Балли, Қулман Очил!

Ёзувчи, публицист, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қулман Очилнинг “ПИР нашр” нашриётида ҳикоя ва қиссалардан иборат “Эркак” деб номланган китоби чоп этилди. Китобга атоқли адиб Эркин Аъзам сўзбоши ёзган.

Бугунги авлод эшитганми-йўқми, шўро замонида Валентин Катаев деган донгдор ёзувчи бўларди. “Оқариб кўринар бир елкан” ва “Полк ўғли” деган қиссалари жуда машҳур, мактаб дарсликларига ҳам киритилган эди. Умуман, кўп асарлари совет ватанпарварлиги, социалистик бун­ёдкорлик, коммунистик тарғибот руҳида эди.

Ана шу адиб кутилмаганда буткул бошқа услуб, бошқа мазмунда ёза бошлади. “Хаёл чечаклари”, “Менинг олмос гулчамбарим” каби хотиранамо асарларини ўқиган одам буларни “мафкураси мустаҳкам” кечаги совет адиби ёзганига ишонолмасди. Айниқса, “Аллақачон ёзилган Вертер” қиссаси шўро сиёсатига батамом қарши руҳда эди…

Сезиб турибмиз, муқоясамиз унчалик ҳам ўрнига тушмаётир. Биз бор-йўғи ижодкор шахс умри давомида ҳам услубан, ҳам эътиқод бобида кескин ўзгариши мумкинлигига мисол қидирдик, холос, топганимиз эса шугина бўлди.

Камина ана шунга яқин ижодий ўзгаришни икки ҳамқалам дўстимда кузатганимни айтмоқчиман. Бири — Хайриддин Султон, иккинчиси эса — Қулман Очил. Биринчи деганимиз маълум танаффусдан сўнг мутлақо кутилмаган мавзу ва шаклларда ёза бошладики, буни олқишламасак бўлмайди.

Қулман Очилга келсак, биз уни асосан фаол журналист, публицист сифатида билардик. Мустақиллик арафасида матбуотимизни жонлантирган, обод қилган катта-катта суҳбатлар шу тиниб-тинчимас, довюрак дўстимизнинг номи билан боғлиқ. Пешқадам зиёли арбоблар билан қилинган бу ёзма мулоқотларда ўша кезлар тилга олиш ҳам қалтис ҳисобланган ҳаёт-мамот масалалари кўтариларди.

Кўп ўтмай эса серғайрат дўстимиз адабий қаламини қайгадир яшириб, талай йиллик “қиш уйқуси”га кетди: расмий идорада оғир меҳнатнинг тагида бўлди. Тўғри, ора-орада ҳажвиясимон нимарсалардан иборат бир-икки тўплам ҳам чиқарди, қай биригадир ўзим сўзбоши ёзиб берганга ҳам ўхшайман. Аммо булари шунчаки эрмак йўлигамиди дейман-да.

Ниҳоят, ўзининг таъбири билан айтсак, карахтлик ҳолатидан чиқиб, ҳужайраларига тоза қон югура бошлади… Ва ана шунда уйғонди, ишга тушди йигит!

Шунча замон қайга кетдингиз, Қулман Очил? Тенгқурларингиз аллақачон беш-олтита “ёстиқ”ни думалатиб ташлади-ку, сиз эса эндигина сафга қўшилиб турибсиз! Шунгамикан, баъзи сафдошлару ғофил жамоатчилик андак бегонасираб, ажабланиброқ қарайди сизга. Парво қилманг, биродар, доим шундай бўлиб келган, шундай бўлаверади.

Қулман Очил ижодида кескин бурилиш, менимча, унинг ака-ука ўртасидаги оддий сен зўрми, мен зўрми мусобақаси ғайирликка, бахилликка айланиб, хунук оқибатларга олиб келгани акс эттирилган “Қасд” ва кечаги “Ўзбек иши”нинг ҳали адабиётда тасвирини топмаган қирралари дадил кўрсатиб берилмиш “Гардан ва гардун” қиссаларида яққол сезилди.

Яширмайман, мен ўшанда муаллифнинг кутилмаганда бир неча калла ўсганига, сафимизда ҳазиллашиб бўлмайдиган асл бир адиб пайдо бўлганига ишонч ҳосил қилганман.

Шундан кейин белидаги ижод камарини маҳкам тортган адиб йигирмага яқин катта-кичик ҳикоя эълон қилди. Бири-бирига ўхшамайди, бири-биридан ўтгулик. Ҳикояки, ўттиз йиллар бурун, “китобхўрлик” айни авжида маҳаллари ёзилганида адабиётни алғов-далғов қилиб ташлайдиган. Ҳикояки, муаллифини зумда катта рўйхатларга элтиб қўшадиган. Ҳикояларки, бугун биров ўқиб биров ўқимай қолаётган… Афсус!

Бу асарларда қаҳрамоннинг гарданида эскидан қолган бўйинтуруқ йўқ, уларни ўқиб, ўша замонда таълим олган биров-яримнинг ростакамига боши ҳам қотади: бунинг қай бири ижобий, қайси бири салбий? Салбий бўлсанг, нари тур… Нега воқеалар оқими биз кутган, биз ўрганиб қолган томонга эмас, буткул бошқа ёққа қараб кетди?..

Гувоҳман, муаллиф шу йиллар ораси жуда қаттиқ мутолаага берилди, навқиронликка хос тийиқсиз бир ғайрат, иштиёқ билан аввал қўли тегмаган асарларни бамисоли ютиб-сипқориб чиқди. Тинимсиз изланиш, уннаш-уриниш, ўзига талабчанлик оқибатида бадиий матн зичлик, сермаънолик касб этди, шунинг баробарида ортиқча изоҳ, серсўзликлар барҳам топиб, ҳавас қилгулик лўнда ифодавий бир услуб бўй бериб қолди. “Йигит сўзим”, “Надур хаёлинг”, “Цензура”, “Топор”, “Ғаров”, “Сени дейман”, “Васенька”, “Қизил кўрпача”, “Жума куни” сингари ажаб залварли ҳикоялар шу тариқа дунёга келди.

Буларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида-алоҳида мақола битгулик. Аммо мақола қилиб ўтирилса, кейин уларни ким ўқийди? Келинг, ҳар ким ўзи ўқисин, ўзи мулоҳаза қилсин. Бизнинг эса муаллифга биттагина саволимиз қолди:

— “Хатар дарвозаси”ни қачон ўқиймиз, Қулман Очил?

Эркин АЪЗАМ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =