Устоз ижодкор хотирланди
Куни кеча Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ҳамда Гулистон давлат педагогика институти ҳамкорлигида атоқли шоир, таржимон ва жамоат арбоби Саъдулла Ҳаким таваллудининг 75 йиллигига бағишланган “Сўз деҳқони эди…” номли хотира кечаси бўлиб ўтди.
Кечада Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбари Шуҳрат Орипов, “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Феруза Aдилова, “Ғунча” журнали бош муҳаррири Дилфуза Шомаликова, суд-тиббий эксперти, “Заковат” гуруҳининг билимдони Бобур Ёқубов, устознинг шогирдлари, оила аъзолари, олимлар, атоқли ижодкорлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.
Унда устознинг бой ижодий мероси, журналистика ва адабиётимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилиб, сўзга чиққанлар томонидан ёдга олинди.
Тадбир давомида Саъдулла Ҳакимнинг яқин дўсти, Aҳмад Яссавий мукофоти совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Холхўжаев томонидан шоирнинг шеърлари асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди. Талабалар томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилиб, шоир ижодидан намуналар ўқилди.
Саъдулла Ҳаким 2016-2020 йиллар давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси сифатида фаолият юритиб, журналистларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган кўплаб лойиҳаларга раҳбарлик қилган.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Саъдулла Ҳаким таваллудининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ўз мухбиримиз.
