Баҳор тинчлик қўшиғини куйлайди

Баҳор. У қучоғида яшил гиламларини келтирди. Она заминда яна кўм-кўк майсалар бош кўтариб чиқмоқда. Ҳадемай Наврўз байрамини нишонлаймиз. Кўнгиллар шодланар баҳор нафасидан, кўклам ҳавосидан!

Ҳа, муборак кунлар тароватида баҳор кириб келди! Кўкламойнинг қўлларида яшил байроқлар. Яшиллик — тинчлик рамзи, бахт рамзи, орзулар бардавомлиги тимсоли! Тоғларнинг бағридан тушаётган зилол сувлар янада тиниқроқ, жаранглироқ шарқирамоқда. Еллар гўё чапак чалмоқда, дарахтларнинг шохларини майин-майин силаб уйғотмоқда. “Тур-эй, мен келдим! Мен келдим. Уйғон! Уйғон! Барг чиқар, шошилгин! Оламни яшилликка бурка!” деяётгандек.

Баҳор, хуш келдинг!

Она табиат Ўзи хоҳлаган ерга ўз сепини ёйишга шошилмоқда. Ҳатто энг қаровсиз, энг чекка жойлар устида ҳам гулларни ундиришга ҳаракат қилмоқда. Чунки бу яшариш дегани, ҳаётга интилиш, янги кунга монанд орзуларни ўстириш, улуғлаш деганидир… Чунки Унинг мақсади — она ер кулга эмас, гулга буркансин. Бутун борлиқ тириклик, яшариш ва янгиланиш  салтанатининг давом этишини хоҳлаяпти…

Дошқозонларда сумалаклар қайнаётир. Сумалак — етти малакнинг таоми. Ривоят қилишларича, онаизор оч қолган болаларига таом пишираман деб қозонга сув ва бир ҳовуч буғдой билан тош солиб қайнатаверган, қайнатаверган… Уйқу устунлик қилиб ухлаб қолган. Ва тонг маҳали қозонни очиб қарасаки, дунёнинг энг ажиб ва энг ширин неъмати — сумалак тайёр бўлибди. Сумалакни еттита малак пишириб, мазали таом ҳолига келтирган эмиш. Шунданми, сумалак нафақат баҳорий, балки илоҳий таом сифатида ардоқланади.

Рўмоли чеҳрасига ярашган момоларимиз, соқоли кўксига тушган боболаримиз сумалакни тановул қилишдан олдин “Етказганига шукур!” деб шукроналар айтишади. Демак, шукроналик бор экан, албатта, яхшиликлар мужассам. Яратган она заминга, одамзодга эҳсонлар юборади, туҳфалар юборади. Шукроналиклар ортида ана шундай бахтиёрликлар яширинган бўлади.

Яна бободеҳқон даласига ошиқади, эл-юртга ризқ-насиба улашмоқ мақсадида қутлуғ ниятлар ила тупроққа уруғ ташлайди. Шу уруғлар униб чиқиб, халқимизнинг насибаси етилади.

Баҳор мусиқаси ана шундай жилоланади. У юракларга илоҳий нашида етаклаб келгандек қалбларимиз энтикиб кетади.

Яшариш ва янгиланиш деганлари аслида шу бўлса керак!

Аммо бугун дунёга боқиб юраклар увушади. Нима бўляпти ўзи? Нима етишмайди одамзодга? Нетонгки, не-не гўзал ва тарихий шаҳарлар устига бомбалар ташланмоқда? Улар осмонида қалдирғочлар эмас, қирувчи ракеталар, самолётлар учмоқда. Минглаб, ўн минглаб бегуноҳ одамлар, болалар, аёллар, қариялар нобуд бўлмоқда…

“Номинг ўчсин, уруш!” дея нола чеккан ота-боболаримиз, момоларимиз. Наҳот, яна дунё уруш олови ичида қоладиган бўлса?!

Тинчлик бўлсин, илоҳим! Урушдан бу дунё яралибдики, ҳеч ким ютган эмас. Дунё ана шу оддий ҳақиқатни қачон англаб етаркан?!

Ҳеч қачон, илоҳо, бизнинг юртдаги тинчлик, ободлик ва хотиржамликка кўз тегмасин! Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!

Қаердаки тинчлик бор, барака бор, хотиржамлик бор. Болаларнинг эртаси бор, шўх кулгуси бор. Ана шундай буюк бахт она Ватанимизни ҳеч қачон тарк этмасин!

…Баҳор тинчлик қўшиғини куйлаётир. Илоҳим, дуоларимиз ижобатини берсин! Норасида гўдакларнинг кўзлари айрилиқдан ёшланмасин… Яна бутун ер юзи бахтиёрликдан, чексиз бахтдан шодлансин!

Ўлкамизда яна баҳор. Яна бодомлар, ўриклар гуллади. Югуриб тоғларга чиқишни истайсиз, тўлиб-жўшиб қўшиқ айтишни истайди кўнгил шу кезларда…

Юртдошим, 2026 йилнинг баҳори муборак бўлсин!

Фазилатли баҳор фасли юртимизга қут-барака, янада фаровонлик, меҳр-муҳаббат, ишларимизга баракот, осойишталик олиб келсин! Бу баҳорга, айни ойларнинг султони бўлган муборак Рамазонга етганлар бор, етмаганлар бор!

Баҳор — фасллар келинчаги, гўзаллик ва орасталик, беғуборлик ва шоду хуррамлик айёми барчамизга эш бўлсин, қутлуғ бўлсин!

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 1 =