Санъатимиз афсонаси
Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, биринчи ўзбек балеринаси
Бернора ҚОРИЕВА
“Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди
Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, Ўзбекистон халқ артисти, маданиятимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган машҳур балерина, рақс санъати маликаси Бернора Қориева яратган ҳар бир образ бадиий баркамоллиги, бетакрорлиги билан томошабинни ҳайратга солади. Уларда Шарқ аёлининг нозик ва таъсирчан қалби, ўзбек рақс санъатининг теран фалсафаси, ёрқин бўёқлари, миллий колорити, нафосати жилваланади. Бернора Қориева — ўзбек балет санъатини улкан ижод мактабига айлантирди. Зеро, ўзбек балет санъати хориж балетларидан инсон руҳиятининг, ички кечинмаларининг, замон ва макон билан боғлиқ орзуларининг латиф қирралари кенг кўламда тасвирланиши, анъана ва замонавийликнинг гўзал уйғунлашуви билан ажралиб туради.
Буюк қалб эгаларининг ҳаёт йўллари, уларнинг илм-фан сарчашмаларидан, улар яратган санъат асарларидан баҳраманд бўлиш, уларнинг инсонийлик фазилатларидан ибрат олиш кўнгилга бир олам завқ, руҳиятга қувват бахш этади, эзгулик ва яхшиликларга чорлайди. Ўзбекистон ва Қирғизистон халқ артисти Бернора Қориеванинг ишонч ва садоқатга тўла 90 йиллик умр йўли, ўсиб келаётган ёш авлод учун иқбол бўстони, ҳаёт мактабидир.
У 1936 йил 28 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Раҳим Қориев оиласида туғилган. Бўлажак балерина 16 ёшида Тошкент Олий хореография билим юртини, 19 ёшида эса Москва хореография билим юртини муваффақият билан тамомлайди. Шундан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбек опера ва балет катта академик театрида фаолиятини бошлайди.
1957 йил Москва шаҳрида ўтказилган балет танловида Бернора Қориева олтин медалга сазовор бўлади. Ана шу муваффақиятдан кейин у Франция, Италия, Англия, Ямайка, Сурия, Ҳиндистон, Бразилия, Аргентина каби мамлакатларда машҳур балет усталари билан бир саҳнада чиқиш қилади. “Оққуш кўли”, “Боғчасарой фаввораси”, “Анна Каренина” каби дунёга машҳур балетларда бош қаҳрамонларни юксак маҳорат билан ижро этади.
Унинг энг ёдда қоларли ролларидан бири — Меҳри қиёфасидир. Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони асосида Лола Оқилова саҳналаштирган “Суҳайл ва Меҳри” балети ўзбек санъати тарихида ўчмас из қолдирган асарлардан бири бўлса, бу ютуқда Бернора Қориеванинг ҳиссаси беқиёс.
У Меҳри образида ҳақиқий ошиқ қиёфасини яратди. Бу роль миллий руҳи, ўзбек хореографияси элементларининг нозик ва табиий қўлланилиши билан ажралиб туради. Меҳри қиёфаси гўзаллик, латофат ва ҳаракатдаги нафосат билан томошабин қалбига йўл топган.
Бернора Қориева саҳна билан чекланиб қолмади. У бир неча йиллар раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритди. 1979 йилда “Ўзбекистон ёшлар балети” бирлашмасини таъсис этиб, 1983 йилгача унга раҳбарлик қилди. 1985 йилдан Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси, 1994–2002 йилларда эса Алишер Навоий номидаги театр директори ва бадиий раҳбари сифатида ишлади. 2004 йил Тошкентда биринчи хусусий рақс мактабини очди.
Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида балет санъатини ривожлантириш ва оммалаштириш осон бўлмаган. Аммо у ҳаракат қилди ва уддалади. Шу сабаб Бернора Қориева номи нафақат ўзбек балети, балки миллий маданиятимиз тарихида ҳам абадий қолади.
Аслида, маданиятимизнинг қадимий ва жонли тарихи ноёб ҳамда туганмас бир достон бўлса, рақс санъати унинг шоҳ байтларидир. Бернора Қориеванинг қаҳрамонлари ўта ёрқин, кўзни қамаштирадиган даражада назокатли, пинҳона нигоҳларидан малоҳат уфуриб турадиган, фавқулодда гўзал ва бетакрор эди. Шунинг учун ҳам унинг рақслари мўъжизавий кучга эга бўлар, ҳаммани ром қиларди. Буюк санъаткорнинг бир-биридан бетакрор образлари жаҳонга машҳур асарлар — “Боғчасарой фаввораси”даги Мария, “Жизель”даги Жизель, “Оққуш кўли”даги Одетта-Одиллия, “Анна Каренина”даги Анна Каренина, “Сухайл ва Меҳр”даги Меҳр, “Тановар”даги Нурхон, “Афсоналар водийсида”ги Наргис, “Заҳарли ҳаёт”даги Марямхон роллари санъат оламида ўзига хос воқелик бўлди.
Маълумки, балет — синтетик жанр. Унда санъатнинг бир неча турлари: сценарий, мусиқа, хореография ва ифода воситалари уйғунлашади. Унда узвийлик сақланиши шарт. Рақслар мусиқа, драматургия ва руҳий ҳолатга мос келиши керак. Ҳар қандай балет образлиликни ва миллий ўзига хосликни сақлаб қолиши шарт. Суҳбатлардан бирида Ўзбекистон халқ артисти, буюк санъаткор Тамарахоним шундай деган эди: “Ўзбекистон халқ артисти Бернора Қориеванинг репертуарида “Сегоҳ” концерт номери бор. Ниҳоятда жозибадор, бетакрор. Шу рақснинг кашфиётчиси балетмейстер Мукаррама хоним классик рақснинг аниқ штрихларини моҳирона топа билган, ҳар бир ҳаракат бу кичик хореографик мўъжизада мусиқа оҳанги билан, ўзбек классик рақси элементлари эса Европа классик рақси ҳаракатлари билан уйғунлашиб кетган, бири иккинчисини тўлдирган ва бойитган”.
Санъат тарихининг нурли саҳифалари бўлган буюк аждодларимизнинг бунёдкорлик ва ижодкорлик салоҳияти билан фахрланамиз. Бернора Қориеванинг ниҳоятда моҳир педагоглиги, беназир устозлиги шогирдлари билан мулоқотларда янада ёрқинроқ аён бўлади. Бернора Қориева ўзининг билими ва бой тажрибасини бағрикенглик билан ёшларга улашади: талабалар унинг “Маҳорат дарслари”ни интиқлик билан кутишади. У ўзбек балет санъатини мураккаб ва жозибадор комбинациялар билан бойитди. Бернора Қориева яратган образлар ўзбекона нафислиги, жўшқин ифода техникасининг мукаммаллиги билан ажралиб туради. У балет ижрочилик амалиётини такомиллаштирди, ёш балериналар маҳоратини ошириш методикасини яратди. Бугун шу методикадан Ўзбекистон давлат хореография академияси талабаларига сабоқ бермоқда.
Бернора Қориева Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси раиси, Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида директор ва бадиий раҳбар лавозимларида фаолият кўрсатди. У балет санъатида анъанавий ва замонавий усулларни уйғунлаштирди, кўплаб услубларни янгилади, классик ва миллий усулларни бир-бирига яқинлаштириб, уларнинг техникаси ва маҳорат даражасини тинимсиз оширди. Инсоният яратилибдики, ҳар қандай янгилик турли қарама-қаршиликларга, зиддиятларга дуч келади. У ўзининг нозик жуссаси билан замонлар шиддатига, синовларига бардош берди. Ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини санъатга бағишлади. Ҳар бир роли устида тинимсиз изланди. Изланишу машаққатли меҳнат бесамар кетмади — жаҳоннинг энг нуфузли саҳналарида ҳам унинг нафис, ўтли, жўшқин рақсларини катта иштиёқ ва завқ билан томоша қилишди.
Бернора Қориева каби юксак тафаккурли санъаткорлар умр бўйи изланади, янгиликка интилади. Унинг ролларида классик рақс тўқимасига сингиб кетган халқ рақси ҳаракатлари мужассамлашади: ўзига хос замонавий ва миллий колоритни вужудга келтиради. Зеро, асосий қаҳрамонлар классик рақс тилида гапирганларида ҳам классик рақснинг ифодавий имкониятларини кенгайтириб, уларга миллий рақс услубларини жорий қилиш мумкин. Шунда асарлар янада таъсирчан кучга эга бўлади.
Композитор А.Козловскийнинг “Тановар” балетида Бернора Қориева тарихий шахс — Нурхон образини яратади. Унинг рақсий парвозларида Фарғона рақс мактабига оид нафислик, майинлик, теран мазмундорликни илғаш мумкин. Айниқса, бош, қомат, қўл ва бармоқларнинг эгилиши билан боғлиқ жозибадор ҳолатларда халқ рақсларининг руҳи алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбек халқининг асрий анъаналарга эга маданий меросига, миллий-маърифий тараққиётига назар ташласак, энг аввало унинг тафаккур бойлиги жуда мустаҳкам илдизга эга эканлигини кўришимиз мумкин. Ҳозирги даврда дунё янгиланмоқда. Миллий тараққиётнинг янги замон, янги фикр ва янгича дунёқарашлари даврида истиқлол нафақат халқимиз ҳаётида, балки тафаккурида ҳам жуда катта ўзгаришлар ясамоқда.
Хореография санъати айнан ҳиссиётдан, кўнгилнинг ранг-баранг манзараларидан, туғёнлар курашидан таркиб топади. Муҳаббат ва хиёнат, дўстлик ва разолат, садоқат ва рашк — буларнинг барини рақс санъати ўз измига сола олади, унинг таъсирчан “тили” ёрдамида барча туйғулар, руҳий изтироблар, орзу ва армонлар хусусида гўзал ҳикоя қилиш мумкин. Албатта, саҳнада инсон ҳис-туйғуларининг турли кўринишларини акс эттириш жараёнида буларнинг барчасида халқ қўшиқ-рақсларидан, санъатимизга кириб келган асрий анъаналаридан ижодий фойдаланиш керак. Лекин бунда заргарона истеъдод, юксак маҳорат зарур. Санъат сохталикни кўтармайди, унинг равнақи учун ҳақиқий фидойилар зарур. Ҳамиша изланишда бўлганмиз, янги ифода воситаларини биз Фарғона халқ рақслари бой дунёсидан, Европа классик рақси хазинасидан изладик. “Дилхирож”, “Уфори сахта”, “Садр” ва “Тановар” каби машҳур халқ рақслари усулларини асос қилиб олган ҳолда улар руҳига уйғун бўлган янги элементларни сингдирдик. Кўпроқ тарихий мавзуда асарлар яратиш керак. Мен ҳамон Улуғбек Мусаевнинг “Тўмарис”, “Афсоналар водийсида” балетларидаги қаҳрамонларимни соғинаман. Улар билан қадимият водийларида сирлашаётгандай ҳис қиламан ўзимни. Бу асарларда илдизлари тарих билан туташган янгича тимсол, ўзгача тахайюл, инсон руҳияти, қалб озодлиги бор эди. Зеро, ибтидонинг бошланиши-ю, жамики гўзалликнинг аввали халқимизнинг ўзидай оддий, ўзидек буюк миллий санъатимиздир, — деди Бернора Қориева.
Балет санъатида либретто, мусиқа, рақс ва тасвирий воситаларнинг бир бутунлигига эришиш катта маҳорат талаб қилади. Мазкур компонентларнинг бирлашуви унинг таъсир кучини бойитади ва энг юқори чўққиларга олиб чиқади. Ўзбекистон халқ артисти, беназир санъаткор Мукаррама Турғунбоеванинг “Мовий мақом” деб ном олган охирги рақс асари Бернора Қориева учун яратилган эди. Бу осуда ва мафтункор асарни ҳозир ҳам кўпчилик ҳаяжон билан эслайди. Қўлларнинг нафис талпиниши, бармоқларнинг назокат ила чарх уриши, оёқ учига кўтарилиб, оҳиста айланишлар томошабинни ўзига ром этиш баробарида миллий мақом санъатининг нақадар бетакрор эканлигини янада ёрқин акс эттиради. Мақом санъатининг балет рақсида шу кўринишда табиий ва жозибадор намоён бўлиши санъат тараққиёти учун алоҳида ҳодиса ҳисобланади.
Жамият янгиланаётган, миллий ва умуминсоний қадриятлар тикланаётган бир даврда олам ва одам ўртасидаги муносабатларни янгича тамойиллар воситасида ўрганиш ва тадқиқ қилиш кун тартибидаги энг муҳим масалага айланди. Миллатларнинг ўзига хослиги, миллий ўзлигини англаш жараёни саҳнада акс этаётган қадимий маросимлар, расм-русумлар, урф-одатлар, қадриятларни, анъаналарни ўрганиш орқали такомиллашиб боради. “Мовий мақом”да анъана ва замонавийлик, ўзбек халқ рақслари ва классик балет элементлари мужассамлашади. Аслида, саҳнада аёл қалбини, ҳис-туйғуларини турли ҳолатлар ва кўринишларда акс эттириш осон эмас. Бернора опа устози Мукаррама Турғунбоевадан миллий мусиқани юрак билан тинглашни, юрак билан ҳис қилишни ўрганди.
У ўзбек балет санъатида ноёб кашфиётлар, ихтиролар, янги рақсий шаклларни яратди. Устозлардан ўрганганларини бир умр ўз ижодида сақлаб қолди ва ривожлантирди. У балет санъатида бутунлай янги йўналиш — Шарқ аёлининг бетакрор латиф ва майин қиёфасини яратди. Бернора Қориева жамиятдаги барча қувончли воқеаларни, тарихий ҳодисаларни рақс асарлари билан тарихга муҳрлашга ҳаракат қилди. У ҳақиқий маънодаги драматик раққоса, драматик актриса сифатида ўзбек рақс санъатида янги саҳифа очди. Томошабин тафаккурини бойитган, руҳиятига таъсир қилган, қалбига ҳаётсеварлик, меҳр-муҳаббат туйғуларини бахш этган бетакрор образлар яратди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти совриндори Бернора Қориева ижодига бағишлаб монографиялар, ҳужжатли фильмлар яратилган. “Бернора Қориева рақсга тушади”, “Мен балеринаман” каби асарларда серқирра ижод инсон қалби ва руҳиятининг кўзгусига айланган. У Европа, Осиё, Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатларида бир неча марта ижодий сафарларда бўлди, ўзбек рақс санъатининг довруғини бутун дунёга ёйди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тўғри таъкидланганидек, “ушбу санъатни бугунги кунда жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида рўй бераётган туб ўзгаришларга мос ҳолда ривожлантириш, миллий рақснинг турли йўналиш ва намуналарини, мамлакатимизнинг турли минтақаларида шаклланган мумтоз рақс мактабларини қайта тиклаш ва келажак авлодларга безавол етказиш ҳамда бу борадаги таълим-тарбия, тарғибот ишларини кучайтиришни тақозо этмоқда”. Дарҳақиқат, жамиятда одамлар ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда такомиллаштиришда жозибадор, мафтункор рақс санъатининг ўрни ва нуфузи беқиёс.
Ёшларимизнинг суюкли устози Бернора Қориеванинг бетакрор рақслари ўзбек миллий санъатининг умумбашарий маданият хазинасига қўшилган ноёб дурдоналари ҳисобланади. Улар этнографик-эстетик, лирик-драматик характерга, мукаммал сюжет ва композицияга эга яхлит асар сифатида алоҳида тадқиқот манбаи бўлишга муносибдир. Бернора Қориеванинг қаҳрамонлари ниҳоятда ёрқин, улар жўшқин инсонни, унинг замон ва маконнинг яхлит қиёфасига айланган қалбини намоён этади. Уч минг йиллик шонли тарихга, турли йўналишларга, ранг-баранг ифода усулларига эга бўлган ўзбек рақс санъати ўзининг бой анъана ва қадриятларини сақлаб, давр билан ҳамнафас, босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Профессор Бернора Қориева улуғ аждодлардан мерос бебаҳо санъатимизни асраб-авайлаш, унинг унутилаётган усулларини қайта тиклаш, келажак авлодларга безавол етказиш каби масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган фидойи устозлардан бири.
Албатта, ҳар бир халқ умумбашарий оламга ўзининг тарихий-маърифий қиёфаси, миллий қадриятлари, маданий анъаналари билан кириб келади. Ўзбек рақс санъатининг таркибий қисми бўлган балет санъати тараққиёти ижодий ривожланиш ва илмий изланишлар кўламининг кенгайиб бориши билан характерланади.
Балет мактабларида ҳамиша тартиб-интизом қатъий бўлган. Бернора опа болаликдан шу қоидаларга амал қилишга ўрганган. Саҳнанинг ҳам ўз қонун-қоидалари мавжуд. У ўз машғулотларида рақс санъатининг очилмаган қирраларини кашф қилишга, назарий-амалий жиҳатдан уни янада такомиллаштиришга интилади. Устознинг сабоқлари ўзбек рақс санъатшунослиги ва рақс таълими учун ниҳоятда зарур. Рақс — ўзбек заминида шаклланган энг қадимги маданиятлардан биридир. Ватан ўтмиши, халқ урф-одатлари, инсон омили, унинг маънавий-маърифий тамойиллари инсоннинг келажак орзу-мақсадлари билан уйғунлашса, унинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги янада ошади. Бой тарихга эга халқ рақс санъатининг балет саҳнасига кириб келиши миллий маданиятимизнинг нурли истиқболидан дарак беради.
Тарихий образларни яратар экан, Бернора опа воқеликлар замиридаги моҳиятни ва инсон руҳиятини, ички кечинмаларини фалсафий мушоҳада этишга, олам ва одам, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни чуқурроқ очишга интилади. Бугунги кунда талабаларга маданий мерос ва рақс санъати ижодиёти, унинг илмий-назарий муаммолари, анъанавий ва замонавий ижод шакллари, ижро услублари таҳлили бўйича маърузалар ўқийди, машғулотларда ортда қолган йилларни меҳр билан эслайди, саҳна машаққатлари ҳақида ибрат бўларли воқеаларни сўзлаб беради.
Ўзбек санъатининг асл дурдоналарини ёш авлодга ўргатиш ва халқаро миқёсда янада кенгроқ тарғиб қилиш учун Бернора Қориева каби юксак салоҳиятли устозларнинг тажрибасига таянган ҳолда, маданий дипломатиянинг оптимал йўлларини, замонавий ва инновацион усулларини жорий қилиш давр талабига айланди. Бу соҳани эгаллашда қалб софлиги, унинг эзгуликка мойиллиги, кўнгил очиқлиги муҳим аҳамият касб этади. Ҳазрат Навоий айтганларидек, “кўнгли поку ҳам кўзи пок, тили поку, сўзи поку, ўзи пок”ликка интилиш комилликка эришишнинг биринчи шартидир. Рақс санъатини севиш ва англаш орқали жамиятнинг соғлом маънавий қиёфаси яратилади, ёшларнинг қалби покланади, уларга инсонни қадрлаш, ҳурмат қилиш, эъзозлаш туйғулари сингдирилади. Зеро, Шарқда доимо моддий оламдан руҳ оламига кўтарилиш, қалбни тозалаш инсоннинг комиллик сари ташлаган қадами сифатида баҳоланган.
Санъат — инсонларни бирлаштирувчилик, уюштирувчилик ва аниқ мақсадга йўналтиришдаги функциялари орқали ватан тараққиётига ижобий таъсир ўтказиб боради. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган Ўзбекистон замини азалдан башарият цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган, жаҳон илм-фани ва маданияти йўналишини белгилаб берган улуғ алломалари, буюк мутафаккирлари билан шуҳрат қозонган.
Тараққиёт миллатнинг уйғонишидан, Ватан ва халқ истиқболи учун жон куйдираётган, фидокорона меҳнат қилаётган улкан шахсларнинг улуғланишидан бошланади. Куни кеча баҳор фаслининг энг гўзал, энг шукуҳли айёми — 8 март байрами арафасида муҳтарам Президентимизнинг Фармонига биноан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган буюк санъаткоримиз Бернора Қориеванинг умр ва ижод йўли — ўсиб келаётган ёш авлод учун фидойилик, муҳаббат ва меҳр мактабидир.
Шуҳрат ТОХТАСИМОВ,
Ўзбекистон давлат хореография
академияси ректори, профессор.
Ҳулкар ҲАМРОЕВА,
Ўзбекистон давлат хореография академияси
профессори, филология фанлари доктори.
