Газета ўқишаркан
Абдулла АЙИЗОВ
Муаллиф ҳақида:
Абдулла АЙИЗОВ 1962 йилда Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Майманоқ қишлоғида туғилган. 1986 йили Республика рус тили ва адабиёти педагогика институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети)ни тугатган. “Отам ёди”, “Бир гап бўлар”, “Полвон йиғлаган тун”, “Турфа одамлар”, “Катта бўлай, кўрасиз!” деб номланган қатор шеърий ва насрий китоблари чоп этилган. “Орзулар қаноти” (ҳаммуаллифликда) деб аталган драматик асари Ўзбекистон Давлат Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси.
Тўрт ойгина муаллимликнинг маошини олган Ҳамидуллани туман газетасига ишга таклиф этишди. Талабалик йилларидаёқ газета ва журналларда шапалоқдай-шапалоқдай мақолалари билан қатнашиб турган Ҳамидуллани қаламкашлар яхши билишарди. Уқуви дуруст эмасми, тез орада бўлим мудири бўлиб олди.
Ҳозир гап унинг қайси лавозимда ишлашида эмас!
“Таҳририятга ишга ўтяпман”, деганида ҳеч ким ишонмади. Ҳатто тўққиз ой бир қоринда бўлиб, фақат бир неча дақиқа отасидан олдин оламни кўрган Ҳасан амакиси ҳам қўл силтаб қўйди:
— Ҳимм! Шундай дегин! Санга ўхшаганлар анқонинг уруғи эканми? Бизам тушунамиз, сани газетадагилар бошига урадими? Ўзи пединститутни зўрға битирган бўлсанг. Биласанми, шоир бўлиш учун камида Тошкентдаги журналистикани битириш керак…
Лекин газетанинг деярли ҳар сонида гоҳ чўнтакойнадек жойда хабар, гоҳ камзулнинг чўнтагидек мақоласи, гоҳ газетанинг бутун бир саҳифасини эгаллаган лавҳалар тагида: “Ҳамидулла Шошқин, махсус мухбиримиз” ёзуви кўзга ташланадиган бўлди. Мақоласи чиққан куни у чой ичиш нарида турсин, ҳатто ухлашни ҳам унутиб қўйди. Мақолалари хусусида одамлар қандай фикрда эканлигини билишга жуда интиқ эди. Аксига олгандек, биров ўзидан билиб Ҳамидулланинг ижоди ҳақида оғиз очмайди. Ўзи шу мавзуда гап бошлайин деса, мақтанаётгандек туюлади. Шундай бўлса-да, ҳар замонда кўнгилга яқин дўстларидан: “Қалай, ёзган мақолаларимдаги фикрлар маъқулми?” — деб сўраб қўяди.
— Оббо! Газет ўқишга вақт қаерда, санга ўхшаб бекорчиманми? Газет титкилаш қолувди энди, — деди синфдоши тракторчи Қодир. — Ундан кўра зўр бўлсанг, мани суратимни газетингга чиқар…
Ҳамидулла шунга ҳам хурсанд: демак, дўстининг матбуотга ихлоси бор.
Бир куни матбуот деса ўзини томдан ташлайдиган, мудом туман газетасининг янги сонини қўлтиғига қистириб юрадиган қўшниси Эргаш домладан ўзи ёзган мақолалар ҳақида фикрини билиш учун суҳбатлашишга чиқди:
— Э, ука, туман газетаси кейинги пайтларда яхши чиқмаяпти-да, мақолаларда нуқул сийқаси чиққан гаплар. Обуна бўлганимга пушаймонман. Умуман, газетанинг ўзига тортадиган, таъсирли жойи йўқ-да, тўғрими? — деб қолди бир пайт Эргаш домла.
Домласининг “тўғрими?” деган саволига ноилож “ҳимм!” дея бошини қимирлатди Ҳамидулла.
“Қизиқ, одамлар газеталарга қизиқмас экан-да ёки мен ишлаётганим учун шундай дейишяптими?” — дея ўйлади Ҳамидулла. Тўғри-да, яқин дўстларидан бирортаси, ҳатто тилга тушган, шов-шувга сабаб бўлган мақолалари хусусида ҳам гапиришмайди-я! Қайтага, бегоналар:
— Ўртоқ Шошқин, тунов кунги мақолани боплабсиз, роса мириқиб ўқидик, — дейишади.
Давраларда ҳовлиқиб гапириб юрадиган почтачи Бозор шақилдоқ ҳам кейинги пайтларда Ҳамидулла Шошқин ишлаётган газетага қизиқмай қўйганлигини айтди.
Майли, ўқишмаса, ўқишмасин. Ҳар бир газетанинг ҳам ўз мухлислари бор. Газета чиқаверади, ҳамкасблари қатори Ҳамидулла Шошқин ёзаверади, кунлар ўтаверади…
Газетанинг уч кун олдинги сони сўнгги саҳифасида кичкинагина жойда “тузатиш” берилди: “Газета таҳририяти навбатчиси Ҳ.Шошқин хатоликка йўл қўйганлиги учун бўлим мудири вазифасидан адабий ходимликка туширилди”.
Ҳамидулланинг бошига биров гурзи билан ургандек гандираклаб қолди. У “тузатиш” берилган газетанинг ҳамма нусхасини сотиб олишга тайёр эди. Ахир таниш-билишлари ўқишса, нима дейишади? Хатоликка йўл қўйиш мухбир учун уят-ку! Муҳаррирга ҳам ҳайронсан, арзимас имловий хато учун шунча гап-а! Тўғри, Ҳамидуллада ҳам айб бор. Қандайдир ўзи сезмаган ҳолда хато ўтказиб юборди.
— Уф-ф! — Ҳамидулла сиқила бошлади. — Хўш, вазифамдан пасайтиришди. Шуни эълон қилиш шартмиди? Қани энди одамлар газетанинг шу сонини ўқишмаса. Ҳеч бўлмаса, “тузатиш”га эътибор беришмаса.
“Э, танишларим ҳозиргача бу газетани қизиқиб ўқишмас эди. Бугун ҳам ўқишмас”, деган хаёл Ҳамидуллани тинчлантирарди.
У уйга келди-ю, ижодхонасига кириб ётди. Ҳеч ким билан суҳбатлашгиси келмасди. Бирдан телефон жиринглади. Трубкадан амакисининг овози эшитилди:
— Жиян, ўзингмисан? Тинчликми? Аҳа, газетда ишлаш осонмас дегандим-ку. Ана, хато қилиб, шарманда бўлибсан-ку! Жимгина мактабда болаларни алдаб юрмайсанми?..
Ҳамидулла гапнинг у ёғини эшитмади. Тағин телефон қўнғироғи… Дўст-биродарлари “ҳол-аҳвол” сўрашарди.
Эртасига маҳалладаги тўйга чиқди. Эндигина ошни еб бўлиб, бир пиёла чойни қўлига олувди ҳамки, почтачи Бозор шақилдоқ пайдо бўлди. Болалар асаларилар гулга ёпишгандек уни ўраб олишди.
— Манави газетани ўқинглар. Охирги бетдаги “хабар”ни уйдагиларга кўрсатинглар. Ўзимизнинг Ҳамидулла Шошқин ҳақида ёзишган.
— Э, буни энди тарқатяпсизми? Ман кеча ўқигандим, — дея бақириб гапга аралашди Қодир тракторчи ва изза бўлиб ўтирган Ҳамидуллага кўзи тушгач, юзларига негадир қувонч ёйилиб деди:
— Оғайни, мактабга қайтасанми? Ман ўзимни чаласавод деб юрсам, сан беш-баттар экансан-ку, бўлмасам, газетга ҳам хато ёзасанми?
Эргаш домла устози ҳам Ҳамидуллани кўчада учратиб, роса афсусланди:
— Сени иқтидорли шогирдим деб юрсам, хатоликка йўл қўйиб, қовун туширибсан-ку! Келаси йил шу газетага обуна бўламан, чунки кейинги пайтларда жуда таъсирли чиқяпти. Масалан, тунов кунги сони ҳам қизиқарли, мазмунли чиқибди, тўғрими?
Домласининг “тўғрими?” деган саволига Ҳамидулла индамади жаҳлини зўрға босиб. Лекин бир нарсадан хурсанд эди. Нега хурсанд бўлмасин, ахир одамлар газета ўқишаркан-ку. Ўқиганда ҳам ихлос билан, бирорта сатрини қолдирмасдан ўқишаркан.
Қизиқ, фақат бунинг учун ёмон хабар бўлса ҳам бирорта хатога йўл қўйганинг ёки хуллас, камчилигинг тўғрисида нимадир чиқиши керак экан-да!

