Эгри йўлнинг охири вой…

Бу ҳаётда нопок йўл билан бойлик орттиришни  ўзига “касб” қилиб олганлар ҳам учрайди. Бир сўз билан айтганда фирибгарлик.

Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи Х.Қ. муқаддам босқинчилик, товламачилик, ўғрилик жиноятини содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этилган эди. Бироқ у бу гал ўзгаларни алдаганлиги учун яна судланди. Гап шундаки, Ҳ.Қ. ўтган йили 6 сентябрь куни пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган Талабалар шаҳарчасида бир фуқарони алдайди.

Ўша кунлари Ф.Ҳ. “Spark” автомашинасини таъмирлаб, сотиш учун бозорга олиб чиқади. Шунда унга бозорда автомашина олди-сотдиси билан шуғулланадиган танишлар телефон қилиб, харидор борлигини айтишади. Ф.Ҳ. харидор билан учрашиш учун Талабалар шаҳарчасидаги нотариал идорага боради. У харидор Х.Қ. билан машинани 7 300 АҚШ долларига савдолашади. Харидор бўлиб тўлаш шарти билан бошланишига 1000 АҚШ доллари ва пулнинг қолган қисмини 30 ой давомида ҳар ойда 250 АҚШ долларидан берадиган бўлади. Сотувчи “Spark”ни сотиш ҳуқуқисиз фақатгина бошқариш ҳуқуқи билан ишончнома қилиб беради. Шу ўринда жабрланувчининг суддаги кўрсатмасини келтирсак:

— Ўзаро савдолашишимиздан кейин Х.Қ. машинани ҳайдаб кетди. Пул бериши керак бўлган вақтда эса телефон қилсам, жавоб бермади, турли баҳоналар билан мени алдаб юрди. Кейин билсам, машинани бегона фуқарога сотиб юборган экан. Алданганлигимни билганимдан кейин ҳуқуқ органларига мурожаат қилдим. Ҳозирда Х.Қ. томонидан менга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган. Унга нисбатан ҳеч қандай даъвом йўқ.

Х.Қ.нинг қармоғига илинганлардан яна бирининг суддаги кўрсатмаси:

— Ўтган йили декабрь ойида автомашина сотиб олиш учун Сергелидаги бозорга бордик, – деди жабрланувчи Ю.Д. — Бозорда Баҳодир исмли машина олди-сотдиси билан шуғулланадиган шахс “Spark” русумли автомашинани кўрсатиб, Х.Қ. билан таништирди. Шунда биз машина эгасига бошланғич тўлов сифатида 1 400 АҚШ доллари беришга ва ҳар ойда 400 АҚШ долларидан 13 ой давомида ижара пулини тўлашга келишдик. Пули тўлиқ тўлангач, у менга “Spark”ни расмийлаштириб берадиган бўлди. Ўша куни ишончнома қилиб беринг, деганимда, у: “Бугун нотариус ишламайди, эртага ҳаммасини қилиб бераман”, деди. Кейин билсам, у фирибгар экан…

Яқинда беш марта судланган Х.Қ.нинг жиноий иши судда кўриб чиқилди. Унга нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг шахси, шунингдек, у жазони ўташ даврида ғараз ниятда яна янги жиноятни содир қилганлиги оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳоланди. Шундай қилиб, Х.Қ. узил-кесил 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан Х.Қ. ўта хавфли рецидивист деб топилди.

Агарда Х.Қ. тўғри йўлдан юриб, ҳалол меҳнат қилганида, бошига бундай кунлар тушмасди. 18 ёшида жиноятга қўл уриб, мазмунсиз ҳаёт кечирган бу йигитнинг қисмати ҳаммамизни ўйлантиради. Нега у эгри йўлдан юрди? Унинг бу аҳволга тушишига нималар сабаб бўлди экан?..

Баҳодир ҚАЮМОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман судининг судьяси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − eighteen =