Соҳир туйғу эгаси
Ўтган асрнинг саксонинчи-тўқсонинчи йиллари орасида “Ўзбекистон” радиосининг “Сўнгги ахборот” (ҳозирги “Ахборот”) бош таҳририяти эшиттиришлари тингловчилар эътиборини қозонган эди. Чунки бу таҳририят ўша йиллари “ҳам энига, ҳам бўйига” ўсган, таҳририят муҳаррирлари жўшиб ишлашар, янгиликларни асаларидек ғизиллаб излашар, янги-янги рукнлар топишарди-да, эфирга узатишарди. Шунингдек, таҳририятга “Машъал”, ҳозирги “Маҳалла” радиостанцияси, спорт, мухбирлар бўлимлари қўшилди. Шу орада радио тарихида илк бора “Халқаро ҳаёт” бўлими ҳам ташкил этилиб, ахборотчилар зиммасига юклатилди. Таҳририят қошида ташкил этилган бу бўлим ҳамда “Оқшом тўлқинларида” ахборот-мусиқали эшиттиришлар дастури тез орада машҳур бўлиб кетди.
Эсимда, 1988 йилнинг 5 апрели эди. Ўзбекистон Телевидение ва радио эшиттириш Давлат комитети (ҳозирги ЎзМТРК)нинг раиси Наим ака Ғоибов телефон қилиб қолди. Салом-аликдан сўнг: “Бир маслаҳат чиқиб қолди. Куннинг иккинчи ярмида радиода бўламан, учрашсак”, деди. Мен “Хўп бўлади”, дея ўз ишим билан машғул бўлиб кетдим. Ваъдалашганимиздек, раис билан радио уйидаги хонасида учрашдик.
— Абдусамаджон (Наим ака ҳурмат ила доимо исмимга “жон” қўшиб мурожаат қиларди. Охиратлари обод бўлсин), Собир Шералиевични танисангиз керак?
— Собир ака Қурбоновними, албатта, танийман.
— У киши матбуот комитети раислигидан бўшатилганидан ҳам хабардорсиз, албатта. Таҳририятингиздаги “Халқаро ҳаёт” бўлимида ўрин бўлса, вақтинча ишга олсак, нима дейсиз?
Собир Шералиевичнинг ишдан бўшагани, бизда ишлаш истаги борлигига ишониб-ишонмай ўйланиб қолдим. Сўнг: “Ҳазил қиляпсизми, Наим ака?” дедим.
— Рост гап. Иш ўрни бор-йўқлигини суриштиринг. Собир Шералиевичнинг радиода ишлаш истаги борлиги учун сизга айтяпман.
— Бўлимда катта муҳаррирлик ўрни бўш турибди. Буни сиёсий шарҳловчиликка алмаштирилса, акага муносиброқ бўлса керак, — дея ишончсизроқ жавоб қилдим.
— Ишонганим учун бу таклифни сизга айтган эдим. Ҳозир режа бошқармасининг бошлиғи билан маслаҳатлашайлик-чи, у киши нима деркин? — дея қўнғироқ қила бошлади.
— Ассалому алайкум, Ғаффор Қаҳҳорович, биз радиода “Сўнгги ахборот”нинг бошлиғи билан биргамиз. Бу кишининг таҳририятида катта муҳаррирлик ўрни бўш экан. Шу ўринни сиёсий шарҳловчиликка ўзгартиришнинг иложи борми?
Телефонда илиқроқ жавоб бўлди, шекилли: “Сизга Абдусамад Аъзамович учрашадилар”, дея телефон гўшагини қўйди-да:
— Бу ёғини ўзингиз пиширасиз энди, — деди.
— Албатта. Бунинг учун номингизга тақдимнома ёзаман, тасдиқлаб берсангиз бўлгани, — дедим.
— Бу ишни кечиктирмай ҳал қилишга киришинг. Мана бу Собир Шералиевичнинг ҳужжатлари. Ўзингиз ҳам танишиб чиқинг.
Мен бўлажак ходимимизнинг таржимаи ҳоли билан қизиқиб танишдим. Унинг Бухоро шаҳрида туғилгани, Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг тарих факультетини битиргани, шу олий ўқув юртининг аспиранти бўлгани ҳамда номзодлик диссертациясини ёқлагани, сўнг Бухоро давлат педагогика институти ва Тошкент политехника институтида ўқитувчилик қилганлиги шахсий варақада қайд этилганди.
Кўп йиллар давлат идораларида ишлаган, фан номзоди ва доцент илмий даражасига эга бўлиб, олий таълим ўчоқларида фаолият юритган кишининг ёнимизда бўлиши, албатта, фахрли эди. Шундан бўлса керак, устознинг ишга жойлашиши хамирдан қил суғургандай осонликча ҳал бўлди.
“Оққан дарё оқаверади”, деганларидек, Собир аканинг сиёсий шарҳловчилик фаолияти ҳам рисоладагидек жадал бошланиб кетди. Шарҳловчининг қаламига мансуб материаллари таҳририятнинг “Халқаро кундалик”, “Оқшом тўлқинларида” информацион-мусиқали дастурларида кунора эфирга чиқиб турди. Унинг шарҳлари оддий тингловчиларга ҳам тушунарли, қисқа, лўнда, асосли, пухта ёзилиши, бўлаётган воқеа-ҳодисаларга холисона баҳо берилиши, Ғарб ва океан орти давлатларининг очкўзлиги-ю уришқоқликлари, инсоният тинчлигига хавф солувчи нотўғри сиёсатлари куюнчаклик билан баён этилиши фақат тингловчиларни эмас, ҳатто бизни ҳам мамнун этарди. Тарихан бир бутун бўлиб келган Германия, Корея ва бошқа давлатлар замоннинг зайли билан иккига бўлиниб кетганлиги, аҳолисининг эса бир-бирига душман қилиб қўйилиши, Ер куррасининг баъзи жойларида беҳуда кон тўкилаётганлиги ва унинг айбдорлари шарҳловчининг назаридан четда қолмас эди.
Собир аканинг материалларини атайлаб бирор янгилик олиш мақсадида қизиқиш билан ўқирдим, билмаган нарсаларимни ўрганишга ҳаракат қилар эдим. Унинг бир шарҳи матнини ўқиб туриб, ҳеч қаерда кўрмаган ва билмаган нарсага дуч келганман. Аввал унга ишонмаганман, сўнг муаллифнинг ўзидан тасдиғини олган эдим. У ҳам бўлса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тўғрисида ёзган шарҳидаги бир мисол юзасидан билдирган фикри эди. Қаранг, бу нуфузли халқаро ташкилот биноси пештоқига Шарқнинг улуғ донишманди Саъдий Шерозийнинг:
Бир-бирин мучаси бор барча киши,
Битта гавҳардандир яратилиши… —
деб бошланувчи битиклари ҳам кўп тиллар қаторида ёзиб қўйилганлиги кўтаринки руҳ ва ғурур билан баён қилинганини билдим.
Шарҳловчи бу билан одамзод бир ота-онадан, яъни Одам ато-ю Момо ҳаводан яралганлигига ишора қилиб, айрим мамлакатларда одамларни камситишлар, бир-бирига гижгижлашлар бўлаётгани, одамзоднинг бирор аъзоси касалликка чалинса, бошқа аъзолар ҳам азият чекканидек, Ер юзининг бирор нуқтасида уруш-жанжал бўлиб турса, атрофдагиларнинг қалбига ҳам қоронғилик кириши муқаррарлигини файласуфона тушунтириб беришга ҳаракат қилган.
Ўша кезлари телерадио тизимида сиёсий шарҳловчилар гуруҳи ташкил этилди. Собир ака ана шу гуруҳда янада баракали ишлади. Гуруҳ аъзолари маҳаллаларда, ўқув юртлари, ҳатто вилоятларда бўлиб, йиғилганлар билан дунё, республикамизда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнлар хусусида мароқли суҳбатлар уюштиришар, уларни қизиқтирган саволларига жавоб беришарди.
Устоз қаерда ишламасин, кўнгил қўйган Ўзбекистон радиоси ва матбуотида ўзининг мазмунли шарҳлари билан фаол иштирок этиб турди. Унинг “Умум Европа кенгаши: тарихи, якунлари, аҳамияти”, “Устоз-тарғиботчилар (Хоразм вилояти тарғиботчилари тажрибасидан)”, “Янгича тафаккур ва ҳозирги дунё (халқаро шарҳловчилар мулоқоти)”, “Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ташкил топиши ва фаолиятидан…)”, “Жонкуяр бунёдкорлар партияси” номли қатор тўплам ва рисолалари ҳам шарҳловчилик фаолиятининг мевасидир.
Собир Қурбонов билан бор-йўғи икки йилга яқин ёнма-ён ишлаган бўлсам ҳам унинг кучли ирода ва ориятга эгалиги, билимдон ва зукколиги, мамлакатимиз шарҳловчиларининг олдинги сафида туриши ҳамда ажойиб воиз эканлигига гувоҳ бўлганман. Меҳнат фаолияти давомида ўзини яққол намоён этган, бирор мақомга эга бўлиш учун имкониятлар ярата олган мукаммал шахсдир. Назаримда, пойтахт, яъни мегаполис кишиси амал поғонасидан кўтарилиш учун ўз вақти ва кучини аямаслиги лозим экан. Собир ака мисолида бунга амин бўлганман.
У кучли сиёсий шарҳловчи, бийрон воиз бўлиши билан бирга, атрофдаги касбдошларига меҳрибон, тўғри йўл кўрсатувчи устоз саналади. Ўзаро гурунглашиб ўтирган вақтларда менга йўл-йўриқлар кўрсатиб:
— Ҳаётдаги тажрибамдан келиб чиқиб, сиздаги “ижобий” камчиликларингиз борлигини айтиб қўяй. Атрофингизда ҳар бир қадамингизни ўлчаб юрадиган азамат “дўстларингиз” борлигига эҳтиёт бўлинг. Ўшаларга ҳам қўлдан келганича яхшилик қиласиз. “Отангни ўлдирганга онангни бер” қабилида иш қиласиз. Бағри кенгликнинг ҳам чегараси бўлади, укажон, — дерди.
— Бундай қилиш сут билан кирган бўлса керак-да. “Яхшига қилсанг яхшилик, ҳам айтади, ҳам қайтади”, деган гап ҳам бор. Сиз айтган ғанимларнинг ғайирликларини сезиб-кўриб юраман.
— Яхши. Лекин ҳар доим ҳушёр бўлинг. Яна бир нарсани айтиб қўяй: қалам ҳақи ёзишда ҳам эътиборли бўлинг. Мен ҳам баъзида шошма-шошарлик қилиб, панд еган кунларим бўлганлиги учун сизга эслатиб қўйдим.
— Панд-насиҳатларингиз учун ташаккур сизга, — дея миннатдорчилик билдираман у кишига.
Тўқсондан ошиб, юз ёшга қадам қўйган соҳир, яъни сеҳрли туйғу эгаси бўлган устознинг феъл-атвори, ўта камтарлиги, сермулоҳазалиги, кам гапириб, кўп иш қилиши мен сингари дўстлари ва шогирдлари учун мактаб ўрнини ўтаётгани шубҳасиз. Унинг сийратини ҳам, суратини ҳам таниш-билишлари тилларидан бол томиб сўзлашади.
Таниқли воиз, моҳир сиёсатчи ва шарҳловчининг жаҳонгашталиги ҳам мақтовга лойиқ. У Германия, собиқ Югославия, Франция, Польша, собиқ Чехословакия, Сурия сингари кўплаб хорижий мамлакатларда бўлиб, бу мамлакатларнинг ташкил топишидан тортиб то ҳозирги кундаги тутган ўрни, уларнинг аҳолиси, табиати, иқтисодиёти, сиёсий йўл тутишларигача қизиқарли мақолалар ёзган ва унинг ёзганлари тўпламларда чоп этилган.
Абдусамад ИСОҚОВ
