Умр қуши самода учар
Равшанбек УБАЕВ
Муаллиф ҳақида:
Равшанбек УБАЕВ — 1988 йили Туркистон вилояти, Сайрам туманидаги Қорабулоқ қишлоғида таваллуд топган.
“Шимкент” университетини “Қозоқ тили ва адабиёти” мутахассислиги бўйича битирган. Унинг ижод намуналари Қозоғистондаги барча ўзбекзабон нашрларда чоп этилиб бормоқда. Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти Паркент дам олиш масканида ўтган Марказий Осиё ёш ижодкорлар 1-халқаро форуми иштирокчиси.
УМР ЎТМОҚДА
Қаранг, дўстлар, ҳаёт маромин,
Ой-у кунлар ўтмоқда елдай.
Ой ортидан ойлар қувлашиб,
Қаёққадир шошмоқда селдай.
Йил қучоғи тўлиб ойларга,
Карвон тузиб кетиб боради.
Инсон умри карвон йўлида,
Илашганча ўтиб боради.
Умр қуши самода учар,
Ёшлигимиз қололмас тутиб.
“Қарилик” деб аталмиш бекат,
Манзилимиз турибди кутиб.
Умримизни бежаб ёлғонга,
Ростин излаб топмай ҳалакмиз.
Шабадага бўлиб чирпирак,
Нола чекар ожиз палакмиз.
Яна боқиб тўймай дунёга,
Такрор яшаш истаги келар.
Чунки ҳали орзулар бисёр,
Кокилларин тарайди еллар.
Вақт жиловин ушлата қўймас,
Қисқа умр, боқийлик суймас.
Яшашни ким севмайди дейсиз?!
Суйдиради, куйдириб тўймас…
Умр ўтар шошқалоқ елдай,
Яхши-ёмон кунларимиз ёд.
Шундай яшаб ўтайлик, дўстлар,
Ҳар онимиз ўтсин гулгун шод!
ҚИШЛОҒИМ
Гўзал боғлар, ер-суви мўл,
Сероб дарё, булоғи кўл.
Жўровоздир тўрғай-булбул,
Қишлоғимга келганмисиз?
Ҳам чорвадор, боғбони бор,
Меҳнатига шарафи ёр.
Ялқовлардан қилишар ор,
Қишлоғимга келганмисиз?
Ўғил-қизи уддабурон,
Одоби ҳам қойилмақом.
Танир бу кун бутун жаҳон,
Қишлоғимга келганмисиз?
Келмаган ҳам таниб олар,
Таърифига қойил қолар.
Қорабулоқ қайда бўлар?
Қишлоғимга келганмисиз?
Қорабулоқ фарзандиман,
Киндигидан — нақ кентидан.
Сўраманг сўз, жим энди ман,
Қишлоғимга келганмисиз?
Келиб кўринг кечикмасдан,
Қайта келинг ичикмасдан.
Соғинасиз очиқмасдан,
Қишлоғимга келганмисиз?
МЕҲРИБОНИМ ОНАМ
Ҳовлингда райҳонлар
очилиб турмас,
Димоғингга гуллар ифори урмас,
Ҳеч нарса кўнглингга
тасалли бермас,
Уйингда меҳрибон онанг бўлмаса.
Опа-укаларинг ҳолинг билмайди,
Амма-холаларинг она бўлмайди,
Ҳаттоки лайчалар
писанд қилмайди,
Уйингда меҳрибон онанг бўлмаса.
Иссиққина чойинг турмайди бунда,
Дастурхонинг файзи қочади зумда,
Қадрини ўшанда биларсан жўра,
Уйингда меҳрибон онанг бўлмаса.
Осмонда қуёшинг
порлаб турмайди,
Кечаси ой сенга юзин бурмайди,
Ҳар куни кўзларинг
қувнаб кулмайди,
Уйингда меҳрибон онанг бўлмаса.
Аллоҳим, оналар мангу яшасин,
Фарзандлар пойига
меҳрин тўшасин,
Ҳар кунимиз байрам,
тўйга ўхшасин,
Уйимизда доим онамиз бўлсин!
ОҚ РЎМОЛЛИ СИНГИЛГА
Бўй-бастингга яраша,
Кўркинг очар рўмолинг.
Кўриб кўзим қувнайди
Ҳаёга бой жамолинг.
Сочларингни бекитиб
Оширибсан иффатинг,
Ўзлигингни қизғаниб
Нурланибди қоматинг.
Ўзбек қизин аслини
Туйдим сенинг сиймонгда,
Қуёш нури акс этар
Ойдай гулгун иймонда.
Насиб этган бахт қушинг
Муқим қолсин бошингда,
Шаҳзодалар маҳлиё,
Тиз чўкишсин қошингда.
ҲАВАС
Тош думалар тоғларда,
Қаддим эркин кераман.
Ижод қилиб боғларда,
Гўзал гуллар тераман.
Мен севаман оламни,
Гўзал гулдай санамни.
Китоб ўқиб тебратгум,
Ҳузур қилиб қаламни.
Чиройини борлиқнинг,
Кузатишдан сезаман.
Шу сеҳрли ўлканинг
Мўъжизасин ёзаман.
Яхшилардан ибратни
Олиб юриш одатим.
Чарчамайман ҳаётдан,
Баҳра олар тоқатим.
Қандай таъриф айлайин,
Кўнглим топар оромин.
Шукур қилиб айтаман,
Ҳақдан тилаб давомин.
Равшанбек дер: борлиқни
Чин юракдан севаман.
Чиройидан табиат
Завқ олганим ёзаман!

