб беришга эришилади.

Бу икки темир йўлнинг қурилиши Ўзбекистоннинг транспорт коммуникацияларини диверсификация қилиб, логистика имкониятларини кескин кенгайтиради. Ҳар икки темир йўл йўналишлари қурилишидан мақсад Ўзбекистон, хусусан, Марказий Осиёни транспорт хабига айлантириш, Осиё ва Европа минтақаларини боғлаш, шунингдек, мамлакатимиз транспорт йўлакларини диверсификация қилишдан иборатдир.

Бу йўллар орқали нафақат товарлар, балки сайёҳлар, инвесторлар ва инновациялар оқими ҳам юртимизга кириб келмоқда. Шунингдек, рақамли технологиялар ёрдамида темир йўллар янада самарали ва хавфсиз фаолият юритмоқда. Локомотивлар “GPS” ва автоматик бошқарув тизимлари билан жиҳозланган, станцияларда эса логистика марказлари фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда мамлакат транспорт тизимини замонавийлаштириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар темир йўл тизимида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Ўзбекистон — Евроосиё қитъасидаги қуруқлик ҳудудининг ўртасида жойлашган давлат. Мамлакатимиз ҳудудидан халқаро денгиз ва океан портларига бориш учун камида иккита давлат ҳудудини босиб ўтиш лозим. Шу боис биз учун нафақат юртимизда, балки қўшни давлатларда ҳам қуруқлик орқали транспорт йўлакларини ривожлантириш муҳим масала. Бу борада энг ишончли, хавфсиз ва арзон транспорт тури эса шубҳасиз темир йўлдир. Шу сабабли, темир йўл соҳасига эътибор мамлакатимиз келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш демакдир.

Халқаро денгиз портларига чиқиш орзуси

Юқорида айтилганидек, Ўзбекистон денгиз портларига эга эмас. Бу эса халқаро савдо ва юк ташишда қулай логистика имкониятларини чеклаб қўяди. Аммо бу чекловни имкониятга айлантириш учун юртимизда темир йўл инфратузилмаси янги босқичга чиқмоқда. Нега деганда, темир йўл арзон, хавфсиз, юқори ҳажмда юк ташиш имкониятига эга ва узоқ муддатли самара берадиган воситадир.

Ўзбекистон темир йўлларини эндиликда икки босқичда ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Биринчиси — мамлакат ҳудудидаги ички темир йўлни транзит ҳамда маҳаллий юк ва йўловчи ташиш учун янада тараққий эттириш, иккинчиси, Ўзбекистон темир йўлларини халқаро темир йўллар билан янада интеграция қилиш ва янги йўллар орқали халқаро денгиз портларига чиқишдир. Шу боис мамлакатимиз учун темир йўлларни диверсификация қилиш, жаҳон бозорларига тез ва эркин чиқиш жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари халқаро анжуманларда бу масалани доим кўтариб, амалий ташаббусларни илгари сурмоқда. Қўшни ва манфаатдор давлатлар билан ҳамкорликда лойиҳалар жадаллаштирилмоқда. Темир йўл мамлакатимиз иқтисодий ривожланиши ва халқаро транспорт тизимида муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳуқуқий асослар

Темир йўл соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 ноябрда “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни қабул қилинди. Давлат раҳбари томонидан соҳага оид 2 та муҳим қарор ва 1 та фармон имзоланди. Шунингдек, ҳукуматнинг 18 та фармойиши қабул қилиниб, уларнинг амалий ижроси таъминланмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан сўнгги 2 йил давомида тизимда катта ўзгаришлар бўлди. Бу йилларда темир йўл транспортини ислоҳ қилиш натижасида мазкур соҳада юксак марраларга эришилмоқда. Президент қарори ижроси натижасида бугунги кунга келиб темир йўл транспорти тизими ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди. Соҳани тубдан ислоҳ қилиш, мураккаб тоғ ва чўл шароитларида янги темир йўлларни барпо этиш, юқори тезликдаги поездлар ҳаракатини ташкил қилиш, темир йўлларни электрлаштириш, юк ва йўловчи ташиш вагонларини ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши нафақат транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, балки бутун мамлакатни тараққий эттиришга хизмат қилмоқда. 2024 йилнинг ўзида соҳага оид 2 та Президент қарори, 1 та фармон, ҳукуматнинг 18 та фармойиши қабул қилинди.

Ҳамкорлик

Яқинда Хитой Халқ Республикасидан Навоий шаҳрига “O’Z12T” русумли илк тепловоз олиб келинди. Мазкур тепловоз мамлакатимиз иқтисодиётида катта аҳамиятга эга бўлган “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти каби йирик саноат корхонасининг юкларини “Навоий — Учқудуқ” темир йўл участкасида ташиш учун мўлжалланган.

Тошкент шаҳрида 2024 йилда МДҲ давлатлари Темир йўллари Кенгашининг 81-йиғилиши ўтказилиб, 14 давлатдан 158 нафар хорижий иштирокчи иштирок этди. Бу Ўзбекистон темир йўл тизимига бўлган ишончнинг, унинг минтақавий аҳамиятининг яна бир исботидир. Мазкур халқаро анжуманда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Эрон, Грузия, Латвия, Эстония ва Афғонистон сингари 14 та давлатдан темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари бошчилигида умумий 158 нафар хорижий иштирокчи қатнашди.

Қаршигами, Термизгами поезд юрар”

Дунё шиддат билан ўзгармоқда. Сир эмаски, давлатлар ўртасидаги рақобат, бозорлар, логистика тизимлари ва инфратузилмаларнинг сифатли, барқарор ва самарали бўлиши ҳар қайси давлатнинг келажакдаги ўрнини белгилаб беради. Ўзбекистон ана шундай тез ўзгараётган глобал шароитда ўз стратегик мақсадларини белгилаб, транспорт ва логистика тизимини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йўлда энг муҳим қуроллардан бири темир йўл транспорти.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибида “Темирйўлинфратузилма” АЖ, “Темирйўлэкспресс” АЖ, “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ ва “Темир йўл вокзаллари” МЧЖ каби янги компаниялар ташкил этилди. Бу ислоҳотлар соҳадаги бошқарув самарадорлигини ошириб, фаолиятни аниқ тартиб ва мақсадли натижага йўналтирмоқда. Ички инфратузилма ривожланмоқда, шаҳарлар ва вилоятлар боғланмоқда. 2024 йилда юк ташиш ҳажми 74,1 млн. тонна, йўловчи ташиш эса 10 млн кишини ташкил этди. “DAS UTY” МЧЖ “IT Park” резиденти сифатида рақамлаштиришни жадаллаштирди. Ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш уч баробар тезлашди, операцион харажатлар 7 фоизга камайди. Жорий 2025 йил охиригача рақамли логистика, автоматлаштирилган статистика, божхона билан интеграция тўлиқ амалга оширилади.

Темир йўл иқтисодиётимиз пойдевори, минтақаларни боғлайдиган, одамлар ҳаётини яхшилайдиган, мамлакатни жаҳон билан уйғун боғлайдиган йўлдир. Бу йўлларда сайёҳлик ривожланади. Инфратузилма яхшиланади. Энг муҳими, ардоқли халқ шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов “Поездда” деган шеърида ёзганидек, йўловчилар бир-бирлари билан танишиб, бир-бирларига кўнгил ёзадилар.

 

Қаршигами, Термизгами поезд юрар,

Икки аёл чой ҳўплашиб суҳбат қурар,

 

Бири дейди: — Минг шукрки уйимиз бор,

Тарновлари оқ тунука, зап нақшинкор.

 

Униси дер: — Бизники ҳам жуда кўркам,

Бордир ҳатто ҳовлимизнинг девори ҳам.

 

Қаршигами, Термизгами поезд юрар,

Икки аёл чой ҳўплашиб суҳбат қурар

 

“Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу тамойилга асосланган Янги Ўзбекистон ғояси амалга ошишида ўзига хос ўринга эга бўлган темир йўл соҳасидаги ўзгаришлар халқ розилиги билан чамбарчас боғлиқдир. Тинч, осойишта юрт поездларида самимий суҳбатлар бардавом бўлсин.

Зуфар НАРЗУЛЛАЕВ,

“Ўзбекистон темир йўллари”

АЖ бошқаруви раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =