Фарғонанинг икки чинори эди

Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов ва таниқли адиб Йўлдош Сулаймон хотирасига бағишланган илмий-амалий анжуман Фарғона шаҳрида бўлиб ўтди

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан ўзбек адабиёти ва журналистикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган таниқли адиблар – Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов ҳамда шоир ва ёзувчи Йўлдош Сулаймон таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, республикамизнинг таниқли адабиётшунос олимлари, ёзувчи-шоирлар, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёш ижодкорлар, устозларнинг оила аъзолари иштирок этди.

— Фарғонанинг катта икки чинорига қиёс бўлган машҳур адиблар гарчи наср ва назмда ўлмас асарлар яратган бўлсалар-да, умрларини матбуот билан боғлашган, “Коммуна” (ҳозирги “Фарғона ҳақиқати”) газетаси таҳририяти ижодий муҳитида камол топганлар. Йўлдош Сулаймон адабиёт бўлимини бошқарган. Ўнлаб ёш ёзувчи, шоир, истеъдод эгаларининг биринчи асарлари айнан унинг таҳрири остида газета саҳифаларида чоп этилган. “Дардим сиғмас дунёга” шеърий тўплами, “Субҳидам”, “Вафо” романлари ўз вақтида адабиёт оламида улкан воқелик бўлган.

Охунжон Ҳакимов ҳам “Фарғона ҳақиқати” ва мамлакатнинг етакчи газетасида бир неча йиллар фидойилик билан меҳнат қилди. Унинг фельетонлари ўша замон корчалон, порахўр, коррупционерларини аёвсиз фош қилган. Таҳлилий мақолалари ҳамон ёш журналистларнинг маҳорат мактабларида ўрганилади. Ёзувчига катта шуҳрат келтирган йирик шеърлари, қисса ва романлари, қатор пьеса ва публицистик мақолаларида кўтарилган муаммолар бугун ҳам долзарб, — деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов адабий кечани очар экан.

Анжуман аввалида эса Охунжон Ҳакимовнинг ҳаёти ва ижоди акс эттирилган видеолавҳа намойиш этилди. Адиб сиймоси, унинг теран фикрлари барчани узоқ ва яқин ўтмишга чорлади. Йиғилганлар кўз олдида ижодкор билан боғлиқ хотиралар қайта жонланди.

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев Охунжон Ҳакимовнинг ҳаёт ва ижоди, инсон сифатидаги фазилатлари, шоирнинг сўнгги тарихий романи — “Хива босқини”нинг ёзилиш тарихи билан боғлиқ воқеликлар, Йўлдош Сулаймон романларидаги ўзига хослик, адибнинг ижодий фаолияти ҳақида фикр юритди.

— Икки буюк ижодкор ҳақиқий маънода ўзбек журналистикасининг дарғалари эди. Улар бир даврда яшашди, бирга ижод қилди. Яқин дўст сифатида даврнинг пасту баландидан бир-бирини суяб ўтишди, оғиру енгилини елкама-елка кўтаришди, — деди Аҳмаджон Мелибоев. — Эсимда, Йўлдош Сулаймон пойтахтда бир муддат хизмат қилиб юрганида, уни назм орқали Фарғонага чорлаган Охунжон Ҳакимов дилидаги дўстона каломларини шеърий сатрларга кўчирганди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоира Фарида Афрўз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар — “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири Фармон Тошев, “Саодат” журнали бош муҳаррири, шоира Мунаввара Усмонова, адабиётшунос олим, Фарғона давлат университети профессори Йўлдош Солижонов, ёзувчи ва драматург Сайдали Одилов, “Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири, шоира Зуҳра Алиева ва бошқа зиёлилар Охунжон Ҳакимов ва Йўлдош Сулаймоннинг ижодкор сифатидаги улкан адабий мероси, асарларининг ўзига хос томонлари ҳамда инсоний фазилатлари ҳақида гапирдилар. Бирга кечган даврларни эслаб, хотираларини ўртоқлашдилар.

— Биз янги авлод вакиллари фарғоналик адиблар Охунжон Ҳакимов ва Йўлдош Сулаймон ҳақида, уларнинг ўзига хос ижод мактаблари хусусида устоз адиблардан кўп эшитганмиз, — деди “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров. — Охунжон Ҳакимовни ҳақиқат ва садоқат куйчиси, забардаст ёзувчи, моҳир публицист сифатида билсак, Йўлдош Сулаймон болалар адабиётининг кўзга кўринган адиби, чин маънодаги халқ журналисти бўлганлиги ёдимизда қолган. У хонада эмас, халқ орасида юриб ижод қилишни хуш кўрган. Унинг қаламида халқнинг оғриғи ҳам, орзу-умиди ҳам рўйи рост ифодаланган.

Йўлдош Сулаймон ва Охунжон Ҳакимовдек адиблар нафақат фарғоналиклар, балки мамлакат ижодкорларининг ҳурмат ва эътиборида бўлган, десак, янглишмаймиз. Икки шоир, ёзувчи ва журналист яратган бадиий асарлар, публицистик мақолалар, драма, пьесалар ўзбек адабиёти ва журналистикасида ёрқин из қолдиргани ҳақиқат.

— Устоз Охунжон ака ҳар бир инсондаги фидокорликни, эзгуликни кўра билиш қобилиятига эга эди. У шунчаки шеър ёзмасди, юракдан чиқариб қоғоз қораларди. Шу боис унинг юзлаб шеър ва ғазаллари қўшиққа айланиб, машҳур хонандалар ижросида куйланади. Йўлдош Сулаймоннинг асарлари халқона, тили содда ва равон эди, уларни ўқиб, ўзингизни қаҳрамонлар билан бирга ҳис қиласиз. Икки адиб Фарғона адабиётининг машҳур намояндалари бўлган, — деди “XXI аср” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил.

Тадбирда Охунжон Ҳакимов билан ҳамнафас ўтган онларини ёдга оларкан, шоира Мунаввара Усмонова шундай деди:

— Охунжон ака ҳалим инсон эди. Камтарлик ва инсоний одоб унинг ҳаёт йўлини бир умр безади. Йўлдош Сулаймон ёмонга ҳам яхши кўз билан боқа оладиган ҳақиқий очиқкўнгил инсон сифатида кўплаб шогирдлар учун ҳаёт мактабини яратиб кетди. Улар бу оламни тарк этсалар-да, қолдирган адабий хазиналари ҳамон китобхонлар билан сўзлашмоқда.

Охунжон Ҳакимовнинг қизи Дилдора опа ушбу хотира кечасини ташкил этганларга миннатдорлик билдирган ҳолда  дадасининг сермазмун ва ибратли умр йўли, ёзган асарларининг яратилиш тарихи ҳақида сўз юритди.

— Ҳаётда дадамнинг ўз қатъий тамойиллари бўлиб, бир умр уларга амал қилиб яшади. Булар: ҳалоллик, тўғрилик, ҳақиқатнинг кўзига тик қараш, меҳнатсеварлик эди, — деди у. — Тартиб-интизомни, режали ишни яхши кўрардилар, бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди. Ҳозир ўйлаб, ўзимга ўзим айтаман: шунинг учун ҳам барча ишларида катта унум, самара бўлган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, шоир яшаган кўчага “Охунжон Ҳакимов” номи берилган, у яшаган хонадонга эса “Бу уйда Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов яшаган” деган лавҳа ўрнатилган.

Ишончимиз комил, икки ижодкорнинг номи, улар яратган бадиий асарлар яна узоқ йиллар ўзбек журналистикаси ва адабиётида, навқирон авлод қалбида эҳтиром билан ёдга олинади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими Охунжон Ҳакимов ва Йўлдош Сулаймон хотирасига бағишланган бу каби адабий кечаларни вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ўтказишни белгилаган.

Ўз мухбиримиз.

 

БАҒИШЛОВ

Ким-кимлар ўтмаган қадим диёрда,

Тўлқиндай жўш уриб икки қадрдон.

Бир келиб кетдилар эрка баҳордай –

Охунжон Ҳакиму Йўлдош Сулаймон.

 

Юраги булоқдай қайноқ ва тоза,

Баланд чўққилардек ғурурли, шоён.

Сўзлари булбулга ҳавас, андоза –

Охунжон Ҳакиму Йўлдош Сулаймон.

 

Уларга ёт эди “деди-деди”лар,

Кўкси осмон эди – юлдузли осмон.

Камтарин, камсуқум инсон эдилар

Охунжон Ҳакиму Йўлдош Сулаймон.

 

Дерларки, шоирлар қалбининг ранги

Замину давронни титратар ҳамон.

Миллион дилларга нур сочгай мангу –

Охунжон Ҳакиму Йўлдош Сулаймон.

Ватан волидадир – доим парвона,

Меҳру муҳаббати дунёи жаҳон.

Бугун ёдлаётир сизни Фарғона –

Охунжон Ҳакиму Йўлдош Сулаймон.

Юракдан тўкилган ҳар сўз, ҳар калом,

Ўчмагай ўтса ҳам эврилиш, замон.

Сизга мангу таъзим, мангу эҳтиром –

Охунжон Ҳакиму Йўлдош Сулаймон.

 

Абдусаид КЎЧИМОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =