15 йиллик кўч-кўч ва товон пули тўлашдаги чалкашликлар

Яқинда яна навқирон ёшлигим ўтган ота ҳовлимизга кириб бордим. Бу ерда мени нимаси биландир эски қабристонни эслатадиган уч уюм тупроқ қарши олди. Бу уч тепалик ўрнида 2013 йилгача учта оила яшаган уй-жой бўлган эди. Ҳозир эса унда-бунда сочилиб ётган пойдевор тошлари орасида каламушлар бемалол йўрғалаб юрибди. Бир туп қандаки ўрик ва шотут оғочи анча йўғонлашибди. Ҳар боши бир пақир келадиган узум ҳосили берадиган эски токдан ном-нишон қолмаган.

Ёз ойларида шу токнинг соясига қўйилган узун тахтасупага тангадек офтоб тушмасди. Отам, онам, ука-сингилларим, кейинчалик фарзанду жиянларим билан бу супада қанча завқли онларни ўтказганмиз. Менинг ва уч укамнинг уйланиш тўйимиз шу ҳовлида ўтган. Етти синглимни шу ҳовлидан турмушга узатганмиз. Уч фарзандим шу уйда туғилган. Ота-онамнинг жанозаси ўқилган, биз учун табаррук хонадон, маскан эди бу жой. Ҳозир эса… ёввойи жийда, янтоқ ва шўра босиб кетган ҳовлимизни кўриб, кўзимда ёш ҳалқаланди.

Кунчиқар тарафдаги тепача ёнига бориб, эски хотиротларни ковлайман. Бу жойдаги икки хонали, олди пешайвон уйни талабалик даврининг илк икки йилида ўзим ғишт ташлаб қурган эдим. Талабаликнинг учинчи йили таътилида курсдош иниларим ҳашарга келишиб, уйни қорасувоқдан чиқариб кетишганди.

Ҳа, ҳаммаси кечагидек эсимда.

Мен ҳовлимиз ҳақида ёздим. Ўзим гувоҳман, чарм папка қўлтиқлаган ойтовоқ юзли солиқчи келиб, ҳовли-жойимизни ўлчовга тортди. Метромерларининг бир учини ўзим тортиб турдим. Фойдаланилаётган ер 12 сотих бўлиб чиқди. Шундан саккиз сотихи (0,08 га) экин майдони бўлган. Икки юз тупга яқин анор оғочидан ҳар йили бир ярим-икки тоннагача анор етиштириб сотганмиз. Томорқасидан йилига беш тоннагача анор сотадиган миришкор қўшниларимиз бор эди. Нурободнинг анори бу ёғи Самарқанду Панжакентдан то боғ-роғлар юрти бўлмиш Фарғона водийсигача машҳуру манзур бўлган. Чунки анорзорлар этагидан ўтган Катта Ўзбекистон тракти олис манзилларни бир-бири билан боғлар, шу қасабадан юрган йўловчи борки, катта кўча юзида яшик-тоғораларга териб қўйилган қирмизи туятиш анорлар бекатига бир қўниб ўтишни расм этган эди. Биз ҳеч қачон бозорда анор сотмаганмиз. Катта йўл — бозоримиз бўлган.

Энди бу маҳалланинг пайдо бўлиш тарихига қисқа саёҳат қилсак.

Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари бошида Жанубий Мирзачўл канали қурилиб, унинг икки ёнидаги қўриқ ерларга кичик сув тармоқлари тортила бошлаган. Ана шундай сув тармоқларидан бири ҳозир “Фарҳод” темир йўл бекати сифатида харитага киритилган ҳудудни айланиб ўтиб, Ховос туманидаги “Бобур” (аввалги Мичурин) номли СИУ боғларини ва “Фарҳод” СИУ пахтазорларини “оби ҳаёт” билан таъминлаган. Яна ҳам аниқроғи, мазкур каналдан сув юргач, бу саксовулзор қўриқ обод гўшаларга айланди.

Шу канал темир йўл ва Катта Ўзбекистон трактини кесиб ўтиб, яна қўриқ ерларга қайрилган ҳудуд ўрамидаги 10-15 гектарлик майдонда у пайтлар қишда шамол қум ўйнар, ёзда саксовулу янтоқдан бошқа ҳеч нимарса битмаган. Мен иккинчи-учинчи синфда ўқир, ёзги таътилда у пайтлари “59-разъезд” номи билан юритиладиган поезд станцияси яқинидаги пастқам уйларда яшовчи амакиваччамникига меҳмонга келганимда, бу манзарани ўз кўзим билан кўрганман. Кейин эшитишимча, Қилич Сатторов деган бир қариндошимиз шу канал қурилишида қатнашган. Ундан сув оқа бошлагач, қурилишда бўлган бир қўр шериклари билан “Голодностепстрой” (“Мирзачўлқурилиш”) бош бошқармаси бошлиғи Саркисов ҳузурига кириб, юқорида биз тилга олган бўлтак ерда уй-жой қуриб яшашга изн сўрайди.

У киши розилик беради. Ҳаммаси оғзаки бўлади. Давлатнинг бир тийин пули сарфланмай, аҳоли ўз кучи билан ер ўзлаштириб, сув тортиб, уй-жой қуриб, қўлбола усулда электр тармоғи ўтказиб умргузаронлик қила бошлайди. Уруғига қараб “Найман овул”, “Ўроқли”, “Беш жуз”лардан иборат аҳолининг аксарияти уруш йиллари поёнида Тожикистоннинг Шаҳристон тумани қишлоқларидан кўчирма бўлган одамлардан иборат эди. Сирдарё ИЭС қурилишининг зарбдорлари улар бўлишган.

Ўтган аср тўқсонинчи йилларининг бошида Мирзачўлни ўзлаштиришнинг навқирон фаолларидан бўлган Исроилжон Эрбеков Ширин шаҳрига ҳоким бўлиб келди. Бир суҳбатда “Фарҳод” станцияси ҳудудини Ширин шаҳри таркибига киритиш ҳақида маслаҳат солди. Ҳам Ширин шаҳрининг иқтисодий-ижтимоий мавқеи кўтарилади, ҳам бу жойлар янада обод бўлади. Яхши таклиф эди. Қишлоқ фаоллари жалб этилди. Расмий жиҳатини Исроилжоннинг ўзи ҳал этди. “Нуробод” маҳалласи Ширин шаҳри таркибига киритилди. Шаҳарлашиш шарофати билан маҳалланинг инфратузилмасида яхши ўзгаришлар юз берди. Электр чироғи ўчмайдиган бўлди, газ қувурлари тортилди, ичимлик суви олиб келинди, кўчалар асфальтланиб, ҳатто тунги ёриткичлар ўрнатилди. Кўп ўтмай Исроилжон Эрбеков Гулистон шаҳрига ҳоким бўлиб ўтди ва у киши бошлаб кетган ободонлаштириш ишлари маромида давом этаверди.

Лекин 2010 йилга келиб “Мустақиллик” кўчаси аҳолисига муносабат аксинчасига айланиб кетади.

Гўё Мустақиллик қонунлари “Мустақиллик” кўчаси аҳолисининг манфаатларига зид келиб қолгандай.

2010 йилда Вазирлар Маҳкамаси (2010 йил 19 февралдаги йиғилиши баёни) ва Сирдарё вилояти ҳокимининг (2010 йил 23 февраль ва 13 майдаги) Сирдарё вилоятининг Тожикистон ва Қозоғистон Республикалари билан чегарадош туманларида хавфсизлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан қабул қилган қарорлари асосида “Нуробод” маҳалла аҳли сув ичиб турган каналнинг сўл қирғоғидан чегара симлари тортилди. Божхона, милиция ва хавфсизлик хизмати постлари кучайтирилди.

Ўртада канал, унинг ўнг бетида катта машина ўтадиган йўл ва ҳар хил оралиқда қолдирилган канал ҳудудидан кейин Ширин шаҳрининг “Нуробод” маҳалласи бошланади. Маҳалланинг катта қисмида чегара чизиғи билан уй-жойлар ўртасидаги оралиқ масофа 50 метрдан кўп. Ҳатто юз-юз эллик метр оралиқ масофа ташлаб қурилган уй-жойлар ҳам бор.

Шунга қарамай, “Мустақиллик” кўчасида истиқомат қилувчи 134 та хонадонни (2019 йил иккинчи августда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповга киритилган маълумотномада шундай кўрсатилган – А.А.) аввал босқичма-босқич, кейин ёппасига кўчириш белгиланади.

Лекин бу тадбир “Молхона” усулида (Жорж Оурэллнинг “Молхона” романи назарда тутилмоқда – А.А.) ижро этилади. Кўчирма қилинаётган аҳолига товон пули тўлаш ва қурилиш материаллари ажратиш пала-партиш олиб борилди. Кўчишга рози бўлмаганларни прокуратурага чақириб қўрқитиш ва ИИБда ушлаб туриш усуллари қўлланилди. Мевазор боғлар ва машҳур анорзорлар қуриб қолди. Маҳалладан файз-барака кўтарилди. Ободончилик супурилиб, инфратузилма объектлари талон-торож қилинди (воқеани ўз кўзи билан кўрганлар “мана бу иссиқхона бизнинг газимизнинг трубаларидан қурилган. Иссиқхона эгасининг акаси ўша пайтда ҳоким вазифасида ишлар эди”, деб очиқ айтишмоқда). Маҳалла аҳлининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим роль ўйнаб келган Катта Ўзбекистон трактининг бир қисми шудгорлаб ташланди.

Устига-устак, икки қўшни давлатлар раҳбарларининг шахсий амбициялари туфайли юз берган зиддият чегарадаги вазиятни янада зўриқтириб юборди. Чегаранинг икки томонида қолиб кетган ака укадан, опа синглисидан хабар ололмай қолди. Қўшиқда айтилганидек, ҳам яратувчи ва айни пайтда бунёдини ғорат этгувчи инсон ўзинг, инсон ўзинг, деганлари шу бўлса керак.

Кўчиришга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 17 апрелдаги “Тошкент ва Сирдарё вилоятларининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларида хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича” ўтказилган 504-сонли сайёр йиғилиши баёни ва Сирдарё вилоят ҳокимининг шу асосида 2013 йил 13 майда қабул қилинган “Давлат чегара чизиғига яқин жойлашган Ширин шаҳар Нуробод маҳалласида яшовчи фуқароларни турар-жойлари ва қўшимча бинолари бузилиши туфайли, уларга Ховос туман Бобур СИУ ва Фарҳод СИУ ҳудудларидан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратиш тўғрисида”ги 123-сон қарори асос қилиб олинди.

Ажабки, мана, ўн беш йилдирки, ҳамон кўчириш ишлари якунланмаган. Бу орада Сирдарё вилояти, Ховос тумани ва Ширин шаҳар ҳокимлари неча бор ўзгарди. Лекин кўчирманинг аччиқ ичакдек чўзилишига сабаб бўлаётган саволлар камаймади. Уларнинг айримларини келтириб ўтамиз:

  1. Бу ҳужжатларда “уй-жойи ва қўшимча бинолари бузилишга тушган” 134 та хонадон (Сирдарё вилоят ҳокимининг қарорида 193 та оила деб кўрсатилган) “кўчирилсин, уй-жойи ва қўшимча бинолари бузилсин” деган аниқ кўрсатма очиқланмаган.

Нима учун қарор қабул қилувчи қарорнинг энг муҳим талабини четлаб ўтади?

Чунки Бош вазирга киритилган ахборотномадан маълум бўлишича, аҳолини кўчириш, уй-жой ва қўшимча биноларини бузиш 2010 йилдаёқ бошлаб юборилган.

Вазирлар Маҳкамаси сайёр йиғилишининг баёни ва вилоят ҳокимининг кўчирма қилинаётган аҳолига ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарори уч йилдан сўнг қабул қилинади.

“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисида”ги Низом эса 8 йилдан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 504-сонли қарори билан кучга кирган (Низомнинг янги таҳрири 2024 йил 24 октябрда ВМнинг 700-сонли қарори билан тасдиқланган). Мазкур Низомнинг 2-боб 4-бандида ДХХ Чегара қўшинларига 50 метргача бўлган зарур ер участкалари ажратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилганлигини эътиборга олсак, Ширин шаҳар Нуробод маҳалласининг Мустақиллик кўчасидаги аҳоли уй-жойларининг аксарияти “чегара чизиғига” тушмаслиги аён бўлади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66- ва 68-моддалари билан кафолатланган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Мулкчилик тўғрисидаги Қонуни (7-модда) доирасига кирувчи, мингга яқин аҳолининг мулкий ҳуқуқига тегишли жуда долзарб масала нима учун Халқ депутатлари Ширин шаҳар ва Сирдарё вилоят кенгашлари эътиборидан соқит қолди?
  2. Тўғри, бузилишга тушган уй-жой ва қўшимча иншоотлар учун товон пули тўланган. Лекин тўловдаги ғалати чалкашликлар сабаб ер участкаси ажратилган ва товон пули тўланган 58 хонадон эгалари (133 та оила, 652 нафар аҳоли) 2018 йилда ҳам янги жойга кўчмади. Улар ҳокимият маъмурларининг қаттиқ қаршилигига қарамасдан, Тошкентдан халқаро миқёсда ишловчи малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда уй-жойларини қайта баҳолашга эришдилар. Мутахассислар аввал барча уй-жойларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, шу асосда ҳисоб-китоб юритишади ва 58 та хонадоннинг уй-жойи 8,4 млрд сўмга қайта баҳоланади. Бу маблағни 54 га бўлсак, ҳар бир хонадон ўртача 155 миллион сўмдан сал ошиқроқни ташкил қилар экан. Тўланган 4,5 млрд сўмлик товон пули айириб ташланганда яна тўланиши керак бўлган қиймат 3 млрд 877 млн 191 минг 666 сўмни ташкил этади.

Бош вазирга киритилган маълумотномада қайд этилишича, қолган 96 хонадон эгаларига 2010-2018 йиллар давомида жами 6,4 млрд сўм товон пули бўлиб-бўлиб тўланган. Бу пул тақсимланганда ўртача ҳар бир хонадон эгаларига 66,5 млн сўмдан маблағ берилиши керак эди. Масалан, юқорида таъкидлаганимдек, маҳаллада қурилиши жиҳатидан энг олди уй-жойлардан бири ҳисобланган бизнинг хонадонда уч оила яшаган, 2013 йилда ўн бир жон рўйхатда турган. Шу хонадоннинг эгаси бўлиб қолган укам Тоҳир Жўлбековга эса бор-йўғи 14,4 млн сўм товон пули тўланган. 66,5 млн сўм қаерда-ю, 14,4 млн сўм қаерда! Нега ўртадаги фарқ бунча катта?

Арзимас товон пули тўланиб, прокурорнинг дўқ-пўписаси билан уйи бузиб ташланганлар қанча!

Яна 95 та хонадон эгаларига тўланган пул миқдори қиёслаб ўрганилиши ва ҳақиқий аҳвол очиқланиши шарт.

Шу ўринда яна савол пайдо бўлади:

— уларга товон пули тўлашда пулнинг қадрсизланиши ва қурилиш материалларининг бозор нархи эътиборга олинганми?

— 2010 йилда уйи бузилиб, товон пулининг маълум қисмини, айтайлик, 30 млн сўмини 2018 йилда олган фуқаро қурилиш бозоридан неча дона шифер сотиб ола оларди? Бугун-чи?

Юқорида биз тилга олган маълумотнома асосида Бош вазир Абдулла Арипов 2019 йил 2 августда Сирдарё вилоят ҳокими ва Молия вазиридан тортиб яна тегишли тўртта вазирликка махсус топшириқнома беради. Унда кўчирма бўлган аҳоли манзиллари инфратузилмасини ривожлантиришдан тортиб товон пулларини бир ой ичида тўлаб бериш тўғрисидаги одамнинг кўнглини равшан этадиган талаблар қўйилган. Шундан кейин кўчирма аҳоли жойлашган ҳудуд яқинида янги болалар боғчаси қурилди. Йўллар асфальтланди. Газлаштириш ва ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

Лекин ҳамон кўчирма бўлганларга товон пули тўлаш ва қурилиш материаллари билан таъминлаш масаласини жиддий тафтишдан ўтказиш зарурати бор. Чунки аҳолининг асосий норозилиги сабаби мана шу масала билан боғлиқ.

“Сирдарё вилоят ҳокимининг 2013 йил 13 майдаги 121-сонли қарори билан “Ширин шаҳар “Нуробод” маҳалласидаги чегара ҳудудига яқин жойлашган ва ички ҳудудга кўчириладиган 85 та хонадон (93 та оила) эгаларининг ҳар бирига рўйхат асосида 10 тоннадан цемент, 100 дона шифер ва 10 минг донадан пишган ғишт қурилиш материаллари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилиши белгилаб қўйилган”.

Биз юқоридаги иқтибосни Сирдарё вилоят суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг (2025 йил 9 апрелдаги) ажримидан олдик. Лекин бу кўчирма мазкур ҳужжатнинг учинчи саҳифаси охирги хатбошисидаги иддаони шубҳа остига қўяди: “Жавобгар М.Худойбердиев апелляция шикоятида 50 дона ёғоч ва 10 минг дона ғишт, 1 тонна арматура берилмаганлигини важ қилиб келтирган бўлса-да, бироқ келишув битимида Ширин шаҳар ҳокимлиги ушбу қурилиш материалларини компенсация тариқасида бериш мажбуриятини олмаган”, дейилади суд қарорида.

Бу ерда “10 минг дона пишган ғишт” бериш ваъдаси вилоят ҳокимининг қарорида бор эди. Ёғоч ва арматура бериш масаласи ҳам осмондан тушмаган.

Суд маҳкамаси бу масалага ойдинлик киритиши керак эди.

Шу кунларда номи Ширин шаҳар харитасидан ўчириб ташланган “Мустақиллик” кўчасида яшаётган 25 хонадон эгаларининг кўчмаслиги сабаблари ижродаги мана шу каби чала-яримликка тақалади. Улардан 14 та хонадон эгалари товон пулини умуман олмаган ёки чала-ярим олганлиги учун кўчмаган.

Суд ҳукми билан мажбуран кўчириш жазосига тортилган яна 11 та хонадон эгалари товон пулини тўлиқ олган-у, лекин бу маблағ янги уй-жой қуришга етмагани учун кўчиб кетолмайди. Улар орасида ўз юртида иш тополмай, Россияда ишлашга мажбур бўлиб, уй қуролмаган сарсонлар ҳам бор.

Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг 2025 йил 25 февралдаги Худойбердиев Мисралини мажбуран кўчириш тўғрисидаги (жавобгарлар Абдувалиев Худоёрбек ва Абдувалиев Аслбеклар Россияда ишлаб юргани учун сиртдан чиқарилган) қарорини апелляция инстанцияси ҳам ўзгаришсиз қолдиради ва мажбурий ижрога йўналтиради.

Мажбурий ижронинг кечиктирилган ҳар бир куни учун жавобгарга қўшимча жарима ҳисобланиши ҳайрон қолдиради. Ўзингиз ўйланг — ҳокимият идоралари товон пулини ноқонуний ҳисоблагандан ташқари шу пулнинг тўловини “босқичма-босқич тўланади деб” йиллаб кечиктириб юришади. Лекин жарима тугул уларнинг мушугини “пишт” дейдиган кимса йўқ.

Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг 2025 йил 25 февралда судья Ж.М.Файзиев раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида Ширин шаҳар кадастрлар палатаси бошлиғи А.Эргашев “жавобгарни (М.Худойбердиевни) солиққа тортиш мақсадида турар жойга нисбатан фойдаланувчи бўлиб, кадастр ҳужжати шакллантирилганлигини, жавобгар томонидан яшаб келаётган низоли турар-жойга бугунги кунга қадар давлат рўйхатидан ўтмаганлигини билдирди”, дейилади. Чамамда, кадастр палатаси бошлиғи жавобгар М.Худойбердиевнинг “уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи бўлмаган” демоқчи.

Агар шундай бўлса, фуқароларга яшаб турган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини расмийлаштириш, уларни рўйхатдан ўтказиш кадастр палатасининг вазифаси эмасми?

Ширин шаҳри ҳудудига олингандан сўнг “Мустақиллик” кўчасидаги 134 та хонадон ер ва мулк солиғини қайси ҳужжат бўйича тўлаб келган? Нима учун судья кадастр палатаси бошлиғидан бунинг сабабларини сўрамайди?

Конституциямиз талабидан келиб чиқадиган бўлсак, фуқаронинг давлат олдида оғишмай бажариши лозим бўлган бурч ва мажбурияти бор. Ва айни пайтда давлатнинг ҳам ўз фуқароси олдида бажариши шарт бўлган мажбуриятлари бор. Одамларини яхши яшаш имконини берадиган иш билан таъминлаш — давлатнинг (давлат вакили сифатида иш юритаётган раҳбар — ҳокимнинг) фуқаролари олдидаги ана шундай конституциявий мажбуриятлари сирасига киради. Шу ўринда Мисрали Худойбердиев қатори яна ўн хонадон эгасини судлаган судья даъвогар Ширин шаҳар ҳокимига: “Нима учун қанча фуқароларинг тирикчилик учун Россияда мусофирчилик азобини тортмоқда?” деб унинг мажбуриятини ҳам эслатиб қўйса, асакаси кетмас эди.

Бундай талаб қўёлмайди.

Чунки Ўзбекистонда суд соҳаси Шавкат Мирзиёев президентлик вазифасини бажаришга киришганда сўзлаган маърузасидаги талаблар даражасида ислоҳ қилиниб улгурилганича йўқ.

Яна мақоламиз мавзусига қайтсак. Мисрали Худойбердиевнинг ўнг томонида Раҳмонов Сафарали оиласи билан истиқомат қилади. Иккала уй-жойнинг ҳам чегара чизиғидан оралиқ масофаси бир хил. Лекин Сафарали шу маҳалладаги уй-жойи учун товон пули, ер участкаси олмаган ва ҳокимият билан келишув битими тузмаган ягона оила бошлиғи. Шунинг учун унга ҳеч ким “уйингни буз, кўчиб кет”, деёлмайди; уйига бульдозер солиб юборолмайди (уйларига бульдозер солиниб, бузиб юборилаётганда Тошкентдан “Менинг юртим” ТВ мухбири Рухсора Ғафурова етиб бориб, вазиятни ўрганишга киришгани, бульдозерчилар ва уларга бош бўлиб турган милиция ходимлари “вино заводининг деворидан ошиб” қочиб кетишгани ва шу-шу қорасини кўрсатишмаётгани ҳам бор гап). Чунки қонунларимиз уни ҳимоя қилади. “Мустақиллик” кўчаси харитадан ўчириб ташлангани учун шаҳар ҳокимининг ўзи шахсан унинг ва аёлининг паспортини номаълум хонадонга рўйхатдан ўтказиб қўйган.

Мустақиллик кўчасидан поезд йўли бўйлаб ўн километрча кунботарга юрсангиз, “Шарқобод” маҳалласи келади. Темир йўлнинг сўл томонида қўшни Тожикистоннинг қишлоқлари бошланади. Бу маҳаллаларда уйлар темир йўлга тақаб қурилган. Темир йўл билан уйлар ўртасидан чегара йўлаги ўтказилиб, зарур инфратузилмалар қурилди. Ва аҳоли безовта қилинмади.

Бунинг акси ўлароқ, нима учун Ширин шаҳрининг чегара чизиғидан шарқободликларга нисбатан имтиёзлироқ масофада яшаган “Нуробод” маҳалласи аҳолиси ёппасига кўчирма қилинди? Аҳоли билан суҳбатлардан маълум бўлишича, кўчирманинг бошқа жиҳатлари ҳам борга ўхшайди.

Юқорида қайд этганимиздек, бу маҳалланинг аксар аҳолиси ўтган асрнинг 40-50-йилларида Тожикистоннинг Шаҳристон туманидан кўчирма қилинган. Лекин улар киндик қони томган ота юртлари билан алоқани узмайдилар. Қиз узатишади, келин қилишади. Тўй-маъракалари бир-бирисиз ўтмайдиган даражада аҳил-иноқ яшашар эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам бу анъана давом этди. Кейинчалик икки давлат раҳбарлари ўртасида юз берган сиёсий амбиция чегаралардаги вазиятни таранглаштириб юборди. Яқин қариндошлар ўртасида борди-келди узилиб қолди. Нима учундир миллати, тили, дини, урф-одатлари бир қариндошларнинг икки давлатда бўлиниб, чегарага яқин яшаши хавфсизликка салбий таъсир қилиши мумкин, деган мулоҳаза ўртага ташланади. Бошқа мақсадни кўзлаб атай бўрттирилган бу иддао кимгадир маъқул кўрилган, шекилли, аҳолининг ҳам, давлатнинг ҳам фойдасига хизмат қилмайдиган кўчирмага енг шимариб киришилади.

Энди-чи?

Худога шукур, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонларнинг ташаббуси билан қадимий қўшничилик анъаналари тикланди. Қариндошлар ўртасидаги борди-келдилар аввалгидай яхши бўлиб қолди. Йўлимиз Тожикистон томонларга тушиб қолса, меҳмон деб иззатимизни жойига қўйишади. Дўстона қўшничилик ҳамкорлиги мана шундай давом этаверсин.

Аммо буни кўра-била туриб, суд-ҳокимият идоралари аҳамиятини тобора йўқотиб бораётган “Мустақиллик”чиларни кўчирма қилиш ҳақидаги қарорларини поёнига етказишга нима учун бунчалар шошилишмоқда?

…Ана, “Мустақиллик” кўчасидаги қолган уй-жойлар ҳам бульдозерланиб, дов-дарахтлар кўчириб ташланди, дейлик. Кейин бу яйдоқ майдонда чегарачилар от ўйнатиб копток тепишмаса керак. Йўл устидаги сувга сероб бу харидоргир жойлар “сотилган” ёки “сотилади” каби миш-мишларнинг урчимаслиги учун ҳам масала тезроқ очиқланиши керак, деб ўйлаймиз.

 

P.S. Мақолага нуқта қўйганимизда ижтимоий тармоқларда, аниқроғи, мақоламизнинг танишиб кўриш учун кўчирмага тушганлардан бирига юборилган варианти тагида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг чегара ҳудудида яшовчи аҳоли билан мулоқот қилиб юргани тасвирланган суратли ахборотга кўзимиз тушди.

Яна “Sirdaryo sadоsi” канали ҳали эълон қилинмаган мақоламизга қуйидаги ахборотни ҳам илова қилди:

“Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Ширин шаҳрининг чегара ҳудудида жойлашган “Нуробод” маҳалласида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди.

Суҳбат давомида 2013-2014 йилларда чегара ҳудудидан кўчирилиши белгиланган 96 хонадондан 17 тасининг муаммолари ҳали ҳам ҳал қилинмаганлиги маълум бўлди. Вилоят ҳокими муаммоларни эшитиб, ҳар бир масала бўйича масъул ижрочиларни белгилади ва ишчи гуруҳ тузишни топширди. Ушбу ишчи гуруҳга адлия, кадастр, молия бошқармалари ва Ширин шаҳар ташкилотлари жалб этилади.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ҳар бир хонадон ҳолати ўрганилиб, зарур шарт-шароитлар яратилиши, муаммолар — эътиборда, ечимлар — амалда бўлиши белгиланди”.

Нақадар тезкор ва нақадар умидбахш мужда!

Алишер Навоий ҳазратлари айтганидек, “умидим улки, умидимга етгаймен”, деганлари шу бўлса керак, деган ширин ўйлар билан орадан икки ойдан кўпроқ вақтни ўтказдик.

Нима бўлди, дерсиз?

Ҳеч нима!

— Йўқ бўлди, — деб хабар қилди мажбурий кўчиришдан норози бўлиб юрган фуқаро Раҳмонов Сафарали, — қўшним Худойбердиев Мисралининг уй-жойига бульдозер солиб, текислаб ташлашди. Шундан бошқа ижрочини ҳам, ишчи гуруҳ вакилини ҳам ҳали кўрмадик.

Шундан сўнг биз ҳам ушбу битигимизни таҳририятга йўллашга мажбур бўлдик.

Абдухолиқ АБДУРАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =