Тинчлик форуми нега Фарғонада ўтказиляпти?

Дунёда қанчалар оғир геосиёсий вазият юзага келмасин, Марказий Осиё давлатлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу давлатларнинг ишонч тамойилларига асосланган ўзаро манфаатли сиёсатни йўлга қўйиш ва барқарор ривожланиш учун шароит яратадиган яхши қўшничилик натижасидир.
Шу нуқтаи назардан Фарғона водийсида умумий қўшничилик майдони бўлган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда ва ўзаро алоқанинг янги механизмларини шакллантирмоқда.
Фарғона водийси тарихан давлатлар умумий захиралардан фойдаланадиган ягона макон бўлиб келган. Бироқ мустақилликнинг дастлабки йилларида чегара муаммолари юзага чиқди. Натижада миллатлараро можароларга сабаб бўлди. Бундан ташқари, яқинлашиб келаётган сув инқирози, кўплаб этно-ҳудудий анклавларнинг мавжудлиги, водийнинг 16,5 миллиондан ортиқ аҳоли зич жойлашган минтақа эканлиги хавотирни янада кучайтирди. Ушбу омилларнинг уйғунлиги бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва ривожланиши учун хавф ҳамда таҳдидларни келтириб чиқарди.
Аммо бугун давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли минтақада ишонч ва ўзаро тушуниш билан тавсифланган янги сиёсий иқлим яратилди. Ҳудудий қарама-қаршиликлар, сув ресурсларини тақсимлаш муаммолари, дўстлик ва ҳамкорлик руҳидаги ҳаёт тарзи қарор топди.
2025 йил 31 март куни Хўжандда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартнома имзоланиши тарихий воқеа бўлди ва бу қадриятларни мустаҳкамлади.
Бу эса халқаро муносабатлар тизимида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик янги таъсирчан куч эканини намоён қилди. Улкан иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, логистика, саноат соҳаларида ва туризмда бутун минтақани янада ривожлантириш учун мутлақо қулай имкониятлар очди.
Қолаверса, халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлининг барпо этилаётгани Фарғона водийси муҳим транзит маркази мақомини касб этишидан дарак бермоқда.
Фарғона водийси Марказий Осиёнинг унумдор минтақаси сифатида танилган бўлиб, унда мавжуд қишлоқ хўжалиги салоҳиятини тўлиқ очиб бериш учун имкониятлар мавжуд, қўшма агросаноат кластерларини яратиш талаб этилади.
Нефть, газ, кўмир, темир, мис ва бошқа фойдали қазилмалар захиралари туфайли Фарғона водийсининг саноат-иқтисодий имкониятлари ҳамон жозибали бўлиб қолмоқда.
Фарғона биринчи тинчлик форуми шу жиҳатлари билан ҳам заруратга айланди. Шунинг учун унинг ишида қирққа яқин давлат сиёсатчилари ва экспертлари иштирок этмоқда.
Унинг шиори эса:
– Ишонч, мулоқот ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши;
– Фарғона водийсини ҳар томонлама иқтисодий ривожлантириш учун ички салоҳиятни сафарбар қилиш, ташқи ресурслар ва инвестицияларни жалб қилиш;
– Фарғона водийсининг ишонч, мулоқот ва миллатлараро тотувлик ҳудуди сифатида халқаро қиёфасини шакллантириш.
* * *
Фарғонадаги тинчлик форумидан асосий мақсад ягона иқтисодий марказни ташкил этиш ва водийга туташ қўшни мамлакатларнинг 3 та вилояти халқлари ўртасида янада барқарор тотувликни таъминлаш масаласи асосий ўрин тутади. Бу албатта, яқин қўшниларнинг ўзаро мулоқоти, самимий муносабатлари орқали янада ривожланади. Шу муносабат билан “Фарғона ҳақиқати” газетаси Тожикистон ва Қирғизистон Республикаси вилоятлари бош нашрлари билан яқин ижодий алоқаларни ўрнатган. Жумладан, Тожикистон Республикасининг Сўғд вилоятидаги “Ҳақиқати Суғд” ва “Суғд ҳақиқати” газеталари ҳамда Қирғизистон Республикаси Баткен вилоятининг “Баткен таны” газетаси ижодий ходимлари билан яқин муносабатлар ўрнатилди. Ҳар икки қардош, қўшни мамлакат журналистлари шу йил Фарғонага ташриф буюришган эди. Энди жорий йилнинг 28 октябрь куни фарғоналик 15 нафардан иборат журналистлар гуруҳи Баткен вилоятининг “Баткен таны” газетаси таҳририяти меҳмони бўлиши кутилмоқда. Ана шу руҳдаги мулоқотни, дўстликни янада ўстириш, мустаҳкамлаш йўлида вилоятлар газеталарининг қўшма сонларини ташкил этиш, мунтазам равишда чоп қилиб туришга келишилгани ибратли ҳолдир. Ушбу ёруғ муждага бағишланган унинг дастлабки сони Фарғонадаги 1-тинчлик форумига бағишланди. Бунда 3 та вилоят раҳбарларининг мана шу тинчлик форуми ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, ўзаро маданий-иқтисодий алоқалар хусусидаги мушоҳадалари берилган. Шунингдек, 3 та вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, қишлоқ хўжалиги, маданияти, туризм манзиллари ҳақида батафсил ахборот беришга ҳаракат қилинди. Мақсад ўзбек, қирғиз, тожик – бир-бири билан битта маконда яшаётган миллатлар дўст-иноқ, бир-бирини яхши билиши, ўзаро борди-келдининг янада мунтазамлигини таъминлаш йўлидаги эзгу қадамлар ижроси. Шубҳасиз, бундай хайрли ишларда журналистика, жумладан, “Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририяти жамоаси ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак деган ниятдадир. Шу боисдан ҳам учта газетанинг қўшма сони чоп этилди. Бу газеталар айни пайтда Сўғд ва Баткен вилоятларида ҳам тарқатилиши кўзда тутилган. Газеталарнинг қўшма сонини тайёрлашда Фарғона, Сўғд ва Баткен вилоятларининг қалами ўткир журналистлари жалб қилинди. Нашрда иқтисодий-сиёсий мавзулардаги тақризлар, янгилик ва хабарлар ўрин олган. Ўзаро қўшма корхоналар, ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг ижроси ҳақида мақолалар ҳам берилган. Бу нафақат фарғоналик муштарийлар, балки ушбу форум иштирокчилари учун ҳам қизиқарли бўлишига шубҳа йўқ. Газета Фарғона 1-тинчлик форуми қатнашчиларига тарқатилади.
Бугун — 15 октябрь куни Фарғона биринчи тинчлик форуми ўз ишини бошлайди.
Муҳаммаджон ОБИДОВ,
ЎзА.