Илмий салоҳият ва тиббий тараққиёт

 Андижон давлат тиббиёт институтидаги замонавий таълим тизими ҳақида

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизими ҳам изчил ривожланиб, замонавий талаблар асосида янгиланиб бормоқда. Янги Ўзбекистон тараққиётида аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш энг муҳим вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.

Ана шундай улкан ва масъулиятли жараёнда Андижон давлат тиббиёт институти ўзининг бой тажрибаси, илмий салоҳияти ва замонавий таълим тизими билан алоҳида ўрин тутади. Ўтган етмиш йил давомида институт нафақат республикамиз, балки халқаро миқёсда ҳам минглаб малакали шифокорлар ва тиббиёт мутахассисларини тайёрлаб, соғлиқни сақлаш тизими ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

2025 йилда институтимизнинг 70 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Ушбу сана нафақат тарихий сана, балки институт жамоаси эришган ютуқларни сарҳисоб қилиш ва келажак истиқболларини белгилаш учун ҳам муҳим босқич бўлди.

Бугунги кунда институтда 12 минг нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий талабалар таҳсил олмоқда. Уларга 953 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда. Уларнинг орасида 66 нафар фан доктори ва 279 нафар фан номзоди фаолият юритади.

Илмий фаолият ҳам изчил ривожланмоқда. Хусусан, 2025 йил давомида институтда 8 та “DSc” ва 44 та “PhD” диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинди. Бу эса институтда илмий изланишлар, инновацион тадқиқотлар ва янги илмий мактаблар шаклланиб бораётганини яққол кўрсатади.

Таълим жараёнида эса назария ва амалиёт уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Институтда ўқув машғулотлари 50 фоиз назарий ва 50 фоиз амалий асосда ташкил этилган. Талабалар клиник базаларда реал тиббий жараёнларда иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бормоқда.

Бугунги кунда институт 115 та хорижий тиббиёт университетлари, илмий марказлар ва клиникалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бу ҳамкорликлар илмий тажриба алмашиш, академик мобиллик ва замонавий тиббиёт технологияларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

2025 йилда 57 нафар профессор-ўқитувчи Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Туркия, Беларусь, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Хитойнинг етакчи тиббиёт муассасаларида малака ошириб қайтди.

Шунингдек, академик мобиллик дастурлари доирасида ўқитувчиларимиз Қозоғистон, Озарбайжон ва Россия давлатларининг нуфузли олий таълим муассасалари билан тажриба алмашдилар. Хорижий мутахассислар эса институтимизга ташриф буюриб, талабалар учун маҳорат дарслари ва маърузалар ўтказиб келмоқда.

Ўтган йил институт тарихида яна бир муҳим ютуқ билан муҳрланди. Институтнинг бир қатор магистратура йўналишлари “The Eurasian Centre for Accreditation and Quality Assurance in Higher Education and Health Care” (ECAQA) (Олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида аккредитация ва сифатни таъминлаш бўйича Евроосиё маркази) томонидан халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтказилди.

Жумладан, акушерлик ва гинекология, тиббий радиология, кардиология, умумий онкология ҳамда умумий хирургия йўналишлари халқаро стандартларга мослиги тасдиқланди.

Аккредитация 2026 йил 29 январдан 2031 йил 28 январгача бўлган муддатга берилди.

Бундан ташқари, институт “World Federation for Medical Education” (WFME) (Бутунжаҳон тиббий таълим Федерацияси) томонидан аккредитациядан ўтган тиббиёт олий таълим муассасаси сифатида тан олинди. Аккредитация натижалари “DEQAR” ҳамда “DAQAR” халқаро сифат базаларига жойлаштирилди.

Бу ютуқлар институтда таълим сифати халқаро стандартларга тўлиқ мос эканини тасдиқлайди.

Институт профессор-ўқитувчилари вилоят аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлашда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Андижон вилоятининг 17 та шаҳар ва туманларига институтнинг 34 та клиник кафедралари бириктирилди. 132 нафар профессор-ўқитувчи 160 та бирламчи тиббиёт муассасаларига амалий ёрдам кўрсатиш учун масъул этиб тайинланди.

Йил давомида ўтказилган 114 маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўриклар натижасида 614 минг нафардан ортиқ аҳоли тиббий хизмат билан қамраб олинди.

Шунингдек, 154 та юқори технологик операциялар муваффақиятли амалга оширилди. Бу эса ҳудудларда тиббий хизмат сифати сезиларли даражада ошиб бораётганини кўрсатади.

Институт талабалари ҳам республика ва халқаро миқёсдаги илмий анжуманлар, олимпиадалар ва танловларда фаол иштирок этиб, юксак натижаларга эришмоқда.

Бир қатор талабалар Президент давлат стипендияси, Ислом Каримов ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги давлат стипендияларига сазовор бўлди. Шунингдек, талабаларимиз Қозоғистон, Россия ва Словакия каби давлатларда ўтказилган халқаро конференция ва олимпиадаларда фахрли ўринларни қўлга киритди. Бу ютуқлар ёшларнинг илм-фан ва тиббиётга бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.

Институтда таълим жараёни билан бир қаторда талабалар маънавий-маърифий тарбиясига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Буюк мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган вилоят тадбирларида институт талабалари фаол қатнашиб, театр саҳналари ва адабий чиқишлар билан томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.

Шунингдек, институт талаба-ёшларидан иборат жамоа “Юртим қадриятлари” кўрик-танловининг ҳудудий босқичида ғолибликни қўлга киритди.

Тиббиёт соҳаси вакиллари, айниқса, атроф-муҳит ободлигига ҳам бефарқ эмас. Улар она табиатни асраб-авайлашда доимий тарзда фаоллик кўрсатиб, турли хайрли акцияларда иштирок этмоқда. Қолаверса, яқинлашиб келаётган Наврўз — умумхалқ байрамига ҳам тайёргарликлар авж паллада давом этмоқда. Унда манзиллар обод қилиниб, ранг-баранг гуллар ва дарахт кўчатлари экилмоқда.

Шундай бой тарихга эга Андижон давлат тиббиёт институти бугунги кунда нафақат таълим маскани, балки илм-фан, инновация ва тиббиёт тараққиётининг муҳим марказига айланган.

Келгусида ҳам институт жамоаси замонавий таълим технологиялари, халқаро ҳамкорлик ва илмий изланишлар асосида фаолиятини янада ривожлантириб, юртимиз учун фидойи, билимли ва малакали шифокорлар тайёрлаш йўлида хизмат қилишда давом этади.

Мадамин МАДАЗИМОВ,

Андижон давлат тиббиёт

институти ректори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − nine =